Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида
(буйруқ номи Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 25 декабрда 2745-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги 2-мҳ-сонли «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3287, 24.02.2021 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси ва Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
4. Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси, Иқтисодий қонунчилик бошқармаси, Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси, Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси Ахборот хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри адлия бошқармалари билан бирга:
бир ойлик муддатда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизматлари вакиллари иштирокида семинар ташкил этсин;
адлия органларининг коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида тизимли равишда ёритиб борилишини таъминласин.
5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг ўринбосари А. Усманов зиммасига юклансин.
Вазир М. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 25 декабрь,
384-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 25 декабрдаги 384-мҳ-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш
услубиёти
(илова номи Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
Мазкур Услубиёт Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мазмунида ҳуқуқни қўллаш жараёнида коррупцион кўринишларга олиб келиши мумкин бўлган коррупциявий омилларни аниқлаш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларининг, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг (бундан буён матнда лойиҳалар деб юритилади), шунингдек, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишнинг тартибини белгилайди:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Услубиётда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
норматив-ҳуқуқий ҳужжат — «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат;
ҳуқуқий экспертиза — лойиҳаларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, уларга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлигини текширишни амалга ошириш;
коррупциявий омиллар — ҳуқуқни қўлловчиларга асоссиз равишда кўриб чиқишнинг кенг доирасини ёки умумий қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз қўллаш имкониятини белгиловчи, жисмоний ва юридик шахсларга ноаниқ, бажарилиши қийин бўлган ва (ёки) оғирлаштирилган талабларни, шунингдек ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни ўз ичига олган лойиҳаларнинг нормалари;
юридик хизмат — давлат органи ва ташкилоти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган меъёр ва мезонларга мувофиқ мажбурий тартибда ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий тузилма ёхуд лавозим;
(1-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
адлия органлари — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари.
(1-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
2. Коррупцияга қарши экспертиза ҳуқуқий экспертиза доирасида ўтказилади.
Коррупцияга қарши экспертиза лойиҳаларда коррупциявий омилларнинг вужудга келишини олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ўтказилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
3. Қуйидагилар коррупцияга қарши экспертизанинг вазифалари ҳисобланади:
лойиҳаларда коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этишга имконият яратувчи коррупциявий омилларни аниқлаш;
коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этиш мумкинлигига доир қисми бўйича лойиҳани қабул қилиш оқибатларини умумий баҳолаш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида коррупцион тусдаги хавфларнинг вужудга келиши имкониятларини прогнозлаштириш;
лойиҳаларда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш ва чораларни кўриш.
4. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
қонунийлик — лойиҳалар нормаларининг мазмуни юқорироқ юридик кучдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги;
ҳуқуқни қўллашлилик — норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини қарама-қарши шарҳлаш ва қўллашни келтириб чиқариши мумкин бўлган нормаларни чиқариб ташлаш;
нормаларнинг шаффофлиги ва барқарорлиги — лойиҳанинг матнини лўнда, оддий ва равон тилда баён этиш. Лойиҳада фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади. Оғзаки нутқ шакллари, хорижий тилларнинг атамалари, давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар бўлган тақдирда, эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, кинояларнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди;
холислик — коррупцияга қарши экспертизани холис ва беғараз, қатъий қонуний, назарий ва амалий асосда, тегишли мутахассислик доирасида, ҳар тарафлама ва тўлиқ ҳажмда ўтказиш;
мустақиллик — коррупцияга қарши экспертизани мустақил шахс томонидан ўтказиш. Манфаатдор шахслар фойдасига хулоса олиш мақсадида коррупцияга қарши экспертизани ўтказувчи шахсга таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.
