|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.03.2025
|
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси
Давлат мулки қўмитаси
раисининг ўринбосари,
Қимматли қоғозлар бозори
фаолиятини мувофиқлаштириш ва
назорат қилиш маркази
бош директори
М.С. ЮНУСМАТОВ
1999 йил 21 декабрь
Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисида
Низом
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 28 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 860]
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 19 февралдаги 15-сонли « Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3610, 28.02.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эмитентлар қимматли қоғозларини дастлабки кафолатли жойлаштириш бўйича фаолиятини амалга ошириш стандартларини (тартиб ва шартларини) белгилайди.
(1.1-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
1.2. Мазкур Низом эмитентнинг қимматли қоғозларини чиқарилиш жараёнида ва/ёки дастлабки кафолатли жойлаштирилишида эмитент ва андеррайтернинг ўзаро ҳамкорлик асосларини ва жавобгарликларини тартибга солади.
1.3. Мазкур Низом мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
эмитент — эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида мажбуриятлари бўлган юридик шахс;
қимматли қоғозлар — мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайдиган, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутадиган ҳужжат;
инвестиция меморандуми — эмитент ҳақида барча зарур маълумотларни ўз ичига олган ҳамда қимматли қоғозларни жойлаштириш нархи тўғрисидаги ахборотларни ва битим тафсилотларини кўрсатмайдиган инвесторларга тақдим этиш учун олдиндан тайёрланган ҳужжатлар тўплами;
андеррайтер фаолияти (андеррайтинг) — эмитент ва андеррайтер (андеррайтерлар) ўртасидаги шартномада белгиланган шартлар асосида эмитент қимматли қоғозларини чиқарилишини ташкиллаштириш ва/ёки кафолатли жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш фаолияти;
андеррайтер — андеррайтинг фаолиятини амалга оширувчи инвестиция воситачиси ёки тижорат банки;
андеррайтинг хизматини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома — бир томондан, маълум бир нархда жойлаштирилиши керак бўлган қимматли қоғозларни чиқараётган эмитент ва бошқа томондан андеррайтер (андеррайтерлар) ўртасидаги шартнома;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
(1.3-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 52-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3448, 25.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2023 й., 10/23/3448/0539-сон)
II. АНДЕРРАЙТЕР ФАОЛИЯТИ
2.1. Андеррайтинг фаолиятини амалга оширувчи тижорат банклари ва инвестиция воситачиларига қўйиладиган талаблар:
Андеррайтерлар фақат инвестиция воситачилари ва тижорат банклари бўлиши мумкин.
Андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш учун тижорат банклари ва инвестиция воситачилари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
а) лицензияга эга бўлиши:
инвестиция воситачиси сифатида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, ёҳуд,
банк операциаларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2.1-банднинг «б» кичик бандиЎзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг 2019 йил 14 октябрдаги 2019-59-сонли буйруғига (рўйхат рақами 860-5, 31.10.2019 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2019 й., 10/19/860-5/3982-сон)
2.2. Андеррайтер фаолиятининг асосий йўналишлари
Андеррайтер фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
эмитент билан биргаликда қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштиришнинг мақбул тузилмасини шакллантириш;
инвестиция меморандумини тузиш ва инвесторларга тақдим этиш;
чиқарилишнинг кутилаётган ҳажмидан қимматли қоғозларни сотиб олиш ҳуқуқига олдиндан обуна ўтказиш;
маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, шу жумладан потенциал инвесторлар томонидан чиқарилиши кутилаётган қимматли қоғозлар ҳажмидан уларни сотиб олиш ҳуқуқига амалга оширилган дастлабки обуналардан келиб чиқиб бозор конъюнктураси ва имкониятларини ўрганиш;
андеррайтинг хизматларининг хусусиятларини белгиловчи эмиссия рисоласи, операцион ҳужжатлаштириш ва кафолатланган мажбуриятларни тузиш;
зарур ҳолларда, андеррайтерларнинг вақтинчалик бирлашмасини шакллантириш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун инвестиция воситачилари ва тижорат банкларини танлаш;
андеррайтинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган, қабул қилинган мажбуриятлар ва муддатларга мувофиқ эмитентнинг қимматли қоғозларининг кафолатланган жойлаштирилишини ўтказиш (чиқарилишларни муайян минимал нархда жойлаштириш);
андеррайтинг хизматлари кўрсатганлик учун вақтинчалик бирлашма иштирокчилари ўртасида (агар мавжуд бўлса) сотиб олиш ва сотиш фарқидан олинган даромад ёки комиссия мукофотини тақсимлаш;
эмитентга қимматли қоғозларни жойлаштиришдан тушган маблағларни тўлаш;
иккиламчи бозорда (ушбу эмиссия) жойлаштирилган қимматли қоғозларни дастлабки қўллаб-қувватланишини амалга ошириш эмиссия рисоласида (андеррайтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома) назарда тутилади.
