Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Таълим ва спорт йўналишлари бўйича ўтказиладиган фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ғолибларини «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмасини тақдим этиш орқали рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 15 майдаги ПФ-87-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги ПФ-87-сон Фармонига мувофиқ республика, вилоят, туман (шаҳар) даражасида таълим ва спорт йўналишларида ўтказиладиган фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ғолибларига «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмасини совға қилиш тартибини белгилаш назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Таълим ва спорт йўналишлари бўйича ўтказиладиган фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ғолибларини «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмасини тақдим этиш орқали рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмасини тақдим қилиш тартиби;
«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмаси бўйича саёҳатлар ташкил этиш тартиби;
саёҳат ташкилотчиларининг вазифалари;
саёҳатчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.
3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова, олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 24 июль,
406-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июлдаги 406-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Таълим ва спорт йўналишлари бўйича ўтказиладиган фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ғолибларини «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмасини тақдим этиш орқали рағбатлантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом республика ва вилоят даражасида таълим ва спорт йўналишлари бўйича ўтказиладиган фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ғолибларини «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмасини тақдим этиш орқали рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
саёҳат — ушбу Низом доирасида фан олимпиадаси ва спорт мусобақасида ғолиб бўлган ёшларнинг ҳудудлардаги маданий мерос объектлари, музейлар, миллий боғлар ва дам олиш масканларига ташрифини ўз ичига олган ҳолда ташкил этиладиган маданий тадбир;
саёҳатчилар — ушбу Низомга мувофиқ «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмаси тақдим этилган ўқувчи-ёшлар;
туроператор хизматлари — туристик маҳсулотни тарғиб қилиш ва реализация қилиш бўйича хизматлар (ташиш, жойлаштириш, овқатланиш, ахборотга оид хизматлар кўрсатиш бўйича хизматлар мажмуи (шу жумладан, гид (экскурсия етакчиси), гид-таржимон ва (ёки) йўриқчи-йўл бошловчининг хизматлари) ва шартнома бўйича кўрсатиладиган бошқа туристик хизматлар);
фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ташкилотчиси (кейинги ўринларда — ташкилотчи) — таълим ва спорт йўналишларида фан олимпиадаси ёки спорт мусобақаси ўтказаётган ва бундай тадбирни тайёрлаш ҳамда ўтказишни ташкилий, молиявий ва моддий жиҳатдан таъминлашни амалга ошираётган юридик шахс;
ғолиб — фан олимпиадаси ва (ёки) спорт мусобақасида биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчи-ёшлар.
3. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» йўлланмаси (кейинги ўринларда — йўлланма) республика ва вилоят даражасида:
давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган умумтаълим фанлари бўйича олимпиадалар ва (ёки) спорт мусобақалари ғолибларига;
олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолибларига;
ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказиладиган «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларида ғолиб бўлган спортчиларга тақдим этилади.
2-боб. Йўлланмани тақдим этиш тартиби
4. Таълим ва спорт йўналишлари бўйича ўтказиладиган фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ғолибларига қуйидаги йўлланмалар тақдим этилади:
республика даражасида — республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи-ёшларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги туристик объектларга уч кунлик саёҳат;
вилоят даражасида — ҳудудий босқичда ғолиб бўлган ўқувчи-ёшларга бошқа вилоят ҳудудидаги туристик объектларга икки кунлик саёҳат.
5. Йўлланма ташкилотчи томонидан фан олимпиадаси ёки спорт мусобақаси якуни бўйича ғолибларни тақдирлаш жараёнида тақдим этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги ҳар йили апрель ойининг 15-санасига қадар ўз йўналишлари бўйича фан олимпиадаси ва спорт мусобақаси ғолибларининг саёҳат тадбирлари режа-жадвалини тасдиқлайди.
7. Тасдиқланган саёҳат тадбирлари режа-жадвалига мувофиқ ташкилотчилар томонидан ҳар йили июнь ва июль ойларида йўлланмага эга бўлган шахслар иштирокида туроператор хизматларидан фойдаланган ҳолда саёҳатлар ташкил этилади.
8. Туроператор ва ташкилотчи ўртасида саёҳат тадбирларини ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш бўйича (йўлланмалар даражаси кесимида) белгиланган тартибда шартнома тузилади.
9. Туроператорлар томонидан йўлланмаларнинг даражасига қараб ташкилотчиларга ўзаро келишувга кўра чегирмалар тақдим этилиши мумкин.
10. Ташкилотчи томонидан саёҳат тадбирлари ташкил этилишидан ўн кун олдин йўлланмага эга бўлган шахсларга белгиланган тартибда саёҳат тадбирлари ташкил этиладиган кун ва жой тўғрисида хабардор қилинади.
11. Ташкилотчилар томонидан ҳар йили саёҳат харажатларига транспорт хизмати, яшаш ва овқатлантириш, экскурсиялар (гид хизмати ва туризм объектларига кириш чиптаси) ва саёҳат суғуртаси билан боғлиқ харажатлар киритилади.
Саёҳат харажатларини қоплаш ташкилотчиларнинг маблағлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилади.
12. Туроператор билан тузилган шартномага мувофиқ ташкилотчилар томонидан саёҳатчиларнинг хавфсизлиги ва яшаш манзилларига етиб бориши таъминлангани назорат қилиб борилади.
3-боб. Ташкилотчиларнинг вазифалари
13. Ташкилотчилар:
саёҳатчиларга саёҳатни ташкил этади, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида тўлиқ маълумот беради;
саёҳатчиларга сифатли туроператорлик хизматлари кўрсатилишини таъминлайди;
саёҳат тадбирларини маданий мерос объектлари, музейлар, миллий боғлар, дам олиш масканларига ташрифни ўз ичига олган тарзда ташкил этади;
саёҳатчиларнинг хавфсизлигини таъминлайди ва туроператорлар томонидан саёҳатчиларнинг ўз манзилларига етказилишини таъминлайди;
саёҳатчилар томонидан етказилган ҳар қандай кўринишдаги зарарни қоплашни талаб қилади;
туризм ресурсларини сақлаш чораларини кўради.
4-боб. Саёҳатчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
14. Саёҳатчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
шартномада кўрсатилган хизматларни олиш;
саёҳат билан боғлиқ тўлиқ ва ишончли маълумотларни, шу жумладан, маданий мерос объектлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар ва туризм объектлари, атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги маълумотларни олиш;
шахсий хавфсизлиги, ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, шунингдек, ўз мол-мулкининг бут сақланиши таъминланишини талаб қилиш;
шошилинч тиббий ёрдам олиш.
15. Саёҳатчилар:
саёҳат тадбирларида иштирок этиш учун ўз соғлиғи ҳолати тўғрисидаги маълумотларни туроператорнинг талабига кўра тақдим этиши;
саёҳат тадбирлари давомида атроф-муҳитга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва маданий мерос объектларига зарар етказмаслиги;
шахсий хавфсизлик қоидаларига риоя этиши шарт.
5-боб. Якунловчи қоидалар
16. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
17. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2026 й., 09/26/406/0784-сон)