Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КЕНГ КЎЛАМЛИ «ТОЗА СУВ САНИТАРИЯ ВА АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ» ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Оролбўй аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш дастурини рўёбга чиқариш, аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро Тикланиш ва Тараққиёт банки (ХТТБ) ўртасида 1997 йил 29 августдаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қувайтнинг араб иқтисодий ривожлантириш жамғармаси ўртасида 1997 йил 27 июндаги қарз битимларини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
ХТТБ томонидан 20 йилга, шу жумладан беш йил имтиёзли муддатга 75 млн АҚШ доллари миқдорида кредит берилганлиги, кредитнинг кенг кўламли «Тоза сув санитария ва аҳоли саломатлиги» лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилиши;
Қувайтнинг араб иқтисодий ривожлантириш жамғармаси томонидан 20 йилга, шу жумладан беш йил имтиёзли муддатга 6 млн Қувайт динори миқдорида кредит берилганлиги, кредитнинг Оролбўйи аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш кенг кўламли лойиҳаси доирасида Нукус ва Урганч шаҳарлари сув таъминотини яхшилаш компонентларини амалга оширишга йўналтирилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
ХТТБ билан Қарз битими доирасидаги кенг кўламли «Тоза сув санитария ва аҳоли саломатлиги» лойиҳасини маблағ билан таъминлаш схемаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
Қувайтнинг араб иқтисодий ривожлантириш жамғармаси билан Қарз битими доирасидаги Нукус ва Урганч шаҳарлари сув таъминотини яхшилаш бўйича кенг кўламли лойиҳа компонентларини маблағ билан таъминлаш схемаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Молия вазирлиги республика бюджетини шакллантиришда, сув билан таъминлаш, фойдаланиш ташкилотларининг ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағларини ҳисобга олган ҳолда олинган кредитларни, улар бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақини 3 ва 4-иловаларга* мувофиқ тўлашга бюджет маблағлари ажратишни назарда тутсин.
* 3 ва 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан биргаликда қарз маблағларини бериш, улардан фойдаланиш ва уларни қайтариш тартибини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 13 февралдаги 74-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 3-4-сон, 13-модда)
қарз битимларида келишиб олинган муддатларда маҳаллий сув таъминоти ташкилотларининг фаолияти мустақил аудиторлик текширувидан ўтказилишини;
сув таъминоти ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги зарур ҳисобот маълумотларининг, кейинчалик уларни ХТТБга ва Қувайтнинг араб иқтисодий ривожлантириш жамғармасига юбориш учун Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига, белгиланган шакл бўйича ўз вақтида тақдим этилишини;
сув таъминоти соҳасида тегишли тариф сиёсати амалга оширилишини таъминласинлар.
6. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, Ўзбекистон Республикаси билан ХТТБ («Тоза сув санитария ва аҳоли саломатлиги») ўртасидаги қарз битимига, Ўзбекистон Республикаси билан Қувайтнинг араб иқтисодий ривожлантириш жамғармаси ўртасидаги Нукус ва Урганч шаҳарлари сув таъминотини такомиллаштириш бўйича Қарз битимига мувофиқ ХТТБ ҳамда Қувайтнинг араб иқтисодий ривожлантириш жамғармаси қарз маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажариладиган ва кўрсатиладиган ҳамда ҳақ тўланадиган ишлар ва хизматлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган солиқлар ва йиғимлар тўловидан озод этилиши маълумот учун қабул қилинсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И. Х. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 15 октябрь,
444-сон