Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг
қарори
Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини (0102-25-сон СанҚваН) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 15 сентябрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 370]
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сон «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0102-25-сон СанҚваН) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 2016 йил 1 июнда тасдиқланган «Ўзбекистон иқлим шароитларида уй-жойларни лойиҳалаш, қуриш ва сақлашнинг санитария қоидалари ва меъёрлари» 0331-16-сон СанҚваМ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.
Раис Б. ЮСУПАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 август,
22-сон
Келишилди:
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2025 йил 1 август
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. АБДУХАКИМОВ
2025 йил 29 июль
Фавқулодда вазиятлар вазири Б. КУДРАТХОДЖАЕВ
2025 йил 29 июль
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 26 июль
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 25 июль
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025 йил 4 августдаги 22-сон қарорига
ИЛОВА
Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0102-25-сон СанҚваН)
Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария-гигиена талабларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур санитария қоидаларида қуйидаги атамалар ва уларнинг таърифлари қўлланилган:
турар жой объектлари — одамлар яшаши учун мўлжалланган бинолар, доимий яшаш учун уй-жойлар (хонадонлар), шунингдек вақтинча яшаш учун ётоқхоналар, меҳмонхоналар, мактаб-интернатлар, қариялар уйлари;
санитария-муҳофаза зоналари — атмосферани ифлослантирувчи манбалар бўлган ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги объектлар учун санитария-муҳофазаси зонаси бўлиб, унинг кенглиги жойлашган ишлаб чиқаришнинг синфига қараб белгиланади;
радиочастоталар — белгилар, сигналлар, ёзма матнлар, тасвирлар ва товушларни узатиш ёки қабул қилиш мақсадида фазода сунъий тўлқин ўтказгичсиз тарқатиладиган, шартли равишда уч минг GНz дан камроқ қилиб қабул қилинган частотали электромагнит тўлқинлар;
электромагнит нурланиш — электромагнит нурланиш энергиясини ташувчи, фазода тарқаладиган электромагнит майдон тўлқинлари;
шамоллар гули — маълум ҳудуд учун румблар бўйича шамолнинг қайталанишининг график ифодаси.
2-боб. Турар жой объектларини қуриш учун ер майдонини танлашга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
2. Турар жой объектларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларига қуришга йўл қўйилади.
3. Ўзбекистон иқлим шароитида турар жой объектларини жанубий, жанубий-шарқий, шарқий ва шимолий-шарқий йўналишда жойлаштиришга йўл қўйилади.
4. Турар жой объектларини қуриш учун ер майдонларини танлаш ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» (ҳисоб рақами 261, 2024 йил 24 июнь) шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
5. Турар жой объектларининг асосий яшаш хоналарининг деразаларини мақбул йўналишда жойлаштиришда инсоляция, ёритилганлик, микроиқлим, чанг, шамоллар гули ва шовқиндан ҳимояланиш ҳисобга олиниши лозим.
6. Қуйидаги жойларда турар жой объектларини қуришга йўл қўйилмайди:
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда;
санитария-муҳофаза зоналарида ва аҳоли дам олиш жойларида;
хизмат қилиш ва зарарсизлантириш муддатлари ўтмаган органик ва радиоактив чиқиндилар билан ифлосланган ерларда;
сув таъминоти манбалари ва сув қувурлари иншоотлари жойлашган санитария-муҳофаза зонасининг биринчи ва иккинчи зоналарида (ҳалқалари доирасида);
саноат корхоналари ва иншоотларининг санитария-муҳофаза зоналарида;
турар жой ҳудудларини зарарли чиқиндилар чиқарадиган саноат корхоналари билан бир ҳудудда ёки ботиқда (ҳавонинг турғунлиги, ҳудуднинг ёмон шамоллатилиши), саноат корхоналарига нисбатан шамолга тескари томонда ва дарё оқими бўйича пастроқда жойлаштирилганда.
7. Турар жой объектлари қурилиши учун текис рельефли ҳудуд танлаб олиниши лозим.
Агар танлаб олинган ҳудуд нишабликда жойлашган бўлса, унинг оптимал қиймати 1,5 — 10 фоиздан ошмаслиги керак.
8. Рельефи бўйича нишаблиги 10 — 20 фоиз бўлган ҳудудлардан кўкаламзорлаштириш, сунъий сув ҳавзаларини қуриш ва чуқурлаштирилган транспорт йўлларини ўтказиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилади.
9. Турар жой объектлари ғарб-шарқ йўналишида 45°C бурчак остида жойлаштирилиши керак.
10. Турар жой объектларини қуришда ҳавода ультратовушнинг рухсат этилган даражалари ўртача геометрик частоталари 12,5, 16, 20, 25, 31,5, 40, 50, 63, 80, 100 kНz бўлган учдан бир октавали чизиқ (полоса)ларда десибелларда товуш босими даражалари бўйича ҳисобланиши лозим.
Контактли ультратовушнинг рухсат этилган даражалари ўртача геометрик частоталари 16, 31,5, 63, 125, 250, 500, 1000, 2000, 4000, 8000, 16000 ва 315000 kНz бўлган октава чизиқларда (полосаларида) тебраниш тезлигининг максимал қийматлари ёки уларнинг десибеллардаги логарифмик даражалари асосида ҳисобланиши керак.
11. Доимий инфратовушнинг рухсат этилган даражалари частоталарнинг октава чизиқ (полоса)ларидаги товуш босими (db) даражаси бўйича 2, 4, 8, 16 Нz бўлиши, доимий бўлмаган инфратовушнинг рухсат этилган даражалари Нz ва dBGek бирлигида ўлчаниши ҳамда эквивалент (энергия бўйича) ва товуш босими даражаси (инфратовуш даражаси) бўйича белгиланиши керак.
12. Турар жой объектларини қуришда ва унинг ҳудудларида инфратовушнинг рухсат этилган даражалари мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
13. Турар жой объектлари ҳудудида радиочастота диапазонидаги электромагнит нурланишнинг рухсат этилган даражалари 30 kНz — 3000 GНz бўлган радиочастота оралиғида аниқланиши лозим.
