|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 27.02.2022
|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси банкларида номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 12 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1199]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 18 ноябрдаги 20/4-сонли «Тижорат банкларида бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3336, 26.11.2021 й.) асосан 2022 йил 27 февралдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни 3, 7 ва 51-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси банкларида номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва Давлат бюджетининг касса ижроси департаменти (Д.А. Орипов) га ушбу Низомни 10 кун муддат давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этсин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб ўн кундан кейин кучга киради.
4. Мазкур қарор кучга кирган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2000 йил 5 февралдаги 462-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси банкларида асосий воситалар, номоддий активлар, кам баҳоли ва тез эскирувчи буюмларнинг бухгалтерия ҳисоби тўғрисида Йўриқноманинг (2000 йил 18 мартда 912-сон билан рўйхатга олинган, «Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий актларнинг Бюллетени», 2000 й., 6-сон) номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш юзасидан жавобгарлик Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари М.Р. Жумагалдиевга юклатилсин.
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 12 октябрь,
23/8-сон
Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки Бошқаруви томонидан
2002 йил 12 октябрь, 23/8-сон
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Марказий банки Бошқаруви томонидан
2002 йил 12 октябрь, 23/8-сон
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси банкларида номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги
Йўриқнома
Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси банкларида номоддий активларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
1) Номоддий активлар — бу моддий-ашёвий кўринишга эга бўлмаган, бир йилдан ортиқ фойдали хизмат муддатига эга бўлган ва банк хизматларини кўрсатишда ёки маъмурий мақсадларда фойдаланиладиган номонетар, идентификацияланадиган активлардир.
Номоддий активларга патентлар, муаллифлик ҳуқуқлари, гудвилл (gооdwill), савдо маркалари, компьютер дастурий таъминоти, лицензиялар ва шу кабилар киради.
Агар дастурий таъминот тегишли ускунанинг таркибий қисми ҳисобланса, у моддий актив сифатида қаралади. Агар дастурий таъминот тегишли ускунанинг таркибий қисми ҳисобланмаса, у номоддий актив саналади.
2) Бошланғич (ҳақиқий) қиймат — номоддий активларни харид қилиш ва ишлаб чиқишга ҳақиқатда қилинган харажатлар, шу жумладан тўланган солиқлар, божхона божлари ва йиғимлари, хизматлар, шунингдек активни ундан мақсадга кўра фойдаланиш учун ишга яроқли ҳолга келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган олиб келиш ва монтаж қилиш, ўрнатиш ва бошқа харажатлар суммаси.
Номоддий активлар қийматига тўғридан-тўғри олиб бориладиган харажатлар масалан, юридик хизматлар учун профессионал гонорарларни ўз ичига олади. Ҳақиқий қийматни аниқлаш учун барча савдо чегирмалари ва қайтаришлар чегирилади.
Номоддий активларнинг қайта баҳолашни ҳисобга олинган қиймати тиклаш (тикланиш) қиймати деб аталади. Активнинг бухгалтерия балансида тан олинадиган суммаси баланс қиймати деб аталади.
3) Гудвилл (gооdwill) — бу яхши обрў, «фирма баҳоси». Гудвилл харидор томонидан банкни харид қилиш пайтида унинг соф активлари (барча активлар бозор баҳоси ва барча мажбуриятлар бозор баҳоси ўртасидаги фарқ) қийматидан юқори тўланадиган сумма сифатида аниқланади. Бу банкнинг харидори банкни харид қилиш банк томонидан кўп йиллар мобайнида мижозлар, қарздорлар ҳамда омонатчилар билан ўрнатилган ўзаро муносабатларни харид қилишни ҳам ўз ичига олишини тушунишини билдиради.
4) Фаол иккиламчи бозор — нархлар барча бозор қатнашчиларига ошкор (қулай) бўлган ва ҳар қандай вақтда битимни амалга оширишни хоҳловчи сотувчи ва харидорларни топиш мумкин бўлган бозор.
2. Номоддий активлар ҳисобини юритишнинг асосий қоидалари бўлиб уларнинг баланс қийматини ва ушбу активларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган амортизация усулларини аниқлаш, ҳамда номоддий активлар баланс қийматидаги ўзгаришлар, амортизация ҳисоблаш тартиби ва уларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижаларни аниқлаш ва ҳисобга олиш ҳисобланади.
