Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг
буйруғи
Тайёрланган уруғлик донни совиткичли омборхоналарга қабул қилиш ва уларда сақлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 9 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3675]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 майдаги 345-сон «2025 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорни дон билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Тайёрланган уруғлик донни совиткичли омборхоналарга қабул қилиш ва уларда сақлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Вазир И. АБДУРАХМОНОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 7 август,
35-сон
Келишилди:
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 6 август
Фермерлари кенгаши раиси А. ХАИТОВ
2025 йил 6 август
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 16 июль
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг 2025 йил 7 августдаги 35-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тайёрланган уруғлик донни совиткичли омборхоналарга қабул қилиш ва уларда сақлаш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом тайёрланган уруғлик донни совиткичли омборхоналарга қабул қилиш ва уларда сақлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
совиткичли омборхона — ҳавони сунъий совитиш учун совитиш тизимлари билан жиҳозланган, намликни бир нормада сақлаш учун мўлжалланган омборхона;
уруғлик дон тўдаси — келиб чиқиши ва сифати бўйича бир хил бўлган уруғликларнинг муайян миқдори;
уруғлик тайёрловчи ташкилот — қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини қабул қилиш, қайта ишлаш, саралаш, дорилаш билан шуғулланадиган ташкилот;
яровизация (вернализация) — уруғлик донни экишдан олдин паст ҳароратда сақлаш орқали физиологик (эпигенетик) реакция натижасида унинг фаол ўсиши ва ривожланишига қаратилган тадбир.
2-боб. Уруғлик донни яровизация (вернализация) қилиш ва совиткичли омборхонага қўйишга тайёргарлик кўриш
2. Уруғлик донни экишдан олдин интенсив агротехнологиялар асосида яровизация (вернализация) қилиш уруғлик доннинг тиним даврини назорат остида совиткичли омборхоналарда сақлаш, уруғликларнинг фенологик (униб чиқиш, туплаш, найчалаш, бошоқлаш ва гуллаш) кўрсаткичларини ошириш орқали вегетация даврини қисқартириш мақсадида амалга оширилади.
3. Экиш учун тайёрланган уруғлик дон тўдалари кондицияга (тозалаш, саралаш, дорилаш, қадоқлаш) етказилади ва ушбу уруғлик донда кейинчалик яровизация (вернализация) жараёнини ўташ мақсадида 45 кундан 60 кунгача бўлган муддатларда совиткичли омборхоналарда сақлашга йўл қўйилади.
4. Агар уруғлик тайёрловчи ташкилотда совиткичли омборхона мавжуд бўлмаса, унга тегишли бўлган уруғлик дон тўдалари совиткичли омборхонаси бўлган бошқа юридик шахснинг совиткичли омборхонасида сақланиши мумкин.
Бунда, уруғлик дон тўдасининг сифати, миқдори ва уларга доир тегишли ҳужжатлар ҳар икки томон вакиллари иштирокида далолатнома орқали расмийлаштирилади ва қабул қилиш ҳамда топшириш ишлари ушбу далолатнома асосида амалга оширилади.
3-боб. Уруғлик донни совиткичли омборхоналарга қабул қилиш
5. Уруғлик тайёрловчи ташкилот томонидан уруғлик донни тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилгандан кейин 7 — 10 кун муддатда омборларда сақланиши шарт.
6. Уруғлик тайёрловчи ташкилот томонидан автотранспорт билан юборилаётган ҳар бир уруғлик дон тўдасига товар-транспорт юк хати, шунингдек уруғлик дон сифатини тасдиқловчи ҳужжат (мувофиқлик сертификати ёки уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг лаборатория таҳлил натижалари) илова қилинади.
7. Экиш учун мўлжалланган уруғлик донни совиткичли омборхоналарга фақат дориланган ва қадоқланган ҳолда сақлашга йўл қўйилади.
8. Уруғлик тайёрловчи ташкилот совиткичли омборхонада уруғликларни нав ва авлодларини жойлаштириш бўйича дислокациясини ишлаб чиқади.
9. Совиткичли омборхонага уруғлик донни қабул қилишдан олдин уруғлик дон тўдаларига тегишли бўлган ҳужжатлар текширилади ва белгиланган миқдорда уруғликларни саноқдан ўтказиб қабул қилиб олинади.
10. Уруғлик дон тўдаларини совиткичли омборхонага ишлаб чиқилган дислокацияга мувофиқ уруғлик доннинг нав (дурагай) номи, авлодига асосан жойлаштиради.
11. Уруғлик дон тўдаларини совиткичли омборхона масъул ходими омборга дислокацияга мувофиқ уруғлик доннинг нав (дурагай) номи, авлодига асосан қабул қилиб жойлаштиради.
Бунда, уруғлик тайёрловчи ташкилот томонидан уруғлик донни совиткичли омборхонага куннинг ёруғ вақтларида топшириши талаб этилади.
