Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НОШИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли «Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
2. Комиссия икки ҳафта муддатда:
Вазирлар Маҳкамасининг Ноширлик фаолиятини лицензиялаш комиссияси ҳамда эксперт хулосаларни тайёрлаш ишчи гуруҳи тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
эксперт хулосалар тайёрлаш ишчи гуруҳининг шахсий таркибини тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ва баъзиларига ўзгартиришлар киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 октябрдаги 352-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 42-сон, 490-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 11 июнь,
275-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2004 йил 11 июндаги 275-сон қарорига
1-ИЛОВА
2004 йил 11 июндаги 275-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.
2. Лицензия олиш:
давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив ҳужжатлар тўпламлари ва бошқа ҳужжатларни нашр этишда;
корхоналар, ташкилотлар, ўқув юртлари ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зарур бўлган ва қўлёзма ҳуқуқлари билан оммавий равишда тарқатиш ёки кўпайтириш учун мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;
мазкур оммавий ахборот воситалари таҳририятлари томонидан оммавий ахборотнинг матбаа воситаларини нашр этишда талаб қилинмайди.
3. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) томонидан қабул қилинади.
Лицензиялар бериш тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш, тайёрлаш учун Агентлик қарори билан ишчи гуруҳ тузилади, унинг шахсий таркиби Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
4. Юридик шахслар лицензиялар талабгорлари бўлиши мумкин.
5. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
6. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
II. Лицензия талаблари ва шартлари
7. Қуйидагилар ноширлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
ноширлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, норматив-техник ва бошқа талабларга мажбурий риоя этиш;
урушни тарғиб қилиш, давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартириш, мамлакатда хавфсизликни ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асосларини, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни бузиш, Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотларни тарқатиш ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган матбаа маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатишга йўл қўймаслик;
ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситаларининг мавжудлиги;
лицензияда кўрсатилган ихтисос бўйича ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
ноширлик-матбаа сифатининг амалдаги талаблар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш;
муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш;
лицензиат томонидан тайёрланган матбаа маҳсулотларининг (шу жумладан мазкур маҳсулот таркибига кирган асарларнинг) нусхалари, тайёрланган нусхалар сони, шунингдек лицензиат ёхуд буюртмачининг нашр этишга ҳуқуқини (лицензиат томонидан муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиниши) тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобининг юритилиши;
лицензиат томонидан ноширлик фаолиятининг ёнғин хавфсизлиги қоидалари, санитария-гигиена нормалари, меҳнатни (ишлаб чиқаришни) муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган бино ва хоналарда амалга оширилиши;
лицензиат томонидан хоналар, технологик асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситаларини, шунингдек ноширлик фаолиятида фойдаланиладиган сарфланувчи материалларни ишончли қўриқлашнинг таъминланиши;
юридик шахс штатида тегишли олий ёки ўрта махсус маълумотга ва ноширлик ишида камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлган камида бир нафар ходимнинг мавжудлиги.
8. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 7-бандида қайд этилганлардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.
III. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар
9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:
юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами;
фамилияси, исми, отасининг исми, лицензия талабгори — юридик шахс раҳбарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
фаолиятнинг лицензияланаётган тури ;
(9-банднинг «а» кичик банди тўртинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 майдаги 92-сонли қарори таҳририда —Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 20-21-сон, 181-модда)
ихтисослашуви;
маблағ билан таъминлаш манбалари;
б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
(9-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
в) ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
г) фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситалари тўғрисидаги маълумотлар;
д) юридик шахс ходимларида тегишли олий ёки ўрта махсус маълумотнинг ва ноширлик ишида камида 3 йиллик иш тажрибасининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг ва меҳнат дафтарчасининг нусхаси).
10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан Агентликка бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.
Ҳужжатлар ишчи гуруҳнинг раҳбари томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда аризачига юборилади (топширилади). Ишчи гуруҳ раҳбари вақтинча жойида бўлмаган тақдирда унинг функциясини ишчи гуруҳ раҳбари белгилайдиган шахс бажаради.
12. Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
IV. Аризаларни кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
13. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тўлов кунидаги энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.
(13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Аризани кўриб чиққанлик учун йиғим суммаси Агентликнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади.
Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
14. Ноширлик фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази хулосасини ҳисобга олган ҳолда лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади.
Ишчи гуруҳ зарур ҳолатларда лицензия талаблари ва шартларининг лицензия талабгори томонидан бажарилиши имкониятини жойига борган ҳолда ўрганиш ҳуқуқига эга.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
15. Агентлик лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.