3. Банк номоддий активлари қуйидаги усуллар билан шаклланади:
1) ҳақ эвазига харид қилиш;
2) банк ичида ишлаб чиқиш йўли билан;
3) текинга олиш.
4. Агар актив моддаси номоддий актив таърифига жавоб берса, банк келагусида иқтисодий фойда олиш эҳтимоли мавжуд бўлса ва актив қиймати ишончли ўлчаниши мумкин бўлса, у номоддий актив сифатида эътироф этилиши (тан олиниши) лозим. Мазкур талаб ҳам четдан олинган, ҳам банк ичида яратилган номоддий активларга нисбатан қўлланилади.
5. Банк активнинг фойдали хизмат муддати мобайнида мавжуд бўладиган келгуси иқтисодий наф олиш эҳтимолини баҳолаши лозим.
6. Номоддий активдан олинадиган келгуси иқтисодий наф хизматларни сотишдан олинган тушум, харажатлар тежами ва банк томонидан активдан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлган бошқа нафларни ўз ичига олиши мумкин.
7. Агар номоддий актив на номоддий активларнинг таърифига, на тан олиш меъзонларига жавоб бермаса, ушбу модда бўйича харажатлар улар амалга оширилган даврнинг харажатлари сифатида тан олинади.
8. Активни номоддий актив сифатида аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолда (баъзи номоддий активлар жисмоний субстанцияда ёки унинг ичида маджуд бўлиши мумкин) элементнинг муҳимлигидан келиб чиқиш лозим (мисол учун, дастурий таъминот ҳолатида — компакт-диск, лицензия ёки патент бўлганда — ҳуқуқий ҳужжатлар).
II. Номоддий активларни бирламчи акс эттириш ва ҳисобга олиш
9. Ҳақ эвазига харид қилинган номоддий актив бошланғич (ҳақиқий) қиймати бўйича баҳоланади ва ҳисобга олинади. Бошланғич қийматнинг ўзгаришига фақат номоддий активлар қайта баҳоланган ҳолларда йўл қўйилади.
Номоддий активларнинг таҳлилий ҳисоби номоддий активларнинг ҳар бир тури бўйича очиладиган тегишли шахсий ҳисобварақларда юритилади.
10. Чет эл валютасида харид қилинган номоддий активлар балансда божхона юк декларациясини расмийлаштириш санасидаги Марказий банки курси бўйича миллий валютада акс эттирилади ва чет эл валютаси курсининг ўзгариши муносабати билан қайта баҳоланмайди.
11. Банк ичида яратилган номоддий актив балансда ҳақиқий таннархи бўйича акс эттирилади.
12. Текинга олинган номоддий активлар дастлаб балансда реал (ҳаққоний) қиймати бўйича акс эттирилади. Текинга олинган асосий воситаларнинг қиймати баҳоловчи ташкилот томонидан ёки активларни қабул қилиш-топшириш ҳужжатларидаги маълумотлар асосида белгиланади.
III. Номоддий активларни харид қилиш ҳисоби
13. Номоддий активлар қийматини тўлиқ ёки қисман олдиндан тўлаш қуйидаги бухгалтерия ёзувлари билан расмийлаштирилади:
Дт 19909 «Товар-моддий қимматликлари учун тўланган маблағлар»
Кт банкнинг вакиллик ҳисобварағи ёки мижознинг ҳисобварағи
Актив келиб тушган пайтда:
Дт 16601 «Номоддий активлар»
Кт 19909 «Товар-моддий қимматликлари учун тўланган маблағлар»
14. Агар банк номоддий активлар келиб тушгандан кейин тўловни амалга оширса, қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари бажарилади:
1) Номоддий активлар келиб тушганда уларни балансда акс эттириш:
Дт 16601 «Номоддий активлар»
Кт 29802 «Кўрсатилган хизматлар ва товар-моддий қимматликлари учун тўланадиган маблағлар ҳисоб-китоби»
2) Активлар қиймати тўланганда:
Дт 29802 «Кўрсатилган хизматлар ва товар-моддий қимматликлари учун тўланадиган маблағлар ҳисоб-китоби»
Кт Банкнинг вакиллик ҳисобварағи ёки мижознинг ҳисобварағи
15. Номоддий активлар текинга олинганда текинга олинган номоддий активларнинг реал қийматига қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси расмийлаштирилади:
Дт 16601 «Номоддий активлар»
Кт 30905 «Текинга олинган мулклар»
1-§. Кейинги харажатлар ҳисоби
16. Номоддий активлар билан боғлиқ бўлган харажатлар, активга дастлаб ҳисоб-китоб қилинган меъёрлардан юқори бўлган келгусидаги иқтисодий фойдани яратиш имконини берган тақдирдагина номоддий активларнинг бошланғич (ҳақиқий) қийматига қўшилади. Бошқа барча кейинги харажатлар улар амалга оширилган даврдаги харажатларга олиб борилади.
