Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
Маданий дипломатия соҳасида, давлатлараро муносабатларда очиқлик ва ўзаро ҳурмат қилиш тамойилларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, маданият ва санъат, маданий мерос ва туризм соҳаларида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
1. Хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг маданият ва туризм соҳаларидаги ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 1-иловада назарда тутилган давлатлардаги элчихоналарининг штат жадвалига қўшимча равишда маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи (кейинги ўринларда — маслаҳатчи) лавозими киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналаридаги маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолиятининг асосий йўналишлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
(а) маслаҳатчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи тақдимномасига мувофиқ ташқи ишлар вазири томонидан амалга оширилади. Маслаҳатчилар фаолиятини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланади;
(б) маслаҳатчи тегишли давлатдаги дипломатик ваколатхона раҳбарига бўйсунади ва унинг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш фаолиятига кўмаклашади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғига ҳисобдор бўлади;
(в) маслаҳатчи штат бирликларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
(г) маслаҳатчи штат бирлиги киритилаётган дипломатик ваколатхоналарга биттадан автотранспорт воситаси харид қилиш ва сақлаш учун қўшимча лимит ажратилади. Бунда ушбу автотранспорт воситаларини харид қилиш билан боғлиқ барча харажатлар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;
(д) маслаҳатчи фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-348-сон қарорида назарда тутилган Туризм қўмитасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари фаолияти билан уйғунлаштирилади.
Ташқи ишлар вазирлиги Туризм қўмитаси, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда 2026 йил якунида маслаҳатчилар фаолиятини Туризм қўмитасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари фаолияти билан уйғунлаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ушбу Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи Г.О. Умерова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 январь,
ПФ-15-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 январдаги ПФ-15-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Тузилмасига маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими киритилаётган Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари рўйхати
1. Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси.
2. Ўзбекистон Республикасининг Франция Республикасидаги элчихонаси.
3. Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги элчихонаси.
4. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси.
5. Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси.
6. Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси.
7. Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 январдаги ПФ-15-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналаридаги маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолиятининг
АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
I. Маданият соҳасида
1. Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, маданият ва санъат ютуқларини тизимли равишда оммалаштириш ҳамда шу орқали мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашда иштирок этиш.
2. Қабул қилувчи мамлакатда Ўзбекистон маданияти кунлари, миллий адабиёт ва маданият тадбирлари, кинофестиваль, гастроль ва тақдимотларни юқори даражада ташкил этиш ҳамда маданий яқинлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш.
3. Икки мамлакатнинг маданият, санъат муассасалари ва соҳадаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш, кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш бўйича қўшма таълим дастурлари ва амалиётларни ташкил этиш.
4. Икки давлат ўртасида маданият ва креатив индустрия соҳаларидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг лойиҳаларига ҳар томонлама кўмаклашиш, шунингдек, халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорларнинг маблағларини жалб этиш.
5. Хориждаги ватандошлар ва маданий марказлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг миллий ўзликни, она тили ва анъаналарини асраб-авайлашга қаратилган ташаббуслари ва маданий-маърифий тадбирларига белгиланган тартибда кўмаклашиш.
II. Туризм соҳасида
6. Қабул қилувчи мамлакат ахборот маконида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг ёритишга қаратилган ахборот кампанияларини ўтказиш, шунингдек, мамлакатнинг сайёҳлик жозибадорлигини оширувчи тарғибот материалларини мунтазам равишда тарқатиш.
7. Тарихий-маданий, гастрономик, зиёрат, ҳунармандчилик, таълим ва тиббиёт туризми каби истиқболли йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда бу борда эксперт таҳлилини ўтказиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш.
8. Туризм соҳаси субъектлари ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга кўмаклашиш, маҳаллий компанияларнинг соҳа кўргазмалари ва бизнес-форумларда иштирокини ташкил этиш.