2.3. Кафолатланган жойлаштириш турлари:
тўлиқ кафолатланган жойлаштириш — ушбу чиқарилишнинг барча қимматли қоғозларини андеррайтер томонидан жойлаштирилиши;
қисман кафолатланган жойлаштириш — андеррайтер томонидан ушбу чиқарилишнинг 10% фоиздан кам бўлмаган қимматли қоғозларнинг қисман жойлаштирилиши;
2.4. Андеррайтернинг ҳуқуқлари
Андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш жараёнида андеррайтер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қимматли қоғозларни тўлиқ ёки қисман кафолатли дастлабки жойлаштиришга шартнома тузишда эмитентдан қимматли қоғозларнинг номинал қийматидан чегирма тақдим этишни шартнома билан белгиланадиган миқдорда талаб қилиш;
эмитент акциядорларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган чораларни кўриш;
қимматли қоғозларни жойлаштириш шартларини бажармаган тақдирда эмитент олдида жавобгарлик таваккалчилигини суғурта қилиш;
қимматли қоғозларни жойлаштиришда шартномада белгиланган миқдорда эмитентдан комиссия ҳақи олиш.
2.5. Ахборотларни ошкор қилиш талаблари
2.5.1. Эмитент андеррайтерга инвестиция меморандумини тузиш ва инвесторлар тақдим этиш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиши шарт.
Инвестиция меморандумида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
эмитент ва умуман тармоқ фаолиятининг тавсифи;
эмитентнинг келгуси йил учун стратегияси;
эмитентнинг бошқарув тизимини тавсифлаш, касбий тайёргарлик, бошқарув ходимларининг иш тажрибаси, сўнгги уч йил ичида иш жойлари ва эгаллаб турган лавозимларни кўрсатган ҳолда;
таъсис ҳужжатларига мувофиқ эмитент томонидан қўйилган мақсадларга эришиш учун тактик қадамлар;
рақобат муҳитини ва бозордаги улушини таҳлил қилиш;
эмитентнинг охирги уч молия йилидаги молиявий натижаларининг (чораклар бўйича) таҳлили, даромадларнинг пасайиши ёки ошиши сабаблари, молиявий қўйилмалар (эмиссияни амалга оширишдан) олинганидан кейинги молиявий натижалар прогнози;
эмитентнинг молиявий камомадини (профицит) вақтинчалик оралиқ муддатда аниқлаш;
қимматли қоғозлар чиқарилишидан (эмиссиясидан) олинган маблағларни сарфлаш сметаси харажатлари.
2.5.2. Чиқарилишнинг эмитенти ва андеррайтерлари ҳар бир потенциал харидорга жойлаштирилган қимматли қоғозларни сотиб олиш пайтига қадар сотиш шартлари ва эмиссия рисоласи билан танишиш имкониятини беришлари шарт.
2.5.3. Чиқарилишнинг эмитенти ва андеррайтерлари эмиссия чиқариш рисоласида эълон қилинган ахборотнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда биргаликда жавобгар бўладилар.
(2.5.3-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуннинг 6-боби.
III. АНДЕРРАЙТЕРНИ ТАНЛАШ ТАРТИБИ
3.1. Андеррайтерни танлаш эмитент томонидан:
инвестиция воситачилар ва тижорат банклари — потенциал номзодлар билан андеррайтинг бўйича хизматлар кўрсатиш учун дастлабки музокаралар асосида, ёҳуд
андеррайтинг бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун оммавий (ёҳуд ёпиқ) танлов (тендер) ўтказиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
IV. АНДЕРРАЙТЕРЛАРНИНГ ВАҚТИНЧАЛИК БИРЛАШМАСИ
4.1.1. Қимматли қоғозлар бозорида ноқулай конъюнктура юзага келганда андеррайтерларнинг ҳеч бири катта зарар кўрмаслиги, қимматли қоғозлар таклифи таваккалчилигини тақсимлаш мақсадида биргаликда фаолият юритиш учун вақтинча андеррайтерлар бирлашмасини (бундан буён матнда — бирлашма) ташкил этиш ҳуқуқига эга.