17. Номоддий активга у сотиб олинган ёки яратилгандан сўнг қилинган кейинги харажатлар, агар ушбу харажатлар активнинг дастлабки баҳоланган меъёрий кўрсаткичларини сақлаб туриш учун талаб қилинса, жорий харажат сифатида тан олинади.
IV. Банк ичида яратиладиган номоддий активлар
18. Банк ичида яратиладиган номоддий активларнинг сифати номоддий активни тан олиш мезонларига жавоб бериши лозим.
19. Ишлаб чиқиш натижасида юзага келган номоддий актив банк қуйидагиларнинг барчасини намойиш қилиши мумкин бўлгандагина тан олинади:
а) номоддий активни техник жиҳатдан тугатилиши шундай амалга оширилиши керакки, у фойдаланиш ёки сотиш имкони бўлиши керак;
б) номоддий активни тугатиш бўйича ўз мақсади, уни ишлатиш ёки сотиш имкониятини;
в) номоддий активни келгуси иқтисодий фойдаларни яратиш қобилиятини. Банк кейинчалик номоддий актив натижалари ёки номоддий активнинг ўзи учун бозорнинг мавжудлигини намойиш қилиши лозим. Агар уни банк ичида фойдаланиш мўлжалланса, номоддий активнинг фойдалилиги баҳоланиши лозим;
г) ишлаб чиқишни тугатиш ҳамда активни ишлатиш ёки сотиш учун етарли бўлган техник, молиявий ва бошқа ресурсларга эга бўлиш;
д) номоддий активни ишлаб чиқиш жараёнида унга тегишли бўлган харажатларни ишончли баҳолаш имконияти.
20. Банк ичида яратилган номоддий активнинг таннархи активдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун уни яратиш ва тайёрлашга тўғридан-тўғри олиб борилиши мумкин бўлган барча харажатларни ўз ичига олади. Таннархга қуйидаги харажатлар киритилади:
1) номоддий активни яратишда харид қилинган ёки фойдаланилган материал ва хизматлар харажатлари;
2) активни яратишда бевосита банд бўлган ходимларнинг иш ҳақи ва уларга қилинган бошқа харажатлар;
3) активни яратиш учун фойдаланилган юридик ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун бож тўлови ва патент ва лицензиялар амортизацияси каби яратилаётган активга тўғридан-тўғри олиб бориладиган ҳар қандай харажатлар;
4) активни яратиш учун зарур бўлган ва активга олиб борилиши мумкин бўлган устама харажатлар.
21. Қуйидаги харажатлар банк ичида яратилган номоддий актив таннархининг таркибий қисмини ташкил қилмайди:
1) савдо, маъмурий ва бошқа умумий устама харажатлар, активни фойдаланишга тайёрлашга тўғридан-тўғри олиб борилиши мумкин бўлган харажатлардан ташқари;
2) активдан фойдаланиш учун ходимларни тайёрлаш харажатлари.
V. Номоддий активларни қайта баҳолаш
22. Номоддий актив ҳисобда бошланғич қиймати бўйича акс эттирилгандан сўнг қайта баҳолаш санасидаги бозор қиймати бўйича қайта баҳоланади ва қайта баҳоланган (тиклаш) қиймати бўйича ҳисобга олинади, башарти бозор қийматини аниқ аниқлаш мумкин бўлса.
23. Номоддий активнинг бозор қийматини номоддий активнинг ушбу тури бўйича фаол иккиламчи бозор нархлари асосида белгилаш мумкин. Баланс ҳисоботини тузиш санасида баланс қиймати бозор қийматидан катта фарқ қилмаслиги учун қайта баҳолашни етарли даражадаги мунтазамликда амалга ошириш лозим.