14. Радиочастота диапазонидаги электромагнит нурланишларнинг рухсат этилган даражаси қуйидагича бўлиши керак:
30 kНz — 300 MНz частоталар оралиғида — радиочастота диапазонидаги электромагнит нурланиш электр таркибий қисмининг ўртача квадратик кучланганлик қиймати V/m бирлигида;
300 MНz — GНz частоталар диапазонида — энергия оқими зичлигининг ўртача квадратик қиймати mkW/cm2 da.
Бунда ҳар бир частоталар диапазони қуйи чегаравий частотани ўз ичига олиши ҳамда юқори чегаравий частота ҳисобга олинмаслиги зарур.
3-боб. Турар жой объектларини лойиҳалаштиришга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
15. Турар жой объектлари хонасидаги деразаларни уфқнинг ғарбий томонига 200 — 290° оралиғида йўналтиришга йўл қўйилмайди.
Икки хонали квартирани битта хонаси, уч хонали квартирани иккита хонаси, ётоқхоналарда эса жами хоналарнинг 25 фоизи уфқнинг жанубий, жанубий-шарқий, шарқий томонига йўналтирилган бўлиши керак.
16. Инсоляциянинг ортиқча иссиқлик таъсирини чеклаш мақсадида, турар жой объектларнинг яшаш хоналари ва ётоқхоналари ёруғлик дарчалари 90° дан 290° гача бўлган йўналишларга қаратилмаслиги лозим.
17. Турли мақсадларга мўлжалланган майдончаларнинг жойлашуви, уларнинг ўлчамлари ҳамда автотранспорт воситаларини вақтинчалик ва доимий сақлаш учун мўлжалланган автотураргоҳлардан нотурар жой объектларининг деразасигача бўлган масофалар ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ҳисоб рақами 261, 2024 йил 24 июнь) мувофиқ бўлиши керак.
18. Турар жой объектларидаги (балкон ва лоджиялардаги билан бирга) радиочастота диапазонига оид электромагнит нурланишининг йўл қўйиладиган даражалари (узлукли ва иккиламчи нурланишни ҳам ҳисобга олган ҳолда) мазкур санитария қоидаларининг 2-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
19. Турар жой объектларидаги телекоммуникация ускуналари ўрнатилган томларда узаткичлар ишлаётганда, у ерда одамларнинг бўлиши тақиқланган чегарани кўрсатувчи тегишли белгилар қўйилиши лозим.
20. Саноат корхоналари атрофидаги ҳудудда қурилиши режалаштирилаётган турар жой объектларида (девор ва деразалардан 0,2 м ичкари масофада ҳамда полдан 0,50 — 1,8 м баландликда) саноат частотаси 50 Нz, электр майдон кучланганлиги эса 0,5 kV/m дан ошмаслиги лозим.
21. Саноат частотаси 50 Нz бўлган турар жой объектларида магнит майдон индукцияси (девор ва деразалардан 0,2 м ичкари масофада, полдан 0,50 — 1,5 м баландликда) 10 mkTдан ошмаслиги керак.
22. Турар жой объектлари ҳудудида 50 Нz частотадаги электр узатиш линиялари ва бошқа манбалардан келадиган электр майдонининг кучи ер юзасидан 1,8 м баландликда 1 kV/m дан ошмаслиги керак.
23. Электромагнит ва электр майдонларини буюмларнинг олд, орқа ва ён томонларидан 10±0,1 м масофада ўлчашга йўл қўйилади (телевизорларнинг мониторлари бундан мустасно).
24. Телевизорлар мониторлари учун электромагнит ва электр майдонларини экран марказидан 50±0,2 м масофада ўлчашга йўл қўйилади.
25. Ўзгарувчан ва магнит майдонларнинг электромагнит ва электр майдонларини ўртача квадратик қийматлар бўйича, электростатик майдонларнинг электромагнит ва электр майдонларини эса максимал квадратик қийматлар бўйича ўлчашга йўл қўйилади.
26. Ўлчашни амалга оширишда қуйидаги шартларга риоя қилиниши лозим:
ҳаво ҳарорати — 22±5°C бўлиши;
нисбий намлик — 40 — 60 фоиз бўлиши;
электр ва магнит майдонларининг кучланганлиги мос равишда 2,5 V/m ва 2,5 nT дан ошмаслиги керак.
27. Турар жой объектлари ичидаги эквивалент нурланиш дозасининг қуввати очиқ жойлар учун рухсат этилган доза қувватидан 0,3 mkZv/h ортиқ бўлмаслиги лозим.
28. Янги қурилаётган турар жой объектларида хоналар ҳавосидаги радоннинг ўртача йиллик эквивалент ҳажми 370 Bk/m3 дан ошмаслиги лозим.
29. Турар жой объектлари хоналарининг ҳаво муҳитини аниқлашда мазкур санитария қоидаларининг 3-иловасида келтирилган ифлослантирувчи, гигиеник жиҳатдан аҳамиятли моддалар ҳисобга олиниши лозим.
30. Турар жой объектларида хоналарнинг 1м3 ҳавосидаги енгил мусбат ионларнинг энг кам миқдори 400 — 600 ion/cm3 дан, оптимал миқдори 1500 — 5000 ion/cm3 дан, йўл қўйиладиган миқдори эса 5000 ion/cm3 дан ошмаслиги лозим.
31. Турар жой объектларида ҳаводан намуналар олиш вақтида аниқланган бир нечта моддаларнинг концентрациялари йиғиндиси 1 (бирлик)дан ошмаслиги лозим.
32. Турар жой объектларини лойиҳалаштиришда қуйидаги моддалар йиғиндисининг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарарли таъсирини ҳисобга олиш зарур:
аммиак, водород сульфид;
аммиак, водород сульфид, формалдегид;
аммиак, формалдегид;
азот диоксиди, гексан, углерод оксиди, формалдегид;
азот диоксиди, гексан, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди;
азот диоксиди, олтингугурт диоксиди;
азот диоксиди, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, фенол;
асеталдегид, виниласетат;
асетон, акролеин, фтал ангидриди;
асетон, фенол;
асетон, асетофенон;
озон, азот диоксиди, формалдегид;
қўрғошин оксиди, олтингугурт диоксиди;
водород сульфид, динил;
водород сульфид, формалдегид;
мис сульфат, кобальт, никел, олтингугурт диоксиди;
олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, фенол;
олтингугурт диоксиди ва олтингугурт триоксиди, аммиак ва азот оксидлари;
углерод оксиди ва цемент ишлаб чиқариш чанги;
цирка кислотаси, фенол, этиласетат;
циклогексан ва бензол;
этилен, пропилен, бутилен ва амилен.
33. Кам қаватли ва/ёки бир қаватли уйларнинг яшаш ҳамда хўжалик хоналарини кичик очиқ ҳовли атрофида жойлаштириб лойиҳалаштиришга, шунингдек хоналараро очиқ ва ярим очиқ боғловлардан (бостирма, галерия (йўлак) фойдаланишга йўл қўйилади.
34. Турар жой объектларини лойиҳалаштиришда қуйидагилар инобатга олиниши керак:
ёнғин хавфсизлиги ва функционал-типологик талаблар;
