Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайтирилиши ҳамда тариф ислоҳотларининг тизимли амалга оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Республикада тариф ислоҳотларини самарали амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолининг айрим қатламларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, энергетика тизими корхоналарида институционал ўзгаришларни амалга ошириш жараёнларини мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш;
жисмоний ва юридик шахсларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг эҳтиёт қисмларини, шунингдек, энергия тежовчи замонавий ромлар ва қурилиш изоляция материалларини харид қилишни йўлга қўйиш;
тижорат банклари томонидан «яшил» истеъмол кредитлари ажратилишини кенг жорий этиш ҳамда кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмига компенсациялар ажратишни янада кенгайтириш.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж. А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 декабрь,
894-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 894-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 февралдаги 108-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 27-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27. Вазирлик ҳузурида ташкил этилган Ёқилғи-энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари Вазирлик ходимларига тенглаштирилади».
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 673-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/673/0980-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 673-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/673/0980-сон)
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Яшил» истеъмол кредити бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2023 йил 29 сентябрдаги 517-сон қарорида:
а) 2-бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«яшил» истеъмол кредити қуёш фотоэлектр ва шамол электр станцияси, микро ва кичик гидроэлектр станциялари, биогаз ишлаб чиқарувчи ускуналар, биогаз қурилмалари, қуёш сув иситкичлари ва иссиқлик насосларини ўрнатиш, шунингдек, қурилиш изоляция материаллари, маиший энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонларни сотиб олиш мақсадлари учун жисмоний шахсларга миллий валютада ажратилади»;
учинчи хатбошидан «ҳамда фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,5 бараваридан» сўзлари чиқариб ташлансин.
б) 1-иловада:
2-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«яшил» истеъмол кредити қуёш фотоэлектр ва шамол электр станцияси, микро ва кичик гидроэлектр станциялари, биогаз ишлаб чиқарувчи ускуналар, биогаз қурилмалари, қуёш сув иситкичлари ва иссиқлик насосларини ўрнатиш шунингдек, қурилиш изоляция материаллари, маиший энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонларни сотиб олиш мақсадлари учун жисмоний шахсларга миллий валютада ажратиладиган кредит»;
3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Компенсация ажратиш учун ушбу Низомга мувофиқ Жамғарма ва тижорат банки ўртасида келишув (кейинги ўринларда — келишув) тузилади ва келишув тузилган санадан кейин тижорат банклари томонидан ажратилган «яшил» истеъмол кредитлари учун татбиқ этилади»;
6-банддан «ҳамда фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,5 бараваридан» сўзлари чиқариб ташлансин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарорида:
а) 1-иловада:
85-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«85. Ҳисоб-китоб даврида истеъмолчилар томонидан (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 20 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, мазкур миқдордан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси учун белгиланган тарифнинг 1,2 баравари миқдорида тўлов ундирилади»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Қарздорлиги мавжуд кўчмас мулк объектлари бошқа бир юридик ёки жисмоний шахсга онлайн аукцион савдолари орқали сотилганда, мавжуд қарздорликни бартараф қилиш мажбурияти, агар олди-сотди шартномасида бошқача шартлар белгиланмаган бўлса, янги сотиб олган юридик ёки жисмоний шахс зиммасида бўлади»;
иккинчи — тўртинчи хатбошилар тегишлича учинчи-бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қоидаларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва (ёки) Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимлари томонидан тегишли электрон тизимлар (E-dalolatnoma) орқали мазкур Қоидаларга 1-иловага мувофиқ электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузилганлиги тўғрисида далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома) расмийлаштирилади. Зарурат бўлганда, далолатномага ҳолат юзасидан фотосуратлар ва бошқа ашёвий далиллар илова қилиниши мумкин»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Далолатномани электрон шаклда расмийлаштиришни имкони бўлмаганда, 24 соат ичида тегишли электрон тизимларга киритилишини таъминлаш шарти билан далолатнома эркин шаклда қоғозда расмийлаштирилишига рухсат берилади»;
иккинчи — олтинчи хатбошилар тегишлича учинчи-еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
б) 2-иловада:
113-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ҳисоб-китоб даврида истеъмолчилар томонидан (ушбу Қоидаларга иловада кўрсатилган табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар, газ узатиш ташкилоти ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳамда маиший истеъмолчилардан ташқари) табиий газ истеъмоли шартномавий миқдордан 20 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, мазкур миқдордан ортиқча истеъмол қилинган табиий газ учун белгиланган тарифнинг 1,2 баравари миқдорида тўлов ундирилади»;
131-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«131. Мазкур Қоидаларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, газ таъминоти ташкилоти ва (ёки) Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимлари томонидан тегишли электрон тизимлар (E-dalolatnoma) орқали табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги тўғрисида далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома) расмийлаштирилади. Зарурат бўлганда, далолатномага ҳолат юзасидан фотосуратлар ва бошқа ашёвий далиллар илова қилиниши мумкин.
Далолатномани электрон шаклда расмийлаштиришни имкони бўлмаганда, 24 соат ичида тегишли электрон тизимларга киритилишини таъминлаш шарти билан далолатнома эркин шаклда қоғозда расмийлаштирилишига рухсат берилади.
Далолатнома ваколатли ходимлар ва истеъмолчи томонидан имзоланади. Истеъмолчи далолатномага имзо қўйишдан бош тортган тақдирда, икки нафар холис ва (ёки) маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари жалб этилиб, ҳолат уларга маълум қилинади ҳамда уларнинг далолатномага имзо қўйиши таъминланади. Газ таъминоти ташкилоти ходимлари дарҳол мазкур истеъмолчини табиий газ тармоғидан узиб қўяди.
Истеъмолчининг табиий газ қурилмалари тармоқдан ажратилгандан сўнг газ таъминоти ташкилоти ва/ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлари томонидан белгиланган намунадаги пломба билан қайта табиий газ тармоғига ўзбошимча уланишнинг олдини олиш мақсадида пломбаланади.
Табиий газдан фойдаланиш қурилмаларининг соатлик газ истеъмолини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатларда, ушбу ҳажм эксперимент тариқасида аниқланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2024 й., 09/24/894/1094-сон; 27.10.2025 й., 09/25/673/0980-сон)