24. Қайта баҳоланган номоддий актив учун мазкур пайтда иккиламчи бозор мавжуд бўлмаган тақдирда активнинг баланс қиймати сифатида унинг охирги қайта баҳолаш санасидаги қайта баҳоланган қиймати олиниши лозим, башарти бу баланс қиймат ушбу активнинг тиклаш қийматидан ошмаса.
25. Қайта баҳолашни ўтказишда тўлиқ тиклаш қиймати номоддий активлар қийматини баҳоланаётган айнан ўхшаш бўлган янги объектларнинг қайта баҳолаш санасида шаклланган, ҳужжатлар асосида тасдиқланган бозор нархлари бўйича бевосита қайта ҳисоблаш йўли билан аниқланади.
Бевосита қайта баҳолаш усули қўлланилганда номоддий активларнинг тўлиқ тикланиш қийматини ҳужжатлар асосида тасдиқлаш учун банкнинг хоҳишига кўра қуйидагилардан фойдаланилиши мумкин:
1) ишлаб чиқувчи фирмалар ва уларнинг расмий дилерларидан ёзма шаклда олинган худди шундай активга доир нархлар тўғрисидаги маълумотлар;
2) қайта баҳолашни ўтказиш санасига ва номоддий активларни харид қилиш санасига Маркизий банк курсларининг нисбати сифатида белгиланадиган ҳисоб-китоб коэффициентини қўллаган ҳолда харид қилиш санасига ЭАВда активларнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлар (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида);
3) қайта баҳолашни ўтказиш даврида оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда эълон қилинган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;
4) актив қиймати тўғрисида баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи.
26. Қайта баҳолашдан сўнг активларнинг ҳаққоний қиймати уларнинг баланс қиймати ва йиғилган эскириши билан таққосланади ва фарқ суммасига тегишли бухгалтерия ёзувлари амалга оширилади.
1) Агар активнинг қайта баҳоланган қиймати унинг баланс қийматидан ошса, бу ошиш 30908 — «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат» ҳисобварағида қуйидаги бухгалтерия ёзуви билан акс эттирилади:
а) Дт 16601 «Номоддий активлар»;
Кт 30908 «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат»;
б) қайта баҳолашдан олдин ва ундан кейинги йиғилган эскириш суммалари ўртасидаги фарққа:
Дт 30908 «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат»;
Кт 16605 «Номоддий активларнинг йиғилган амортизацияси (контр-актив)».
2) қайта баҳолаш натижасида номоддий активлар қийматининг кўпайиш суммаси илгари харажат сифатида тан олинган ушбу актив қийматининг камайиш суммасини қоплаши даражасидагина даромад сифатида тан олиниши лозим.
3) Агар активнинг қайта баҳоланган қиймати баланс қийматидан кам бўлса, актив суммаси камаяди ва бу камайиш қуйидаги бухгалтерия ёзуви билан расмийлаштирилади:
а) қайта баҳолашдан олдин ва ундан кейинги йиғилган эскириш суммалари ўртасидаги фарққа:
Дт 16605 «Номоддий активларнинг йиғилган амортизацияси (контр-актив)»;
Кт 30908 «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат»;
б) қайта баҳолаш натижасида аниқланган актив қийматининг камайиш суммасига:
Дт 30908 «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат» (олдинги кўпайиш чегарасида);
Кт 16601 «Номоддий активлар».
4) Агар 30908 — ҳисобварақ қолдиғи (айнан ушбу тоифадаги номоддий активларга тегишли бўлган) етарли бўлмаса, қайта баҳоланган актив қийматининг қўшимча камайиши қуйидаги тарзда акс эттирилади:
Дт 55995 — «Бошқа фоизсиз харажатлар»;
Кт 16601 «Номоддий активлар».
27. Юқорида келтирилган ўтказмалардан сўнг номоддий активлар ҳисобварағидаги янги қолдиқ активнинг қолган ҳисобланган хизмат муддати мобайнида мазкур Йўриқноманинг VI бўлимига мувофиқ амортизация қилинади.
28. 30908 — «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат» ҳисобварағига киритилган қайта баҳолашнинг мусбат натижаси ҳар ойда 31203 — «Тақсимланмаган фойда (актив-пассив)» ҳисобварағига бевосита ҳисобдан чиқарилади. Бунда қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:
Дт 30908 — «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат»;
Кт 31203 — «Тақсимланмаган фойда (актив-пассив)»;
Ушбу ҳолда қайта баҳолаш мусбат натижасининг ҳар ойда ҳисобдан чиқариладиган суммаси тегишли актив тиклаш қийматининг эскириш суммаси ва бошланғич қийматининг эскириш суммаси ўртасидаги фарққа тенг. 30908 — ҳисобварақдаги қайта баҳолаш натижаси тегишли актив ҳисобдан чиқарилганда тўлиғича киритилиши мумкин.
