Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АЙРИМ ФАНЛАР ЧУҚУР ЎРГАНИЛАДИГАН ДАВЛАТ УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН СИНФЛАРИ, ДАВЛАТ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Умумтаълим мактабларидаги иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш ҳамда давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 8-сон, 43-модда) билан тасдиқланган Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфлари, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари тўғрисидаги Низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 9 сентябрь,
254-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 9 сентябрдаги 254-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфлари, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари тўғрисидаги Низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Қуйидаги мазмундаги 71-банд қўшилсин:
«71. Ихтисослаштирилган синфлар ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш ва тегишли фанлардан оғзаки ва ёзма синовлар ўтказиш ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш Комиссияси тузилади (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади).
Комиссия таркиби 5 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилиб, унинг таркибига ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси (ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим мактаб) директори, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими вакили ҳамда умумтаълим муассасаси ўқитувчилари киритилади.
Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси (ихтисослаштирилган синфи мавжуд умумтаълим мактаб) директори Комиссия раиси ҳисобланади».
2. 8-банднинг иккинчи—бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Қуйидагилар:
ўқув йили тамом бўлгандан кейин 1-синф ўқувчиларини Комиссия томонидан тегишли фанлар бўйича оғзаки ва ёзма синовдан ўтказиш;
1-синфни тамомлаган ўқувчиларнинг қобилиятларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органларининг вакиллари иштирокида Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан ўтказиладиган психологик-педагогик диагностика натижалари ихтисослаштирилган синф ташкил этиш мезонлари ҳисобланади.
Тегишли фанлар бўйича ўтказиладиган оғзаки ва ёзма синовлар ҳамда психологик-педагогик диагностика материаллари ва методикаси бошланғич таълим соҳасидаги етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан шакллантирилади».
3. 10-банди тўртинчи хатбошидаги «Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирокида Халқ таълими вазирлиги» сўзлари «Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органларининг вакиллари иштирокида Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. 13-банднинг учинчи хатбошидаги «8» рақами «10» рақами билан алмаштирилсин.
5. 14-бандидаги «тест синови ва» сўзлари «тегишли фанлар бўйича ўтказилган оғзаки ва ёзма синовлар (ёки тест синови) ҳамда психологик-педагогик» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. 19-бандидаги «қайта ихтисослаштирилади» сўзлари «айлантирилади» сўзи билан алмаштирилсин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 37-сон, 379-модда)