Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРГА ПАХТА ТОЛАСИНИ СОТИШ МЕХАНИЗМИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 августдаги ПҚ–456-сон «Пахта толасини сотиш ва унинг учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июндаги 240-сон қарорига мувофиқ ва республика ҳудудида жойлашган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга сотиладиган пахта толаси учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ишлаб чиқарилган ва сотилган пахта толаси учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида» 2003 йил 3 июндаги 240-сон қарорига мувофиқ хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга пахта толаси тузилган шартномалар асосида ташқи савдо компаниялари томонидан фақат минтақавий ихтисослаштирилган пахта терминалларидан эркин муомаладаги валютага сотилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга пахта толасини сотишнинг қуйидаги тартиби белгилансин:
пахта толаси республика ҳудудида жойлашган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга уларнинг буюртманомаларига мувофиқ чекланмаган ҳажмларда сотилади;
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона тегишли ташқи савдо компанияларига ҳажми, нави, типлари ва бошқа сифат кўрсаткичларини кўрсатган ҳолда пахта толасини жорий йилнинг сентябрь—декабрь ойларида харид қилиш учун 1 июлгача ва пахта толасини кейинги йилнинг январь—август ойларида харид қилиш учун 1 декабргача пахта толасини харид қилиш юзасидан ҳар йили буюртманома тақдим этади;
ташқи савдо компаниялари «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмалари билан тузиладиган бош битимда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар буюртманомаларини тўлиқ ҳажмда ҳисобга оладилар;
ташқи савдо компаниялари бош битимга мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар билан пахта толаси етказиб бериш юзасидан сентябрь—декабрь ва январь—август ойлари даври учун алоҳида-алоҳида шартнома тузадилар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
пахта толаси ташқи савдо компанияси билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона ўртасида имзоланган шартномаларга қатъий мувофиқ, юклаб жўнатиш санасида «Коттон Оутлок»да эълон қилинадиган «А» индекси ва унинг Ўзбекистондаги компоненти котировкага кўра шаклланадиган жаҳон нархлари бўйича 15 фоиз миқдоридаги чегирма билан етказиб берилади;
(2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 29 декабрдаги 283-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 52-сон, 390-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 сентябрдаги 414-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 34-35-сон, 396-модда)
3. Ташқи савдо компаниялари томонидан пахта толаси эркин муомаладаги валютага сотиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Пахта толасини сотишнинг кўрсатиб ўтилган тартиби янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги барча корхоналарга татбиқ этилиши белгилаб қўйилсин.
4. Белгилансинки, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ташқи савдо компанияларидан чегирма билан сотиб олинган пахта толасидан фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади ва улар қайта сотилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ташқи савдо компанияларидан сотиб олинган пахта толасидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 16 октябрь,
447-сон
Ташқи савдо компаниялари томонидан пахта толаси эркин муомаладаги валютага сотиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар
РЎЙХАТИ
«Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси корхоналари
1. «Қабул-Ўзбек Ко» қўшма корхонаси
2. «Қабул-Фарғона Ко» қўшма корхонаси
3. «Чиноз тўқимачи» қўшма корхонаси
4. «Оқ сарой тўқимачи» қўшма корхонаси
5. «Олоттекс» қўшма корхонаси
6. «Аснамтекстиль» қўшма корхонаси
7. «Папфен» қўшма корхонаси
8. «Каракультекс» қўшма корхонаси
9. «Мидатекс» қўшма корхонаси
10. «Унихо» қўшма корхонаси
11. «Балиқчи» АЖ базасидаги қўшма корхона
12. «Исковут» қўшма корхонаси
13. «Хонтекс» қўшма корхонаси
14. «Баракат-Альфа» қўшма корхонаси
15. «Бештекс» қўшма корхонаси
Пахтани қайта ишлайдиган бошқа корхоналар
1. «ДЭУ Текстайлз Ко» хорижий корхонаси
2. «Ойимтекстиль» қўшма корхонаси
3. «Ле-Уат-Де-Бухоро» қўшма корхонаси
4. «Сарбонтекс» қўшма корхонаси
5. «Самжинтекс» қўшма корхонаси
6. «Шонали Текстиль ЛТД» қўшма корхонаси
7. «Хоразм-Нуртон» қўшма корхонаси
8. «Ўзмедкоттон» қўшма корхонаси
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 20-сон, 188-модда; 2004 й., 34-35-сон, 396-модда; 2005 й., 52-сон, 390-модда)