Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сон қарори ижросини таъминлаш, фермер хўжаликларининг пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш асосида пахтачилик соҳасида манфаатдорликни ва қўшилган қиймат ҳажмини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сон қарорига мувофиқ:
фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари (кейинги ўринларда — кооперациялар) ташкил этилганлиги ҳамда уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига белгиланган имтиёзлар кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади;
кооперацияларга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари ихтиёрий равишда аъзо бўлади;
кооперациялар аъзолари томонидан етиштирилган пахта хом ашёсини пахта тозалаш корхоналари томонидан қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг кооперацияларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишнинг қуйидаги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда пахта тозалаш корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилмаётган бўш ер майдонларини белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг захирасига ўтказилишини таъминлайди;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида кооперациялар томонидан илғор хорижий тажрибалар ҳамда ресурс тежовчи инновацион технологияларнинг жорий этилишини ташкил қилади;
кооперациялар билан пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мувофиқлаштириб боради;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари:
кооперациялар фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, агротехник тадбирларни ўз муддатида ва сифатли амалга оширишга кўмаклашади;
кооперациялар ва пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликларини уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминлаш чора-тадбирларини белгилайди;
в) кооперациялар:
пахта хом ашёсини қабул қилиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича самарали иш юритиш тизимини жорий қилади;
кооперация аъзоларига илмий асосланган агрономик, иқтисодий-молиявий, ҳуқуқий ва бошқа турдаги консультатив хизматлар кўрсатади, заруратга кўра, соҳа олимлари ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассисларни шартнома асосида жалб қилади;
пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари талаблари асосида уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий-техника ресурсларини етказиб беради.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:
а) Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда кооперациялар билан пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасида тузиладиган пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш шартномасининг намунавий шаклини ишлаб чиқсин.
б) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда пахта тозалаш корхоналари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасида тузилган пахта хом ашёси ва уруғлик пахтани харид қилиш бўйича шартномаларнинг кооперациялар билан қайта тузилишини таъминласин.
в) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзпахтасаноат» АЖ билан биргаликда:
бир ой муддатда пахта тозалаш корхоналаридаги давлат улушларини номинал ва баланс қийматларида Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига берилишини;
икки ой муддатда кооперация таркибига киритиладиган корхоналарнинг устав капиталига киритилмаган фаолият йўналишига алоқадор бўлмаган ер майдонлари, бино-иншоотлари ва мол-мулкларини белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 22 июнь,
398-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги 398-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кооперацияларни (кейинги ўринларда — кооперация) ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш тартибини белгилайди.
2. Кооперация унинг муассислари ва аъзолари саъй-ҳаракатларини, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилиб, пахта хом ашёсини етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш билан боғлиқ тармоқларни ягона тизимга бирлаштиради.
2-боб. Кооперациянинг асосий вазифалари ва фаолият принциплари
3. Қуйидагилар кооперациянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
пахта хом ашёсини етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни амалга ошириш учун соҳа олимлари ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассисларни жалб қилиб, илмий асосланган агрономик тавсияларни бериб бориш;
пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари талаблари асосида уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий-техника ресурсларини ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналарни етказиб бериш, механизация, транспорт ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш;
кооперация аъзолари билан тузилган шартномалар асосида пахта хом ашёсини ташиш, тайёрлаш, сақлаш, тегирмон усулида қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;
кооперация аъзоларига ҳисобот юритиш, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматларни кўрсатиш;
маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиш, ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш;
кооперация томонидан ишлаб чиқарилган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотларни биржа савдоларида ички истеъмолчиларга сотиш.
4. Кооперация фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:
кооперацияга аъзоликнинг ихтиёрийлиги ва ундан эркин чиқиш мумкинлиги;
кооперация аъзолари меҳнатига ишлаб чиқарган маҳсулоти (бажарган иши) ҳажми ва сифатига қараб ҳақ тўлаш;
якуний даромадни (фойдани) кооперация аъзолари ўртасида уларнинг мулкий пайларига мувофиқ тақсимлаш;
қарорлар қабул қилишда ҳуқуқлар тенглиги (кооперациянинг ҳар бир аъзоси — бир овозга эга бўлиши)ни таъминлаш;
кооперация уставида назарда тутилган тартибда унинг фаолияти кооперация аъзолари томонидан назорат қилинади;
ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиш, ерларнинг муҳофаза қилинишини ва тупроқ унумдорлиги оширилишини таъминлаш.
