Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 12 августдаги ПФ-130-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни самарали ташкил этиш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 12 августдаги ПФ-130-сон Фармонига мувофиқ Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) ташкил этилгани ва унинг таркиби тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Республика комиссиясининг асосий вазифалари ва функциялари ҳамда ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
Республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш, қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш тартиби.
3. Республика комиссиясининг ишчи органи этиб Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилансин.
Республика комиссияси ишчи органи қуйидаги таклифларни Республика комиссиясига киритиб борсин:
ички ва ташқи бозор конъюнктурасини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари, жумладан, импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулот турларини кўпайтириш;
республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг истиқболларини белгилаш;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш.
4. Республика комиссияси ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат балансидаги импортга боғланган ёки етишмовчилик хавфи мавжуд бўлган маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш бўйича таклифларни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 март,
123-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги 123-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Республика комиссияси ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат балансидаги импортга боғланган ёки етишмовчилик хавфи мавжуд бўлган маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш, рухсат этилган фойдаланиш турларига асосан ер участкаларида экин жойлаштириш улушларига (фоизлар) ҳудудлар ихтисослигидан келиб чиқиб ўзгартириш бўйича таклифларни ишлаб чиқувчи ҳамда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг истиқболларини белгиловчи идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.
3. Республика комиссиясининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
4. Республика комиссияси ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
5. Республика комиссиясининг қарорлари унинг мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади.
Республика комиссияси мажлиси баённомасига унинг аъзолари томонидан виза қўйилади ҳамда мажлис баённомаси котиб томонидан имзоланади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
2-боб. Республика комиссиясининг асосий вазифалари ва функциялари
6. Куйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат балансидаги импортга боғланган ёки етишмовчилик хавфи мавжуд бўлган маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш чораларини кўриш;
рухсат этилган фойдаланиш турларига асосан ер участкаларида экин жойлаштириш улушларига (фоизлар) ҳудудлар ихтисослигидан келиб чиқиб ўзгартириш киритиш;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқиш ва унинг самарали амалга оширилишини таъминлаш;
келгуси йил учун шакллантирилган озиқ-овқат маҳсулотлари балансининг прогнозлари ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграциялашув платформасида (кейинги ўринларда — Агропортал) экинларни турлари бўйича жойлаштириш юзасидан маълумотлар таҳлили натижаларини кўриб бориш;
озиқ-овқат маҳсулотлари турларига бўлган талабдан ва нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулотларнинг доимий интервенциясини йўлга қўйиш ва мавсумий захира қилишда бозор тамойилига асосланган нархларни барқарорлаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Республика комиссиясига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юкланиши мумкин.
7. Республика комиссияси ўзига юкланган асосий вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш турларига мувофиқ ер майдонларида экинларнинг жойлаштириш улушларига ҳудудлар ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда, муайян туман бўйича ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилади;
ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йил учун шакллантирилган озиқ-овқат маҳсулотлари балансининг прогнозлари ва Агропорталда экинларни турлари бўйича жойлаштириш юзасидан маълумотлар шакллантирилишини ташкил этади;
экинларни турлари бўйича жойлаштириш юзасидан маълумотларни таҳлил қилиш орқали экинлар турларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги улушини баҳолайди;
экинларни турлари бўйича жойлаштириш режаси билан озиқ-овқат маҳсулотлари балансидаги эҳтиёж ўртасидаги мувофиқликни аниқлайди, агар номувофиқликлар аниқланса, тезкор чоралар кўриш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича мутасадди республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашади;
республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Республика комиссияси ўзига юкланган вазифаларга ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.
8. Республика комиссияси ўзига юкланган вазифаларни бажаришда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
3-боб. Республика комиссиясининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
9. Республика комиссияси ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги таклифларни пухта ишлаб чиқиш учун республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахсларни жалб этиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш турига мувофиқ ер майдонларида экинларнинг жойлаштириш улушларига ҳудудлар ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш;
ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлашда сусткашликка ва масъулиятсизликка йўл қўйган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича таклифлар киритиш.
