Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Польша Республикаси Ҳукумати ўртасида
Маданият, фан, олий таълим, маориф ва спорт соҳалари учун 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Ижро дастури
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Польша Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида маданият, фан, олий таълим маориф ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўллаб-қувватлаш истагини билдириб,
1995 йил 11 январда Варшавада имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Польша Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ва илмий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни амалга ошириш мақсадида,
2022 — 2026 йилларда маданият, фан, олий таълим, маориф ва спорт соҳаларида қуйидагиларни амалга ошириш тўғрисида келишиб олдилар.
I. Фан, олий таълим ва маориф
1-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда кенг қамровли ҳамкорлик дастурларини амалга оширишга эътибор қаратадилар:
1) Фан, олий таълим ва таълим тизимлари, уларни ривожлантириш режалари ва уларни ислоҳ қилиш йўналишлари тўғрисида ахборот алмашиш;
2) Томонлар учун алоҳида қизиқиш уйғотадиган соҳаларда ходимларни тайёрлаш;
3) мактаблар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш;
4) конференциялар, симпозиумлар, шунингдек, фан олимпиадалари ва ёшлар ўртасида танловларни ташкил этишга кўмаклашиш;
5) Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) лойиҳалари доирасида маориф, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик қилиш.
2-модда
1. Томонлар икки давлатнинг фан академиялари, олий таълим муассасалари ва бошқа манфаатдор тадқиқот муассасалари ўртасида қуйидаги соҳаларда тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар:
1) Қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
2) Қўшма тадқиқот лойиҳалар бўйича олимлар ва мутахассислар алмашинуви ҳамда уларнинг илмий семинарлар, конференциялар ва симпозиумларда иштирок этишини таъминлаш;
3) Илмий ва техник ахборот алмашиш.
2. Ҳамкорлик соҳалари ва уларнинг молиявий шартлари Томонларнинг манфаатдор институтлари томонидан хатлар алмашиш ёки тегишли меморандумлар тузиш йўли билан келишиб олинади.
3. Томонлар тадқиқотчилар ва талабаларнинг режалаштирилган илмий ишларини осонлаштириш учун уларнинг яшашини қонунийлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва тезлаштириш зарурлигини қайд этдилар.
3-модда
Польша томони ҳар йили ўзбек томонига қуйидагилар юзасидан амалий ёрдам кўрсатади:
1) Олий таълим ва фан бўйича ваколатли вазир раҳбарлигидаги давлат олий таълим муассасаларининг турли йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида (биринчи ва иккинчи босқич) ўқиш учун беш (5) тагача грантлар ажратиш;
2) Жами, бир ойдан ўн ойгача давом этадиган ўн ойлик (10) тадқиқот амалиётларини ташкиллаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш;
3) Польша Республикасида ўқиш учун номзодларни саралаш тегишли тартибда чет эллик абитуриентларнинг билимларига таяниб аниқланади.
4-модда
Ўзбек томони ҳар йили Польша томонига талабалар, докторантлар ва олимлар учун бир ойдан ўн ойгача бўлган жами ўттиз (30) ойлик илмий стажировкалар ўташини таъминлайди.
5-модда
Польша томони ўзбек томонининг таклифига биноан поляк тили ва поляк тилида ўқитиладиган бошқа фанларни ўқитиш даражасини ошириш мақсадида олий ўқув юртлари профессорлари ва ўқитувчилари — поляк тили ва адабиётини ўқитиш бўйича мутахассисларни Ўзбекистон Республикаси таълим тизимидаги мактаблар ёки Польша жамоат ташкилотларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларига ишлаш учун юборади.
6-модда
Польша томони ўз имкониятлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасида поляк тили ва поляк тилидаги бошқа фанларни ўқитишни ташкил этувчи мактаблар ва Польша жамоат ташкилотларини зарур қўлланмалар, ўқув материаллари ва аудиовизуал қўлланмалар билан таъминлайди.
7-модда
1. Ўзбек томони Польша томонининг таклифига биноан Польшада ўзбек тилини ўқитиш даражасини ошириш мақсадида Польша Республикасидаги олий ўқув юртларига ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш бўйича мутахассисларни юборади.
2. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки ўзбек маданий-маърифий асоциациаси мактабларда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишини ташкил қилишлари мумкин.
3. Польша томони ўзбек тилини ўқитишни ташкил этишда кўмак кўрсатади.
II. Маданият
8-модда
Томонлар маданият соҳасида фаолият кўрсатаётган муассасалар ва ташкилотлар ўртасида бевосита ҳамкорликка кўмаклашадилар.
