Ҳужжат кучини йўқотган " " 13.09.1999
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 13 сентябрдаги 420-сонли «Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестиция дастурлари департаментини ташкил этиш тўғрисида» 1997 йил 27 декабрдаги 572-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, инвестиция жараёнини тартибга солишнинг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш ва уни амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш Тартиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция дастурлари департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 15 май,
215-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил
15 майдаги 215-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг таркибий қисми ҳисобланади ва давлат инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларини акс эттиради.
2. Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга эришиш ва зарур таркибий ўзгартиришларни, молиявий, моддий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминловчи инвестицияларни жалб этиш асосида унинг дунё иқтисодиётига интеграцияланишига Дастурнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Дастурнинг таркибий қисми ҳисобланади:
маблағ билан таъминлаш манбалари бўйича капитал қўйилмалар прогнози;
инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастури;
устувор инвестиция таклифларининг йиғма рўйхати.
II. Дастурнинг мувозанатланганлигини таъминлаш
4. Дастур ўзида молиявий, моддий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишни таъминлашга мўлжалланган иқтисодий, ташкилий-техник чора-тадбирларнинг ўзаро боғланган комплексини ифодалайди. Бундай чора-тадбирларга:
Дастур асосий кўрсаткичларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозининг бошқа бўлимлари ва республика Давлат бюджети билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш;
Дастурнинг объектларни ишга тушириш бўйича кўрсаткичларини маблағ билан таъминлашнинг тасдиқланган манбалари, қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноати қувватлари билан мувозанатлаш;
янги корхоналарни иқтисодий ва экологик жиҳатдан асосланган ҳолда жойлаштириш ҳамда иқтисодий районлар ихтисослаштирилиши ва комплекс ривожлантирилиши, табиий бойликлардан, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмаларидан, меҳнат ресурсларидан янада самаралироқ фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда ишлаб турган корхоналарда қўшимча қувватлар ташкил этиш киради.
III. Дастурни шакллантириш тартиби ва муддатлари
5. Дастурни шакллантириш давлат мақсадли дастурлари, иқтисодиётнинг устувор йўналишларини ва алоҳида минтақаларни ривожлантириш бўйича директив қарорлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотлар, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таклифлари асосида амалга оширилади.
6. Дастурни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришга оид ишларни мувофиқлаштиришни Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция дастурлари департаменти амалга оширади.
7. Дастур мазкур Низом билан тасдиқланган инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш мезонлари асосида Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.
8. Дастурни ишлаб чиқиш учун Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги манфаатдор вазирликлар ҳамда идораларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, корхоналар ва ташкилотларга инвестиция таклифларини тайёрлашга оид методик кўрсатмаларни ва уларни тақдим этиш муддатларини етказади.
9. Ишлаб чиқилган Дастур Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
IV. Инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш мезонлари
10. Қуйидагилар Дастурга киритиш учун (экологик нормалар ва талабларга мувофиқ келиши учун мажбурий шартлар) инвестиция лойиҳаларини танлаб олишнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
а) ишлаб чиқариш мақсадидаги объектлар бўйича:
маҳаллий хом ашё ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш кўламини кенгайтириш, уларни рақобатбардош тайёр маҳсулот даражасигача етказиш;
экспорт потенциалини ривожлантиришга мўлжалланган рентабелли ва юқори технологияли ресурсларни тежовчи ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;
коммуникациялар, суғориш ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг замонавий тизимларини ривожлантириш;
истеъмол бозорини энг зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдириш;
б) ноишлаб чиқариш мақсадидаги объектлар бўйича:
аҳолининг ижтимоий инфратузилмалар хизматларига бўлган биринчи навбатдаги эҳтиёжларини қондириш;
ноишлаб чиқариш инфратузилмалари хизматлари сифатини ошириш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кўпайтириш.
Бунда Дастурга киритиш учун:
хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар;
қишлоқ жойларда ва ишчи кучи ортиқча бўлган минтақаларда жойлаштириладиган лойиҳалар;
экспортга мўлжалланган ишлаб чиқаришлар лойиҳалари устуворлик ҳуқуқидан фойдаланадилар.
