Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикасининг «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилиш давлат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6007-сон Фармони ҳамда 2020 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикасида киберхавфсизликни таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4751-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг муҳим ахборот инфратузилмаси киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатининг юритилишини самарали йўлга қўйиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизликнинг умумий талаблари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — ваколатли давлат органи) муҳим ахборот инфратузилмаси (кейинги ўринларда — МАИ) объектларида киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини кузатиб боради, уларни баҳолаш ва мониторинг қилиш тартибини ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси билан биргаликда киберхавфсизликни қонунчиликда белгиланган тартибда таъминлаш ҳамда ривожлантириш ҳолати устидан назорат ва мониторинг олиб боришда иштирок этади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5349-сон Фармони 7-бандининг «г» кичик бандида белгиланган ҳар ойлик устама МАИ объектларида киберхавфсизликни таъминлашга ва мазкур фаолиятни мувофиқлаштиришга масъул бўлган ходимларга ҳам татбиқ этилсин.
5. МАИ объектларида киберхавфсизликни таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши юзасидан ваколатли давлат органини ўз вақтида хабардор этиш ҳамда ушбу ходимларни ҳар уч йилда бир марта ваколатли давлат органи томонидан аттестациядан ўтказиш амалиёти жорий этилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Ваколатли давлат органи томонидан ўта муҳим ва тоифаланган объектлардаги МАИ объектларида киберхавфсизликни таъминлаш юзасидан тезкор-назорат тадбирларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти бу ҳақда хабардор қилинади ҳамда уларнинг натижалари тўғрисида 48 соат ичида ёзма ахборот киритилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармони таҳририда)
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (А. Азизов):
2023 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси МАИ объектларининг вақтинчалик ягона давлат реестрини шакллантирсин ҳамда МАИ объектларини тоифалаш тартибини белгиловчи вақтинчалик низомни тасдиқласин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2024 йил 1 декабрга қадар хорижий давлатлар илғор тажрибасини ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикаси МАИ объектларининг доимий ягона давлат реестрини шакллантириш ҳамда МАИ объектларини тоифалашнинг доимий тартибини белгилаш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибиятига киритсин.
(7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармони таҳририда)
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 31 май,
ПҚ-167-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПҚ-167-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
киберҳимоя — киберхавфсизлик ҳодисаларининг олдини олишга, киберҳужумларни аниқлашга ва улардан ҳимоя қилишга, киберҳужумларнинг оқибатларини бартараф этишга, телекоммуникация тармоқлари, ахборот тизимлари ҳамда ресурслари фаолиятининг барқарорлигини ва ишончлилигини тиклашга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, молиявий-иқтисодий, муҳандислик-техник чора-тадбирлар, шунингдек, маълумотларни криптографик ва техник жиҳатдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари мажмуи;
муҳим ахборот инфратузилмаси — муҳим стратегик ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган автоматлаштирилган бошқарув тизимларининг, ахборот тизимлари ҳамда тармоқлар ва технологик жараёнлар ресурсларининг мажмуи;
муҳим ахборот инфратузилмаси объектига киберҳужум — кибермаконда муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда қасддан амалга ошириладиган, киберхавфсизликка таҳдид соладиган ҳаракат;
муҳим ахборот инфратузилмаси объектида киберхавфсизлик ҳодисаси — кибермаконда муҳим ахборот инфратузилмаси объекти фаолияти ахборот тизимларининг ишлашида узилишларга ва/ёки улардаги ахборотнинг очиқлиги, яхлитлиги ва ундан эркин фойдаланилишининг бузилишига олиб келган ҳодиса;
муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари — давлат бошқаруви ва давлат хизматлари кўрсатиш, мудофаа, давлат хавфсизлигини, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ёқилғи-энергетика мажмуи (атом энергетикаси), кимё, нефть-кимё тармоқлари, металлургия, сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, банк-молия тизими, транспорт, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, стратегик аҳамиятга эга бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида, ишлаб чиқариш соҳасида, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ва ижтимоий соҳада қўлланиладиган ахборотлаштириш тизимлари;
муҳим ахборот инфратузилмаси субъектлари — давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, мулк, ижара ҳуқуқлари асосида ёки бошқа қонуний асосларда муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига эгалик қилувчи юридик шахслар, шу жумладан муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг ишлашини ҳамда ҳамкорлигини таъминловчи юридик шахслар ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорлар;
муҳим ахборот инфратузилмасининг киберхавфсизлиги — муҳим ахборот инфратузилмаси объектида киберхавфсизлик ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин бўлган бузилишдан муҳим ахборот инфратузилмаси объекти барқарор ишлашини таъминловчи ҳимояланганлик ҳолати.
