Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИПАК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ «АНДИЖОН ИПАГИ» АКЦИОНЕРЛИК КОМПАНИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 3 апрелдаги 144-сонли «Республика пиллачилик соҳасини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Андижон вилоятида пиллачиликнинг, шу жумладан ипак қурти уруғи, пилла, хом ипак иплар ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш, жойларда ипак ишлаб чиқариш билан банд бўлган корхоналар ва бўлинмалар мажмуи фаолиятига оператив раҳбарликни ва назоратни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Хон атлас» акционерлик компанияси, «Булоқбоши ипаги» акционерлик жамияти, «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмаси ва Андижон вилояти ҳокимлигининг 1-иловага мувофиқ таркибда очиқ турдаги «Андижон ипаги» акционерлик компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Андижон ипаги» акционерлик компанияси:
ипак қурти уруғини етиштириш, тут дарахтларини парвариш қилиш, хом пилла тайёрлаш, уларга дастлабки ишлов бериш ва улардан хом ипак иплар ишлаб чиқаришни таъминлайди;
ўз фаолиятини компания уставига мувофиқ амалга оширади ва «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмасининг юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган аъзоси ҳисобланади.
«Андижон ипаги» компанияси таркибига кирувчи пиллага дастлабки ишлов берувчи корхоналар қишлоқ хўжалиги корхонаси мақомини сақлаб қоладилар.
«Андижон ипаги» акционерлик компанияси билан тут барги етиштирувчи хўжаликлар ва «Пилла» уюшмасининг туман пиллакорлар ширкатлари ўртасидаги ўзаро иқтисодий муносабатлар амалдаги махсус намунавий шартномалар билан тартибга солинади.
3. Акционерлик компанияси бошқаруви тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин. «Андижон ипаги» акционерлик компанияси бошқарувининг ижро этувчи аппарати функцияси «Булоқбоши ипаги» акционерлик жамиятига юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:
«Андижон ипаги» акционерлик компанияси акцияларининг 20 фоизгачасини хом пилла етиштирувчи тегишли юридик ва жисмоний шахсларга сотишни назарда тутсин;
«Андижон ипаги» акционерлик компаниясидаги акцияларнинг давлат улушини бошқариш ҳуқуқини шартнома асосида «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмасига берсин;
давлатга тегишли акциялар бўйича дивидендларни 1997 йилнинг 1 февралигача шартнома асосида «Андижон ипаги» компаниясида ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмасига берсин.
5. «Андижон ипаги» компанияси таркибига кирган корхоналар «Хон атлас» акционерлик компанияси таркибидан ва Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 3 февралдаги 28-сон қарорига 1-илованинг «Хон атлас» акционерлик компанияси қисмидан чиқарилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 26 июль,
268-сон
«Андижон ипаги» акционерлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар
РЎЙХАТИ
1. «Булоқбоши ипаги» АЖ:
2. Ипак қурти уруғи заводлари:
Андижон ипак қурти заводи
Хўжаобод ипак қурти заводи
Асака ипак қурти заводи
3. Пиллага дастлабки ишлов берувчи туман базалари:
Олтинкўл базаси
Андижон — » —
Балиқчи — » —
Жалолқудуқ — » —
Улуғнор — » —
Қўрғонтепа — » —
Асака — » —
Марҳамат — » —
Шаҳрихон — » —
Пахтаобод — » —
Хўжаобод — » —
Бўз — » —
Булоқ боши — » —
Избоскан — » —
4. Андижон автокорхонаси
«Андижон ипаги» акционерлик компанияси бошқаруви
ТУЗИЛМАСИ