9. Туризм соҳасидаги икки томонлама халқаро шартномалар, «йўл хариталари» ва Ҳукуматлараро комиссия қарорлари ижроси юзасидан мониторинг олиб бориш, шунингдек, соҳавий ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан кенгайтириш чораларини кўриш.
10. Қабул қилувчи мамлакатнинг туризм бозори конъюнктураси ва креатив иқтисодиёт тенденцияларини чуқур таҳлил қилиш асосида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар бериб бориш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 январдаги ПФ-15-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-269-сон Фармони 4-иловасининг 17-позицияси чиқариб ташлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3325-сон қарорида:
(а) номидаги «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари «Президенти Администрацияси» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) 1-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги ПФ-111-сон Фармонига мувофиқ Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бўйсунувига ўтказилгани маълумот учун қабул қилинсин».
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги «Ипак йўли» туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3815-сон қарорининг 3-банди олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Университетнинг ректори белгиланган тартибда Туризм қўмитаси тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади».
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3920-сон қарорининг 1-банди биринчи хатбошисидаги «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари «Президенти Администрацияси» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-4115-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги «Маданият ва санъатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-36-сон қарорида:
(а) 1-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги ПФ-111-сон Фармонига мувофиқ Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бўйсунувига ўтказилгани маълумот учун қабул қилинсин»;
(i) қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш»;
(ii) олтинчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича еттинчи — ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
(iii) қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, ушбу соҳадаги муносабатларни такомиллаштириб бориш чораларини кўриш»;
(в) қуйидаги мазмундаги 31-банд билан тўлдирилсин:
«31. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
Жамғарма бошқарув ходимларининг чекланган сони 70 нафар этиб белгилансин;
Жамғарма тасарруфида «Бухоро биенналеси дирекцияси» давлат муассасаси ташкил этилсин»;
(г) қуйидаги мазмундаги 51-банд билан тўлдирилсин:
«51. Қуйидагилар оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Жамғармага бепул берилсин:
Самарқанд шаҳри Маҳмуд Қошғарий кўчаси 85/а-уй манзилида жойлашган «Ипак йўли» арт-резиденцияси биноси, амалдаги молиялаштириш манбалари ҳамда штатлар сони сақланган ҳолда;
Самарқанд шаҳри Беруний кўчаси 1-уй манзилида жойлашган «Ипак йўли» санъат галереяси биноси, амалдаги молиялаштириш манбалари ҳамда штатлар сони сақланган ҳолда;
Тошкент шаҳри Зарқайнар кўчаси 2-уй манзилида жойлашган «Охунгузар» маданий мерос объекти.
Белгилаб қўйилсинки, 2026 йилдан бошлаб Давлат бюджети ҳисобидан Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» арт-резиденцияси, «Ипак йўли» санъат галереяси ва Самарқанд вилояти болалар кутубхонасини сақлаш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш учун маблағлар Жамғармага ажратилади»;
(д) 6-банддаги «иловага» сўзи «2-иловага» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ж) қуйидаги мазмундаги 1-илова билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги ПҚ-36-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) мақоми, вазифалари ва функциялари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, ҳисобдорлик масалалари тартибини белгилайди.
2. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан амал оширади.
3. Жамғарма давлат муассасаси ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампларга, бланкаларга, мустақил балансга, ўз мулкига, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига, тижорат банкларида миллий ва хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади.
4. Жамғарманинг расмий номи:
(а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси;
қисқартирилган номи — Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси;
(б) рус тилида:
тўлиқ номи — Фонд развития культуры и искусства при Администрации Президента Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Фонд развития культуры и искусства;
(в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Art and Culture Development Foundation under the Administration of the President of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Art and Culture Development Foundation.
5. Жамғарма фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан мувофиқлаштирилади.
2-боб. Жамғарманинг асосий вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:
(а) молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
(б) халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданият ташкилотлари ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
(в) маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳияти ҳамда рақобатбардошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш;