V. Капитал қўйилмалар прогнози
11. Капитал қўйилмалар асосий фондларни яратиш ва уларни кўпайтириш учун фойдаланиладиган маблағ билан таъминлашнинг барча манбалари ҳисобига шакллантирилади. Капитал қўйилмалар кўрсаткичлари Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жорий йилда ва прогнозлаштирилаётган йилларда суръат, қурилиши тугалланмаган ва ишга тушириладиган объектлар бўйича ишлар ҳажми ажратиб кўрсатилган ҳолда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш қурилишлари бўйича ишлаб чиқилади.
12. Капитал қўйилмалар қуйидагиларга бўлинади:
а) марказлаштирилган қўйилмалар, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
давлат бюджети ва давлат бюджетидан ташқари фондлар маблағлари;
Ҳукумат кафолати остида бериладиган чет эл инвестициялари ва кредитлари;
б) марказлаштирилмаган инвестициялар, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
корхоналар маблағлари, шу жумладан қўшма корхоналар, хорижий корхоналар ва хусусий корхоналарнинг маблағлари;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари маблағлари;
банкларнинг, шу жумладан, хорижий банкларнинг тижорат кредитлари;
жисмоний шахсларнинг, шу жумладан хорижий жисмоний шахсларнинг маблағлари.
13. Марказлаштирилган инвестициялар ҳажмлари қуйидагилар ҳисобига белгиланади:
Давлат бюджети ва давлат бюджетдан ташқари фондлар маблағларн — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантириш чоғида белгиланган тартибда ва йиғма бюджет таркибида тасдиқланади;
Ҳукумат кафолати остида жалб қилинадиган хорижий инвестициялар ва кредитлар — алоҳида устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ.
14. Марказлаштирилган инвестициялар, қоидага кўра, қуйидагиларга ажратилади:
республика иқтисодиётининг устувор йўналишлари бўйича инвестиция лойиҳаларини, давлат мақсадли дастурларини ва давлатлараро битимларни амалга оширишга;
номи кўрсатилган уй-жой облигациялари бўйича уй-жой қурилишига;
янги ерларни ўзлаштириш ва суғориладиган ерларни тиклаш, сув хўжалиги қурилиши ва кичик гидроэнергетикани ривожлантиришга;
аҳоли яшаш жойларининг, биринчи навбатда, якка тартибда қурилган уй-жой мавзеларининг муҳандислик инфратузилмасини ривожлантиришга;
маориф, соғлиқни сақлаш, маданият ва ижтимоий инфратузилманинг бошқа тармоқлари объектлари қурилишига;
давлат бошқарув органларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга;
давлат илмий муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга;
табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишга ва табиий офатлардан ҳимоя қилиш иншоотлари қурилишига.
VI. Инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастури
15. Инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастури (кейинги ўринларда Аниқ дастур деб аталади) ҳар йили ишлаб чиқилади ва асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар ва маблағ билан таъминлаш манбалари кўрсатилган устувор инвестиция лойиҳалари рўйхатини ифодалайди.
Йирик ва стратегик жиҳатдан муҳим бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун потенциал инвесторларни жалб этиш тендер асосида амалга оширилиши мумкин. Бундай лойиҳаларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
16. Инвестиция лойиҳаларининг Аниқ дастури дастур таркибида тасдиқланади ва унга йил давомида қўшимча инвестиция лойиҳалари киритилишига йўл қўйилмайди, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар бундан мустасно.
17. Буюртмачилар ёки уларнинг юқори органлари томонидан Аниқ дастурга инвестиция лойиҳаларини киритиш учун ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига қуйидагилар тақдим этилади:
одатда «Ўзинвестлойиҳа» компанияси тавсияномаларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асослаш;
зарур асбоб-ускуна, бутловчи материаллар, жиҳозлар ва конструкциялар етказиб бериш юзасидан контрактлар;
маблағ билан таъминлаш манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
18. Тасдиқланган Аниқ дастурга мувофиқ буюртмачилар томонидан Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан келишилган ҳолда маблағ билан таъминлашни бошлаш учун асос бўлиб ҳисобланадиган аниқ рўйхатлар тасдиқланади.
