Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг белгиланган тартибда тураржой билан таъминланмаган ҳарбий хизматчиларининг тураржой таъминотини яхшилаш орқали уларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:
2025 йил 1 мартдан бошлаб ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдорини 20 фоизга ошириш;
2025 йил 1 июндан бошлаб қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга тураржой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдорини уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгилаш.
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг асосланган сўровномаларига мувофиқ уларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясининг оширилган тўловлари билан боғлиқ қўшимча харажатлар учун 2025 йилда Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратсин, 2026 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилишини таъминласин.
3. Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 февраль,
ПҚ-71-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 февралдаги ПҚ-71-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-112-сон қарорининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. 2025 йил 1 мартдан йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно) доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,8 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туман марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгилансин.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда тураржой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йили 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Тураржой ижарасининг бозор қиймати мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу қарорда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 190-банди «25 фоизи» сўзларидан кейин «(календарь ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар учун — 35 фоизи)» сўзлари билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.02.2025 й., 07/25/71/0178-сон)