Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ «РЕСПУБЛИКАГА ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ НОҚОНУНИЙ ОЛИБ КЕЛИНИШИ ВА СОТИЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА» 2002 ЙИЛ 19 ИЮЛДАГИ 257-СОН ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 16 октябрдаги 446-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг истеъмол товарлари олиб келиш ва сотиш масалалари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ва уларнинг айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Истеъмол товарларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келиш ва ички бозорда сотиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2002 йил 23 сентябрдан бошлаб ноозиқ-овқат истеъмол товарлари юридик шахслар томонидан импорт қилинганда йиғим ТИФ ТН кодидан ва товарнинг келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, товар божхона қийматининг 20 фоизи миқдорида белгилансин.
Кўрсатиб ўтилган йиғим миқдори товарларни олиб келишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқишда солиқ солинадиган базага киритилмайди.
2. Белгилаб қўйилсинки, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари импорт қилинганда ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган йиғим хорижий валютага йиғим тўланадиган кунда вужудга келган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин курс бўйича миллий валюта — «сўм»да ундирилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси импорт бўйича олиб келинаётган истеъмол товарлари учун божхона тўловлари ва йиғимлар ундириш механизмини 2002 йил 1 октябргача бўлган муддатда пухта ишлаб чиқсинлар.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 июлдаги 257-сон қарорининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 20 сентябрь,
327-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 17-18-сон, 138-модда)