Республика комиссияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Республика комиссияси:
озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келганда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирларни кўриши;
озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича дастурлар амалга оширилишини ташкил этиши ва назорат қилиши;
ўзига юкланган бошқа вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаши шарт.
Республика комиссияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
4-боб. Республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш ва қарорларни қабул қилиш тартиби
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Республика комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда — ишчи органи) ҳисобланади.
12. Республика комиссияси раиси:
Республика комиссияси фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда мажлисларида раислик қилади;
Республика комиссияси аъзоларининг вазифаларини белгилайди ва уларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;
Республика комиссияси мажлислари кун тартибини ва чақирилишини белгилаш бўйича қарор қабул қилади;
Республика комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан доимий назоратни ташкил этади, ҳар чоракда муҳокамасини ўтказиб боради;
зарурат кўра Республика комиссияси ишида иштирок этиш учун унинг таркибига кирмайдиган мансабдор шахслар ва бошқа шахсларни таклиф қилади.
Республика комиссияси раиси ўз ваколатлари доирасида бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
13. Республика комиссияси аъзолари:
Республика комиссияси мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда иштирок этади;
Республика комиссиясига ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат балансидаги импортга боғланган ёки етишмовчилик хавфи мавжуд бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш тўғрисида таклифлар киритади;
Республика комиссияси муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосаларни Республика комиссияси раисига тақдим этади;
Республика комиссияси аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади ва тегишли давр мобайнида асосий иш жойидаги улар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча шарт-шароитлар сақлаб қолинади.
14. Ишчи орган:
а) Республика комиссияси фаолиятини ташкил этишда қуйидагиларни амалга оширади:
Республика комиссияси иш режаси лойиҳасини тайёрлайди ва навбатдаги мажлисга барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, бунда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари, бошқа ташкилотлар ва Республика комиссияси аъзоларидан зарур маълумот ва хулосаларни олиш ҳуқуқига эга;
Республика комиссияси фаолиятини самарали йўлга қўйишда мутасадди вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ ташкил этади ва унинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
Республика комиссияси мажлиси ўтказилишини, жумладан, мажлиснинг кун тартибини, ўтказиладиган вақти ва жойини, шунингдек, таклиф этиладиганларнинг сони ва таркибини Республика комиссияси раиси билан келишади;
Республика комиссияси аъзоларини ва таклиф этилганларни мажлис ўтказиладиган сана, вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади;
Республика комиссияси қарорларининг бажарилиши бўйича мониторинг юритади ва унинг натижаларини Республика комиссияси раисига кўриб чиқиш учун тақдим этади;
Республика комиссияси мажлиси қарорлари баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган мажлис баённомасини Республика комиссияси аъзоларига ҳамда заруратга кўра, бошқа мутасадди ташкилотларга етказади;
б) мутасадди республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда:
ички ва ташқи бозор конъюнктурасини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмлари, жумладан, импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулот турларини кўпайтириш;
республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг истиқболларини белгилаш;
озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш, маҳаллий корхоналарга илғор хорижий амалиёт ва стандартларни татбиқ этиш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш бўйича таклифларни тайёрлайди ҳамда Республика комиссиясига киритиб боради.
15. Республика комиссияси ҳар чоракда амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этади.
16. Республика комиссияси ўз ишини тасдиқлаган режалар асосида ташкил қилади ва мажлисларни, заруратга кўра, ҳар икки ойда камида бир маротаба ўтказади.
Республика комиссияси раиси навбатдан ташқари мажлислар чақириши мумкин.
17. Республика комиссияси мажлиси унинг раиси, раис бўлмаган тақдирда, унинг ўринбосарлари томонидан олиб борилади.
Республика комиссияси мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади.
18. Республика комиссияси мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг моҳиятига қараб, мажлисга республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
5-боб. Якунловчи қоидалар
19. Республика комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари учун мажбурий ҳисобланади.
20. Республика комиссияси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тугатилади ёки қайта тузилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.03.2026 й., 09/26/123/0295-сон)