(г) маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;
(д) хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданият муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
(ж) маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш;
(з) халқаро стандартларга мувофиқ янги маданият муассасаларини қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш;
(и) маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш;
(к) халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларнинг биргаликда молиялаштирилишини ташкил этишни таъминлаш;
(л) жаҳондаги илғор тажрибаларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш;
(м) аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
(н) қонунчиликда белгиланган манбалардан тушаётган маблағларни жамғаришни таъминлаш;
(о) ажратилаётган мақсадли маблағлардан тўғри, самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатиш;
(п) Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш;
(р) креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, ушбу соҳадаги муносабатларни такомиллаштириб бориш чораларини кўриш.
7. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
(а) молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида:
(i) маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
(ii) миллий ва хорижий маданият ҳамда санъат намояндаларининг ижоди билан танишишга доир тадбирларни ташкил этиш;
(iii) маданият ва санъатни ривожлантириш, маданий мерос соҳаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
(iv) маданият ва санъатнинг турли соҳаларини оммалаштириш, шунингдек, маданият арбобларини қўллаб-қувватлаш тадбирларини ўтказиш;
(v) Жамғарманинг ҳар йиллик календарь режасини тузиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига киритиш, бунда лойиҳаларнинг халқаро, давлатлараро ва республика каби даражаларини белгилашни назарда тутиш;
(vi) маданият ва санъатни ҳамда ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;
(vii) маданият ва санъатни ҳамда муаллифлик киносини оммалаштириш ва ривожлантириш чораларини кўриш;
(б) халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданият ташкилотлари ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестиция ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида:
(i) хорижий шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тадбирлар, шу жумладан, уларнинг инвестиция лойиҳаларида, грантларни ажратишдаги иштирокини ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси маданияти ва санъатини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа ёрдамлар кўрсатиш;
(ii) ўзбек маданияти ва санъатини оммалаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро маданий тадбирларнинг республика ва унинг ташқарисида ўтказилишини ташкил қилиш;
(iii) Ўзбекистон Республикасида меценатликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
(в) маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳияти ҳамда рақобатбардошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш борасида:
(i) маданият ва санъат арбобларини жаҳон маданий ҳамжамиятига кенг жалб этиш, шу жумладан, уларнинг халқаро кўргазмалар, конференциялар, фестиваллар ва шу кабилардаги иштирокини таъминлашга доир тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;
(ii) Ўзбекистон маданияти ва санъатини жаҳон даражасида кенг тарғиб қиладиган адабиётлар яратиш ва уларни хорижий нашриёт уйлари орқали оммалаштириш;
(г) маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш борасида:
(i) маданият ва санъат соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга, уларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга, ёшлар ҳамда Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантиришга қаратилган фаолият билан шуғулланувчи шахсларни рағбатлантиришга доир тадбирларни, шу жумладан, грант дастурларини шакллантириш орқали ташкил этиш;
(ii) Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш;
(д) хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданий муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш борасида:
(i) хорижий тажрибани доимий ўрганиш ва музейлар ҳамда бошқа маданият муассасаларининг фаолияти самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;
(ii) музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларида инклюзив муҳитни яратиш;
(ж) маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш борасида:
(i) Маданий мерос агентлиги фаолиятини ривожлантириш, унинг ваколат доирасига кирувчи масалалар, ижро ва меҳнат интизомини таъминлаш бўйича тавсиялар бериш;
(ii) Маданий мерос агентлиги таклифига асосан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг ҳар йиллик манзилли рўйхатини кўриб чиқиш ҳамда келишиш;
(iii) Маданий мерос агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари (индикаторлари)ни мониторинг қилиб бориш;
(з) халқаро стандартларга мувофиқ янги маданий муассасалар қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш борасида:
(i) маданият ва санъат объектларини лойиҳалаш, реставрация, реконструкция ҳамда қурилиш-таъмирлаш бўйича мазкур мақсадлар учун ажратилган республика бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан буюртмачи функциясини бажариш;
(ii) жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янги маданият муассасаларини қуриш ишларини амалга оширишга хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