ШНҚ 2.07.02-24 «Қурилиш объектларини ногиронлиги бўлган ва ҳаёт фаолияти чекланган шахслар ҳамда кексалар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ҳисоб рақами 331, 2025 йил 27 январь) талаблари;
зилзилабардошлик, микроиқлим қулайлиги, энергия тежамкорлик ва энергия самарадорликни таъминлаш талаблари;
замонавий муҳандислик жиҳозларини қўллаш талаблари;
яшовчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кексаларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминловчи қурилмалар;
инсоляция, ҳаво ҳаракати тезлиги, табиий шамоллатилиши, ҳаво ҳароратининг вертикал ва горизонтал йўналиши;
шовқин, тебраниш, ультратовуш, электромагнит тўлқинлар, радиочастоталар ва статик электрнинг рухсат этилган даражаларда бўлиши.
35. Иссиқлик ютиш сиғими юқори бўлган қурилиш материалларини камроқ иссиқлик ютиш сиғимига эга бўлган материаллар билан алмаштиришга йўл қўйилади.
36. Турар ва нотурар жой объектларида фрамугали деразаларни ўрнатиш лозим.
37. Янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган кўп квартирали уйларнинг пастки қаватларида савдо-маиший хизмат кўрсатишга мўлжалланган хоналар, офисларни жойлаштиришга йўл қўйилади.
Бунда, нотурар жой хоналари жойлашган қаватнинг баландлиги ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ҳисоб рақами 261, 2024 йил 24 июнь) мувофиқ бўлиши лозим.
38. Турар ва нотурар жой объектларида қуйидагиларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди:
алкогол ва гиёҳванд моддаларга қарамлик, юқумли касалликлар (шу жумладан сил) билан оғриган шахсларга ёрдам кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаларини;
микробиологик лабораторияларни;
магнит-резонанс томография бўлимларини;
кимёвий тозалаш хоналарини.
39. Турар жой объектларини лойиҳалаштиришда майдон бир киши ҳисобига 16 м2 дан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун эса 23 м2 дан кам бўлмаслиги керак.
40. Табиий ҳаво алмашинувини пасайтирадиган хочсимон, Г-симон ва П-симон ҳамда узунлиги 100 м дан ортиқ бўлган турар жой объектларини лойиҳалаштиришга йўл қўйилмайди.
41. Юқори қават полининг сатҳи ер сатҳидан 13 м ва ундан кўп бўлган турар жой объектларида лифт қурилмаларини ўрнатиш лозим.
42. Ногиронлиги бўлган ва ҳаёт фаолияти чекланган шахслар ҳамда кексаларни жойлаштириш учун махсус кўп квартирали ҳамда интернат уйларни икки қаватдан баланд қилиб лойиҳалаштиришга йўл қўйилмайди.
43. Қуёшдан ҳимоя қилиш воситаси сифатида темир-бетон тўсиқларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
44. Турар жой объектларининг хоналарини режалаштиришда даҳлиз, кириш қисми турар жой хоналаридан йўлак орқали ажратилган бўлиши лозим.
Бунда, мазкур хоналарнинг минимал майдонлари ШНҚ 2.08.01-24 «Турар жой объектларини лойиҳалаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ҳисоб рақами 293, 2024 йил 25 сентябрь) талабларига мувофиқ бўлиши зарур.
45. Икки қаватли квартирани режалаштиришда душхона иккинчи қаватда, ҳожатхона эса ҳар иккала қаватда жойлаштирилиши керак.
46. Яшаш хоналарининг ёрдамчи хоналари (даҳлиз, душли ҳожатхона, ошхона ёки тахмонсимон ошхона) яшаш гуруҳига жамланиши керак.
47. Турар жой объектларида жойлаштирилган нотурар жой объектлари алоҳида кириш йўлларига эга бўлиши лозим.
48. Турар жой объектининг яшаш хоналари устига, остига ёки ёнида юқори даражали зарарли физик омиллар манбаи бўлган муҳандислик жиҳозларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
49. Турар жой объектига туташ ҳудудларда қуйидаги шарт-шароитлар таъминланган бўлиши керак:
ободонлаштирилган, кўкаламзорлаштирилган ва тоза сақланиши;
ёмғир ва қор сувларини кетказиш учун сувларни оқизиш тизими (муҳандислик-техник таъминот тармоқлари ва уларнинг муҳандислик жиҳозлари);
ёритиш тизими;
дам олиш, болалар ва спорт майдончалари;
хўжалик-маиший фаолият учун жойлар.
50. Турар жой объектига киришда чиқинди қутилари, ўриндиқлар ўрнатилиши лозим.
51. Турар жой объектлари атрофидаги йўллар ва пиёдалар йўлаклари учун қаттиқ қопламалар кўзда тутилиши керак.
52. Турар жой объектларини лойиҳалаштириш, мавжуд турар жой объектларини реконструкция қилиш ёки мукаммал таъмирлашда уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш назарда тутилиши лозим.
53. Қурилиши тугалланган турар жой объектлари ёки уларнинг муҳандислик тармоқларида қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
инструментал ва лаборатория тадқиқотлари, шу жумладан ичимлик суви сифатини аниқлаш;
физик омилларни (уларнинг манбалари турар жой объекти ичида мавжуд бўлганда), гамма-нурланишларни ўлчаш.
54. 1 — 4 қаватли бўлган уйларда фақат ярим ертўла (сокол) қаватларда, кўп қаватли уйларда эса икки қаватдан ортиқ бўлмаган қисмда фаолият турларини жойлаштиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 24 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя қилиниши лозим.
Кўп қаватли турар жой объектининг ярим ертўла (сокол) қаватларида ушбу уйда яшовчилар учун санитария-гигиена ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда ўрнатилган ва қурилган автотураргоҳларни ШНҚ 2.05.07-24 «Автотураргоҳлар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ҳисоб рақами 335, 2025 йил 24 февраль) талабларига мувофиқ жойлаштиришга йўл қўйилади.
55. Лойиҳаланаётган беш ва ундан ортиқ қаватли турар жой объектининг ички туташган хоналарида кам сиғимли (1-2 гуруҳ) мактабгача таълим ташкилотларидан ташқарига алоҳида чиқиш йўлини лойиҳалашга йўл қўйилади.
56. Маҳаллий шароитлари қулай бўлган ҳудудларда (ер ости сувлари сатҳи паст, грунтларнинг чўкувчанлиги кам бўлган) қозонхоналар, устахоналар, омборхоналарни жойлаштириш учун ярим ертўла (сокол) қаватларини қуришга йўл қўйилади.
Кўп квартирали турар жой объектларининг биринчи ёки ярим ертўла (сокол) қаватларида раквинали тозалаш анжомларини сақлаш учун омборхоналарни жойлаштиришга йўл қўйилади.