VI. Номоддий активлар амортизацияси (эскириши)
29. Номоддий активларга эскириш улар фойдаланишга топширилган ойдан кейинги ойдан бошлаб ҳисоблаб ёзилади. Номоддий активларнинг амортизацияланадиган суммаси уларнинг фойдали хизмат муддати мобайнида муттасил тарзда банк харажатларига ҳисобдан чиқарилади.
30. Номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати банк томонидан уларнинг бошланғич қиймати ва фойдали хизмат муддатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган амортизация меъёрлари ёрдамида белгиланади.
31. Фойдали хизмат муддати активдан фойдаланиладиган йиллар мобайнида, кўрсатилган хизматлар ҳажмларида ўлчаниши мумкин. Активнинг фойдали хизмат муддатини белгилашда қуйидаги барча омиллар ҳисобга олиниши лозим:
1) қанчалик самарали ишлатилишига боғлиқ ҳолда банк томонидан активдан кутилаётган қўлланиши;
2) актив учун одатдаги ҳаётийлик даври ва фойдаланилаётган шунга ўхшаш турдаги активларнинг фойдали хизмат муддатларини баҳолаш тўғрисидаги ошкор маълумот;
3) техник, технологик ёки бошқа турдарги эскиришлар. Компьютер дастурий таъминоти ва шунга ўхшаш номоддий активларнинг жадал техник ривожланишини ҳисобга олган ҳолда фойдали хизмат муддати қисқа бўлади;
4) актив устидан назорат қилинадиган давр ва активдан фойдаланишдаги юридик ёки бошқа чекловлар (ижара шартномаси муддатининг тугаши каби ва ш.к.);
5) актив фойдали хизмат муддатининг банкнинг бошқа активлари фойдали хизмат муддатларига боғлиқлиги.
32. Номоддий актив фойдали хизмат муддатини баҳолаш фойдали хизмат муддати давомийлигининг ошиши билан ишончсиз бўлиб боради, чунки чегара мавжуд халқаро стандартларга мувофиқ баъзи номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати йигирма йилдан ошмайди.
33. Агар номоддий активдан олинадиган келажакдаги иқтисодий фойдани назорат қилиш юридик ҳуқуқ (патент, муаллифлик ҳуқуқи сингари) орқали эришилса, бундай номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати юридик ҳуқуқнинг амал қилиш давридан ошмаслиги керак, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:
1) юридик ҳуқуқ тикланадиган бўлиб ҳисобланганда;
2) тикланиш ҳақиқатан ҳам аниқ бўлганда.
34. Номоддий активнинг фойдали хизмат муддатига таъсир кўрсатувчи ҳам иқтисодий, ҳам ҳуқуқий омиллар мавжуд бўлиши мумкин: иқтисодий омиллар иқтисодий фойда олиш даврини белгилайди; ҳуқуқий омиллар ушбу фойдани олиниши устидан банк назорати даврини чеклаши мумкин. Бундай ҳолда фойдали хизмат муддати ушбу даврларнинг энг қисқасини ифодалайди.
35. Актив мавжуд бўлган давр ичида номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати технологик ўзгаришлар ёки хизматлар бозоридаги ўзгаришларга қараб вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилиши лозим. Ушбу ҳолда фойдали хизмат муддати ва тегишинча, амортизация меъёри жорий ва келгуси даврлар учун корректировка қилинади.
36. Активнинг амортизацияланадиган суммаси баланс қийматидан активнинг тугатиш қийматини чегириш йўли билан аниқланади. Номоддий активнинг тугатиш қиймати нолга тенг деб қабул қилиниши лозим, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:
1) активнинг фойдали хизмат муддати охирида учинчи тарафнинг уни сотиб олиш мажбурияти мавжуд бўлса; ёки
2) актив учун фаол бозор мавжуд бўлса ва:
а) тугатиш қиймати ушбу бозордаги далиллар билан аниқланиши мумкин бўлса;
б) активнинг фойдали хизмат муддати охирида бундай бозорнинг мавжуд бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлса.