2-боб. Лойиҳаларнинг коррупциявий омилларга эга бўлган нормалари
5. Қуйидагилар ҳуқуқни қўлловчиларга асоссиз равишда кўриб чиқишнинг кенг доирасини ёки умумий қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз қўллаш имкониятини белгиловчи коррупциявий омиллар ҳисобланади:
а) асосан қуйидагилардан иборат бўлган дискрецион ваколатларнинг кенглиги (мазмунидан чегараларини аниқлашнинг имкони мавжуд бўлмаган ваколатлар):
муддатларнинг мавжуд эмаслиги ёки ноаниқлиги ва асослаб берилмаган сабабларсиз белгиланган муддатни чўзиш ёки қисқартириш имкониятини назарда тутиш;
қарорларни қабул қилишнинг шароитлари ва асосларининг мавжуд эмаслиги, шунингдек давлат органлари ва бошқа органларга ёки уларнинг ходимларига (бундан буён матнда органлар деб юритилади) ўз ихтиёрига кўра қарорлар чиқариш, бир нечта турдаги қарорларни қабул қилиш ва уларни ижро этишнинг усулларини белгилаш имкониятини бериш;
органларга ўз ихтиёрига кўра юридик фактни баҳолашга ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан тегишли ҳаракатларни амалга оширишнинг тартибини мустақил равишда белгилашга йўл қўйиш;
органга ўз ихтиёрига кўра тегишли асоссиз жисмоний ва юридик шахслар билан ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келишини, уларни ўзгартиришни ёки бекор қилишни ташаббус қилиш имкониятини бериш;
органларнинг такрорловчи ваколатларининг мавжудлиги;
б) ҳуқуқни қўлловчилар томонидан ҳар хил ва аниқ бўлмаган талқин қилишга имконият яратадиган нормаларнинг мавжудлиги;
в) органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга оширишни диспозитив белгилашда ифодаланган ваколатни асоссиз белгиланиши;
г) ҳуқуқлар ҳажмини танлаб ўзгартиришнинг имконияти мавжудлиги, яъни органларнинг ихтиёрига кўра жисмоний ва юридик шахслар учун умумий тартибдан чиқувчи истисноларни асоссиз белгиланиши;
д) бошқа органнинг ваколатига тегишли бўлган қонуности ҳужжатларнинг қабул қилинишига олиб келадиган бланкет ва ҳавола қилувчи нормаларнинг мавжудлиги билан тавсифланган, қонуности норма ижодкорлигининг ниҳоятда эркинлиги;
е) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга бўлмаган органлар томонидан қабул қилиниши;
ж) органларга уларнинг ваколатига тегишли бўлмаган ваколатларнинг тақдим қилиниши;
з) қонун ости ҳужжатлар лойиҳаларида қонун ҳужжатларига кўра қонун билан тартибга солиниши лозим бўлган нормаларнинг белгиланиши;
и) тегишли ҳуқуқ ва ваколатларни тақдим қилишнинг танлов тартибидан воз кечиб, уларни танловдан ташқари тақдим қилиш тартибининг мустаҳкамланиши;
к) лойиҳалар нормаларининг юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўрсатмаларига номувофиқлиги.
6. Қуйидагилар жисмоний ва юридик шахсларга ноаниқ, бажарилиши қийин бўлган ва (ёки) оғирлаштирилган талабларни ўз ичига олган коррупциявий омиллар ҳисобланади:
а) асосан қуйидагилардан иборат бўлган, ҳуқуқни қўлловчига тегишли бўлган ҳуқуқни амалга ошириш учун унга юклатиладиган оширилган талабларнинг мавжудлиги:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга қаратилган ва (ёки) юклатилиши қонун ҳужжатлари нормалари билан асослантирилмаган талабларнинг ўрнатилиши;
бажариш учун эҳтиёж бўлмаган мажбуриятларнинг жисмоний ва юридик шахсларга юклатилиши;
жисмоний ва юридик шахсларга қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатлар, ахборотни тақдим қилиш мажбуриятининг юклатилиши;
эга бўлаётган ҳуқуққа мувофиқ бўлмаган аломатларга (касбий, мулкий, ижтимоий) мувофиқ бўлиш мажбуриятларининг мавжудлиги;
б) жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ҳуқуқларни амалга оширишнинг қатъий тартибга солинишининг мавжуд эмаслиги;
в) барқарор бўлмаган, икки маъноли тушунчалардан фойдаланиш ёки қўлланилаётган атамаларнинг тушунчаси, илмий асослантирилиши ва ишончлилигининг мавжуд эмаслиги;
г) ҳуқуқий муносабатларнинг бир гуруҳ субъектларига нисбатан бошқаларни тенг бўлмаган, камситувчи аҳволга солувчи афзалликларнинг белгиланиши.
д) ижтимоий муносабатлар иштирокчиларининг эркинлигини чеклашга олиб келиши мумкин бўлган, жисмоний ва юридик шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва фаолиятининг сабабсиз ва асоссиз тартибга солинишида ифодаланиладиган муносабатларнинг ҳаддан ташқари ортиқча ҳуқуқий тартибга солинганлиги.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) асосан «д» кичик банд билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
7. Қуйидагилар ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқлар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар ҳисобланади:
а) маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги, яъни органлар томонидан тегишли ҳаракатларни бажариш тартибининг мавжуд эмаслиги, жумладан:
қарорларни қабул қилувчи ва қонун ҳужжатлари талабларини бажарувчи органнинг мавжуд эмаслиги;
органнинг ҳаракатлари ва ваколатларининг тартибга солинмаганлиги;
ваколатларни бажариш процессуал тартибининг белгиланмаганлиги;
органлар томонидан маъмурий тартиб-таомилларни бажариш учун асосларнинг мавжуд эмаслиги ёки ноаниқлиги;
қабул қилинаётган қарорни асослаб бериш мажбуриятининг мавжуд эмаслиги;
амалга оширилишининг аниқ механизмига эга бўлмаган нормаларнинг мавжудлиги;
б) органларнинг жавобгарлиги, шунингдек уларнинг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги нормаларнинг мавжуд эмаслиги;
в) органларнинг фаолияти устидан назорат қилишнинг шакллари ва турларига кўрсатманинг мавжуд эмаслиги;
г) органларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳамда улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровлари юзасидан маълумотларни тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги ахборотни (қонун билан қўриқланадиган сирни ташкил этувчи ахборотлар бундан мустасно) ошкор этишни назарда тутувчи нормаларнинг мавжуд эмаслиги;
д) тегишли ҳаракатларни бажариш учун масъул бўлган органни лойиҳанинг мазмунидан белгилашнинг имконияти мавжуд эмаслиги;
е) норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга киришини асоссиз равишда қолдириш;
ж) ҳуқуқни қўлловчиларда ҳуқуқлар мавжуд бўлганда мажбуриятларнинг мавжуд эмаслиги ёхуд ҳуқуқлар мавжуд бўлмаганда мажбуриятларнинг мавжудлиги;
з) тегишли ваколатлар мавжуд бўлмаганда, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларнинг қонун ости ҳужжатлари ёрдамида тўлдирилиши.