Ярим ертўла (сокол) қаватларида техник қаватдан ташқари яшовчилар учун хўжалик омборларини жойлаштиришга йўл қўйилади.
57. Яшаш хоналарини ертўла қаватларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
58. Кўп квартирали уйларнинг ярим ертўла (сокол) қаватларида қуйидаги шартлар бажарилганда яшаш хоналарини жойлаштиришга йўл қўйилади:
ерости сувлари ер сатҳидан 3 м ва ундан пастда бўлган ҳудудларда;
ярим ертўла (сокол) қаватининг камида 1/3 қисми ер сатҳидан юқорида лойиҳалаштирилганда;
ярим ертўла (сокол) қавати хоналарининг полдан шифтгача бўлган баландлиги 2,7 м дан кам бўлмаганда;
ярим ертўла (сокол) дан ўтувчи горизонтал муҳандислик тизимлар (тармоқлар) яшаш хоналарини инобатга олган ҳолда жойлаштирилганда;
ярим ертўла хоналарининг ташқи деворлари ва полларининг иссиқлик ҳимояси ҳамда сувдан ҳимоялаш (гидроизоляция) таъминланганда;
ярим ертўлаларда (сокол) умумий фойдаланишдаги алоҳида техник хоналар лойиҳалаштирилганда;
ярим ертўла (сокол) турар жой қисмидаги ювиниш ва ҳожатхона жойлашуви лойиҳа ҳужжатларида тепа қаватлар билан бир хил бўлганда;
ярим ертўла (сокол) турар жой қисмидан умумий фойдаланишдаги оқова сувларни оқизиш тармоқларини ораёпма қисмидан горизонтал равишда ўтказилмаган ва муҳандислик тармоқларини девор ичига жойлаштирилмаган ҳолда;
яшаш хоналаридан тўғридан тўғри ташқарига чиқувчи деразалар ўрнатилганда;
табиий ёруғлик ва инсоляция даражаси 22 февралдан 22 октябргача бўлган даврда 2 ҳ (соат) дан кам бўлмаганда;
ҳавонинг яхши айланиши (механик вентиляцияси) таъминланганда;
ярим ертўла (сокол) қаватидаги ошхона ва санитария хоналари оқова сувларни чиқариб юбориш тизими бинонинг умумий канализация тизими сатҳидан юқори жойлашганда ҳамда қайтарувчи клапан билан жиҳозланганда;
таом тайёрлаш учун электр плиталардан фойдаланилганда;
табиий ва суюлтирилган газларда, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларда ҳамда портлаб ёниш хавфига эга бўлган бошқа моддалар ва материалларда ишлайдиган қурилма ва асбоб-ускуналар бўлмаганда.
59. Кўп квартирали уйларнинг биринчи ёки ярим ертўла (сокол) қаватларида хўжалик ва тозалаш анжомларини сақлаш учун хоналарни жойлаштиришга йўл қўйилади.
60. Турар жой объектларига ёнғин-қутқарув техникалари ўтиш йўллари ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ҳисоб рақами 261, 2024 йил 24 июнь) талабларига мувофиқ лойиҳалаштирилиши лозим.
61. Кўп квартирали уйларнинг ертўла ва ярим ертўла (сокол) қаватларидан фойдаланишда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари инобатга олиниши лозим.
62. Турар жой объекти хоналарида, шунингдек унинг том ва қурилмалар конструкцияларида нотурар жой объектларига хизмат кўрсатишга мўлжалланмаган, зарарли моддалар ажратадиган, шовқин ва тебраниш ҳосил қиладиган, зарарли нурланиш манбаи бўлган қурилмаларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
63. Турар жой объектида ва техник қаватларда ҳамда чордоқларда кўчма ёки бошқа турдаги базавий радиоалоқа станцияларини ва бошқа радиоузатувчи қурилмаларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
64. Яшаш учун мўлжалланмаган нотурар жой ва маъмурий-хизмат хоналарида автоматик ёнғин сигнализацияси, ёнғин ҳақида хабар бериш тизими ва автоматик ёнғин ўчириш қурилмалари ўрнатилиши ШНҚ 2.04.09-21 «Бино ва иншоотларнинг ёнғин автоматикаси тизими. Лойиҳалаш талаблари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ҳисоб рақами 323, 2024 йил 23 декабрь) ва ШНҚ 2.08.01-24 «Турар жой объектларини лойиҳалаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ҳисоб рақами 293, 2024 йил 25 сентябрь) талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
65. Синтетик буюмлар (гуллар, гиламлар) дўконларини кўп квартирали уйларнинг оловбардошлик чегараси РЕИ 150 бўлган яхлит деворларига туташган хоналарда жойлаштиришга йўл қўйилади.
66. Электр энергияси билан иситишда заводда тайёрланган электр иситиш ускуналаридан фойдаланиш кўзда тутилиши лозим.
67. Лифт олдидаги майдонча эни беморларни тез ёрдам замбилларида ташишга имкон бериши ва ШНҚ 2.07.02-24 «Қурилиш объектларини ногиронлиги бўлган ва ҳаёт фаолияти чекланган шахслар ҳамда кексалар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ҳисоб рақами 331, 2025 йил 27 январь) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
68. Лифтлар ва уларнинг шахталарини турар жой хоналари устида ёки уларга туташ жойларда ўрнатишга йўл қўйилмайди.
4-боб. Турар жой объектларини қурилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
69. Ўзбекистон иқлим шароитида турар жой объектлари қурилишида қўлланиладиган қурилиш материаллари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
паст иссиқлик ўтказувчанликка эга бўлиши ва тўсиқларнинг етарли даражада иссиқлик қаршилиги ҳамда иссиқликка чидамлилигини таъминлаши;
яхши ҳаво ўтказувчанлик ва ғовакликка эга бўлиши;
намликни шиммайдиган ва паст товуш ўтказувчанликка эга бўлиши;
иншоотларнинг мустаҳкамлигини, оловбардошлилигини таъминлаши;
атроф-муҳитга, инсон ҳаёти ва саломатлигига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳид ҳамда концентрацияларни ҳосил қилувчи учувчан моддаларни ажратмаслиги;
микрофлоранинг ривожланишини, замбуруғлар ва сув ўтларининг ўсишига йўл қўймаслиги;
ишлов бериш ва дезинфекция қилиш учун қулай бўлиши.
70. Қурилиш ва пардозлаш материаллари юзасидаги электростатик майдоннинг кучланганлик даражаси 15 кВ/м дан ошмаслиги лозим (нисбий намлик 30 — 60 фоиз бўлганда).
71. Яшовчилар учун қурилиш материалларининг радиоактивлиги билан боғлиқ ионлаштирувчи нурланиш жадаллиги (интенсивлиги) қийматининг дозавий чегаралари ўртача 5 йил давомида йилига 1 мСв/йил дан ошмаслиги керак.
