Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида яратилган «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта» ва «Электрон рецепт» модулларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 19 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3758]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида яратилган «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта» ва «Электрон рецепт» модулларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Савдо саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Вазир А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 декабрь,
19-сон
Келишилди:
Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари О. УМАРОВ
2025 йил 17 декабрь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 10 декабрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 9 декабрь
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 24 декабрдаги 19-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида яратилган «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта» ва «Электрон рецепт» модулларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Ушбу Йўриқнома барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида яратилган «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта» ва «Электрон рецепт» модулларидан (бундан буён матнда модуллар деб юритилади) фойдаланиш ҳамда ушбу модулларга тегишли маълумотларни узатиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
авторизация — маълум шахсга ёки шахслар гуруҳига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш;
идентификация — фойдаланувчиларнинг шахсини аниқлаш мақсадида уларга идентификатор (ноёб номлар) тайинлаш ёки тайинланган идентификаторларни (ноёб номлар) идентификаторлар рўйхати билан солиштириш;
«Электрон поликлиника» модули — амбулатор шароитда кўрсатиладиган барча тиббий хизматлар билан боғлиқ жараёнларни (ҳаракатлар) жамлаш, маълумот алмашиш, тегишли ҳисоботларни шакллантириш каби функцияларни амалга оширувчи ахборот дастури;
«Электрон шифохона» модули — стационар шароитда кўрсатиладиган барча тиббий хизматлар билан боғлиқ жараёнларни (ҳаракатлар) жамлаш, маълумот алмашиш, тегишли ҳисоботларни шакллантириш каби функцияларни амалга оширувчи ахборот дастури;
«Электрон рецепт» модули — электрон рецепт билан боғлиқ барча жараёнларни (ҳаракатлар) жамлаш, маълумот алмашиш, тегишли ҳисоботларни шакллантириш каби функцияларни амалга оширувчи ахборот дастури;
«Электрон тиббий карта» модули — амбулатор ва стационар шароитда бемор саломатлигига оид маълумотлар шакллантириладиган, ташхислар, ташрифлар, муолажалар, таҳлиллар, касаллик тарихи ва тиббиёт ходими томонидан киритилган маълумотларни рақамли форматда жамлаб турадиган ахборот дастури.
2. Тиббиёт ташкилотлари ёки дорихоналар томонидан модулларни ўрнатиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома тақдим этилади. Сўровномада модулга кириш ҳуқуқи берилган шахсларнинг қуйидаги маълумотлари кўрсатилиши лозим:
фамилияси, исми ва отасининг исми;
лавозими ва улар фаолият юритувчи бўлинманинг номи;
паспорт (ID-карта) серияси ва рақами;
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
электрон почта манзили.
3. Тиббиёт ташкилотлари ёки дорихоналарда модулларни ўрнатиш сўровнома тақдим этилган кундан бошлаб 15 иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — «UZINFOCOM» томонидан бепул амалга оширилади.
4. Модулларда шахсга доир маълумотларни қайд этиш, узатиш (алмашиш) ва сақлаш Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги, «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилади.
5. Тиббиёт ташкилоти ёки дорихоналар модулларда маълумотларнинг тўлиқ ва аниқ киритиб борилиши ҳамда янгиланиши учун масъул ҳисобланади.
2-боб. Модуллардан фойдаланиш ва улардаги маълумотларни узатишга қўйиладиган талаблар
6. Тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналардаги модулларга кириш ҳуқуқи фақат шифокор, дорихонанинг фармацевт маълумотига эга ходими, ҳамшира, рўйхатга олувчи ходимларга (бундан буён матнда фойдаланувчилар деб юритилади) берилади.
7. Фойдаланувчилар Ягона идентификация тизими (OneID) орқали модулларда авторизация ва идентификациядан ўтади ҳамда уларга шахсий кабинет очилади.
8. Шахсий кабинетда қуйидаги маълумотлар сақланиши шарт:
фойдаланувчининг идентификатори (ID-рақами);
шахсий кабинетнинг яратилган санаси ва вақти;
фойдаланувчининг лавозими ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари.
9. Фойдаланувчилар шахсий кабинетга Ягона идентификация тизими (OneID) ёки электрон рақамли имзо орқали кириш ҳуқуқига эга бўлади, бунда дастурга ўзига тегишли бўлмаган Ягона идентификация тизими (OneID) ёки электрон рақамли имзо орқали кириш тақиқланади.
10. Тиббиёт ташкилоти ёки дорихоналар фойдаланувчилар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки бошқа лавозимга ўтказилган вақтдан бошлаб уч иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини ёзма хабардор қилиши керак.
Бунда, уч иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фойдаланувчиларнинг модулларга кириш ҳуқуқлари янгиланади ёки уларнинг шахсий кабинети блокланади ҳамда архивга кўчирилади ва камида бир йил давомида сақланади.
11. Фойдаланувчи томонидан қуйидаги маълумотлар «Электрон тиббий карта» модулига реал вақт режимида киритилади ва бир вақтнинг ўзида ушбу маълумотлар тегишли равишда қолган модулларга автоматик равишда узатилади:
беморнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси;
беморнинг ташхис ва тиббий кўрсаткичлари;
лаборатор ва инструментал таҳлил натижалари;
дори воситалари бўйича электрон рецептлар;
амбулатор ва (ёки) стационар даволаниш ёзувлари.
12. «Электрон рецепт модули»га маълумотларни узатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
13. Модулларда фойдаланувчилар томонидан қуйидаги асосий вазифалар амалга оширилади:
бемор ҳақидаги маълумотларни модулга киритиш (рўйхатдан ўтказиш);
ташхис ва тиббий кўрсаткичларни киритиш ва мавжуд маълумотларни янгилаш;
лаборатор ва инструментал таҳлил натижаларини шакллантириш;
дори воситалари бўйича электрон рецептларни шакллантириш;
амбулатор ва стационар даволаниш ёзувларини электрон юритиш;
даволаниш жараёнларини электрон юритиш;
электрон тиббий хизматлар тўғрисидаги маълумотлар узатиш;
бошқа модуллар билан ахборот ва маълумотлар алмашиш.
14. «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — «UZINFOCOM»:
фойдаланувчиларни ҳар йили камида бир маротаба хатловдан (инвентаризациядан) ўтказади ва модулларга кириш ҳуқуқларини қайта кўриб чиқади;
модулларнинг ишлаши ва синовдан ўтказилиши даврида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлайди ҳамда берилган модулларда ишлаш тўғрилигини назорат қилади.
15. Беморлар модулларга киритилган ўзлари ҳақидаги маълумотлар, электрон тиббий картаси, касаллик тарихи ёки унга тайинланган электрон рецептларни «DMED» мобил иловаси орқали кўришлари ва юклаб олишлари мумкин.
16. Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
модуллардаги беморнинг маълумотларига кириш;
модулларга бемор ҳақидаги маълумотларни киритиш ва мавжуд маълумотларни янгилаш;
зарур ҳолларда электрон шаклда бошқа маълумотларни узатиш.
17. Фойдаланувчилар:
модуллардаги шахсга доир маълумотларни махфий сақлаши;
модулларга кириш ҳуқуқини (шу жумладан, модулларга кириш учун Ягона идентификация тизими (OneID) логин ва пароли ёки электрон рақамли имзо кодларини) бошқа шахсларга бермаслиги;
ҳар бир тиббий ёзувни реал вақтда киритиши;
нотўғри ёки сохта маълумот киритиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим.
3-боб. Якуний қоида
18. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2026 й., 10/26/3758/0059-сон)