Лицензия бериш юзасидан қарор қабул қилингани тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда жўнатилади (тақдим этилади).
Лицензия битими Агентлик билан лицензиат ўртасида тузилади ва унда қуйидагилар бўлиши керак:
битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;
томонларнинг реквизитлари;
амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(15-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;
лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини Агентлик томонидан назорат қилиш тартиби.
Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва Агентлик учун бир нусхадан тузилади.
16. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензия бланкалари намуналари Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда босмахона усулида «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.
Лицензиялар ишчи гуруҳ томонидан расмийлаштирилади ва Агентлик бош директори томонидан имзоланади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
17. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.
18. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида Агентликка лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Агентлик лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
19. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.
Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи гуруҳ ва Агентлик мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.
20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
21. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришнинг рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(21-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(21-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарорига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.
V. Лицензияни қайта расмийлаштириш, дубликат бериш
(V бўлимнинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
22. Лицензиат — юридик шахс ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда Агентликка кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга юридик шахслар — лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 октябрдаги 884-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2018 й., 09/18/884/2128-сон)
23. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.
24. Агентлик лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш Агентлик томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.
Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси Агентликнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
26. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.
(26-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Лицензия дубликатлари беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси Агентликнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилади.
VI. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
27. Лицензиат томонидан лицензия шартлари ва талабларига риоя этилишини назорат қилиш Агентлик томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни амалга оширишда Агентлик ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;
лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;
лицензиатдан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(28-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ноширлик фаолиятининг лицензиясиз амалга оширилишининг аниқланган фактлари тўғрисидаги материалларни қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўриш учун солиқ органларига белгиланган тартибда жўнатиш.
29. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда Агентликнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси Агентликда қолади.
VII. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда, шунингдек тегишли фаолият турлари бўйича Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг марказий хулосаси асосида Агентлик томонидан амалга оширилади.
(30-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 августдаги 200-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й.,32-33-сон, 255-модда)
Агентликнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензия амал қилишининг тўхтатиб турилиши суд томонидан асоссиз деб эътироф этилган тақдирда, Агентлик лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.
31. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда Агентлик қарорига кўра амалга оширилади.
Агентликнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатишнинг асоссизлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Агентлик лицензиат олдида унинг кўрган зарари миқдорида жавоб беради.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
32. Лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Агентлик қарорига кўра амалга оширилади.
Агентликнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензияни бекор қилишнинг асоссизлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Агентлик лицензиат олдида унинг кўрган зарари миқдорида жавоб беради.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
VIII. Лицензиялар реестри
33. Агентлик лицензиялар реестрини юритади.
Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;
солиқ тўловчининг идентификация тартиб рақами;
лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(33-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига лицензия бериш тўғрисидаги маълумотлар;
лицензияни қайта расмийлаштириш, уларнинг тўхтатиб туриш ва амал қилишини тиклашнинг асослари ва санаси;
(33-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;
лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;
дубликат беришнинг асослари ва санаси.
34. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(35-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
IX. Давлат божи тўлаш тартиби
36. Ноширлик фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш учун тўлов кунида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.
(36-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 44-сон, 507-модда)
Болалар адабиётлари, норматив маълумотномалар, илмий-техника адабиётлари, маълумотнома-қомусий китоблар, шунингдек ногиронлар учун мўлжалланган адабиётлар нашр этишга ихтисослашаётган нашриётлар давлат божини белгиланган миқдорнинг 50 фоизи миқдорида тўлайдилар.
Давлат божи республика бюджети даромадига ўтказилади.
Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ноширлик фаолиятини лицензиялаш схемаси
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
I. Ҳукуматнинг ўз кучини йўқотган қарорлари рўйхати
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ноширлик фаолияти билан шуғулланишни тартибга солиш тўғрисида» 1997 йил 11 августдаги 393-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2002 йил 28 августдаги 305-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 8-сон, 49-модда) илованинг 2-банди.
II. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 3 июлдаги 241-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 7-сон, 37-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисидаги низомда:
5-банднинг иккинчи хатбошидаги «нашриёт-матбаа» сўзлари «матбаа» сўзи билан алмаштирилсин;
7-банддаги «нашриётлар ва» сўзлари чиқариб ташлансин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 24-сон, 273-модда; 2005 й., 8-9-сон, 67-модда; 2005 й., 32-33-сон, 255-модда; 2006 й., 20-21-сон, 181-модда; 2012 й., 6-сон, 57-модда, 44-сон, 507-модда; 2016 й., 42-сон, 490-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2018 й., 09/18/884/2128-сон, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)