3-боб. Пахта тозалаш корхоналари негизида кооперацияларни ташкил этиш тартиби
5. Пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари ва қайта ишловчи ҳамда экспорт қилувчи корхоналар кооперацияларнинг муассислари бўлиши мумкин.
6. Кооперациялар унинг муассислари томонидан ихтиёрий тартибда пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ташкил этилади.
7. Кооперацияларни таъсис этишда унинг муассислари ўзларининг мустақиллигини сақлаб қолади.
8. Кооперациялар таркибида пахта хом ашёсини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, қайта ишлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш, илмий таъминот ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари кооперациянинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишига ҳақли эмас.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
4-боб. Кооперация фаолиятини йўлга қўйиш
10. Кооперациянинг бошқарув органлари:
олий бошқарув органи — Кооперация аъзоларининг умумий йиғилиши;
ижроия органи — Кооперация бошқаруви.
Кооперациянинг бошқарув органлари фаолияти ва ваколатлари унинг Уставида белгиланади.
11. Кооперациянинг устави:
Устав кооперация фаолиятини тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда қуйидагилар белгиланади:
кооперациянинг номи ва жойлашган манзили;
фаолият соҳаси ва мақсади;
кооперацияга кириш ва ундан чиқиш тартиби;
кооперация муассисларининг таркиби ва аъзоларининг сони;
кооперация аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
бошқарув органлари, уларни шакллантириш тартиби ва уларнинг ваколатлари;
кооперациянинг пай, бўлинмас ва бошқа жамғармаларининг миқдори ва уларни шакллантириш тартиби;
кооперация аъзоларининг меҳнатда иштирок этиши ва улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг асосланган шакллари;
кооперациянинг даромадларини (фойдасини) тақсимлаш, шу жумладан мулкий пайлар бўйича дивидендлар тўлаш учун тақсимлаш тартиби;
кооперацияни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Кооперациянинг уставига кооперация фаолияти билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам киритилиши мумкин.
(11-банднинг ўн учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Кооперациянинг устави аъзоларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади ҳамда умумий йиғилиш қарорига асосан тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
13. Кооперация аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Кооперациянинг фаолияти ҳақида маълумотларни олиш;
Кооперациянинг бошқаруви органларига таклифлар киритиш ва уларнинг муҳокамасида иштирок этиш;
Кооперациянинг аниқ дастур ва лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш;
Кооперациянинг ижро органлари хизматларидан фойдаланиш;
Кооперациянинг ахборот базаси маълумотларига кириш имконига эга бўлиш, илмий-услубий маълумотлардан фойдаланиш;
уставга мувофиқ Кооперациянинг бошқаруви органларига номзодларни таклиф қилиш ва сайлаш;
Кооперациянинг фаолиятига тегишли барча масалалар бўйича қарорларни қабул қилишда иштирок этиш;
унинг хизматларидан беғараз фойдаланиш;
умумий йиғилишларда овоз бериш пайтида тенг овозлар сонига эга бўлиш;
Кооперациянинг фаолияти бўйича ўз таклифи ва мулоҳазаларини киритиш, ушбу масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;
Кооперациянинг бошқарув органларидан умумий йиғилиш қарорларининг бажарилиш ҳолати ва ўз таклифлари ҳақидаги маълумотларни талаб қилиш;
Кооперациянинг умумий ва навбатдан ташқари йиғилишлари кун тартибига таклифлар киритиш;
Кооперациянинг бошқарув органларига унинг фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масалалар бўйича мурожаат қилиш;
Кооперацияга маслаҳат, услубий ва бошқа ёрдам юзасидан мурожаат қилиш;
Кооперация аъзолигидан ўз хоҳишига асосан белгиланган тартибда чиқиш.
14. Кооперация аъзоларининг мажбуриятлари:
Кооперациянинг уставига амал қилиш;
белгиланган муддатларда аъзолик бадалларини тўлаб бориш;
Кооперациянинг умумий йиғилиши қарорларини бажариш.
15. Кооперацияга аъзоликнинг тугатилиши қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
кооперация аъзолигидан ихтиёрий равишда чиқилганда;
кооперациянинг фаолиятида меҳнати билан иштирок этиши тугатилганда;
кооперация аъзолигидан унинг уставида белгиланган ҳолларда ва тартибда чиқарилганда;
бошқарув (раис)нинг кооперацияга қабул қилиш тўғрисидаги қарори умумий йиғилишда тасдиқланмаганда;
кооперация хўжалик юритишнинг бошқа шаклларига ўзгартирилиб қайта ташкил этилганда ёки кооперация тугатилганда.
