Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимидаги айрим маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, тизимнинг қамровини кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш орқали мамлакатнинг туристик жозибадорлигини янада ошириш ҳамда чакана савдо соҳасида ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсадлар
1. Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:
(а) чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими қамровини кенгайтириш;
(б) 2026-2027 йилларда чет эл фуқаролари томонидан амалга ошириладиган харидлар ҳажмини 10 бараварга ошириш;
(в) чакана савдо соҳасида ҳисоб-китоблар шаффофлигини ошириш ва яширин товар айланмасини қисқартириш.
II. Чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини такомиллаштириш
2. 2023 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқаролари томонидан чакана савдо билан шуғулланувчи субъектлардан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қисман қайтариш тизими (кейинги ўринларда — «tax free» тизими) тажриба тариқасида жорий этилганлиги ҳамда Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларида сервис шохобчалари ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилансинки, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб:
(а) республиканинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими йўлга қўйилади;
(б) чет эл фуқароларига уларнинг ихтиёрига асосан қўшилган қиймат солиғини нақд пулда қайтариб олиш имконияти яратилади. Бунда қўшилган қиймат солиғининг белгиланган ставкаси миқдорининг 85 фоизи чет эл фуқаросига қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтаришга, 15 фоизи «tax free» тизими операторининг хизматларига йўналтирилади;
(в) қўшилган қиймат солиғини чет эл фуқароларининг банк картасига қайтариш товарлар олиб чиқиб кетилган кундан кейин 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади;
(г) чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтаришда минимал харид қиймати қўшилган қиймат солиғини инобатга олган ҳолда уч юз минг сўм этиб белгиланади;
(д) «tax free» тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чегараланган рўйхати (бундан озиқ-овқат маҳсулотлари мустасно) бекор қилинади.
4. Солиқ қўмитаси:
(а) бир ой муддатда солиқ органларининг махсус мобил иловасида чет эл фуқароларига қайтариладиган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ва уни қайтариш учун электрон почта орқали идентификациядан ўтиш имкониятини яратсин;
(б) Божхона қўмитаси билан биргаликда «Ғишткўприк» чегара божхона постида реконструкция ишлари якунланиб, одамлар ва транспорт воситалари ҳаракати тиклангандан сўнг тажриба тариқасида ушбу божхона постида барча талабларга жавоб берадиган «tax free» сервис шохобчасини ташкил этсин.
III. «Tax free» тизими тарғиботини кучайтириш
5. Солиқ қўмитаси икки ой муддатда:
(а) «tax free» тизими бўйича инглиз, рус, хитой, араб тилларида ахборот материалларини тайёрлаб, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини;
(б) туристик марказлар, йирик савдо мажмуалари ҳамда чет эл фуқаролари кўп ташриф буюрадиган бозорлардаги чакана савдо объектларида «tax free» тизими жорий этилганлигини билдирувчи махсус белгилар (флаерлар) бўлишини таъминласин.
6. Туризм қўмитаси:
(а) Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2026 йил 1 апрелга қадар «tax free» тизимининг афзалликлари ва қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисида инглиз, рус, хитой ва араб тилларида тақдимот ва ахборот материалларини тайёрлаб, халқаро туристик кўргазма ва ярмаркаларда тарғиб қилишни таъминласин;
(б) 2026 йил давомида Ўзбекистонга сайёҳлар оқими юқори бўлган хорижий давлатларда фаолият юритувчи туроператорлар, авиакомпаниялар ва онлайн бронлаш платформалари билан ҳамкорликда «tax free» тизими имкониятларини тарғиб қилишни ташкил этсин.
7. «Uzbekistan Airports» АЖ Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда барча халқаро аэропортларда Ўзбекистон Республикасида «tax free» тизими жорий этилганлигини билдирувчи ҳамда мобил иловадан фойдаланишнинг босқичлари ҳақида маълумот берувчи флаер, буклетлар, тарқатма материаллар ва бошқа қўлланмалар бўлишини таъминласин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
9. Солиқ қўмитаси:
(а) «Uzbekistan Airports» АЖ билан биргаликда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча халқаро аэропортларида «tax free» сервис шохобчаларини ташкил этсин ҳамда халқаро авиқатновлар графиги асосида ишлашини таъминласин;
(б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пулатов белгилансин.
11. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 март,
ПҚ-78-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 мартдаги ПҚ-78-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4812-сон қарорининг 4-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бюджет ва корпоратив буюртмачилар раҳбарлари харид қилиниши назарда тутилган товарларни (ишларни, хизматларни), шу жумладан, аудит ва солиқ маслаҳати хизматларини биринчи навбатда new.cooperation.uz ёки Ишлаб чиқарувчилар экотизими порталларида (кейинги ўринларда — портал) рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади. Бунда давлат харидлари учун зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) ушбу порталда мавжуд бўлмаган тақдирдагина портал маълумотномаси асосида уларни бошқа электрон порталлардан харид қилишга рухсат этилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-348-сон қарорида:
(а) 8-банднинг «а» кичик бандидаги «2026 йил 1 февралдан» сўзлари «2026 йил 1 апрелдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) 6-илова 17-позициясининг «Ижро муддати» устунидаги «2026 йил январь» сўзлари «2026 йил апрель» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.03.2026 й., 07/26/78/0201-сон)