1-§. Амортизация усуллари
37. Фойдаланиладиган амортизация усули банк активдан олинадиган иқтисодий фойдани истеъмол қиладиган схемани акс эттириши лозим. Агар бундай жадвал аниқ белгиланиши мумкин бўлмаса, унда амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини қўллаш лозим.
38. Амортизация қуйидаги усулларни қўллаш йўли билан ҳисобланади:
1) тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усули;
2) бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда эскиришни ҳисоблаш усули;
3) камайиб борувчи қолдиқ усули.
39. Турли хилдаги активларга амортизация ҳисоблашнинг турли усуллари қўлланиши мумкин. Бунда номоддий активларнинг бир турига фақат битта усулни қўллаш лозим.
40. Эскириш ҳисоблашнинг танланган усули ҳисоб сиёсатида белгиланиши ва бир ҳисобот давридан бошқасига изчиллик билан қўлланиши ва йил давомида ўзгартирилмаслиги лозим.
41. Тенг маромли ҳисоблаш усули ўзгармас эскириш (амортизация) суммасини тенг маромда, асосий воситаларнинг фойдали хизмат муддати мобайнида уларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда тенг улушларда ҳисоблашга асосланади. Бунда қуйидаги формулани ишлатиш мақсадга мувофиқ:
| | | | | | | | | | | | | | |
| | |
АҚ |
| | | |
1 |
| | | |
АҚ |
|
| ЙЭС |
= |
-------------- | АМ | | АХМ | = | ------------ | х100% | | ОЭС | = | ------------ | АМ |
| | |
100 |
| | | |
АМ |
| | | |
12х100 |
|
ЙЭС — йиллик эскириш суммаси;
АҚ — активнинг амортизацияланадиган қиймати;
АХМ — активнинг хизмат муддати;
АМ — амортизация меъёри;
ОЭС — ойлик эшкириш суммаси.
Ушбу усул амортизация фақат фойдали хизмат муддатига боғлиқ деган тахминга асосланган.
42. Бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда эскиришни ҳисоблаш усули амортизация суммасини активнинг тахмин қилинаётган ишлатилиши ёки тахмин қилинаётган ишлаб чиқариш унумдорлигидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблашга асосланган. Бунда амортизация қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
| | |
АҚ |
| |
| АС | = | ------------------------ | х ДБС | |
| | |
ЧБС |
| |
АС — амортизация суммаси;
АҚ — активнинг амортизацияланадиган қиймати;
ДБС — мазкур даврдаги бирликлар сони;
ЧБС — активнинг бутун фойдали хизмат муддати учун ҳисоблаб чиқилган (чамаланган) бирликлар сони.
Бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда эскиришни ҳисоблаш усули амортизация (эскириш) фақат фойдаланиш натижаси бўлиб ҳисобланишигагина асосланади ва даврнинг бир қисми унинг ҳисобланиш жараёнида бирор-бир роль ўйнамайди.
43. Активдан интенсив фойдаланилганда, айниқса илмий-техникавий жараённинг катта таъсирида актив эскиришини жадаллаштирилган амортизация усуллари асосида ҳисоблаш мақсадга мувофиқдир.
Камайиб борувчи қолдиқ усули ҳисобланадиган амортизация суммасини активнинг фойдали хизмат муддати мобайнида камайишини англатади. Ушбу усулда тенг маромли усулида фойдаланиладиган меъёрга қараганда икки баравар оширилган амортизация меъёри олинади.
44. Номоддий активларга нисбатан қўлланиладиган амортизация усули вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилиши лозим, агарда ушбу активлардан иқтисодий фойда олишнинг тахмин қилинаётган чизмасида сезиларли ўзгаришлар бўлган ҳолда, усул ушбу ўзгаришларни акс эттириш учун ўзгартирилиши ва бухгалтерия баҳоларида ўзгаришлар сифатида акс эттирилиши лозим, жорий ва келгуси даврлар амортизация ажратмаларига эса тузатиш киритилиши лозим.
45. Даврдаги амортизация ажратмалари қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси билан банк харажатларига киритилади:
Дт 56618 «Номоддий активларнинг эскириш суммаси»
Кт 16605 «Номоддий активларнинг йиғилган амортизацияси» (контр-актив)
VII. Номоддий активларнинг чиқиб кетиши ва сотилиши
46. Номоддий активлар қуйидагилар натижасида балансдан ҳисобдан чиқарилади:
1) тўлиқ эскириши;
2) сотилиши;
3) текинга берилиши;
4) форс-мажор ҳолатларида.