72. Кўп қаватли ва якка тартибдаги турар жой объектларнинг қурилишида асоси асбест ва асбесцементдан ташкил топган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
5-боб. Турар жой объектларининг хоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
73. Санузел душхонадан алоҳида жойлаштирилганда ҳамда иккита ҳожатхона мавжуд бўлганда барча ҳожатхоналар қўл ювгичлар билан жиҳозланиши керак.
74. Кўп қаватли квартиралардаги хонадонларда дераза ўринларига фрамугалар ўрнатиш ва дераза ўринларини балкон эшиклари билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
75. Ёрдамчи хоналарнинг кенглиги қуйидагидан кам бўлмаслиги керак:
ошхона — 6 м2, икки ва ундан ортиқ хонали — 8 м2;
даҳлиз, йўлак — 4 м2;
бирлаштирилган ҳожатхона — 4 м2;
қўл ювгич ўрнатилган ҳожатхона 3,5 м2.
6-боб. Турар жой объектларининг иситилиши, вентиляцияси ва кондицияланишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
76. Турар жой объектлари маҳаллий ва умумий вентиляция билан таъминланган бўлиши лозим.
77. Турар жой объектининг хоналари, ошхона ва ҳожатхоналарнинг ҳамда нотурар жой объектларининг вентиляция тизими бир-биридан алоҳида бўлиши керак.
78. Турар жой объектида иситиш тизими ва панжаралар билан жиҳозланган фрамуга ҳамда вентиляция каналлари орқали ҳаракатланувчи табиий тортувчи вентиляция блокларини кўзда тутиш лозим.
79. Турар жой объектлари хоналарининг табиий шамоллатилиши фрамугалар ёки деразалар орқали амалга оширилиши лозим.
Вентиляция каналларининг тортувчи тешиклари ошхона, ҳаммом ва ҳожатхоналарда ҳам ўрнатилиши керак.
80. Турар жой объекти хоналарининг ҳаво ҳарорати ва ҳаво ҳаракати кўрсаткичлари мазкур санитария қоидаларининг 4-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
81. Турар жой объектининг бурчак хоналарида совуқ мавсумда ҳаво ҳарорати 2°C дан юқори бўлиши ҳамда ташқи деворга қўшимча иситиш мосламаси ўрнатилган бўлиши зарур.
82. Турар жой объектлари хоналаридаги микроиқлим кўрсаткичлари мазкур санитария қоидаларининг 5-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
83. Турар жой объектларининг иситиш тизимлари хоналар ҳавосини бир текис иситишни таъминлайдиган ва иссиқлик оқимини бошқарадиган қилиб лойиҳалаштирилиши зарур.
84. Ичига иситиш элементлари ўрнатилган қурилиш конструкциялари юзасининг ўртача ҳарорати қуйидагилардан ошмаслиги керак:
одамлар доимий турадиган хоналарнинг поллари учун — 24°C;
баландлиги 2,5 — 2,8 м бўлган хоналар шифти учун — 28°C;
баландлиги 1,8 — 3,0 м бўлган хоналар шифти учун — 30°C.
85. Турар жой объекти хоналарида пол юзасининг ҳарорати иситиш элементлари ўқи бўйлаб 35°C дан ошмаслиги лозим.
86. Сув билан иситиш тизимининг иситиш жиҳозларининг юзаси осон тозаланадиган силлиқ юзали бўлиши ва юза ҳарорати 90°C дан юқори бўлмаслиги керак.
87. Даврий ёқиладиган хоналарда ҳаво ҳароратининг ўзгаришини сутка давомида ±3°C дан оширишга йўл қўйилмайди.
7-боб. Турар жой объектларининг сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юборишга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
88. Марказлаштирилган сув таъминотига эга бўлган турар жой объектларида совуқ ва иссиқ сув қувурлари, ёнғинга қарши сув таъминоти, шунингдек маиший оқова сув тизими бўлиши керак.
89. Марказлаштирилган сув таъминоти, оқова сувларни чиқариб юбориш ва иссиқлик-газ таъминоти тизими мавжуд бўлмаган ҳолларда, муҳандислик жиҳозларининг автоном (маҳаллий) тизимларидан фойдаланиш лозим.
90. Марказлаштирилган сув таъминоти мавжуд бўлмаганда, сув етказиб бериш учун маҳаллий қудуқ қазиб, насос ўрнатишга йўл қўйилади.
Иссиқ сув таъминоти ёки иситиш учун эса маҳаллий қозонхона қуриш ёки турли хилдаги индивидуал иситиш ускуналаридан фойдаланишга йўл қўйилади.
Марказлаштирилган оқова сувларни чиқариб юбориш тизими мавжуд бўлмаганда, оқова сувлар учун чуқур ўралар ёки фильтр қудуқли септик дренаждан фойдаланиш лозим.
91. Турар жой объектларини бинодан 5 — 15 м, ҳожатхоналардан 10 — 20 м дан кам бўлмаган масофада жойлашган ер ости сув таъминоти манбалари (шахтали ёки қувурли қудуқлар) орқали сув билан таъминлаш керак.
8-боб. Турар жой объектларининг табиий ва сунъий ёритилиши ҳамда инсоляциясига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
92. Турар жой объектида табиий ва сунъий ёритиш ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ҳисоб рақами 309, 2025 йил 25 октябрь) талабларига мувофиқ бўлиши керак.
93. Яшаш хоналари ва ошхонада ёруғлик ўтказувчи тирқишлар майдонининг пол майдонига нисбати 1:10 гача бўлиши лозим.
94. Йилнинг баҳор-куз мавсумида 1 — 3 хонали квартираларнинг камида битта хонасига ва 4-5 хонали квартираларда камида иккита хонасига қуёш нурининг давомий тушиши таъминланиши керак.
95. Турар жой объектлари инсоляциясининг энг мақбул самарадорлигига эришиш учун хона 22 мартдан 22 сентябргача бўлган даврда 2 h (соат) давомида ва уй атрофидаги ҳудудда камида 0,5 — 1 h (соат) давомида узлуксиз қуёш нури таъсири остида бўлиши лозим.
96. Яшаш хоналаридаги ёруғлик ўтказувчи тирқишлар ва кўндаланг девор орасидаги оралиқ деворларнинг кенглиги 1,4 м дан ошмаслиги керак.
97. Бир томонлама ёритилган турар жой объекти хоналарининг чуқурлиги 6 м дан, кенглиги эса чуқурлигининг икки бараваридан ошмаслиги зарур.
98. Зинапоя майдончасидаги ёруғлик ўтказгич тешикларининг (дераза ёки бошқа тешиклар) майдони зинапоя жойлашган қаватнинг майдонига нисбатан 1:9,6 ёки 1:8 нисбатда бўлиши лозим.
99. Йўлакли турар жой объектларининг умумий йўлакларида деразалар майдони йўлак майдонининг камида 1/16 қисмини ташкил этиши керак.
100. Ёритиладиган умумий йўлакларнинг узунлиги қуйидагилардан ошмаслиги лозим:
бир томондан ёритилганда 24 м дан;
икки томондан ёритилганда 48 м дан.
101. Ёритиладиган йўлак 24 ва 48 м дан узун бўлса, кенгайтирилган қисмлар (ҳоллар) орқали қўшимча табиий ёритиш таъминланиши, бунда икки ҳолл ҳамда ҳоллар ва йўлак четидаги дераза ўрни орасидаги масофа 24 м дан ошмаслиги керак.