3. Муҳим ахборот инфратузилмаси (кейинги ўринларда — МАИ) объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш қонунийлик, киберҳимоянинг узлуксизлиги ва мажмуавийлиги ҳамда киберҳужумни аниқлаш, унинг олдини олиш, тезкор чора кўриш ва оқибатларини бартараф қилиш устуворлиги принципларига асосланади.
4. МАИ объектлари киберхавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
МАИ объектларининг киберхавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатини юритиш;
МАИ объектларининг киберхавфсизлик фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасида талабларни ўрнатиш, ҳаёт циклининг барча босқичлари — яратиш, ишга тушириш, фойдаланиш ва модернизация қилишда уларнинг техник хавфсизлигини ташкил қилиш;
МАИ объектларининг ҳимояланганлигини баҳолаш, киберхавфсизлигига таҳдид ва заифликларини аниқлаш бўйича тадбирлар ўтказиш;
киберҳужумлардан огоҳлантириш, уларнинг олдини олиш, тезкор чоралар кўриш ва оқибатларини бартараф этиш, киберхавфсизлик ҳодисаларини текшириш жараёнида МАИ субъектлари орасида тезкор ҳамкорликни таъминлаш;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини ташкилий, моддий-техник жиҳатдан ва кадрлар билан таъминлаш;
МАИ объектларига киберҳужумларни амалга оширишга бўлган уринишларни ёки бевосита амалга оширилган киберҳужумларни бартараф этиш, киберҳужумлар амалга оширилган тақдирда МАИ объектларининг барқарор фаолият юритишини тиклаш режаларини ишлаб чиқиш ва уларни ишлатишга тайёрлаш;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш.
5. Қуйидагилар МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш давлат тизими иштирокчилари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — ваколатли давлат органи);
ваколатли давлат органининг ишчи органи (кейинги ўринларда — ишчи орган);
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси (кейинги ўринларда — Ўзкомназорат);
МАИ субъектлари.
Ўзбекистон Республикаси МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш иловадаги ташкилий схемага мувофиқ амалга оширилади.
6. МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасида муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
2-боб. Ваколатли давлат органи ва Ўзкомназоратнинг муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги вазифалари
7. Ваколатли давлат органи:
Олдинги таҳрирга қаранг.
МАИ объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасини меъёрий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибиятига таклифлар киритади;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармони таҳририда)
МАИ объектларининг киберхавфсизлик тизимини яратиш, шунингдек, узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда техник инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан қарорлар қабул қилади
МАИ объектларида киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, тезкор чора кўриш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;
МАИ объектларининг ягона давлат реестрини (кейинги ўринларда — реестр) шакллантиради ва юритади;
давлат сирларини ўз ичига олган маълумотларни қайта ишлайдиган МАИ объектларида киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
қонунчиликка мувофиқ МАИ объектларини аттестациядан ўтказиш тизимини ташкил этади ва ўтказади;
ишчи орган ва Ўзкомназорат томонидан МАИ объектларида киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини баҳолаш бўйича биргаликда ўтказиладиган ўрганиш ва текширишларнинг ташкил этилиши ва амалга оширилишини тартибга солади;
МАИ субъектлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ваколатли давлат органи, шунингдек, чет эл давлатларининг МАИ субъектлари ва ваколатли органлари, киберхавфсизлик ҳодисаларига чора кўриш соҳасида фаолият юритувчи халқаро нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида киберхавфсизлик ҳодисалари бўйича маълумот алмашиш тартибини белгилайди;
МАИ объектларида киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, киберхавфсизлик ҳодисаларига чора кўриш воситаларидан фойдаланишга қўйиладиган талабларни белгилайди ва уларнинг жорий қилинишини мувофиқлаштиради;
МАИ объектларига уюштирилиши мумкин бўлган киберхавфсизлик таҳдидлари ва уларнинг заифликлари тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш, йиғиш ва таҳлил қилишни амалга оширади;
МАИ субъектлари билан биргаликда МАИ объектларига киберҳужумларни амалга оширишга бўлган уринишларни ёки бевосита амалга оширилган киберҳужумларнинг олдини олиш ва киберхавфсизлик ҳодисаси содир бўлган тақдирда объектларнинг барқарор ишлашини тиклаш бўйича режаларни ишлаб чиқади ҳамда улар бўйича режали ўқув машқларни ўтказади.
