Навоий вилояти ҳокимининг
ҚарорИ
Вилоят ҳудудида кўчма савдо фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, уларни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 июлдаги «Кўчма савдога рухсат бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 233-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 28-сон, 339-модда) ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) 6, 25-моддаларига асосан, қарор қиламан:
1. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари таклифлари асосида, қуйидагилар:
вилоят давлат солиқ бошқармаси ва давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан келишилган, вилоят ҳудудида кўчма савдо объектлари орқали сотилиши мумкин бўлган товарларнинг рўйхати 1-иловага;
вилоят давлат солиқ, ички ишлар, архитектура ва қурилиш бош бошқармалари ва давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан келишилган, ҳар бир туман (шаҳар) бўйича кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемаси (ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган ҳолда) 2 — 11-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
*2 — 11-иловалар берилмайди.
2. Вилоят ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи (Аслонов), вилоят компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси (Фармонов) туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан биргаликда уч кун мобайнида кўчма савдо объектлари орқали сотилиши мумкин бўлган товарларнинг тасдиқланган рўйхати, шунингдек кўчма савдо объектлари жойлашиши схемаларини (ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган ҳолда) тегишли туман (шаҳар)нинг «ягона дарча» марказларида, вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилишини таъминласин.
3. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, вилоят давлат солиқ бошқармаси (Бозоров), давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (Хожиева), Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси (Сулаймонов):
кўчма савдо объектларининг тасдиқланган жойлашиш схемаси ва сотилиши мумкин бўлган товарларнинг рўйхатига мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» марказлари орқали берилган тегишли рухсатнома асосида ҳудудларда кўчма савдо фаолиятини ташкил этилишини;
кўчма савдони амалга оширишда қонун ҳужжатларига, шу жумладан чакана савдо қоидаларига, санитария қоидаларига, нормаларга ва гигиеник нормативларга мажбурий риоя этилишини;
харидорлар билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилишда фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўлланилиши ва банк пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилинишини таъминласинлар.
4. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳар йили 1 ноябргача:
тегишли туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдо объектлари орқали сотилиши мумкин бўлган товарлар рўйхати;
ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдо объектларининг жойлашиши бўйича таклифлар тайёрлаб, ҳар йили 10 ноябргача кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун вилоят ҳокимлигига киритсин.
5. Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Раззоқов) тақдим этилган:
тегишли туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдо объектлари орқали сотилиши мумкин бўлган товарлар рўйхатини — вилоят давлат солиқ бошқармаси ва давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан;
ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган кўчма савдо объектлари жойлашиши схемасини — давлат солиқ, ички ишлар, архитектура ва қурилиш бошқармалари ҳамда давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан келишилган ҳолда ҳар йили 1 декабргача тасдиқланишини таъминласин.
6. Навоий вилоят ҳокимининг 2016 йил 24 октябрдаги «Вилоят ҳудудида кўчма савдо фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қ-148-сонли қарори («Дўстлик байроғи» газетаси, 28.10.2016 й, 87-сон (3642) ) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари У. Раззоқов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким К. ТУРСУНОВ
Навоий ш.,
2018 йил 6 январь,
Қ-5-сон
Вилоят ҳокимининг 2018 йил 6 январдаги Қ-5-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Вилоят ҳудудида кўчма савдо объектлари орқали сотилиши мумкин бўлган товарларнинг
РЎЙХАТИ
|
Т/р |
Товарларнинг номи |
|
1. |
Музқаймоқ ва алкоголсиз яхна ичимликлар |
|
2. |
Озиқ-овқат маҳсулотлари (нон ва нон маҳсулотлари, қандолатчилик маҳсулотлари, ун, шакар, туз, асал, макарон, перловка, гречка, зираворлар, қуруқ мевалар, ёнғоқлар) |
|
3. |
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (картошка, пиёз, сабзи, карам, мева, полиз, гуруч, дуккакли дон) |
|
4. |
Тижорат банклари лотереялари |
|
5. |
Уяли алоқа компанияларнинг «сим» карталари |
|
6. |
Канцелярия моллари ва ўқув қуроллари |
|
7. |
Тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотлари |
|
8. |
Чарм пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари |
Вилоят ҳокимлиги Тадбиркорлик ва ишбилармонлик
муҳитини ривожлантириш, экспортга кўмаклашиш
ва қўллаб-қувватлаш гуруҳи бош мутахассиси
______________Б. Сайфиддинов
муҳитини ривожлантириш, экспортга кўмаклашиш
ва қўллаб-қувватлаш гуруҳи бош мутахассиси
______________Б. Сайфиддинов