9-модда
Томонлар кинематография соҳасида, шу жумладан кино институтлари ва ассоциациялари ўртасидаги ҳамкорликни, шунингдек, бошқа Томон давлатида ташкил этиладиган халқаро кинофестивалларда иштирок этишни мазкур кинофестивалларнинг қоидаларига мувофиқ таъминлайдилар.
10-модда
Томонлар архив иши соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар, тўпламларни илмий, ижтимоий ва ҳуқуқий мақсадларда фойдаланишга топширишга, тажриба алмашишга, ихтисослаштирилган нашрлар ва ҳужжатлар нусхаларини ҳар бир давлатда қўлланиладиган қонунчиликка мувофиқ амалга оширишга алоҳида эътибор қаратадилар.
11-модда
1. Томонлар маданий меросни муҳофаза қилиш ва асраб-авайлаш соҳасида ҳамкорликни, хусусан, тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини ва консервация ишларини амалга ошириш орқали рағбатлантирадилар.
2. Томонлар номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба алмашадилар.
12-модда
Томонлар ўзларининг маданий меросини ташкил этувчи маданий бойликларни ноқонуний олиб кириш, олиб чиқиш ва уларга эгалик ҳуқуқини ўтказишнинг олдини олиш мақсадида ҳар икки давлатда амалдаги миллий қонунчилик ва ҳар икки давлат учун мажбурий бўлган халқаро конвенцияларга мувофиқ ҳамкорлик қиладилар. Томонлар бир давлат ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилган ва бошқа давлат ҳудудига ноқонуний олиб кирилган маданий бойликлар қайтарилишини тасдиқлайдилар.
13-модда
1. Томонлар оммавий телерадиокомпаниялари ўртасидаги ҳамкорликни, хусусан, телевидение фаолияти йўналишлари бўйича мавжуд ҳамкорлик шартномалари доирасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
2. Томонлар оммавий телевидение томонидан алоҳида шартномалар асосида тақдим этиладиган турли жанрдаги, айниқса, маданий, тарихий ва маърифий мавзулардаги кўрсатувларни кенг тарғиб этишни рағбатлантирадилар.
3. Барча икки томонлама дастурлар ва институционал лойиҳаларни амалга ошириш ҳар икки Томоннинг телерадиокомпаниялари ўртасида тузилган ҳар бир лойиҳа учун алоҳида шартномаларда келишиб олинади.
14-модда
Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) доирасида маданият, фан, маориф, алоқа ва ахборотлаштириш соҳаларида ҳамкорликни, шунингдек, ЮНЕСКО ишлари бўйича Томонларнинг миллий комиссиялари ўртасида ушбу соҳаларда бевосита ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
III. Ёшлар ва спорт
15-модда
1. Томонлар икки давлат ёшлари ўртасида, жумладан, ёшлар ташкилотлари ўртасида алоқа ва ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, ушбу тадбирларнинг қоидаларига мувофиқ бошқа Томон давлатида ташкил этиладиган халқаро ёшлар фестивалларида иштирок этишни рағбатлантирадилар.
2. Томонлар икки давлатнинг спорт таълим муассасалари ва илмий институтлари, спорт федерациялари, ассоциациялари ва клублари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишни рағбатлантирадилар.
3. Спорт муассасалари ҳамкорлиги қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) Турли спорт турларини, шу жумладан анъанавий спорт ва кураш спорти каби ўйинларни тарғиб қилиш;
2) Тажриба, шунингдек, илмий ва ўқув материалларини алмашиш;
3) Жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларининг малакасини оширишга қаратилган семинарлар ва ўқув курсларини ташкил этиш;
4) Барча учун спорт соҳасида мутахассислар алмашинуви, допингга қарши кураш ва спорт мусобақаларида хавфсизликни таъминлаш.
4. Алмашинув ва унинг молиявий шартлари манфаатдор муассасалар ўртасида бевосита келишиб олинади.
IV. Алмашинув шартлари
16-модда
Шахслар алмашинуви олий таълим муассасаларида ўқиш, илмий стажировка ўташ, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва ўқитувчилари — тил ва адабиёт мутахассислари, профессор-ўқитувчилар делегацияси, шунингдек, қисқа муддатли ташрифлар доирасида амалга оширилади.
17-модда
1. Қабул қилувчи Томон Дастурнинг 3 ва 4-моддаларига мувофиқ алмашинувда иштирок этувчи шахсларни қуйидагилар билан таъминлайди:
1) Давлат олий таълим муассасаларида тўловсиз ўқиш;
2) Талабалар турар жойида тўлаб бериладиган турар жой;
3) Ҳар йили 1 июнгача номзодлар ва уларнинг таълим йўналишлари бўйича фикр-мулоҳазалар.
