Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида
[Кўчирма]
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўзбек бадиий адабиёти ривожи йўлида адабий жамоатчиликни уюштириш, халқимизни қайта тикланаётган миллий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатлар, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий ифтихор руҳида тарбиялаш ҳамда миллий тафаккурни ривожлантириш соҳасида олиб бораётган алоҳида хизматларини инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мамлакатимиз адабий жамоатчилигининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 60 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
1994 йилнинг ноябрь ойида «Туркистон» саройида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил топганига 60 йил тўлиши муносабати билан тантанали кеча ўтказилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасига:
бугунги ўзбек адабиёти атоқли намояндаларининг Сайланма асарлари тўпламларини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котибияти тавсиясига биноан нашриётларнинг режасига киритишни ва нашр этишни таъминлаш топширилсин;
китобларни нашр қилишда Ўзбекистон Ижодкорлари жамғармаси, «Истеъдод», «Наврўз» хайрия жамғармалари ва бошқа ташкилотлар ҳомийлигидан фойдаланиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигига истеъдодли ёзувчилар ва драматургларимиз асарларини саҳналаштириш ва уларни омма орасида кенг тарғиб этиш, халқимиз руҳига истиқлол туйғуларини сингдирувчи етук асарлар учун танловлар ўтказиш топширилсин.
4. «Ўздавтелерадио» компанияси ва «Ўздавкинокомпания» ўзбекистонлик адибларнинг энг яхши асарлари асосида видеофильмлар ва бадиий фильмлар яратиш чора-тадбирларини белгиласинлар.
5. Ўзбекистон Фанлар академияси қатағон қурбонлари бўлган адибларимизнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, тарғиб этиш тадбирларини белгиласин ҳамда уларнинг асарларини нашрга тайёрласин.
6. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси юбилейига тайёргарликнинг боришини ёритишни, туркум кўрсатувлар, эшиттиришлар ва мақолалар берилишини таъминласинлар.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари жойларда ёзувчи ва олимлар, адабий жамоатчилик иштирокида йиғинлар, ижодий учрашувларни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 60 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ сарф-ҳаражатлар учун иловага мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағ ажратсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ижтимоий масалалар ва маданият бўлими зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 13 август,
412-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 13 августдаги 412-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 60 йиллигини ўтказиш харажатлари
СМЕТАСИ
| 1. | «Туркистон» саройининг ижара хақи | 1000 сум |
| 2. | Буклетлар, таклиф қоғозлари, дастур | 1500 сум |
| 3. | Ёзувчиларни вилоятларга сафарга юбориш ва вилоятлардан Тошкентга таклиф этилганлар учун хизмат сафари ҳақи | 6000 сум |
| 4. | Эсдалик буюмлари (ручка, блокнотлар) ва гуллар | 1000 сум |
| | Жами | 19500 сум |