VII. Устувор инвестиция таклифларининг йиғма рўйхати
19. Устувор инвестиция таклифларининг йиғма рўйхати (кейинги ўринларда Йиғма рўйхат деб аталади) Молия вазирлиги, «Ўзинвестлойиҳа» компанияси ва Хорижий инвестициялар бўйича агентлик билан биргаликда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотларнинг таклифларидан келиб чиқиб, мазкур Низомнинг IV бўлимида кўрсатиб ўтилган инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш мезонлари асосида, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан тузилади.
20. Йиғма рўйхат хорижий инвесторларни жалб қилиш учун аниқ устувор йўналишларнинг қисқача баёни ҳисобланади, у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, тегишли воситалар, халқаро ахборотномалар, Молия институтлари, INTERNET тармоғи орқали потенциал хорижий инвесторларга етказилади.
Йиғма рўйхатга киритилган инвестиция таклифлари:
кейинчалик Аниқ дастурга киритиш учун улар инвестиция лойиҳаси жараёнига келгунга қадар шакллантиришнинг барча босқичларида доимий мониторинг амалга оширилиши ва инжиниринг жиҳатидан комплекс кузатиб борилиши керак;
давлат кафолати остидаги хорижий кредит линияларидан фойдаланишнинг устувор ҳуқуқидан фойдаланади.
21. Йиғма рўйхатга киритилган инвестиция таклифининг ташаббускори уни амалга оширишда қатнашишдан манфаатдор бўлган хорижий шериклар (потенциал инвесторлар) билан олдиндан келишув якунлари бўйича «Ўзинвестлойиҳа» компанияси ёки бошқа инжиниринг ташкилоти билан биргаликда экспертиза қилинадиган ва белгиланган тартибда тасдиқланадиган, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқади.
VIII. Дастурни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
22. Инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари маблағ билан таъминлашда кўмаклашиш, солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар бериш, давлат мониторингини ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.
23. Маблағ билан таъминлашда кўмаклашиш қайтариб бериш ёки қайтариб бермаслик асосида энг муҳим ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан, хорижий кредитлар бўйича мажбурий аванс тўловлари ва бошқа тўловларни тўлаш учун бюджет маблағлари, шунингдек, хорижий кредитлар учун Ҳукумат кафолатлари бериш йўли билан амалга оширилади.
Амалга оширилиши учун давлат томонидан марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига қўллаб-қувватлаш зарур бўлган устувор инвестиция лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция дастурлари департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тайёрланган таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
Кўрсатиб ўтилган мақсадлар учун маблағлар миқдори ҳар йили марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмида белгиланган тартибда назарда тутилади.
24. Солиқ имтиёзларига ва бошқа имтиёзларга солиқлардан вақтинча озод қилиш, солиқ солишнинг имтиёзли тартибини ва жадаллаштирилган амортизация, божхона имтиёзлари бериш ва бошқалар киради. Ҳар бир лойиҳа ёки умуман дастур бўйича имтиёзлар рўйхати амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
25. Давлат мониторингги Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан давлат назоратининг асосий механизми ҳисобланади.
IX. Дастурнинг амалга оширилишини назорат қилиш
26. Қуйидагилар Дастурга киритилган инвестиция лойиҳалари мониторингининг асосий вазифалари ҳисобланади:
инвестиция лойиҳаларининг ва, биринчи навбатда, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига рўёбга чиқарилаётган инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши устидан назоратни таъминлаш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, инвестиция жараёни бошқа қатнашчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, Дастурда назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларнинг ўз вақтида ҳал қилиниши учун уларнинг жавобгарлигини ошириш;
хорижий шериклар олдида қабул қилинган мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
лойиҳаларни амалга оширишда пайдо бўладиган муаммоли масалаларни кузатиб бориш ва уларнинг тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлаш;
инвестиция иқлимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
27. Давлат мониторингги лойиҳалари Дастурга киритилган манфаатдор вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган ахборотлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция дастури департаменти томонидан ташкил этилади.