Кооперацияга аъзоликни тугатиш тартиби унинг уставида белгиланади.
Кооперация аъзолигидан чиқиш ёки чиқариш пайтида илгари тўланган аъзолик ва бошқа (моддий) бадаллар қайтарилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Кооперация аъзолигидан чиқариш устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
(15-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
5-боб. Кооперациянинг молиявий-хўжалик фаолияти, мол-мулки ва фойдани тақсимлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Кооперация томонидан кўрилган зарарлар унинг мол-мулки ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мол-мулк ҳисобига қопланади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
17. Кооперациянинг фойда ва зарарларини тақсимлаш тартиблари молиявий йил якунлангандан кейин икки ой давомида кооперация аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Кооперация қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
19. Кооперациянинг мустақил балансида ўз ифодасини топадиган асосий фондлар, оборот маблағлари, пай бадаллари, шунингдек, бошқа бойликлар кооператив мулки ҳисобланади.
20. Кооперациянинг мол-мулки ўз аъзоларининг пул ва моддий бадаллари, банкларнинг кредитлари, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, уларни сотишдан тушган ва уставида назарда тутилган бошқа фаолиятлардан келган даромадлар ҳамда қонунларда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шаклланади.
21. Кооперациянинг мол-мулкини шакллантиришда, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар (ташкилотлар), шунингдек, мазкур кооперацияга аъзо бўлмаган, аммо унда меҳнат шартномасига мувофиқ ишлаётган жисмоний шахслар шартнома асосларида пул ва моддий бадаллар тўлаш йўли билан иштирок этишлари мумкин.
6-боб. Кооперациянинг пахта хом ашёсини етиштирувчилар билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Пахта хом ашёси ва уруғлик пахтани харид қилиш шартномаси фуқаролик қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, бунда маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиққан ҳолда аниқлаш, маҳсулот етиштирувчиларни уруғ билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш назарда тутилади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
23. Пахта хом ашёси ва уруғлик пахтани харид қилиш шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:
шартноманинг предмети, ғўзанинг селекция нави номи, репродукцияси, уруғлик пахтанинг миқдори (тонна) ва уни топширишнинг сўнгги муддатлари;
молиялаштириш тартиби;
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
шартноманинг бажарилиши, пахта хом ашёсини етказиб бериш тартиби ва шартлари, топшириш-қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари);
ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ва юклаб жўнатиш реквизитлари;
шартноманинг мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
низолар, форс-мажор ҳолатларини ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой.
24. Пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари билан муносабатларда кооперация қуйидагиларни таъминлаши лозим:
шартномада назарда тутилган экин тури уруғининг нави, авлоди, ҳажми бўйича келишилган муддатда етказиб бериш;
етказиб берилган пахта хом ашёси ва уруғлик пахтани қабул қилиш, сифатини аниқлаш ҳамда шартномада белгиланган муддат ва тартибда маҳсулот учун тегишли ҳақни тўлаш ва бошқалар.
25. Кооперация билан муносабатларда пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари қуйидагиларни таъминлаши лозим:
кооперациядан олинган уруғликдан мақсадли фойдаланиш ҳамда белгиланган ер майдонига кооперациядан қабул қилиб олинган ғўзанинг селекцион нави уруғлик чигитини тўлиқ экиш;
кооперация томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан уруғлик қиймати ва пахта хом ашёсини етиштириш учун ўзига етказиб берилган товар-моддий қийматликларга тўловларни пахта терими бошлангунга қадар амалга ошириш;
шартномада кўрсатилган маҳсулотни кооперация билан келишилган манзилга топшириш-қабул қилиш жадвалига асосан белгиланган муддатда етказиб бериш;
топширилаётган маҳсулотнинг сифати ва нави стандартлар, техник шартлар ва мазкур шартномада белгиланган мажбурий шартларга мос келишини таъминлаш;
шартноманинг мажбуриятлари бажарилмаган ҳолларда кооперация томонидан кўрсатилган хизматлардан мавжуд бўлган қарздорликларни қоплаш;
7-боб. Ҳисоб ва ҳисобот
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Кооперация қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия, статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни юритади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Кооперациянинг молиявий, статистик ва бошқа ҳисоботи давлат бошқаруви органларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатда тақдим этилади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
8-боб. Якунловчи қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. Кооперация тегишли фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома ва лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари билан шуғулланиши учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли рухсатнома ва лицензия олиши шарт.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
29. Кооперацияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.06.2020 й., 09/20/398/0794; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)