Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишларини тизимли ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Жиззах вилоят ҳокимининг 2013 йил 28 августдаги «2013-2014 йил қиш-баҳор мавсумида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишларини тизимли ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 192-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда туман аҳолисини 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсумида арзон ва сифатли мева-сабзавот, полиз ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш учун уларнинг захирасини яратиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 августдаги 01-03/1-455-сонли мажлис баёни ва вилоят ҳокимининг 2013 йил 28 августдаги 192-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман аҳолиси ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларини 2013-2014 йил қиш-баҳор ойларида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида ушбу турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захира омборларига жамғариш ҳажмлари ва турлари 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Шундан келиб чиқиб, туман иқтисодиёт бўлими (О. Маматқулов) жорий йилнинг 10 сентябрига қадар молия, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимлари, тегишли ташкилотлар билан биргаликда, жорий йил мавсумида:
1а-иловага* мувофиқ маҳсулотлар ҳажмлари — аҳоли эҳтиёжлари учун ички истеъмол бозорига график асосида савдога чиқариш;
1б-иловага* мувофиқ маҳсулотлар ҳажмлари — йирик корхоналар ва ташкилотларнинг ўз ишчи ходимлари эҳтиёжларини қондириш;
1в-иловага* мувофиқ маҳсулотлар ҳажмлари — соғлиқни сақлаш муассасаларининг эҳтиёжларига етказиб бериш;
1г-иловага* мувофиқ маҳсулотлар ҳажмлари — халқ таълими муассасалари эҳтиёжларини қоплаш;
1д-иловага* мувофиқ маҳсулотлар ҳажмлари — меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасалари эҳтиёжларини таъминлаш мақсадлари учун захира омборларига жамғариладиган маҳсулотлар ҳажмларига аниқлик киритсин.
3. 2013-2014 йил қиш-баҳор ойларида туман ички истеъмол бозорини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли тўлдириш ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш, шунингдек захира тадбирларини тизимли ва самарали ташкиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Туман ишчи гуруҳи таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Туман ҳокимлигида масалага алоқадор ташкилот раҳбарлари иштирокида жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб — 1 декабрига қадар ҳар ҳафта душанба куни соат 18-00 дан — 20-00 гача «захира тадбирларини муҳокама қилиш соати»ни ўтказиб бориш тартиби жорий этилсин.
4. Туман ишчи гуруҳи ҳамда 3-иловага* мувофиқ вилоятдан бириктирилган масъулларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин:
Жорий йилнинг 10 сентябрига қадар, 2013-2014 йил қиш ва баҳор мавсуми учун жамғарилиши режалаштирилган маҳсулотлар турлари ва ҳажмларини тайёрлов ташкилотлари ҳамда ижтимоий соҳалар муассасаларигача етказилишини таъминлаш;
Бир ҳафта муддатда, захирага жамғариладиган маҳсулотлар ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда, уларни қиш-баҳор ойларида сифатли сақланишини таъминлаш мақсадида, маҳсулотлар жойлаштириладиган омборлар ва совуткичли сиғимларни манзилли рўйхатини (дислокациясини) аниқлаб, уларни жорий йилнинг 15 сентябрига қадар мавсумга тайёр ҳолга келтириш ишларини ташкил қилиш ва назорат қилиш;
жорий йилнинг 10 сентябрига қадар, захира тадбирларига жалб қилинган тайёрловчи савдо ташкилотлари, йирик корхоналар ва ташкилотлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва ижтимоий муҳофаза муассасаларининг манзилли рўйхатини тузиб, уларга захира ҳажмларини белгилаб бериш ҳамда маҳсулот сақлашга ихтисослашган омборлар ва совуткичли сиғимларга бириктириб берилишини назорат қилиш;
жорий йилнинг 15 сентябрига қадар, захира тадбирларига жалб қилинган тайёрловчи савдо ташкилотлари, йирик корхоналар ва ташкилотлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва ижтимоий муҳофаза муассасалари билан маҳсулот етиштирувчи деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа эгалари билан шартномалар тузилишини ва бўнак маблағлари ажратилишини таъминлаш ва назорат қилиш;