8. Ваколатли давлат органи ўз ваколати доирасида МАИ объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасида халқаро тадбирларда иштирок этади ҳамда халқаро шартномаларга мувофиқ киберхавфсизликка таҳдидлар ва киберхавфсизлик ҳодисалари бўйича маълумотлар алмашади.
9. Ўзкомназорат:
давлат сирларини ўз ичига олмаган маълумотларни қайта ишлайдиган МАИ объектларида киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
ишчи орган билан биргаликда МАИ объектларида киберхавфсизликни таъминлашда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг МАИ субъектлари томонидан бажарилишини текширади, ўрганади ва назорат қилади;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда иштирок этади;
ўз ваколатлари доирасида МАИ субъектларига МАИ объектлари киберхавфсизлигини таъминлашда аниқланган заифлик ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беради;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан идоралараро маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятида, халқаро семинарлар, илмий-техник анжуманлар, симпозиумлар, учрашувлар ва кўргазмаларда иштирок этади.
3-боб. Ишчи органнинг муҳим ахборот инфратузилмаси киберхавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги вазифалари
10. Ишчи орган зиммасига ваколатли давлат органи қарорларига мувофиқ МАИ объектларининг киберхавфсизлик тизимини яратиш, шунингдек, уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда техник инфратузилмасини ривожлантириш бўйича вазифалар юклатилади.
Ишчи орган:
МАИ объектларига киберҳужумларнинг олдини олиш бўйича самарали ташкилий ва дастурий-техник ечимларни тезкор қабул қилиш юзасидан тавсиялар ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун киберхавфсизликка замонавий таҳдидлар тўғрисидаги маълумотларни марказлаштирилган тартибда тўплайди ва таҳлил қилади;
амалга оширилиши мумкин бўлган киберҳужумлардан ҳимоя қилиш ва МАИ объектларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга кўмаклашади;
МАИ объектларига киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш воситаларини татбиқ қилади;
МАИ объектларида киберхавфсизлик ҳодисалари ва уларга бўлган кибертаҳдидларга жавоб бериш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
МАИ субъектларининг киберхавфсизлик бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда МАИ объектларидаги киберхавфсизлик ҳодисаларини текширишга кўмаклашади;
МАИ объектларини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик ҳодисаларига чора кўриш бўйича МАИ субъектлари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлайди;
МАИ объектларини уларнинг техник топшириқ ва киберхавфсизлик талабларига мослиги юзасидан аудит, аттестация ҳамда экспертизадан ўтказади;
МАИ объектларида фойдаланиладиган телекоммуникация ускуналари, ахборотни ҳимоя қилиш аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситаларни уларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқлиги юзасидан сертификатлашдан ўтказади;
МАИ субъектларида киберхавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;
МАИ объектларида ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашади;
ваколатли давлат органи билан биргаликда МАИ объектларида киберхавфсизлик ҳолатини ўрганади ва текширади;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича халқаро миқёсдаги тадбирларда иштирок этади ва илмий-техник конференциялар, симпозиумлар, йиғилишлар, кўргазмалар ташкил этади, шу жумладан ахборот-таҳлилий материалларини ишлаб чиқади.