28. Ахборот бериш тартиби, муддатлари, шунингдек Давлат мониторинггини амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил
15 майдаги 215-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш
ТАРТИБИ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Тартиб (бундан кейин Тартиб деб аталади) Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш ва кредитлашни тартибга солади.
2. Тасдиқланган давлат инвестиция дастурига мувофиқ маблағ билан таъминланадиган ва кредитланадиган лойиҳалар аниқ рўйхати (бундан кейин Аниқ рўйхат деб аталади) шакллантирилади.
II. Марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига маблағ билан таъминланадиган аниқ рўйхатларни шакллантириш
3. Марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобидан маблағ билан таъминланадиган Аниқ рўйхатлар қуйидаги тартибда шакллантирилади:
а) Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги инвестиция дастурида белгиланган марказлаштирилган капитал қўйилмаларнинг дастлабки ҳажмларини буюртмачилар (инвесторлар, инвесторлар томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга вакил қилинган бошқа жисмоний ва юридик шахслар) бўйича аниқлайди ва уларни объектлар бўйича тақсимлаш учун уларга хабар беради, (қурилиши бошланган инвестиция лойиҳаларини биринчи навбатда Аниқ рўйхатга киритишни ҳисобга олган ҳолда);
б) буюртмачи белгиланган тартибда ва муддатларда Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар тақдим этади.
Кўрсатиб ўтилган таклифларни асослаш учун қурилишнинг бутун даврига тегишли кўрсаткичлари билан ва жорий йил лимитлари доирасида кредиторлик қарзларини тўлаш ҳажмлари албатта ажратиб кўрсатилган ҳолда қурилишлар ва объектлар рўйхати тақдим этилади.
Кўрсатиб ўтилган рўйхатга янгидан бошланаётган қурилишларни ва объектларни киритишга, бошланган қурилишлар ва объектлар, шу жумладан уларда худди шундай қувватлар яратилаётган қурилишлар ва объектлар, капитал қўйилмаларнинг зарур ҳажмлари билан таъминлангандагина йўл қўйилади.
Марказлаштирилган капитал қўйилмалар ажратилаётган буюртмачи улардан аниқ мақсад ва самарали фойдаланилиши учун жавоб беради.
в) Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги Молия вазирлиги иштирокида буюртмачилар томонидан тақдим этилган янгидан бошланадиган қурилишлар ва объектлар бўйича таклифларни қўриб чиқади ва уларни Аниқ рўйхатга киритишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилади. Аниқ рўйхатга киритиш учун қурилишлар ва объектларни танлаб олиш асосан танлов асосида амалга оширилади;
г) янгидан бошланаётган қурилишлар ва объектлар Аниқ рўйхатга киритилган пайтдан бошлаб буюртмачилар ушбу объектлар қурилиши бўйича пудратчиларни белгилайдилар ва пудрат савдолари (тендерлар) ўтказишни ташкил этадилар;
д) Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ва Молия вазирлиги буюртмачилар томонидан тузилган контрактлар (пудрат шартномалари) асосида Аниқ рўйхатга киритилган янгидан бошланаётган ҳар бир қурилиш ва объект бўйича қурилишнинг барча даврига йиллар бўйича тақсимланган капитал кўйилмаларнинг ҳажмини, маблағ билан таъминлаш миқдорлари ва манбаларини аниқлайдилар.
Зарур ҳолларда қурилиши тугалланмаган қурилишлар бўйича уларни қуриш ҳамда объектлар ва ишга тушириш комплексларининг тайёрлик даражасини ҳисобга олган ҳолда капитал қўйилмалар ҳажмларига аниқликлар киритилади.
4. Қурилиш материаллари ва конструкциялар, бутловчи буюмлар харид қилиш ва пудрат ишларини бажариш учун эркин муомаладаги валюта харажатлари билан амалга ошириладиган Аниқ рўйхатлар Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси билан келишиб олиниши керак.
III. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш
5. Буюртмачиларга давлат бюджети маблағлари ажратиш тасдиқланган Аниқ рўйхатга мувофиқ бир йилга белгиланган лимитлар доирасида амалга оширилади.
