Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-17-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши ва ижтимоий мослашувига амалий кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-17-сон Фармони билан озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдоридаги бир марталик нафақа (кейинги ўринларда — нафақа) пулини уни тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўлаш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) нафақа тайинлаш учун мурожаат қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва нафақа тайинлаш «E-probatsiya» ахборот тизими орқали амалга оширилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) нафақа туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан тайинланади ҳамда республика бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланади;
(3-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/796/1180-сон)
в) тайинланган нафақа «E-probatsiya» ахборот тизими орқали тақдим этилган маълумотлар асосида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) орқали тўланади. Бунда:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ҳар ойнинг 2-санасига қадар ўтган ойда тўланган нафақаларнинг умумий суммасидан кам бўлмаган миқдордаги маблағлар тўғридан-тўғри шартнома тузилган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот (кейинги ўринларда — тижорат банки) ҳисобварағига ўтказиб берилади;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг мурожаатига асосан «Ягона реестр» АТ орқали электрон юборилган тўлов қайдномаларига мувофиқ нафақа тижорат банки томонидан нақд пул шаклида тўланади ёки уларда мавжуд банк карталарига ўтказиб берилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агентлик билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар «E-probatsiya» ахборот тизими «Ягона реестр» АТга интеграция қилинишини ҳамда «E-probatsiya» ахборот тизими орқали нафақа тайинлаш бўйича мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва тайинлашнинг барча техник имкониятларини яратиш чораларини кўрсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бир ой муддатда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетлари параметрларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тўлаш мақсадлари учун 2025 йилда кўзда тутилган маблағлар Агентлик ҳудудий бошқармаларига ўтказиб берилишини, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу бандда назарда тутилган мақсадлар учун тегишли маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/796/1180-сон)
6. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 июлдаги 318-Ф-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 16 июль,
444-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 июлдаги 444-сон қарорига
ИЛОВА
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа (кейинги ўринларда — нафақа) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
2. Нафақа Ўзбекистон Республикасидаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тайинланади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — ўзига нисбатан нафақа тайинланишини сўраб мурожаат қилган жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахс;
ваколатли орган — туман (шаҳар) пробация бўлинмалари;
нафақа — қонунчиликка мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдорида тўланадиган бир марталик пул;
Агентлик — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
4. Нафақа тайинлаш учун мурожаат қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва нафақаларни тайинлаш «E-probatsiya» ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Нафақа туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан тайинланади ҳамда республика бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/796/1180-сон)
6. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга нафақа ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан тайинланади ва тўланади.
2-боб. Нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби
7. Ариза берувчи жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган кундан бошлаб бир ой ичида ўз хоҳишига кўра нафақа тайинланиши учун ваколатли органга шахсан мурожаат қилади.
8. Ваколатли органнинг ходими ариза берувчининг номидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги аризани «E-probatsiya» ахборот тизимида электрон шаклда тўлдиради.
Ариза берувчидан аризада кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
9. Зарур маълумотлар аризага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон рақамли имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
10. Ваколатли орган бир иш куни мобайнида:
«E-probatsiya» ахборот тизимида ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тўғрисидаги маълумотларни «E-mahkum» ахборот тизимидан электрон ахборот алмашинуви орқали текширади;
ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тасдиқланган тақдирда, ариза берувчига «E-probatsiya» ахборот тизими орқали нафақа тайинлайди ва бу тўғрисидаги маълумотни нафақа тўлаш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) юборади;
ариза берувчини нафақа тайинлангани ва нафақани олиш учун мурожаат қилиши лозим бўлган тижорат банки тўғрисида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ аризада кўрсатилган мобил алоқа воситаси орқали хабардор қилади.
Нафақанинг миқдори ваколатли органга мурожаат этиш кунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
11. Қуйидаги ҳолларда нафақа тайинлаш рад этилади:
ариза берувчи томонидан нафақа тайинлаш бўйича ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган муддатда мурожаат қилинмаганда;
«E-mahkum» ахборот тизими орқали ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтагани ва озод қилингани тасдиқланмаганда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахс вафот этган тақдирда.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/796/1180-сон)
Ушбу бандда белгиланмаган асослар бўйича нафақа тайинлашни рад этишга йўл қўйилмайди.
12. «Ягона реестр» АТда ариза берувчига нафақа тайинлангани тўғрисидаги маълумотлар келиб тушган вақтдан сўнг автоматик равишда тўлов қайдномаси шакллантирилади ва нафақа тўлаш учун тўғридан-тўғри шартнома тузилган тижорат банкига юборилади.
13. Агентлик ҳар ойнинг 2-санасига қадар ўтган ойда тўланган нафақаларнинг умумий суммасидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни тижорат банкининг ҳисобварағига ўтказиб беради.
14. Нафақа олувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни ёки жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисида белгиланган намунадаги маълумотномани кўрсатган ҳолда, унга нафақа тайинланган кундан бошлаб бир ой муддат ичида нафақани олиш учун тижорат банкининг исталган филиалига мурожаат қилиши мумкин.
Нафақа тайинланган шахс ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган муддатда нафақани олиш учун мурожаат қилмаган тақдирда ёки ушбу нафақа аввал тўлаб берилган бўлса, нафақа тўлаш рад этилади.
15. Тижорат банки нафақани олиш учун мурожаат қилган нафақа олувчининг нафақага бўлган ҳуқуқини «Ягона реестр» АТга электрон сўров юбориш орқали тасдиқлайди ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақани нафақа олувчининг хоҳишига кўра нақд пул шаклида ёки унга тегишли бўлган банк картаси пул ўтказиш орқали тўлайди.
16. Нафақа олувчиларга тижорат банки томонидан нафақани нақд пул шаклида тўлаб берганлик учун банк хизмат ҳақи миқдори тижорат банки ва Агентлик ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ, бироқ тўлаб берилган нафақа миқдорининг 0,1 фоизидан ошмаган миқдорда белгиланади.
17. Жорий ой мобайнида нафақа олувчилар томонидан талаб қилинмаган ва тижорат банкининг махсус ҳисобварақларидаги маблағлар жорий ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар ушбу Низом мақсадларига мувофиқ келгусида тўлаш учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтарилади.
18. Жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахс вафот этган тақдирда, унга нисбатан нафақа тайинланмайди ёки тайинланган нафақа тўланмайди.
3-боб. Якунловчи қоидалар
19. Ушбу Низомга мувофиқ ахборот тизимлари орқали юборилган нафақа тўлаш ҳуқуқини берадиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ваколатли органга юкланади.
20. Ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчилар ёки нафақа олувчи ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.
21. Ариза берувчи ёки нафақа олувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақани тайинлаш ва тўлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Нафақа тайинлаш юзасидан ваколатли органга ўзи борган ҳолда мурожаат қилади.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган кундан бошлаб бир ой ичида