(iii) халқаро стандартларга мувофиқ янги маданият муассасаларини қуриш ишларини амалга ошириш;
(iv) маданият муассасаларини қуриш учун мақсадли молиявий маблағлар ажратиш;
(и) маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш борасида:
(i) музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
(ii) маданият муассасаларини лойиҳалаш, реставрация, реконструкция қилиш ва қуриш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб этиш;
(iii) музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларида реставрация, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини белгиланган тартибда амалга ошириш;
(к) халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларнинг биргаликда молиялаштирилишини ташкил этишни таъминлаш борасида:
(i) халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
(ii) Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни ривожлантиришга йўналтирилган грантлар ажратиш ва бошқа кўмак беришда халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма тадбирларни, шу жумладан, уларнинг инвестиция лойиҳаларида иштирок этишини ташкил этиш;
(л) жаҳондаги илғор тажрибаларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш борасида:
(i) маданият ва санъат соҳасида жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва таҳлил қилиб бориш;
(ii) илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича асосли таклифларни тайёрлаш;
(iii) илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режалари ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш;
(м) аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида:
(i) жорий ҳолатни ўрганиш, шунингдек, маданият ва санъат ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар ҳажмини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
(ii) пулли асосда ноёб бренд маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва реализация қилиш, роялти тизимини қўллаш, шу жумладан, китоб, босма нашрлар савдоси ва Жамғарма томонидан ўтказиладиган маданий тадбирларга чипта савдосини амалга ошириш;
(iii) Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида мамлакатимиз маданияти ва санъати соҳасидаги энг яхши ютуқларни тарғиб қилиш мақсадида хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш;
(н) қонунчиликда белгиланган манбалардан тушаётган маблағларни жамғаришни таъминлаш борасида:
(i) таҳлил ўтказиш ва Жамғармага маблағларнинг ўз вақтида тушишини таъминлаш;
(ii) Жамғармага маблағларнинг тушиши ва сарфланишини прогноз қилиш;
(iii) Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини молия ташкилотларига жойлаштириш;
(о) ажратилаётган мақсадли маблағлардан тўғри, самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатиш борасида:
(i) ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш;
(ii) Жамғарманинг даромад ва харажатлари сметаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
(iii) Жамғарманинг идоравий мансуб ташкилотларини сақлаш харажатлари ва фаолиятини молиялаштириш чораларини кўриш, бу борада қўшимча молиялаштириш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиш;
(iv) Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳисобини юритиш ва уларнинг бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига ҳар йиллик ҳисоботни тақдим этиш;
(п) Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш борасида:
(i) Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш бўйича таклифларни, уларга давлат мукофотлари бериш юзасидан тақдимномаларни киритиш;
(ii) хизмат вазифаларини бажариш чоғидаги алоҳида хизматлари учун ва пенсияга (нафақага) чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш;
(iii) ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш (ходимлар учун уй-жой қуриш ва харид қилиш, санаторий-курортда даволаниш ва тиббий хизмат кўрсатиш, мукофотлар тўлаш, устамалар белгилаш, моддий ёрдам ва бошқалар);
(iv) ходимларининг лавозим маоши, илмий даражалари, узоқ муддат узлуксиз хизмати учун устама ҳақлар, байрам кунлари учун мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар, рағбатлантириш тўловлари, қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларни тўлаб бориш;
(р) креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, ушбу соҳадаги муносабатларни такомиллаштириб бориш чораларини кўриш борасида:
(i) креатив индустрияни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқариш;
(ii) креатив иқтисодиётнинг жорий ҳолати бўйича таҳлилий материалларни шакллантириш;
(iii) креатив индустрия соҳасидаги миллий ва халқаро лойиҳалар амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
(iv) зарурият туғилганда креатив иқтисодиёт соҳасида ишчи гуруҳлар, идоралараро комиссиялар ва экспертлик платформалари фаолиятини ташкил этиш.
3-боб. Жамғарманинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
8. Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
(а) белгиланган тартибда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни сўраш ва олиш;
(б) ўз банк ҳисобварақларида мазкур Низомнинг 22-бандида белгиланган манбалардан тушадиган маблағларни жамғариш;
(в) Жамғарма томонидан ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда молиялаштиришни тўхтатиш ёки ажратилган маблағларни қайтариб олиш;