102. Секцияли ва йўлакли уйларда табиий ёруғликсиз 14,4 м дан ошмайдиган узунликдаги қаватма-қават йўлаклар ва ҳоллар қурилишига йўл қўйилади.
103. Турар жой объектини соялаб турувчи баланд шохли дарахтлар табиий ёруғликнинг сезиларли даражада камайишига таъсир қилмаслиги учун бинолардан 10 м дан кам бўлмаган масофада экилиши керак.
104. Сунъий ёритишга қўйиладиган асосий гигиеник талаблар қуйидагича бўлиши лозим:
ёритиш хоналарнинг вазифасига мос келиши;
бошқариладиган ва хавфсиз бўлиши;
кўзни қамаштирмаслиги, шунингдек инсонга ва хонанинг ички муҳитига зарарли таъсир кўрсатмаслиги.
105. Турар жой объектларининг барча хоналари сунъий ёритиш тизими билан таъминланган бўлиши лозим.
106. Квартираларнинг яшаш хоналарида ҳар бир тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган 10 м2 юзага (ҳаммом хонасидаги розеткани ҳисобга олмаганда) камида битта штепсел розеткаси бўлиши керак.
107. Хоналарнинг умумий ёритгич ўчиргичлари эшик дастаси томонидаги деворга полдан 0,8 — 1,5 м баландликда ўрнатилиши керак.
108. Турар жой объектлари хоналарида, ошхоналарда ёритилганликнинг ўртача даражаси хонада ўрнатилган барча ёритгичлар (стол усти чироқларидан ташқари) биргаликда ишлаётганда камида 100 lx бўлиши керак.
109. Йўлакларда, ҳаммом ва ҳожатхоналарда пол сатҳидаги ёритилганлик 50 lx ни ташкил этиши керак. Бу хоналарда ёритгичларнинг корпус ва патронлари изоляцияловчи материалдан тайёрланиши зарур.
110. Зинапоя поғоналарида, лифт майдонлари ҳамда хонадонлар ва ётоқхоналарга туташган йўлакларда ёритилганлик даражаси 50 lx дан кам бўлмаслиги керак.
111. Баландлиги беш қават ва ундан юқори бўлган турар жой объектининг йўлак ва зинапояларида эвакуация учун фавқулодда ёритиш тизими ўрнатилиши зарур.
Эвакуация ёритгичи одатдаги ёритиш тўхтаганда, йўлаклар поли ва зинапоя поғоналарида камида 0,5 лх ёруғликни таъминлаши лозим.
112. Яшаш хоналаридаги умумий ёритиш чироқларининг солиштирма қуввати 15 W/m2 дан кам бўлмаслиги зарур.
9-боб. Турар жой объектларида шовқин ва тебранишга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
113. Турар ва нотурар жой объектлари хоналарига кириб келувчи шовқин ҳамда қурилиш ҳудудидаги шовқиннинг рухсат этилган октава товуш босими даражалари ва умумий товуш даражалари мазкур санитария қоидаларининг 6-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
114. Шовқиннинг хусусияти ва ташқи шовқин манбалари жойлашувига кўра, турар ва нотурар жой объектлари хоналари учун шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси мазкур санитария қоидаларининг 7-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
115. Турар жой объектларининг ертўлаларида насос, вентиляция хоналари ва муҳандислик-техник блокларни ушбу санитария қоидаларининг 6-иловаси талаблари бажарилганда, жойлаштиришга йўл қўйилади.
116. Янги қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган кўп қаватли турар жой объектларини лойиҳалаштиришда уларнинг томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панеллари ҳамда гелеоколлекторларни ўрнатиш кўзда тутилиши лозим.
117. Доимий вертикал ва горизонтал тебранишларнинг рухсат этилган даражаларини нормалаш қуйидагилар асосида амалга оширилиши керак:
тебраниш тезланиши — a (m/s2) ва тебраниш тезлиги — v (m/s) нинг ўртача квадратик қийматлари;
вертикал ва горизонтал тебранишларнинг логарифмик даражалари Ls va Lv.
Булар октава чизиқлари (полосалари) бўйича десибелларда (dB) ифодаланиб, 2, 4, 8, 16, 31,5 ва 63 Нz дискрет геометрик частоталарга эга бўлиши лозим.
Доимий бўлмаган вертикал ва горизонтал тебранишларнинг рухсат этилган даражаларини нормалаш эса тебраниш тезлиги ёки тебраниш тезланишининг эквивалент тузатилган қиймати (Vekv) ёхуд уларнинг логарифмик даражаси (I Vekv) асосида амалга оширилиши керак.
118. Доимий бўлмаган тебранишларни ўлчашда (вибротезлик ва вибротезланиш даражалари «Секин» ва «Лин» хусусиятлари ёки «К» тузатиши бўйича 10 мин давомида 6 dB дан ортиқ ўзгарадиган) тебраниш тезлиги, тебраниш тезланиши ёки логарифмик даражаларнинг эквивалент тузатилган қийматларини аниқлаш лозим.
Бунда, ўлчанаётган тебраниш даражаларининг максимал қийматлари рухсат этилганидан 10 dB га ортиқ бўлмаслиги керак.
119. Турар жой объектлари хоналарида ички ва ташқи манбалардан келадиган тебраниш даражалари мазкур санитария қоидаларининг 8-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
120. Кундузги вақтда хоналарда тебраниш даражасининг 5 дБ гача ошишига йўл қўйилади.
10-боб. Турар жой объектларини кўкаламзорлаштиришга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
121. Яшил белбоғларни (дарахтлар ва кўкаламзорлар) яратиш орқали шовқинни камайтириш мазкур санитария қоидаларининг 9-иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
122. Яшил белбоғлар (дарахтлар ва кўкаламзорлар) тез ўсувчи, аҳоли пунктларида ташқи муҳит шароитларига мос, чиқинди газларга чидамли дарахт ва буталардан (бальзам терак, майда баргли жўка, шумтол, настарин, ўткир баргли заранг) ташкил этилиши керак.
123. Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 м дан баланд ва умумий майдони 500 м2 ортиқ бўлган турар жой объектларига туташ ҳудудлардаги ерларнинг 25 фоизида кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилиши лозим.
124. Лойиҳалаштирилаётган ва қурилаётган кўп қаватли турар жой объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда ёмғир сувини йиғиш, сақлаш ва улардан дарахтларни суғоришда фойдаланиш лозим.
125. Мазкур санитария қоидаларини ишлаб чиқувчилар рўйхати 10-иловада келтирилган.
Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
1-ИЛОВА
Турар жой объектларини қуришда ва унинг ҳудудларида инфратовушнинг рухсат этилган даражалари