6. Буюртмачилар давлат бюджети маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминлаш лимитларини қурувчи корхоналарга етказадилар ва бир йилга белгиланган лимитлар доирасида амалда бажарилган ишлар учун ажратилган маблағларни уларга ҳар ойда ўтказадилар.
Сметаларда назарда тутилган асбоб-ускуналарни сотиб олиш юзасидан контрактлар (шартномалар) бўйича ҳақ тўлаш, шунингдек, буюртмачининг материалларини импорт операциялари бўйича етказиб бериш улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан кейин импорт қилувчи корхонага хизмат кўрсатувчи банкнинг муқобил кафолати мавжуд бўлган ҳолда контракт қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс тўловини ўтказиш шартларида амалга оширилади.
Маблағ билан таъминлаш учун Молия вазирлиги маблағ билан таъминловчи банкларга белгиланган тартибда аниқланган ойлик эҳтиёж миқдорида харажат жадвалларини беради, кейинчалик бу харажатларни бюджетдан қоплайди.
Харажат жадвали асосида буюртмачилар маблағ билан таъминловчи банкларга бюджет маблағлари билан қопланган маблағ билан таъминлаш лимитларини етказадилар.
Давлат бюджети ҳисобидан марказлаштирилган капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлашни расмийлаштириш учун буюртмачилар маблағ билан таъминлаш операцияларини амалга оширувчи банкларга:
лойиҳанинг белгиланган тартибда тасдиқланган техник-иқтисодий асосланишини (лойиҳа ҳужжатларини);
Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан белгиланган тартибда келишилган янгидан бошланаётган қурилишларнинг йиллар бўйича бўлинган Аниқ рўйхатларини;
қурилишнинг барча даври учун бажарилган ишлар учун ҳисоб-китоб шакллари кўрсатилган контрактлар (пудрат шартномалари)ни;
қурилиш қийматининг йиғма смета-молиявий ҳисоб-китобларини;
лойиҳа ҳужжатлари бўйича «Давархитектқурилиш» қўмитасининг давлат идорадан ташқари экспертизаси ва давлат экология экспертизасининг белгиланган тартибда тайёрланган хулосаларини;
қурилиши тугалланмаган қурилишлар бўйича капитал қўйилмаларнинг ва қурилиш-монтаж ишларининг аниқланган ҳажмларини тақдим этадилар.
7. Буюртмачилар ҳар ойда Молия вазирлигига марказлаштирилган капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлашга йўналтириладиган ажратилган бюджет маблағларининг фойдаланилиши тўғрисида белгиланган ҳисобот шакли бўйича ахборот тақдим этадилар.
8. Буюртмачиларга марказлаштирилган капитал қўйилмаларнинг тасдиқланган лимитларида назарда тутилган қайтариб бериш асосидаги давлат бюджети маблағлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, қурилиши тугалланмаган объектлар, моддий бойликлар ва бошқа мол-мулкни гаровга қўйиш шартномаси асосида берилади.
Фоизлар миқдори ва уларни ҳисоблаб қўшиш муддатлари, шунингдек, қайтариш асосидаги бюджет маблағлари бўйича асосий қарз ва фоизларни қайтариш тартиби буюртмачи ва Молия вазирлиги ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади.
9. Ҳисоб-китоб операцияларини амалга ошириш ва капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлаш жараёнида банклар марказлаштирилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини, қурилиш муддатларига, ажратилган маблағларни қайтариш муддатларига риоя қилинишини ва улардан фойдаланганлик учун ҳақ тўланишини назорат қиладилар, бажарилган ишлар ҳажмини назорат тартибида ўлчайдилар. Назорат тижорат банклари томонидан маблағ билан таъминловчи томон билан тузилган шартнома асосида банкка воситачилик ҳақи тўланган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Қонун бузилишлар, қўшиб ёзишлар ёки ишлар ҳажмларини бошқача тарзда ошириш ҳоллари аниқланган тақдирда маблағлар белгиланган тартибда олиб қўйилади.
Тижорат банклари томонидан олинган давлат бюджети маблағлари қатъий равишда мақсадли фойдаланилиши керак ва улар депозит счётларга ўтказилиши, банклараро кредитлар бериш учун фойдаланилиши ва бошқа қисқа муддатли хусусиятдаги операцияларга жалб қилиниши мумкин эмас.