2. Юборувчи Томон:
1) Дастур доирасида алмашинувда иштирок этувчи шахсларнинг соғлиғи, шошилинч тиббий ёрдамга кўра қайтиш зарурати билан боғлиқ ҳолда қабул қилувчи Томон ҳудудида бўлишлари давомида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай харажатларни қоплайдиган тегишли амалдаги саёҳат тиббий суғуртаси; шошилинч касалхонада даволаниш ёки ўлим билан боғлиқ ҳолатларда ёрдам кўрсатиш;
2) Номзодлар сони ва уларнинг таълим йўналишлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили 31 мартгача тақдим этиш.
18-модда
1. Ўзбек томони Дастурнинг 5-моддасига мувофиқ поляк тили ва адабиёти бўйича ўқитувчилар ва академик ўқитувчиларни Ўзбекистон Республикасидаги мактаблар ёки жамоат ташкилотлари ва олий таълим муассасаларида ишлаш учун қуйидагилар билан таъминлайди:
1) Қабул қилувчи Томоннинг бир хил малакага эга бўлган ва бир хил лавозимда ишлайдиган маҳаллий ўқитувчига ва ўқитувчи-мутахассисларига белгиланган миқдорда ойлик иш ҳақи (шунингдек таътил пайтида);
2) Мавжуд ресурсларга қараб бепул турар жой;
3) Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларида ишлаш учун юборилган ўқитувчиларни, шунингдек уларнинг оила аъзоларини (эр, хотин, вояга этмаган болалар) ишга жойлаштириш билан боғлиқ расмийлаштириш ишларини ҳал қилишда кўмаклашиш.
2. Польша томони Дастурнинг 7.1-моддасига мувофиқ ўзбек томонидан юбориладиган академик ўқитувчилар — ўзбек тили ва адабиёти мутахассисларини Польша Республикасидаги олий таълим муассасаларида ишлашлари учун:
1) Қабул қилувчи Томоннинг бир хил малакага эга бўлган ва бир хил лавозимда ишлайдиган маҳаллий ўқитувчига ва ўқитувчи-мутахассисларига белгиланган миқдорда ойлик иш ҳақи (шунингдек таътил пайтида);
2) Мавжуд ресурсларга қараб бепул турар жой;
3) Польша Республикасининг таълим муассасаларига ишлаш учун юборилган ўқитувчи/профессорларни, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини (эр, хотин, вояга етмаган болалар) ишга жойлаштириш билан боғлиқ расмийлаштириш ишларини ҳал қилишда кўмаклашиш.
3. Юборувчи Томон Дастурнинг 5 ва 7-моддаларига мувофиқ алмашинувда иштирок этувчи шахсларни, агар тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлмаса, уларнинг қабул қилувчи давлатда яшаш вақтидаги тиббий ёрдам ва ватанга қайтариш ёки вафот этиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплайдиган суғурта полисига эга бўлишини таъминлайди.
19-модда
Мазкур Дастур кучга киргунга қадар олий ўқув юртларида, докторантурада ва стажировкада ўқиган шахслар олдиндан белгиланган шартларда ўқишни тугатгунга қадар давом эттирадилар.
V. Шахсий маълумотлар алмашинуви
20-модда
1. Шахсий маълумотларни олган Дастурни амалга оширувчи ташкилотлар (Дастурни амалга ошириш учун ҳар икки давлат томонидан ваколатланган ташкилотлар тушунилади) улардан фақат Дастур мақсадларида фойдаланиши (ишлов бериши) мумкин.
2. Дастурни амалга оширувчи ташкилотлар шахсий маълумотлари ишлов берилган шахсга қуйидагилар тўғрисида хабар берилишини таъминлаши шарт:
1) Дастурни амалга оширувчи ташкилот тўғрисида маълумот ва унинг алоқа маълумотлари;
2) Маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва маълумотларга ишлов беришнинг ҳуқуқий асослари;
3) Маълумотларга ишлов бериш тоифалари;
4) Қабул қилувчилар тоифалари, агар мавжуд бўлса, Дастурни амалга ошириш учун шахсий маълумотлар ошкор этиладиганлар;
5) Иложи бўлса, шахсий маълумотлар сақланадиган муддат ёки, агар бунинг иложи бўлмаса, ушбу муддатни аниқлаш учун фойдаланиладиган мезонлар;
6) Дастурни амалга оширувчи ташкилотдан шахсий маълумотларга киришни, уларни тузатиш ёки ўчиришни ёки алоҳида маълумотлар субъектига тегишли маълумотларга ишлов беришни чеклашни талаб қилиш ёки бундай маълумотларга ишлов беришга эътироз билдириш ҳуқуқи;
7) Агар маълумотларга ишлов бериш учун бундай розилик зарур бўлса, розиликни қайтариб олиш ҳуқуқи;
8) Маълумотлар ташкилотнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда ваколатли маъмурий органга ёки ушбу модданинг 9-бандида кўрсатилган Томонлар судига шикоят қилиш ҳуқуқи;
9) Автоматлаштирилган қарорлар қабул қилишнинг мавжудлиги, шу жумладан профилни яратиш (маълумот субъекти учун мантиқий маълумотлар, шунингдек, бундай қайта ишлашнинг аҳамияти ва кутилаётган оқибатлари).