Ўрта геометрик частотали октава чизиқларидаги товуш босими даражалари, dB, Нz

Умумий товуш босими даражаси

dB Lin

2

4

8

16

Турар жой объектлари

75

70

65

60

75

Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
2-ИЛОВА
Турар жой объектларидаги радиочастота диапазонига оид электромагнит нурланишининг йўл қўйиладиган даражалари

Частота диапазонларида чегаравий рухсат этилган даражалар

30 MНz гача

30 MНz — 300 MНz

300 MНz — 300 GНz

Турар жой объектлари

(балконлар ва лоджиялар билан бирга)

1 V/m

3 V/m

2,5 mkW/cm2

Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
3-ИЛОВА
Турар жой объектлари хоналарининг ҳаво муҳитини ифлослантирувчи, гигиеник жиҳатдан энг аҳамиятли моддалар
РЎЙХАТИ

Т/р

Модда номи

Формула

Ўртача суткалик РЕК қиймати

мг/м3

Хавфлилик синфи

1.

Азот (1) оксиди

NO2

0,04

2

2.

Аммиак

3

0,04

4

3.

Асеталдегид

C2Н4O

0,01**

3

4.

Бензол

C6Н6

0,1

2

5.

Бутил асетат

C6Н12O2

0,1**

4

6.

Диметиламин

C6Н7N

0,0025

2

7.

1,2-Дихлоретан

C2Н4Cl2

1 ,0

2

8.

Углерод диоксиди

CO2

0,1

4

9.

Ксилол

C8Н10

0,2**

3

10.

Симоб

Нg

0,0003

1

11.

Қўрғошин ва унинг ноорганик бирикмалари (қўрғошинга нисбатан)

Pb

0,003

1

12.

Сероводород

Н2S

0,008**

2

13.

Стирол

C8Н8

0,002

2

14.

Толуол

C7Н8

0,6**

3

15.

Углерод оксиди

CO

3,0

4

16.

Фенол

C6Н6O

0,003

2

17.

Формалдегид

2O

0,01**

2

18.

Диметилфталат

C10Н10O4

0,007

2

19.

Этиласетат

C4Н8O2

0,1**

4

20.

Этилбензол

C8Н10

0,02**

3

Изоҳ. Турар жой объектларининг ҳаво муҳити учун белгиланган вақтинчалик гигиеник норма.
** Бир марталик максимал рухсат этилган чегаравий концентрация (РЕК).
Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
4-ИЛОВА
Турар жой объекти хоналарининг ҳаво ҳарорати ва ҳаво ҳаракати кўрсаткичлари

Т/р

Хоналар

Ҳарорат Cº

Ҳаво алмашинуви ҳажми ёки частотаси

совуқ давр

илиқ давр

оқим

ҳаво тортгич

1.