(г) вақтинча бўш маблағларни ликвидли молиявий инструментларга (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва шу кабиларга) жойлаштириш;
(д) Жамғарма маблағларининг маданият ва санъатни ривожлантиришга доир аниқ лойиҳалар учун ажратилишида шартларни белгилаш;
(ж) ўз мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш;
(з) маданият ва санъатни ривожлантиришнинг турли масалалари бўйича белгиланган тартибда ташаббуслар билан чиқиш;
(и) ёшлар ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантиришга қаратилган фаолият билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган шахсларга грантлар шаклида маблағлар ажратиш;
(к) оммавий ахборот воситалари ва бошқа ахборот манбаларида ўз фаолияти ҳақида материалларни эълон қилиш;
(л) Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
(м) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;
(н) ўз ваколатлари доирасида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;
(о) идоравий мансублигидан қатъи назар, республикадаги барча музейлар, маданий мерос объектлари ҳамда маданият ва санъат муассасалари Жамғарма лойиҳаларининг амалга оширилишига ўз ваколатлари доирасида яқиндан кўмаклашиш;
(п) Жамғарма идоравий мансуб ташкилотларининг давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига белгиланган тартибда ўз ташкилий тузилмаси доирасида, текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш;
(р) қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолият турларини амалга ошириш;
(с) Жамғарма қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Жамғарма:
(а) мазкур Низомда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилишини таъминлаши;
(б) Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан доимий назоратни амалга ошириши;
(в) Жамғарма даромадларининг истиқболли кўрсаткичлари бажарилиши самарадорлигини таҳлил қилиш, аниқланган ва маблағларининг келиб тушишига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриши шарт.
4-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тартиби
10. Жамғарма фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.
11. Жамғарма раиси мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент бошлиғига тенглаштирилади.
12. Жамғарма раиси бир нафар биринчи ўринбосарга ва икки нафар ўринбосарга эга бўлади.
13. Жамғарма раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
14. Жамғарма раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитларига кўра тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
15. Жамғарма бошқарув ходимлари Жамғарма раиси томонидан тўғридан-тўғри суҳбат асосида лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
16. Жамғарма раиси:
(а) Жамғарманинг идоравий мансуб ташкилотларининг низомларини (уставларини), шунингдек, ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида Жамғарма ва идоравий мансуб ташкилотларнинг тузилмаларини тасдиқлайди;
(б) Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлайди;
(в) Жамғарманинг ҳар йиллик календарь режасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига киритади, бунда лойиҳаларнинг халқаро, давлатлараро ва республика каби даражаларини белгилашни назарда тутади;
(г) Жамғармага юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкил этади, Жамғарманинг штатлар жадвалини тасдиқлайди, хўжалик, меҳнат ва бошқа шартнома ҳамда ҳужжатларни Жамғарма номидан имзолайди;
(д) Жамғарма раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш бўйича белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритади;
(ж) маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни шартнома асосида уларга, истисно тариқасида, Жамғарма маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда жалб қилади;
(з) Жамғарма маблағлари ҳисобидан Жамғарма ходимларига уларнинг асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошлари (тариф ставкалари)га қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар ҳамда узоқ муддат хизмат қилгани учун устама ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорларини белгилайди;
(и) Маданий мерос агентлиги директори маслаҳатчилари, марказий аппарати бошқарма ва бошқа таркибий тузилмалари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан, давлат музейлари директорлари лавозимларига номзодларни тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш масалаларини белгиланган тартибда кўриб чиқади;
(к) ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши ҳақидаги ҳисоботни тақдим этади;
(л) Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланилиши, шу жумладан, хорижий инвестиция ва ҳомийларни жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
(м) мазкур Низомга ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
17. Жамғарма бошқарув ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
18. Қуйидаги ташкилотлар Жамғарма тасарруфидаги идоравий мансуб ташкилотлар ҳисобланади:
(а) «Замонавий санъат маркази» давлат муассасаси;
(б) «Франция маданият маркази» давлат муассасаси;
(в) «Миллий реставрация маркази» давлат муассасаси;
(г) «Республика болалар кутубхонаси» давлат муассасаси;
(д) «Жадидлар мероси давлат музейи» давлат муассасаси;
(ж) «Бухоро биенналеси дирекцияси» давлат муассасаси;
(з) Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» арт-резиденцияси» давлат муассасаси;