12. Совиткичли омборхона уруғлик донни қабул қилишда экинбоплик сифат кўрсаткичлари бўйича таҳлил натижаларига эътирози бўлган тақдирда, уруғлик тайёрловчи ташкилот лабораторияси томонидан қайта таҳлил қилинади.
4-боб. Уруғлик донни совиткичли омборхоналарда сақлаш
13. Уруғлик донни сақлашга қўйилаётган совиткичли омборхона тозаланган, зараркунанда ҳашаротларга қарши дезинфекция қилинган, унинг ҳарорат ва намлигини назорат қилиш асбоблари ўрнатилган, вентиляция тизими ишчи ҳолатда бўлиши ҳамда ҳаво айланишини тўғри таъминланиши талаб этилади.
14. Совиткичли омборларда сақлашга қўйилаётган дориланиб қадоқланган уруғлик доннинг намлиги 14 фоиздан ошмаслиги талаб этилади.
15. Уруғлик дон сақланаётган совиткичли омборхоналарда асосий ҳарорат режими +1°C дан +5°C гача бўлиши ва рухсат этилган ҳарорат четланиш ±0.5°C таъминланиши шарт.
16. Совиткичли омборларда уруғлик донни сақлашда қуйидагиларга амал қилиниши талаб этилади:
а) совиткичли омборларда уруғларнинг штабел баландлиги қопларнинг қатор сони энг кўпи билан 15 қатордан ошмаган ҳолда ва қопларни полдан камида 15 сантиметр баланд бўлган тагликларнинг устида, совиткичли омбор шифтидан 50 сантиметр оралиғида жойлаштириш;
б) тахланган штабеллар ўртасидаги йўлаклар, шунингдек, штабеллар ва деворлар ўртасидаги йўлаклар камида 0,7 метр, штабеллар оралиғи 1 метр, юклагичлар ўтиши учун штабеллар ўртасидаги оралиқ 2,5 метр бўлиши;
в) уруғлик дон тўдаларига уруғликнинг нави номи, авлоди, тоифаси, нав тозалиги фоизи, синфи ва бошқа кўрсаткичлар қайд этилган ёрлиқ ўрнатилиши.
17. Совиткичли омборлар электр тармоқларидан узилганда электр энергияси ўчиш сабабини (техник носозлик ёки тармоқ муаммоси) аниқлаш ҳамда резерв электр манбаларининг улаш, агар резерв манба бўлмаганда уруғлик дон тўдаларини совиткичли омборхоналарда сифат кўрсаткичлари бузилмаслик бўйича тегишли чораларни кўриши талаб этилади.
18. Уруғлик донни совиткичли омборларда сақлаш давомида уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг уруғлик сифатига масъуллари ва лаборатория ходимлари томонидан беш кунда бир марта қуйидаги таҳлил ҳамда назорат ишлари олиб борилади:
уруғлик дон ҳароратини термометр ва гигрометрдаги нисбий намлик кўрсаткичлари текширилади;
совиткичли омборларда электр манбаи ишлаб тургани ва индикатор чироқлари ёниб турганлиги кўздан кечирилади;
совиткичли омборлардаги уруғлик дон қоплари зараркунандалар билан зарарланмаганлиги, ҳиди ва ранг ўзгариши, моғор белгилари йўқлиги секциялар бўйича хронологик тартибда қатламлар бўйича кузатувлар журналига киритилади;
уруғлик дон ҳарорати кўрсаткичлари штабел ёрлиқларини ҳар бир текширувдан кейин журналда қайд этилади ва мазкур кўрсаткичлар штабел ёрлиқларига умумийлигича алоҳида қатламларнинг паст ва юқори ҳароратини кўрсатган ҳолда алоҳида уруғлик дон тўдалар бўйича ёзилади;
уруғлик дон сифат кўрсаткичлари (намлиги, зарарланганлиги, ранги, ҳиди) устидан назорати штабеллар бўйича олиб борилиб, тегишли журналларга қайд этилади.
19. Уруғлик тайёрловчи ташкилотнинг лаборатория ходимлари совиткичли омборлардаги уруғлик дон тўдаларидан ҳар ўн кунда бир марта дон намуналарини олиб, экинбоплик сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиб боради.
20. Совиткичли омборхонада сақланаётган уруғликларда моғорлаш ёки экинбоплик сифат кўрсаткичларига салбий ўзгаришлар аниқланганда совиткичли омборхона масъуллари шу куннинг ўзида уруғлик тайёрловчи ташкилотга хабар бериши ҳамда уруғлик донни совиткичли омборхонадан олиб чиқиш чорасини кўриши талаб этилади.
21. Уруғлик тайёрловчи ташкилот совиткичли омборларда сақланган ва яровизация (вернализация) жараёнидан ўтказилган уруғлик донларни реализация қиладиган ҳар бир фермер хўжалиги бўйича алоҳида реестр юритади.
5-боб. Якунловчи қоида
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2025 й., 10/25/3675/0818-сон)