Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ёқилғи-энергетика тармоғида назорат механизмларини такомиллаштириш ва электр энергиясини етказиб беришдаги йўқотишларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика тармоғида назорат механизмларини такомиллаштириш ва электр энергиясидан фойдаланишдаги йўқотишларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 10 июндаги ПФ-110-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
электр энергияси ва табиий газ таъминоти корхоналари томонидан электр энергияси ҳамда табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузишда жавобгарликни кучайтириш;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш.
2. Ушбу қарорга илованинг 3-банди қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Д.А. Исақулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 июнь,
355-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 355-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарорида:
а) 1-илова қуйидаги мазмундаги 1331-банд билан тўлдирилсин:
«1331. Қуйидаги ҳолатлар электр таъминоти корхонаси томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари деб ҳисобланади:
ускуналарни, электр узатиш тармоқларини, ҳисоблагичларни узлуксиз эксплуатация қилишини таъминламаслик, ўз вақтида уларга хизмат кўрсатмаслик ва ускуналарни таъмирламаслик, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этмаслик;
ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергияси сифат кўрсаткичларини давлат стандартларида белгиланган даражада сақлаб турмаслик;
электр таъминоти корхонаси томонидан белгиланган электр энергиясини истеъмол қилиш режимига риоя этмаслик;
электр тармоғи хўжалиги объектларининг режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида камида 3 кун олдин огоҳлантирмаслик;
жорий этиладиган чеклашлар ҳақида чеклашнинг ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда ўз вақтида истеъмолчиларга хабар қилмаслик;
ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергиясининг технологик сарфларини қисқартириш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқмаслик ёки ишлаб чиқилган ташкилий-техник тадбирларни амалга оширмаслик;
электр энергиясининг электр тармоқларининг мансублик чегарасида ҳисобга олинмаган истеъмолини аниқламаслик;
истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини белгиланган тартибда ҳисобга олиб бормаслик;
тегишли ҳужжатларсиз (техник шарт, лойиҳа ҳужжатлари, лойиҳа ҳужжатларини келишиш ва шартнома) ва (ёки) рухсатномаларсиз истеъмолчини электр тармоғига улаш ёки уланишга рухсат бериш;
ЭҲНАТга мос келадиган ҳисоблагичлар бўлмаганда, истеъмолчилар ва субистеъмолчиларни электр тармоқларига улаш;
истеъмолчига мансуб бўлган тармоқлардаги технологик сарфлар ҳамда қувват коэффициентининг (cos φ) иқтисодий қиймати ҳисоб-китоб қилинмаслиги;
ҳисоблаш тизимига таъсир қилмаган ҳолда, иккиламчи ток занжирида кириш ва чиқиш симлари ўзаро ўрнини алмаштириб улаш;
ҳисобга олинадиган электр энергияси миқдорини камайтириш мақсадида дастурга қўшимча коэффициентларни киритиш;
Электр қурилмаларининг тузилиши қоидалари талабларига риоя қилмаслик;
ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб ҳисоблагичларни ЭҲНАТга бир ойдан ортиқ алоқага чиқишини таъминламаслик;
истеъмолчиларга нотўғри ҳисоб-китоблар амалга оширилганлиги;
электр таъминоти корхонасининг масъул ходими айби билан қоида бузилишлар содир этилиши;
сертификатлаштирилмаган энергетика ускуналаридан, энергия таъминоти тармоқлари ва тизимларининг элементларидан фойдаланиш;
ЭҲНАТ тизимида ҳисоблагичлар ишлашида носозликлар юзасидан келиб тушган хабарлар асосида мазкур носозликларнинг бир ойлик муддатда жойига чиққан ҳолда бартараф этилишини таъминламаслик;
дебитор қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларга асоссиз равишда электр энергиясини етказиб бериш.
Ушбу бандда назарда тутилган қоида бузилишлари аниқланган тақдирда, электр таъминоти корхонаси тегишлилиги бўйича раҳбари ва (ёки) масъул ходимларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.»;
б) 2-илова қуйидаги мазмундаги 1291-банд билан тўлдирилсин:
«1291. Қуйидаги ҳолатлар таъминотчи корхона томонидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади:
тегишли ҳужжатларсиз ва рухсатномаларсиз истеъмолчини газ тармоғига улаш ёки уланишга рухсат бериш;
газ ҳисоблагичларга ташқи таъсир кўрсатишга истеъмолчига шароит яратиб бериш, яъни ҳисоблагич ва ўлчов узелларига белгиланган тартибда пломбалар ўрнатилмаганлиги (симларнинг таранг тортилмаганлиги, яъни симни узмаган ёки пломбаларни бузмаган ҳолда уларни ечиш орқали манифольд жўмраклари, калибрлаш болтлари, импульсли тармоқ жўмракларига таъсир кўрсатиш имконини берадиган ҳолатда ўрнатилганлиги);
табиий газ учун олдиндан тўловларни амалга оширмаган истеъмолчиларга асоссиз равишда табиий газ етказиб бериш;
ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлмаган газ ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланаётган истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш (бир ой аввал огоҳлантирилгандан сўнг);
истеъмолчилар томонидан хавфсизликни таъминлаш ҳамда ёқилғининг ёниш жараёнларини автоматик бошқариш жиҳозлари бўлмаган, стандарт талабларига ўрнатилган газ жиҳозларининг қуввати газ ҳисоблагич қувватидан юқори бўлишига қарамасдан газдан фойдаланишга рухсат бериш;
техник шарт, лойиҳа ва (ёки) шартномада назарда тутилмаган жиҳозлардан фойдаланишга йўл қўйиш;
куз-қиш мавсуми даврида табиий газ етказиб берилишига чеклов киритилган истеъмолчиларни газ тармоғидан пайвандлаш ва (ёки) тамғалаш йўли билан ҳамда масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапани орқали онлайн ажратмаган ҳолда уларга табиий газдан фойдаланишга имконият яратиб бериш;
дебитор қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларга асоссиз равишда табиий газ етказиб бериш;
ноқонуний фойдалангани учун ёки бошқа ҳолатларда вақтинчалик узиб қўйилган истеъмолчиларга асоссиз равишда газ етказиб беришни давом эттириш;
ушбу Қоидаларда кўрсатилган мажбуриятларни бажармаганлик.
Ушбу бандда назарда тутилган қоида бузилишлари аниқланган тақдирда, газ таъминоти корхонаси тегишлилиги бўйича раҳбари ва (ёки) масъул ходимларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 09/26/355/0710-сон)