47. Номоддий активларнинг чиқиб кетишидан юзага келадиган фойда ёки зарарлар активни сотишдан соф тушумларнинг баҳоланган суммаси билан унинг қолдиқ қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади ҳамда даромад ёки харажат сифатида фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.
48. Фойдаланилиши тўхтатилган ва чиқиб кетиш учун мўлжалланган номоддий активлар активни фаол фойдаланишдан чиқариш санасида уларнинг баланс қиймати бўйича ҳисобга олинади.
49. Номоддий активлар чиқиб кетишида уларнинг қолдиқ қиймати қуйидаги тарзда аниқланади:
1) йиғилган эскириш суммасига:
Дт 16605 «Номоддий активларнинг йиғилган амортизацияси» (контр-актив)
Кт 16601 «Номоддий активлар»
2) мазкур номоддий актив бўйича 30908 — ҳисобварақда бор бўлган қолдиқ суммасига:
Дт 30908 «Бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолангандаги қўшимча қиймат»
Кт 31203 «Тақсимланмаган фойда (актив-пассив)»
50. Ҳисобдан чиқариладиган номоддий активлар сотилганда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари бажарилади:
1) номоддий активлар етказиб берилгандан сўнг харидор томонидан тўлов амалга оширилган ҳолда:
Дт 19909 «Товар-моддий қимматликлари учун тўланган маблағлар»
Кт 16601 «Номоддий активлар».
2) тўлов келиб тушгандан кейинги бухгалтерия ёзувлари:
а) агар сотиш нархи номоддий активларнинг қолдиқ қийматидан катта бўлса:
Дт Банк вакиллик ҳисобварағи ёки харидор ҳисобварағи
Кт 19909 «Товар-моддий қимматликлари учун тўланган маблағлар»
Кт 45913 — «Банкнинг бошқа хусусий мулкини сотиш ёки диспозиция қилишдан олинган фойда»
б) агар сотиш нархи номоддий активларнинг қолдиқ қийматидан кичик бўлса:
Дт Банк вакиллик ҳисобварағи ёки харидор ҳисобварағи
Дт 55906 «Банкнинг бошқа хусусий мулкларини сотиш ёки диспозиция қилишдан кўрилган зарарлар»
Кт 19909 «Товар-моддий қимматликлари учун тўланган маблағлар»
3) олдиндан тўлов амалга оширилган ҳолда:
Дт Банк вакиллик ҳисобварағи ёки харидор ҳисобварағи
Кт 29802 «Кўрсатилган хизматлар ва моддий товар қимматликлари учун тўланадиган маблағлар ҳисоб-китоби» ва айни вақтда:
а) агар сотиш нархи номоддий активларнинг қолдиқ қийматидан катта бўлса:
Дт 29802 «Кўрсатилган хизматлар ва моддий товар қимматликлари учун тўланадиган маблағлар ҳисоб-китоби»
Кт 45913 «Банкнинг бошқа хусусий мулкларини сотиш ёки диспозиция қилишдан кўрилган фойда»
Кт 16601 «Номоддий активлар»
б) агар сотиш нархи номоддий активларнинг қолдиқ қийматидан кичик бўлса:
Дт 29802 «Кўрсатилган хизматлар ва моддий товар қимматликлари учун тўланадиган маблағлар ҳисоб-китоби»
Дт 55906 «Банкнинг бошқа хусусий мулкларини сотиш ёки диспозиция қилишдан кўрилган зарарлар»
Кт 16601 «Номоддий активлар»
51. Тўлиқ эскирганлиги муносабати билан, форс-мажор ҳолатларида, текинга берилганда номоддий активларнинг қиймати белгиланган тартибда зарарга ҳисобдан чиқарилади ва қуйидаги ўтказма билан расмийлаштирилади:
қолдиқ қиймати суммасига:
Дт 55906 «Банкнинг бошқа хусусий мулкларини сотиш ёки диспозиция қилишдан кўрилган зарарлар»
Кт 16601 «Номоддий активлар»
52. Агар номоддий активлар фойдаланишга яроқли бўлса, хизмат муддати тугаганлигига қарамай банк улардан фойдаланишни давом эттириши мумкин. Бунда номоддий активларга эскириш ҳисобланмайди.