4-боб. Муҳим ахборот инфратузилмаси субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
11. МАИ субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш учун, шу жумладан бундай объектлар томонидан қайта ишланадиган маълумотларга бўлган кибертаҳдидлар ҳамда бундай объектларда фойдаланилаётган дастурий таъминотлар, қурилмалар ва технологияларидаги заифликлар ҳақида маълумотларни ваколатли давлат органидан олиш;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўзининг киберхавфсизлик бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
12. МАИ субъектлари:
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиши;
киберхавфсизлик ҳодисалари тўғрисида ваколатли давлат органи ва ишчи органни белгиланган тартибда дарҳол хабардор қилиши;
киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, киберхавфсизлик ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини аниқлашда ваколатли давлат органи ҳамда ишчи органга кўмаклашиши;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш жараёнига давлат органлари томонидан ноқонуний аралашиш ҳолатлари ҳақида ваколатли органни хабардор қилиши;
ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, киберхавфсизлик ҳодисаларига жавоб бериш учун мўлжалланган воситаларни ўз ҳисобидан ўрнатиши ва сақлаши;
МАИ объектларига киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш учун ўрнатилган воситаларнинг белгиланган талабларга мувофиқ тўлақонли ишлашини таъминлаши;
ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган тартибда киберхавфсизлик ҳодисаларига жавоб бериш, МАИ объектларига қарши амалга оширилган киберҳужумларнинг оқибатларини бартараф этиш чораларини кўриши ва киберхавфсизлик ҳодисаларини текширишда иштирок этиши;
ваколатли давлат органи, ишчи орган, Ўзкомназорат мансабдор шахсларига ушбу Низомда назарда тутилган ваколатларни амалга ошириш жараёнида МАИ объектларига тўсиқсиз киришини таъминлаши;
ваколатли давлат органи ва ишчи орган билан келишилган ҳолда, МАИ объектларига уюштирилиши мумкин бўлган кибертаҳдидларнинг олдини олиши ва киберҳужумлар содир бўлганда МАИ объектларининг барқарор ишлашини тиклаш режаларини ишлаб чиқиши;
ваколатли давлат органи ва ишчи орган томонидан ташкил этиладиган режали машғулотларда иштирок этиши шарт.
13. МАИ субъектлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.
5-боб. Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларинингкиберхавфсизлик тизими
14. МАИ субъектлари МАИ объектларининг киберхавфсизлик тизимини яратади ва унинг ишлашини таъминлайди.
15. Қуйидагилар МАИ объектлари киберхавфсизлик тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:
МАИ объектларида қайта ишланадиган маълумотдан ноқонуний фойдаланиш, уни ўчириб ташлаш, ўзгартириш, блоклаш (чеклаш), нусха олиш, тақдим қилиш, тарқатиш ва шу каби киберхавфсизликка таҳдид солувчи бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш;
маълумотни қайта ишлашнинг аппарат, дастурий ва аппарат-дастурий воситаларига МАИ объектлари ишининг бузилиши ва (ёки) тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин бўлган таъсирга йўл қўймаслик;
МАИ объектлари фаолиятини телекоммуникация тармоқлари, ахборот ресурслари ва ҳаёт фаолияти тизимини захиралаш орқали тиклаш.
6-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. МАИ объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш давлат тизимининг жорий этилиши ва узлуксиз фаолият юритишни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти томонидан амалга оширилади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармони таҳририда)
17. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПҚ-167-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича
УМУМИЙ ТАЛАБЛАР
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу талаблар Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси (кейинги ўринларда — МАИ) объектларининг киберхавфсизлигини таъминлашга қўйиладиган умумий талабларни белгилайди.
2. МАИ субъекти «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, ушбу талаблар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ унга тегишли бўлган МАИ объектининг киберхавфсизлигини таъминлайди.
2-боб. МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича асосий талаблар
3. МАИ объектларига киберхавфсизликни таъминлашнинг қуйидаги талаблари қўйилади:
МАИ объектининг киберхавфсизлигини самарали таъминлаш тизимининг йўлга қўйилганлиги;
ахборот тизимида маълумотлардан рухсатсиз фойдаланиш, уларни йўқ қилиш, ўзгартириш, блоклаш (чеклаш), нусха олиш, тақдим этиш ва тарқатиш ҳамда МАИ объектлари фаолиятининг бузилиши ва/ёки тўхташига олиб келувчи бошқа ҳаракатларни амалга оширишнинг олди олинганлиги;
киберхавфсизликни таъминлаш тизими параметрларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги, киберхавфсизлик ва МАИ объектининг узлуксиз фаолият юритишини таъминловчи чора-тадбирлар жорий этилганлиги;
киберхавфсизлик ҳодисаси рўй берганда киберҳимояни таъминлаш тизимини тезкор тиклаш имконияти мавжудлиги;
киберҳужумларни мониторинг, аудит ва таҳлил қилиш, аниқлаш, чора кўриш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш тизимининг самарали йўлга қўйилганлиги;
киберхавфсизлик ва МАИ объектининг киберхавфсизлиги ва унинг эксплуатациясига доир ҳужжатларнинг мавжудлиги.