71. Лойиҳа билан тартибга солинувчи ҳуқуқий муносабатларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда адлия органлари томонидан лойиҳаларнинг бошқа нормалари ҳам коррупциявий омиллар сифатида баҳоланиши мумкин.
(71-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
3-боб. Коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда қўлланиладиган ахборот. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказувчи адлия органи ходимининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
8. Коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда ҳам расмий ҳам норасмий ахборотдан фойдаланилади.
9. Расмий ахборотга қуйидагилар киради:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
халқаро шартномалар;
расмий эълон қилишлар, жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғининг расмий ресурслари;
статистик маълумот ва ҳисоботлар;
суд амалиёти.
10. Норасмий ахборотга қуйидагилар киради:
оммавий ахборот воситаларининг хабарлари;
илмий нашрлар;
Интернет жаҳон ахборот тармоғининг норасмий ресурслари.
11. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказаётган адлия органи ходимининг асосий ҳуқуқлари:
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётган лойиҳаларнинг предметига тааллуқли бўлган ҳужжатлар билан танишиш;
коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш;
коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётган лойиҳаларнинг нормаларини аниқлаштириш ва улар бўйича тегишли тушунтиришларни олиш.
12. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказувчи адлия органи ходимининг асосий мажбуриятлари:
коррупцияга қарши экспертизани ташкиллаштириш ва ўтказишнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларига риоя қилиш;
ўзини ўзи рад этиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда ўзининг раҳбарига дарҳол маълум қилиш;
коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслик;
тақдим этилган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаш.
4-боб. Коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари
13. Коррупцияга қарши экспертиза адлия органлари томонидан ўтказилади.
Коррупцияга қарши экспертиза ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи, шунингдек лойиҳалар келишилиши лозим бўлган органларнинг юридик хизмати томонидан ўтказилиши мумкин.
Коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш жараёнига мустақил экспертлар ва тор доира йўналишларидаги мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
14. Коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда лойиҳанинг ҳар бир нормаси ёки қоидасининг, шунингдек лойиҳа қоидаларининг бу соҳадаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги даражасининг таҳлили амалга оширилади.
15. Лойиҳада коррупциявий омиллар аниқланган тақдирда, адлия органининг коррупцияга қарши экспертизаси натижаси ҳуқуқий экспертиза ўтказилиши натижалари бўйича тайёрланадиган лойиҳани қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосада акс эттирилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
16. Лойиҳани қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосада коррупцияга қарши экспертизани ўтказишда аниқланган коррупциявий омиллар, улар аниқланган лойиҳанинг таркибий қисмларини ёритган ҳолда, кўрсатиб ўтилиши лозим.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
17. Ўтказилган лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси натижалари бўйича эътирозлар мажбурий тусга эга ва лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши учун такроран киритилганда бартараф қилиниши шарт.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
18. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциявий омилларни ўз ичига олган нормалар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 2565, 2014 йил 28 февраль) мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказишни рад этади.
5-боб. Якуний қоидалар
19. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, халқаро шартномалари ва уларнинг лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси мазкур Услубиётга мувофиқ ўтказилади.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш жараёни ёки натижаси бўйича ўтказилади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
191. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
адлия органлари, давлат органлари ва ташкилотларининг иш режалари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
жамоат назорати субъектларининг таклиф ва мулоҳазалари;
оммавий ахборот воситаларидан келиб тушган нашрлар ва бошқа материалларни ўрганиш натижалари.
(191-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
20. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси натижалари бўйича адлия органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 12-банди 5-кичик бандига мувофиқ давлат бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларига бажарилиши мажбурий бўлган тегишли тақдимномалар киритилиши мумкин.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 307-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2745-1, 01.06.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)
21. Мазкур Услубиёт талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 51-сон, 644-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 10/18/2745-1/1310-сон)