Қурилишнинг давом этиш муддатлари бузилганда, кредит ресурсларидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда, капитал қўйилмаларни ўзлаштириш тўғрисидаги ҳисобот маълумотлари ошириб ёзилганда тижорат банклари буюртмачиларга, алоҳида ҳолларда эса пудратчиларга нисбатан ҳам мавжуд қонунчилик билан белгиланган кредит таъсир кўрсатиш чораларини қўллайдилар.
IV. Бошқа маблағлар ҳисобидан маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш
10. Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг узоқ муддатли кредитлари (шу жумладан хорижий инвестициялар ва Ҳукумат кафолати остида бериладиган кредитлар) ҳисобига маблағ билан таъминлаш (қайта молиялаш) томонларнинг келишувига кўра кредитлашнинг амалдаги қоидалари нормаларига мувофиқ амалга оширилади.
Тижорат банклари кредитлари ҳисобига маблағ билан таъминланадиган аниқ рўйхатлар Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан келишишдан олдин ушбу банклар билан келишиб олиниши керак.
Банкларнинг буюртмачилар билан ўзаро муносабатлари кредит шартномалари асосида қурилади. Кредитлаш муддатлилик, ҳақ тўлаш, қайтариш, таъминланиш ва мақсадли фойдаланиш шартларида амалга оширилади.
11. Буюртмачининг ўз маблағлари ҳисобидан маблағ билан таъминлаш тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ капитал қўйилмалар йиллик лимитларининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар буюртмачилар томонидан махсус счётларда банд қилинганда амалга оширилади.
12. Аралаш инвестициялаш объектлари қурилишини маблағ билан таъминлаш ва кредитлаш, объектлар қурилишининг барча даври мобайнида бюджет маблағларини, бошқа марказлаштирилган маблағларни ва ўз маблағларини харажат қилиш нисбатига риоя қилган ҳолда, мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
V. Капитал қурилишдаги ҳисоб-китоблар
13. Маблағ билан таъминланиш бўйича операцияларни амалга оширувчи банклар буюртмачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириб чиқадилар ва улар қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлганда қурилишни маблағ билан таъминлаш счётларини очадилар. Қурилишни ҳисоб-китоб счётларидан маблағ билан таъминлашга йўл қўйилмайди.
14. Банклар буюртмачилар, пудрат ташкилотлари ва инвестиция жараёнининг бошқа қатнашчилари ўртасида бажарилган ишлар, етказиб берилган моддий ва энергия ресурслари ва кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китобларни, шунингдек, бошқа ҳисоб-китобларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширадилар.
Қурилишнинг барча даврига тузилган контракт (пудрат шартномаси) буюртмачи ва пудрат ташкилоти ўзаро муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Буюртмачи билан пудрат ташкилоти ўртасидаги ҳисоб-китоблар контракт (пудрат шартномаси)да назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Инвестиция жараёнининг бошқа қатнашчилари томонидан тузилган шартнома (контракт)лар улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар учун асосий ҳужжат ҳисобланади.
15. Буюртмачилар пудрат ташкилотларининг бажарган ишлари ва бошқа харажатлари учун уларнинг счётларига тўғридан-тўғри ҳақ тўлайдилар, етказиб берилаётган материаллар, конструкциялар, энергия ресурслари, транспорт хизматлари ва асбоб-ускуналар учун белгиланган тартибда олдиндан ҳақ тўлайдилар.
Тўлов шакли қонун ҳужжатларига мувофиқ контрактлар (пудрат шартномалари) билан белгиланади.
Буюртмачи томонидан материаллар ва буюмлар етказиб берилганда унинг ва пудрат ташкилотлари ўртасидаги ҳисоб-китоблар уларнинг жўнатилишига кўра банк орқали ёки қарзларни ўзаро ҳисобга олиш йўли билан амалга оширилади.
Бутловчи ташкилотлар ёки маҳсулот етказиб берувчи корхоналар билан йиғма конструкциялар, буюмлар ва материаллар учун ҳисоб-китоблар шартнома (контракт)да назарда тутилган тартибда амалга оширилади.