жорий йилнинг 15 сентябрига қадар, тузилган шартномалар асосида, тайёрловчи савдо ташкилотларининг молиявий имкониятларини таҳлил қилиб, уларни банк кредитлари ва нақд пул маблағларига бўлган талабини банклар кесимида аниқлаш, банкларга буюртмалар берилишини ташкил қилиш ва тижорат банклари раҳбарлари иштирокида масалани ҳал қилиш чораларини кўриш;
захира тадбирларига жалб қилинган соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва ижтимоий муҳофаза муассасаларига 2013 йилнинг декабрь ойи ва 2014 йилнинг январь — май ойларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш мақсадлари учун сарф-харажатлари сметасига киритилган маблағларни жойлардаги туман молия бўлими томонидан истисно тариқасида жорий йилнинг 20 сентябрига қадар ажратилишини таъминлаш чораларини кўриш;
жойлардаги ишчи-ходимлари кўп бўлган йирик корхоналар ва ташкилотлар томонидан қиш ва баҳор ойларида ўзларининг ишчи-ходимлари сонидан келиб чиққан ҳолда, асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира омборларига амалда қўйилишини назорат қилиш;
қайд этилган асосий вазифалар ҳамда жойларда 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ишларининг бориши, ички истеъмол бозорларида озиқ-овқат хавфсизлигини ҳамда нарх-наволарни барқарор сақланишини таъминланиши юзасидан махсус муҳокамалар ўтказиш ва амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят ҳокимлигига ахборот бериб бориш.
5. Туман ишчи гуруҳи:
2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун мақсадли йўналишлар бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ҳажмлари 4-иловага*, захирага жамғариш тадбирларига жалб қилинган омборлар ва музлаткичли сиғимларнинг манзилли рўйхати (дислокацияси) 5-илова*, захирага жамғариш тадбирларига жалб қилинган тайёрловчи корхоналарни маҳсулот сақловчи омборлар ва совуткичли сиғимларга бириктирилиши 6-илова*, захирага жамғариш тадбирларига жалб қилинган тайёрловчи корхоналарнинг молиявий аҳволи ва талаб этиладиган маблағлар тўғрисидаги маълумот 7-илова*, захирага жамғариш тадбирларига жалб қилинган соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва ижтимоий муҳофаза муассасаларининг молиявий аҳволи ва талаб этиладиган маблағлар тўғрисидаги маълумот 8-илова*, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш тадбирларига жалб қилинган йирик корхоналар ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумот 9-илова*, асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага қўйиш графиги 10-иловаларга* мувофиқ тайёрловчи корхоналар, ташкилотлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва ижтимоий муҳофаза муассасаларининг ишлаб чиққан таклифлари бўйича бажарилишини назоратга олсин.
6. Туман ҳудудидаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини раислари ҳамда фаоллари бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, аҳоли ўртасида 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилсин.
7. Маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинида тузилган ишчи гуруҳ масалага алоқадор тегишли ташкилотлар вакиллари билан биргаликда, аҳоли билан биргаликда, аҳоли томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун захирага жамғарилишини хатловдан (инвентаризация) ўтказиб борсин.
8. Молия бўлими (Ш. Айбашев), Тижорат банки бошқарувчиларига:
2013-2014 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш тадбирларига жалб қилинган ташкилот, корхона ва муассасаларига белгиланган тартибда кредит маблағлари ажратилиши тавсия этилсин.
9. Туман иқтисодиёт бўлими:
жорий йилнинг 15 сентябридан бошлаб 1 декабригача ҳар ҳафтада туман ҳудудларида 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш топшириғининг амалдаги ижроси бўйича 11*, 12-иловаларга* мувофиқ ҳамда жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб 2014 йилнинг июнь ойигача захирага жамғарилган маҳсулотларни деҳқон бозорига чиқарилиши юзасидан 13-иловага* мувофиқ таҳлил маълумотларини ҳар 10 кунда туман ҳокимлиги ва вилоят Иқтисодиёт бошқармасига тақдим этиб борилишини таъминласин.
* 1 — 13-иловалар берилмайди.
10. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2012 йил 4 августдаги 1021-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш. Жўраевга юклатилсин.
Ҳоким Ў. АЗИМОВ
Зомин ш.,
2013 йил 6 сентябрь,
1341-сон