4. МАИ объекти раҳбари мазкур объектда киберхавфсизликни таъминлашга масъул шахс ҳисобланади. МАИ объекти раҳбари томонидан белгиланган тартибда объектда киберхавфсизликни таъминловчи ҳимоя тизимининг ишлашини таъминлашга масъул мутахассислар ёки таркибий бўлинма тайинланади.
5. МАИ объекти раҳбари объектнинг ахборот хавфсизлиги сиёсати, киберхавфсизлик соҳасидаги низомлар, кўрсатмалар, талаблар, ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, киберхавфсизликни таъминловчи ҳимоя тизимининг ишлашини ташкил этиш ва назорат қилиш тартибини тасдиқлайди ҳамда уларни доимий равишда такомиллаштириш чораларини кўради.
6. МАИ объектида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши керак:
киберхавфсизлик ва МАИ объекти раҳбари томонидан объектда киберҳимоя тизимининг ишлашини таъминлаш учун масъул мутахассислар тайинланганлиги ва/ёки таркибий бўлинманинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
киберхавфсизлик ва МАИ объектининг ахборот хавфсизлиги сиёсати, киберхавфсизлик соҳасидаги низомлари, кўрсатмалари, талаблари ҳамда ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, киберҳимоя тизимининг ишлашини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тасдиқланганлиги ва доимий равишда такомиллаштириб борилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ахборот тизимларининг киберхавфсизлик ҳолати ва муҳим кўрсаткичларининг мониторингини олиб бориш, шунингдек, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар ва уларни амалга ошириш мумкин бўлган усуллар (сценарийлар) ва моделлар ҳамда улардаги заифликлар таҳлил қилинганлиги, киберхавфсизлик ҳодисаларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир чоралар кўрилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
киберҳимоя тизими ва унинг тизимости қисмларининг тажриба-эксплуатацияси, қабул қилиш синовлари ҳамда киберҳимоя тизимини синовдан ўтказиш амалиётларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ходимларнинг ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича билими ва амалий тажрибаси ошириб борилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
МАИ объектининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган ишчи ёки эксплуатация ҳужжатлари;
ахборот ва киберхавфсизлик йўналишидаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид норматив ҳужжатларга мувофиқ ҳимоя тизимининг ҳолатини режали ва режадан ташқари текшириш амалиёти жорий этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
барча маълумот ташувчиларни объект ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш, сақлаш, узатиш ва муомаладан чиқариш жараёнини тартибга солувчи қоидаларга риоя қилинаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
йиллик режаларда киберхавфсизликни таъминлашга оид белгиланган тадбирларнинг ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
7. МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминловчи барча аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий таъминотлар тегишли мувофиқлик сертификатлари ҳамда киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлиши керак.
8. МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган талаблар билан бирга қўшимча равишда қуйидагилар:
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни режалаштириш, ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва жорий қилиш;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш учун ташкилий, ҳуқуқий ва техник чораларни кўриш;
МАИ объектларининг киберхавфсизлигини таъминлашда қўлланиладиган аппарат, дастурий-аппарат ва дастурий воситаларнинг кўрсаткич ва хусусиятларини белгилаш назарда тутилади.
9. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бирлашмалар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ваколатли давлат органи ва унинг ишчи органи билан келишган ҳолда ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда МАИ объектларининг иш фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш воситаларига қўшимча талабларни белгилаши мумкин.
3-боб. МАИ объектининг автоматлаштирилган ва ахборот тизимларида қайта ишланаётган конфиденциал ва махфий маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш воситаларига қўйиладиган талаблар
10. Киберхавфсизликни таъминловчи ҳимоя тизими қуйидагиларни таъминлаши зарур:
МАИ объекти томонидан қайта ишланадиган маълумотлардан рухсатсиз фойдаланиш, уларни йўқ қилиш, ўзгартириш, блоклаш (чеклаш), нусхалаш, тақдим этиш, тарқатиш ва шу каби бошқа хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш;
МАИ объектининг иш фаолияти бузилиши ва/ёки тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин бўлган аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситаларга ахборот таъсирининг олдини олиш;
ўз ичига давлат сирини олмаган, қонунчилик билан ҳимояланган (кейинги ўринларда — конфиденциал) ва махфий маълумотларга киберхавфсизлик таҳдиди шароитида МАИ объектининг тўлиқ ишлашини таъминлаш;
МАИ объекти фаолиятини тиклаш имкониятини таъминлаш.