2-босқич

Пробация бўлинмаси

Ариза берувчининг номидан аризани «E-probatsiya» ахборот тизимида электрон шаклда тўлдириб, рўйхатга олади. Бунда:

Ариза тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада

1. «E-probatsiya» ахборот тизимида ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тўғрисидаги маълумотларни «E-mahkum» ахборот тизимидан электрон ахборот алмашинуви орқали текширади.

Бир иш куни ичида

2. Ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тасдиқланган тақдирда, ариза берувчига «E-probatsiya» ахборот тизими орқали нафақа тайинлайди ва бу тўғрисидаги маълумотни нафақани тўлаш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) юборади.

3. Ариза берувчини нафақа тайинлангани тўғрисида аризада кўрсатилган мобил алоқа воситасига орқали хабардор қилади.

3-босқич

«Ягона реестр» АТ

Ариза берувчига нафақа тайинлангани тўғрисидаги маълумотлар келиб тушган вақтдан сўнг тўлов қайдномасини шакллантиради ва нафақани тўлаш учун тижорат банкига юборади.

Маълумотлар келиб тушган вақтдан сўнг автоматик равишда

4-босқич

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Нафақа тўлаш учун тегишли маблағларни тижорат банкининг махсус ҳисобварағига ўтказиб беради.

Ҳар ойнинг 2-санасига қадар

5-босқич

Нафақа олувчи

Шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда, нафақа пулини олиш учун тижорат банкининг исталган филиалига мурожаат қилади.

Нафақа тайинланган кундан бошлаб 1 ой ичида

6-босқич

Тижорат банки

Нафақани олиш учун мурожаат қилган нафақа олувчининг нафақага бўлган ҳуқуқини «Ягона реестр» АТга электрон сўров юбориш орқали тасдиқлайди ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақани тўлайди.

Нафақани олиш учун мурожаат қилинган вақтдан бошлаб 10 дақиқа ичида

Тўланмаган маблағларни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтаради ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига маълумот тақдим этади.

Тўлов амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.

____________________

____________________

(сана)

(рақам)

АРИЗА

(Озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларга нафақа тайинлаш тўғрисида)

1. Ф.И.О.

2. Туғилган йили ва санаси

3. Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойи

4. Вақтинча яшаш жойи

5. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик гувоҳномаси, биометрик паспорти, ID карта) маълумотлари*

6. Телефон рақами

* Ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисида белгиланган намунада маълумотнома тақдим этилади.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 майдаги 224-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.07.2025 й., 09/25/444/0624-сон; 19.12.2025 й., 09/25/796/1180-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)