Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НОГИРОНЛАРНИ СОҒЛОМЛАШТИРИШ ВА ПРОТЕЗЛАШ МИЛЛИЙ МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий-ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш самарадорлигини ошириш, уларнинг жамиятга интеграциялашувини кенгайтириш, эҳтиёжманд ногиронларни сифатли протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш ва тиббий-меҳнат экспертизаси хизмати самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш миллий марказини ҳамда Таянч-ҳаракат қилиш тизими бузилган ногиронларни соғломлаштириш республика марказини бирлаштириш йўли билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тиббий, ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш, ногиронларни протезлаш ва уларнинг меҳнатга лаёқатлилигини тиббий-меҳнат экспертизасидан ўтказиш тадбирлари комплексини амалга ошириш;
ногиронлик, тиббий-ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш ҳамда ногиронларни протезлаш ва уларнинг меҳнатга лаёқатлилигини тиббий-меҳнат экспертизасидан ўтказиш муаммолари бўйича чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш;
ногирон қиладиган асосий касалликларга чалинган ногиронларни соғломлаштириш индивидуал дастурларини ишлаб чиқиш;
минтақавий марказлар ва тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Марказнинг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирига Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Марказ тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилаб қўйилсинки, Марказ Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш миллий маркази ҳамда Таянч-ҳаракат қилиш тизими бузилган ногиронларни соғломлаштириш республика марказининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Марказ фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда республика бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бир ой муддатда:
Марказ тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш миллий маркази ҳамда Таянч-ҳаракат қилиш тизими бузилган ногиронларни соғломлаштириш республика марказининг асосий фондлари, товар-моддий захиралари ва бошқа бойликлари Марказ балансига берилиши-қабул қилиб олинишини таъминласин;
Марказнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар ва идораларни жалб қилган ҳолда қайта ташкил этилаётган марказлар ходимларини аттестациядан ўтказсин ҳамда Марказнинг юқори малакали ва тажрибали мутахассислар билан бутланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 17 май,
89-сон
Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий марказининг тузилмаси
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2001 йил 13 февралдаги 75-сон қарорига 1-иловада (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 2-сон, 11-модда) «Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш миллий маркази ҳамда Таянч-ҳаракат қилиш тизими бузилган ногиронларни соғломлаштириш республика маркази» сўзлари «Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий маркази» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2001 йил 6 апрелдаги 162-сон қарорига 1-илованинг 14-бандида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 4-сон, 21-модда):
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий маркази»;
олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
еттинчи—ўн иккинчи хатбоши тегишли равишда олтинчи—ўн биринчи хатбоши деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.