Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2004 ЙИЛГИ XXVIII ЁЗГИ ОЛИМПИАДА ЎЙИНЛАРИ СОВРИНДОРЛАРИ БЎЛГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СПОРЧИЛАРИГА БИР МАРТАЛИК МУКОФОТЛАРНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси спорчиларининг Афина шаҳри (Греция)да ўтказиладиган 2004 йилги XXVIII ёзги Олимпиада ўйинларида муносиб иштирок этишини таъминлаш тўғрисида» 2004 йил 7 июндаги 261-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2004 йилги XXVIII ёзги Олимпиада ўйинлари совриндорлари бўлган Ўзбекистон Республикаси спорчиларига бир марталик мукофотларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки XXVIII ёзги Олимпиада ўйинлари совриндорлари бўлган республика спортчиларига белгиланган бир марталик пул мукофотларини мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга қатъий мувофиқ равишда ҳисоблаш ва тўлашни амалга оширсинлар.
3. Республика спортчиларига пул мукофотларини тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки XXVIII ёзги Олимпиада ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган спортчиларга жисмоний шахслар учун депозит валюта ҳисоб рақамлари очсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва А.А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 7 июль,
320-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2004 йил 7 июлдаги 320-сон қарорига
ИЛОВА
2004 йил 7 июлдаги 320-сон қарорига
ИЛОВА
2004 йилги XXVIII ёзги Олимпиада ўйинлари совриндорлари бўлган Ўзбекистон Республикаси спорчиларига бир марталик мукофотларни тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси спорчиларининг Афина шаҳри (Греция)да ўтказиладиган 2004 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида муносиб иштирок этишини таъминлаш тўғрисида» 2004 йил 7 июндаги 261-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда XXVIII ёзги Олимпиада ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медаллари олган Ўзбекистон Республикаси спортчиларига бир марталик пул мукофотларини тўлаш тартибини белгилайди.
2. Олтин, кумуш ва бронза медаллари олган республика спортчилари қуйидаги миқдорлардаги пул мукофотлари билан тақдирланадилар:
олтин медаль — 100 000 АҚШ доллари;
кумуш медаль — 50 000 АҚШ доллари;
бронза медаль — 25 000 АҚШ доллари.
3. Олтин, кумуш ва бронза медаллари олган спортчиларга пул мукофотини тўлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон республика валюта биржасида валюта маблағларини сотиб олиш учун сўмдаги маблағларни ваколатли ташкилотларга ўтказади.
Ўзбекистон Республикасининг ваколатли ташкилотлари ажратилган сўмдаги маблағларни зарур валюта маблағлари сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳисобига ўтказадилар.
5. Ажратилган суммалар Ўзбекистон республика валюта биржаси савдоларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг конвертация санасидаги расмий алмаштириш курси бўйича белгиланган тартибда долларга конвертация қилинади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Ўзбекистон республика валюта биржасида валюта маблағларини сотиб олади ва сотиб олинган маблағлар доирасида Олимпиада ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларга белгиланган тартибда жисмоний шахслар учун депозит валюта ҳисоб рақамлари очади.
7. XXVIII Олимпиада ўйинларида эришган юксак натижалари учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларига пул мукофотларини тўлаш Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида белгиланган тартибда жисмоний шахслар учун очиладиган депозит валюта ҳисоб рақамларидан, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан АҚШ долларида амалга оширилади.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 316-модда)