Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
буйруғи
БЕМОРНИНГ УЙ-ЖОЙ МАЙДОНИ КЎПАЙТИРИЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН АЙРИМ ТУРДАГИ СУРУНКАЛИ КАСАЛЛИКЛАРНИНГ РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2001 йил 10 августда 1060-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 42-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 1 январда 18-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўғрисида»ги Низомга асосан, буюраман:
1. Беморнинг уй-жой майдони кўпайтирилиши мумкин бўлган айрим оғир турдаги сурункали касалликларнинг рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқларига, республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига:
а) ушбу буйруқ маълумот ва ижро учун қабул қилинсин;
б) мазкур буйруқ зарур миқдорда кўпайтирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига ва ўз тасарруфидаги бўлинмаларига етказилиши таъминлансин.
3. Ушбу буйруқ Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киритилсин.
4. Мазкур буйруқ кучга кириши билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1994 йил 28 июлдаги 350-сонли буйруғи ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ушбу буйруқни бажарилиш назорати ДПЁББ бошлиғи Ф.О. Илҳомов зиммасига юклатилсин.
Вазир Ф. Ғ. НАЗИРОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 19 июль,
322-сон
Беморнинг уй-жой майдони кўпайтирилиши мумкин бўлган айрим оғир турдаги сурункали касалликларнинг
1. Бемор бошқалар билан бир хонада яшаши мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати:
а) Дисфория, шахсиятининг ўзгариши ва ақли заифлик билан кечадиган эпилепсия;
б) Тез-тез такрорланиши оқибатида мувозанатдан чиқувчи аффектив ва васваса синдроми билан кечадиган сурункали психозлар;
в) Сурункали шизофрения;
г) Ақлий нуқсон (деменция) билан кечадиган бош миянинг органик каслликлари;
д) Руҳий ўзгаришлар билан кечадиган бош мия қон-томир касалликлари;
е) Руҳиятнинг ўзгариши оқибатида 1 ва 2-гуруҳ ногиронлигига чалинган шахслар;
ё) Ахлатли ва сийдикли оқмалар, шунингдек ахлат ва сийдикни тута олмаслик;
ж) Кўп миқдорда суюқлик ажратувчи хавфли ўсмалар;
з) Кўп миқдорда суюқлик ажралиши билан кечадиган тери тошмалари;
к) Оёқ гангренаси;
л) Ўпка ва бошқа аъзолар силининг сил микробактерияларини ажратаётганлиги такрорий лаборатор текширув натижасида тасдиқланган фаоли (юқумли) турлари;
м) Мохов касаллиги.
2. Бемор алоҳида хонада яшаши талаб қилинмайдиган касалликлар рўйхати:
а) Ўпка ва бошқа аъзолар силининг фаол (юқмайдиган) шакллари;
б) Юрак фаолиятининг оғир сурункали бузилишлари: эндокардит, миокардит, ФК IV, ривожланувчи шакллари, кардиомиопатия, стенокардия;
в) Ўпка эмфиземаси ва астма касаллиги оқибатида юзага келган оғир нафас етишмовчиликлари.
(Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2001 й., 15-сон)