3. Маълумотларга ишлов бериш мақсади тугагандан сўнг, маълумотлар зудлик билан йўқ қилиниши ва маълумотларни берган Битимни бажарувчи шахс бу ҳақда хабардор қилиниши керак.
4. Томонлар шахсий маълумотларни узатиш, қабул қилиш, кейинчалик фойдаланиш ва йўқ қилиш Битимни бажарувчи субъектлар томонидан рўйхатга олинишини таъминлайди.
5. Томонлар Битимни бажарувчи субъектларнинг тўғри маълумотларни узатишини таъминлайдилар. Агар Битимни бажарувчи ташкилот нотўғри маълумотларни узатса ёки уларни тегишли рухсатсиз узатса, бундай ташкилот бундай маълумотларни қайта ишлаш ёки йўқ қилиш чораларини кўриши учун ушбу факт тўғрисида маълумотларни қабул қилувчи ташкилотни дарҳол хабардор қилиши керак.
6. Томонлар қайта ишланган маълумотларнинг тегишли ҳимоя даражасини таъминлайдилар. Шу мақсадда Томонлар шахсий маълумотларни қабул қилиб олган Битимни бажарувчи шахсларнинг:
1) Узатилган, сақланган ёки бошқа тарзда ишлов берилган шахсий маълумотларга кириш, турли эҳтимоллик, айниқса тасодифий ёки ноқонуний йўқ қилиш, йўқотиш, ўзгартириш, рухсатсиз ошкор қилиш натижасида юзага келадиган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш хавфига мос келадиган хавфсизлик даражасини таъминлаш учун тегишли техник ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;
2) Шахсий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлган Битимни бажарувчи ташкилотнинг ваколати остида ишлайдиган ҳар қандай шахс уларни фақатгина унинг илтимосига биноан қайта ишлашини таъминлаш.
7. Шахсий маълумотларга ишлов берилган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш хавфи юқори бўлиши мумкин бўлган шахсий маълумотлар бузилган тақдирда, Томонлар бундай бузилиш ҳақида бир-бирларини хабардор қиладилар ва бундай бузилишнинг олдини олиш учун барча мумкин бўлган чораларни кўрадилар.
8. Шахсий маълумотларига ишлов берилган шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:
1) Ўз шахсий маълумотларига кириш, тузатиш ва ўчириш, уларга ишлов бериш, чеклаш ёки уларга ишлов беришга эътироз билдириш;
2) Битимни бажарувчи ташкилотдан қуйидаги маълумотларни олиш:
а) унинг шахсий маълумотларига ишлов берадиган ташкилот ёки ташкилотлар тўғрисида маълумот;
б) уларнинг шахсий маълумотлари тақдим этилган ташкилот ёки ташкилотлар тўғрисида маълумот;
в) маълумотларга ишлов бериш мақсади;
г) ишлов берилган маълумотлар тоифалари.
9. Томонлар маълумотлар субъектларининг ваколатли маъмурий органга ёки Томонлар судига шикоят қилиш имкониятига эга бўлишини таъминлайдилар, бу эса бундай шахслар шахсий маълумотларига нотўғри ишлов берилган деб ҳисоблаган вазиятда ўз ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлайди.
VI. Якунловчи ва умумий қоидалар
21-модда
1. Дастур олий таълим, маориф, фан, маданият ва спорт соҳаларида ҳамкорликнинг бошқа шаклларини, агар бундай шакллар дипломатик каналлар орқали келишилган бўлса, истисно этмайди.
2. Дастур доирасидаги барча қарорлар ва мажбуриятлар икки Томоннинг қонунчилигига мувофиқ дипломатик каналлар орқали амалга оширилади.
22-модда
Дастур имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва 2026 йил 31 декабргача амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2022 йил 3 июнь куни икки (2) нусхада, ҳар бири ўзбек, поляк ва инглиз тилларида имзоланди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Уларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)