(и) Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» санъат галереяси» давлат муассасаси;
(к) «Самарқанд вилояти болалар кутубхонаси» давлат муассасаси;
(л) «Қўқон шаҳар болалар кутубхонаси» давлат муассасаси;
(м) «Креатив индустрия парки дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти.
19. Жамғарма раисига Жамғарма ва идоравий мансуб ташкилотларнинг тузилмалари ва штатлар жадвалига ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
20. Жамғарма раисининг таклифига биноан Жамғарманинг Васийлик кенгаши тузилиши мумкин, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланади.
21. Жамғарма ҳузурида маданият ва санъат арбобларидан иборат Эксперт кенгаш тузилиши мумкин, унинг таркиби Жамғарма раиси томонидан тасдиқланади.
5-боб. Жамғарма фаолиятини молиялаштириш
22. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятини, шу жумладан, Жамғарма томонидан ташкил этиладиган эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳлар, шартнома асосида жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий мутахассисларга тўловларни амалга ошириш ҳамда Жамғарма ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
(а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
(б) Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
(в) юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, меценатлик кўмаги, грантлари;
(г) қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
23. Жамғарма раиси Жамғарма маблағларининг тасарруфчиси ҳисобланади.
24. Жамғармани таъминлаш харажатлари қоплангандан сўнг Жамғарма маблағлари Жамғарманинг даромад ва харажатлари сметасига мувофиқ мазкур Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган вазифа ва функцияларни бажариш учун йўналтирилади.
25. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича бюджет ташкилотлари учун (чораклар, тушумлар манбалари ва уларнинг сарфланиш йўналишлари бўйича) қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади ва Жамғарма раиси томонидан тасдиқланади.
26. Жамғарманинг бўш маблағларидан грант асосида миллий маданий давлат дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш (биргаликда молиялаштириш) учун фойдаланилиши мумкин.
27. Жамғармага, истисно тариқасида, товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олиш учун етказиб берувчилар билан импорт битимлари (шартномалари) тузилган тақдирда, Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан (Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) 15 фоиздан ортиқ аванс тўлашга, шунингдек, Жамғарманинг тегишли йил учун мўлжалланган календарь режасида кўрсатилган муддатлардан қатъи назар лойиҳалар бўйича ушбу йил давомида шартномалар (битимлар) тузишга рухсат берилади.
7-боб. Якуний қоидалар
28. Жамғарма ҳар йили қонунчиликка мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлайди. Жамғарманинг молиявий ҳисоботи молиявий йил якунлангандан сўнг аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда текширилади. Молиявий ҳисобот, аудиторлик хулосаси ҳар йили 1 майдан кеч бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига тақдим этилади.
29. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
30. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар»;
(з) қарорга илова қарорга 2-илова деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 октябрдаги «Туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5270-сон қарорида:
(а) 3-банднинг «а» кичик банди иккинчи хатбошисидаги «, «Ипак йўли» арт-резиденцияси, «Ипак йўли» санъат галереяси» сўзлари чиқариб ташлансин;
(б) 3-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 октябрдаги ПҚ-5270-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети Васийлик кенгашининг
ТАРКИБИ

А.Ў. Аққулов

Туризм қўмитаси раиси, Васийлик кенгаши раиси

Б.Г. Абдикаримов

Маданий мерос агентлиги директори, Васийлик кенгаши раиси ўринбосари

С.А. Садуллаев

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари

С.Б. Раджабов

олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари

Б.А. Абдуҳалимов

Фанлар академияси вице-президенти

Ф.К. Умаров

Самарқанд шаҳар ҳокими

Лавозими бўйича

«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори, Васийлик кенгаши котиби

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Васийлик кенгаши раиси Васийлик кенгашининг таркибига янги аъзоларни қўшимча равишда киритиш, шунингдек, бошқа вазирликлар ва идораларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга».
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги «Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва «Workоut» спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5282-сон қарорига 1-илованинг 25-позицияси «Масъул ижрочилар» устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ёшлар ишлари агентлиги, Спорт вазирлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси».
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-177-сон қарорининг 5-бандида:
(а) иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(б) «а» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) Жамғарма раиси ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси раиси ҳисобланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.02.2026 й., 06/26/15/0102-сон)