Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 12 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3430-2]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2025 йил 24 ноябрдаги 738-сон «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги ҳамда Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 29 апрелдаги 10-сон буйруғи (рўйхат рақами 3430, 2023 йил 4 май) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2023 й., 10/23/3430/0253-сон) билан тасдиқланган Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ушбу буйруққа илованинг 1-банди бешинчи хатбошиси 2027 йил 13 январдан кучга киради.
Вазир Э. АДИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 октябрь,
30-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
2026 йил 15 октябрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 7 октябрь
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
2026 йил 6 октябрь
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 22 октябрдаги 30-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
«3. Дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш жараёнида амалга оширилади.
Бунда, ариза берувчи томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва уларни кўриб чиқиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 738-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.
4. Ваколатли орган томонидан қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган дори воситалари рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 26 июндаги 337-сон «Ўзбекистон Республикасида прекурсорларнинг муомаласи билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш ва узлуксиз назоратни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган республикада муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатига кирмайдиган дори воситалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 июлдаги 359-сон «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатларига кирмайдиган дори воситалари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон қарори билан тасдиқланган Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатида мавжуд бўлган моддаларни таркибида сақламаган дори воситалари;
руҳий ва жисмоний қарамликни келтириб чиқармайдиган дори воситалари;
тиббий ходимнинг доимий кузатувисиз қўлланилганда инсон организмига бевосита ёки билвосита хавф туғдирмайдиган, шунингдек репродуктив токсиклик, генотоксиклик ва канцерогенлик хусусиятларига эга бўлмаган дори воситалари;
узоқ муддат қўлланилганида кумулятив хусусиятларга эга бўлмаган дори воситалари
таркибида фармакологик таъсир ёки ножўя реакциялар сабабли қўшимча тадқиқотлар ўтказишни талаб қиладиган фаол моддаларни сақламайдиган дори воситалари;
дори шакли, қўллаш усуллари, бир марталик ва суткалик дозаси, концентрасияси, қадоқ ҳажми ва қўллаш давомийлиги тиббий назоратсиз хавфсиз фойдаланиш имконини берадиган, парентерал ёки даволаш-профилактика муассасаларида қўллашга мўлжалланмаган дори воситалари;
истеъмолчи томонидан белгилари осон аниқланадиган енгил касалликлар ёки симптомларни қисқа муддат давомида мустақил даволаш учун қўллаш мумкин бўлган дори воситалари;
нотўғри қўллаш, дозани ошириш, узоқ қабул қилиш ёки тиббий кўрсатмадан ташқари ишлатиш эҳтимоли паст ва бундай қўллаш жиддий хавф туғдирмайдиган дори воситалари;
тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномада мустақил ва хавфсиз қўллаш учун зарур маълумотлар аниқ, тўлиқ ва истеъмолчи учун тушунарли кўрсатилган дори воситалари;
фармакологик назорат ва постмаркетинг назорати натижаларига кўра дори воситасини тиббий назоратсиз қўллашда жиддий хавф туғдирадиган ножўя реакциялар, суиистеъмол қилиш ҳолатлари ёки фойда-хавф нисбатининг салбий ўзгариши аниқланмаган дори воситалари;
дори воситасининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатига киритилган тартибга солувчи органлар (WHO Listed Authorities) ёки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Глобал таққослаш воситаси (Global Benchmarking Tool) бўйича 4-даражали даражали етукликка эга бўлган тартибга солувчи органлар томонидан рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.».
2. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Ҳар бири алоҳида рецептсиз бериладиган дори воситаси бўлган иккита ва ундан ортиқ таъсир этувчи моддалар мажмуасидан таркиб топган дори воситалари мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган мезонларга ҳамда қуйидаги шартларга мувофиқ бўлганда рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритилиши мумкин:
агар ҳар бир фаол модда дори воситасининг кўрсатилган терапевтик таъсирига ўз ҳиссасини қўшса;
фаол моддалар комбинациясининг фойда-хавф нисбати ижобий бўлса;
дори воситаси қўлланилиши мўлжалланган беморлар гуруҳи учун фаол моддаларни биргаликда қўллаш тегишли клиник ва илмий маълумотлар билан асосланган бўлса;
дори воситасининг ўзаро таъсири, дозани ошириб юбориш, нотўғри қўллаш ва суиистеъмол қилиш хавфлари пастлиги клиник жиҳатдан исботланган бўлса.».
3. 10-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Ариза берувчининг дори воситаларини рецепт билан бериладиган тоифадан рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига ўзгартириш бўйича мурожаати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 738-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади.».
4. 12-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган мезонларга, иккита ва ундан ортиқ таъсир этувчи моддалар мажмуасидан таркиб топган дори воситалари бўйича эса қўшимча равишда мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган шартларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, дори воситасини рецепт билан бериладиган тоифадан рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига ўтказиш рад этилади.».
5. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Дори воситасини рецепт билан бериладиган тоифадан рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига ўтказиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганда ёки дори воситасининг хавфсизлиги ва самарадорлигига оид янги маълумотлар мавжуд бўлганда, ариза берувчи такроран мурожаат қилишга ҳақли.
Дори воситасининг хавфсизлиги ёки самарадорлигига оид янги маълумотлар аниқланганда, фармаконазорат ва постмаркетинг назорати натижаларига кўра ёхуд қонунчиликдаги ўзгаришлар муносабати билан ваколатли орган ўз ташаббусига кўра дори воситасининг рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган тоифасини мазкур Низом ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунига асосан қайта кўриб чиқиши мумкин.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.11.2026 й., 10/26/3430-2/1125-сон)