яшаш хонаси

20 — 23

26 — 28

80 м3

80 — 100 м3

2.

квартира ва ётоқхоналардаги ошхона

18

26 — 28

60 м3 дан кам эмас

3.

ванна

25

26 — 28

3 марталик

4.

ҳожатхона (алоҳида)

18

26 — 28

3 марталик

5.

аралаш санитария узели

25

26 — 28

3 марталик

6.

зинапоя майдончаси

12

26 — 28

7.

кир ювиш хонаси

15

26 — 28

7 марталик

8.

чиқинди йиғгич

5

26 — 28

1-қаватда чиқинди қувури тешиги орқали

Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
5-ИЛОВА
Турар жой объектлари хоналаридаги микроиқлим кўрсаткичлари

Йил даврлари

Нисбий намлик, фоиз

Ҳавонинг ҳаракат тезлиги м/с

Илиқ

30 — 65

0,2 — 0,25

Совуқ

30 — 45

0,1 — 0,15

Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
6-ИЛОВА
Турар ва нотурар жой объектлари хоналарига кириб келувчи шовқин ҳамда қурилиш ҳудудидаги шовқиннинг рухсат этилган октава товуш босими даражалари ва умумий товуш даражалари

Хона ёки ҳудуднинг белгиланиши

Куннинг соати

Ўрта геометрик частотали октава диапазонларидаги товуш босими даражалари, dB, Нz

ногеометрик частоталар, Нz

Товуш ва LAmaks даражаси

LAekv dBA

Макс. товуш босими

LAmaks

dBA

31,5

63

125

250

500

1000

2000

4000

8000

Квартираларнинг яшаш хоналари, дам олиш уйлари, пансионатлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун интернат-уйларнинг яшаш жойлари

7 дан 23 гача

79

63

52

45

39

35

32

30

28

40

40

23 дан 7 гача

72

55

44

35

29

25

22

20

18

30

35

Ётоқхоналарнинг яшаш хоналари, меҳмонлар сони

7 дан 23 гача

83

67

57

49

44

40

37

35

33

45

60

23 дан 7 гача

76

59

48

40

34

30

27

25

23

35

50

Турар жой биноларига бевосита туташ ҳудудлар

7 дан 23 гача

83

75

66

59

54

50

47

45

43

55

70

23 дан 7 гача

76

67

57

49

44

40

37

35

33

45

60

Меҳмонхона ва ётоқхона биноларига бевосита туташ ҳудудлар

7 дан 23 гача

93

79

70

63

58

55

52

50

49

60

75

23 дан 7 гача

86

71

61

54

49

45

42

40

38

50

65

Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
7-ИЛОВА
Шовқиннинг хусусияти ва ташқи шовқин манбалари жойлашувига кўра, турар ва нотурар жой объектлари хоналари учун шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси

Таъсир этувчи омил

Шароит

dB ёки dBA

шовқин тавсифи

кенг чизиқли, тонли, импульсли (стандарт шовқин ўлчагич билан «секин» ёки «тез» хусусиятида ўлчашда)

0

шаклланган қурилиш тумани

мавжуд қурилиш ҳудуди

-5

жойлашуви

курорт зонаси, дам олиш, туризм масканлари, шаҳарнинг яшил ҳудудлари

-5

янги лойиҳаланаётган турар жой биноси

0

мавжуд қурилишлар тумани

+5

Изоҳлар. Ln + 5 dB тузатмани мавжуд қурилиш ҳудудида янги қурилаётган ёки қайта тикланаётган объектлар учун қўллашга йўл қўйилмайди.
Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
8-ИЛОВА
Турар жой объектлари хоналарида ички ва ташқи манбалардан келадиган тебраниш даражалари

Ўртача геометрик частоталар, Нz

Ўқлар бўйича йўл қўйиладиган белгилар

Xo, Yo, Z0

тебраниш тезланиши

тебраниш тезлиги

м/с2 х 103

dB

м/с2 х 103

dB

2

4,0

72

3,2

76

4

4,5

73

1,8

71

8

5,6

75

1,1

67

16

11,0

81

1,1

67

31,5

22,0

87

1,1

67

63

45,0

93

1,1

67

тебраниш тезлиги ёки тезланишининг эквивалент тузатилган қийматлари ва уларнинг логарифмик даражалари

4,0

72

1,1

67

Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
9-ИЛОВА
Яшил белбоғлар ёрдамида товуш даражасини пасайтириш

Яшил экинлар зонаси

Чизиқ кенглиги, м

Товуш даражасини пасайтириш, экв.LA dBA

тасма ичида дарахтлар шахмат усулида бир хил экилганда

10 — 15

4-5

қаторлар орасидаги масофа 3 — 5 м бўлганда икки қаторли, қаторлар бир қаторли экишга ўхшаш

21 — 25

8-9

қаторлар орасидаги масофа 3 м бўлганда икки ёки уч қаторли, қаторлар бир қаторли экишга ўхшаш

26 — 30

10 — 12

Турар жой объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0102-25-сон СанҚваН)
10-ИЛОВА

Ишлаб чиқувчилар рўйхати:

О.П. Миршина

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Санитария-гигиена бошқармаси бош мутахассиси, т.ф.н;

Г.Ф. Шерқўзиева

Тошкент тиббиёт академияси «Умумий гигиена» кафедраси доценти, т.ф.н.

Г.А. Ташпулатова

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти «Физик омиллар» лабораторияси мудири, т.ф.д., кат.и.х.

А.Н. Красавин

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси «Санитария-гигиена лабораторияси» физик омиллар бўлими санитария врачи

Ш.О. Тиллаева

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти «Касб касалликларини ташхислаш, даволаш ва профилактикаси лабораторияси» лабораторияси кат.и.х., PhD.


Тақризчилар рўйхати:

Д.А. Зареддинов

Тошкент шаҳар тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш маркази «Гигиена ва радиацион хавфсизлик» кафедраси мудири, т.ф.д. профессор;

Н.С. Атабеков

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг 1-ўринбосари, т.ф.д.

И.А. Усманов

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти «Сув, тупроқ, атмосфера ҳавоси гигиенаси ва санитар микробиология лабораторияси» лабораторияси мудири, т.ф.д., й.и.х.