11. Автоматлаштирилган ва ахборот тизимларида қуйидагилар ҳимоя қилинади:
барча қайта ишланаётган маълумотлар;
аппарат, аппарат-дастурий ҳамда дастурий воситалар, шу жумладан компьютерни сақлаш воситалари, иш станциялари, серверлар, телекоммуникация ускуналари, алоқа линиялари, график, видео ва нутқ маълумотларини қайта ишлаш воситалари;
аппарат-дастурий воситаларнинг дастурий таъминоти;
ахборот тизимларининг архитектураси ва конфигурацияси.
12. Телекоммуникация тармоқларида қуйидагилар ҳимоя қилинади:
алоқа линиялари орқали узатиладиган маълумотлар;
телекоммуникация ускуналари, шу жумладан дастурий таъминот, бошқарув тизими;
ўрнатилган ҳимоя воситалари;
телекоммуникация тармоғи архитектураси ва конфигурациясининг яхлитлиги.
13. Автоматлаштирилган бошқарув тизимларида қуйидагилар ҳимоя қилинади:
бошқариладиган, кузатиладиган объект ёки жараённинг параметрлари ёхуд ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан кириш-чиқиш маълумотлари, бошқарув маълумотлари, назорат ва ўлчов маълумотлари ҳамда бошқа муҳим маълумотлар;
дастурий таъминот ва аппарат воситалари, шу жумладан иш станциялари, саноат серверлари, телекоммуникация ускуналари, алоқа линиялари, дастурланадиган мантиқий текширгичлар, ишлаб чиқариш, технологик ускуналар;
аппарат-дастурий воситаларнинг дастурий таъминоти;
ўрнатилган ҳимоя воситалари;
автоматлаштирилган бошқарув тизимининг архитектураси ва конфигурацияси.
14. Хавфсизлик чораларини амалга оширишда аппарат, тизим, дастур ва тармоқ даражаларида, шу жумладан виртуаллашган муҳитда киришнинг барча объектлари ва субъектларига нисбатан киберхавфсизлик таҳдидларининг ҳисобга олинганлиги мажбурий мезонлардан бири ҳисобланади.
15. МАИ объектларидаги конфиденциал ва махфий маълумотларни қайта ишлайдиган қурилмаларда, киберхавфсизлик таҳдидларига қараб, қуйидаги чоралар амалга оширилиши зарур:
кичик тизим ёки бошқа тизимларнинг элементларига кириш ҳуқуқи олинишининг ҳар бир босқичида идентификация ва аутентификация қилиш;
файллар, тизимлар ва қурилмаларга кириш ҳуқуқини бошқариш;
ахборот инфратузилмасини бошқариш ваколатига эга бўлмаган фойдаланувчи учун дастурий муҳитни чеклаш;
конфиденциал ва махфий маълумотларни ташувчи воситаларни ҳимоя қилиш;
тизимлар, дастурлар, шу жумладан дастурий ва дастурий-аппарат ресурсларининг киберхавфсизлик аудитини ўтказиш;
МАИ объекти ахборот активларини бузғунчи дастурий таъминотларга қарши ҳимоя қилиш;
киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;
қурилмалар орқали узатиладиган барча маълумотларни қўллаш мақсадларидан қатъи назар уларнинг яхлитлигини таъминлаш;
фойдаланувчиларнинг МАИ объекти фаолиятидаги ўрнига қараб тизим фойдаланувчилари учун маълумотларга рухсат бериш ва ҳимоясини таъминлаш;
ахборот техник ҳимоя воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш;
конфигурацияни бошқариш;
дастурий таъминот янгиланишларини ўз вақтида бошқариш;
киберхавфсизлик ҳодисаларига ўз вақтида чора кўриш;
фавқулодда вазиятларда зарур ҳаракатларни бажариш;
яхлитлиги, конфиденциаллиги ёки махфийлиги ҳамда мавжудлиги МАИ объектининг фаолияти ва хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган муҳим маълумотларнинг захира нусхасини сақлаш;
киберхавфсизликни таъминлаш ҳолатини, рухсатсиз кириш ва ахборотни ўзгартиришга уринишларни доимий назорат ҳамда таҳлил қилиш;
маълумотларни тезкор тиклаш механизмларини амалга ошириш;
объектни унинг киберхавфсизлик талабларига жавоб бериши юзасидан аттестациядан ўтказиш.
4-боб. Якунловчи қоида
16. Ушбу талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2023 й., 07/23/167/0321-сон)