4.1.2. Бирлашмани ташкил этишнинг ташаббускори эмитент томонидан танланган андеррайтер ҳисобланади. Андеррайтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома эмитент билан бирлашма номидан амалдаги қонунчилик талабларига ва мазкур Низомнинг 5.2 бандига мувофиқ тузилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-боби.
4.1.3. Бирлашма иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари ўзаро ҳамкорлик шартномаси билан тартибга солинади.
4.1.4. Ўзаро ҳамкорлик шартномасида:
бирлашма аъзоларининг рўйхати, уларнинг бирлашмадаги ҳиссаси миқдори;
бирлашма аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
қарор қабул қилиш тартибининг тавсифи;
амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар келишилган бўлиши керак.
4.1.5. Эмитент томонидан танланган андеррайтер эмитентдан қўшимча ҳақ олмаган ҳолда бирлашма ички ишларини юритиш ва уларни ташкиллаштиришни амалга оширади.
Бирлашма томонидан амалга оширилган жойлаштириш бўйича харажатлар аъзоларнинг улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Андеррайтинг хизматларини кўрсатганлик учун комиссион мукофот эмитент ва бирлашма ўртасида шартномада белгиланган миқдорда тўланади ва қимматли қоғозларни кафолатли жойлаштириш бўйича қабул қилинган мажбуриятларга мутаносиб равишда бирлашма аъзолари орасида эмитент томонидан танланган андеррайтер томонидан тақсимланади.
4.1.6. Қимматли қоғозларни жойлаштириш тугаллангандан сўнг бирлашма ўз фаолиятини тугатади.
V. АНДЕРРАЙТИНГ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ШАРТНОМА
5.1. Эмитент ва андеррайтер ўртасидаги қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасида тузилган андеррайтинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома билан белгиланади.
5.2. Андеррайтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома андеррайтер томонидан чиқарилиш тартиби, андеррайтинг хусусияти ва эмитент турига қараб Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ тайёрланади ва қуйидаги мажбурий (муҳим) шартларни ўз ичига олади:
қимматли қоғозларни жойлаштириш шартлари ва андеррайтнинг мажбуриятининг хусусияти;
хизматлар учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби;
эмитент ва андеррайтер (бирлашма) ўртасида жойлаштириш жараёнида ўзаро муносабатларнинг шартлари ва тартиби;
эмитент билан андеррайтер (бирлашма) ўртасида жойлаштиришдан кейинги ўзаро муносабатларнинг шартлари ва тартиби (иккиламчи бозорда жойлаштирилган эмиссияни андеррайтер (бирлашма) томонидан қўллаб-қувватлаш);
ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.
(5.2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
VI. АНДЕРРРАЙТЕР ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ. ЖАВОБГАРЛИК.
6.1. Андеррайтерлар фаолиятини назорат қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
6.2. Қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозорда оммавий жойлаштириш ва муомаласида қимматли қоғозларни сотиб олишда бир инвесторга бошқалар олдида имтиёзли ҳуқуқни белгилаш тақиқланади. Ушбу шартлар акциядорларга янги эмиссия қимматли қоғозларини сотиб олишга имтиёзли ҳуқуқни тақдим этишда қўлланилмайди.
6.3. Қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида андеррайтер томонидан қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
а) инвесторлар учун аҳамиятга эга бўлган ахборотни лозим даражада ошкор қилмасдан туриб андеррайтинг хизматларини амалга ошириш;
б) қимматли қоғозлар бозорининг алоҳида бир иштирокчилари учун имтиёзли ҳуқуқларни тақдим этиш мақсадида уни бирор-бир белгисига кўра бўлиш;
в) эмитент билан тузилган шартноманинг шартларини бажармаслик ва/ёки лозим даражада бажармаслик ва/ёки ўз вақтида бажармаслик;
г) эмитентга (бой берилган фойдани), бирлашма бўйича ҳамкорларига (адолатсиз рақобат ва ҳ.к.) ёки инвесторларга (ахборотни ошкор қилиш) зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлар.
6.4. Эмитентнинг қимматли қоғозларини жойлаштиришда андеррайтер акциядорлик жамиятининг фойдасини ва қимматли қоғозларининг ликвидлилигини янада ошишини ҳисобга олиши керак.
6.5. Андеррайтер мазкур Низом талабларини бажармаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(6.5-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1741-моддаси.