Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Темир йўл транспорти тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 30 сентябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 30 сентябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади темир йўл транспорти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчилик
Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
багаж — йўловчига тегишли бўлган, багаж вагонида ташиш учун йўл ҳужжати (чипта) бўйича қабул қилинадиган буюмлар;
вагонлар (контейнерлар) оператори — мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда вагонларга (контейнерларга) эгалик қиладиган, темир йўл транспортининг ташувчиси билан тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатиш орқали ташиш жараёнида иштирок этадиган ва ташиш ҳужжатларида кўрсатилган юридик шахс;
йўловчи — йўл ҳужжатига эга бўлган, поездда сафарни амалга ошираётган ёки темир йўл вокзали (станцияси) ёхуд йўловчилар платформаси ҳудудида бевосита сафарга кетишдан аввал ёки бевосита сафардан кейин турган жисмоний шахс;
йўл ҳужжати (чипта) — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида йўловчи ташиш шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи белгиланган намунадаги ташиш ҳужжати;
ташувчи — темир йўл транспортида ички ҳамда халқаро қатновларда йўловчиларни ва юкларни ташиш фаолияти бўйича лицензияга эга бўлган, темир йўл транспортида ташиш шартномаси бўйича йўловчини, юк жўнатувчи (жўнатувчи) томонидан ўзига ишониб топширилган багажни, юк багажини, юкни, почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш пунктидан мўлжалланган пунктга етказиш, шунингдек багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини юкни олувчига (олувчига) бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган юридик шахс;
ташиш жараёни — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчи, вагонлар (контейнерлар) оператори, инфратузилма оператори томонидан йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташишга тайёргарлик кўришда, ушбу ташишни амалга оширишда ва якунлашда бажариладиган, ташкилий ва технологик жиҳатдан ўзаро боғлиқ бўлган ҳаракатлар ва операциялар мажмуи;
ташиш ҳужжати — йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш шартномаси тузилганлигини тасдиқлайдиган йўл ҳужжати (чипта), багаж квитанцияси, темир йўл транспорти юк хати, электрон ахборот ташувчи карта ёки бошқа ахборот ташувчи тарзидаги ҳужжат;
темир йўл станцияси — поездларни қабул қилиш, жўнатиш, кесиштириш ва қувиб ўтиш операцияларини, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилиш, бериш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш операцияларини, поездларни тарқатиш ва тузиш бўйича манёвр ишларини ҳамда поездлар билан техник операцияларни амалга ошириш имконини берадиган, асосий темир йўллардан ташқари темир йўлларнинг қўшимча гуруҳларига эга бўлган алоҳида пункт;
темир йўл транспорти — умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортидан иборат бўлган ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг темир йўллар бўйлаб ташишларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун мўлжалланган транспорт тури;
темир йўл транспорти инфратузилмаси — технологик мажмуа бўлиб, у ушбу мажмуа фаолиятини таъминловчи темир йўлларни, темир йўл станцияларини, электр таъминоти қурилмаларини, алоқа тармоқларини, сигнализация, марказлаштириш ва блоклаш тизимларини, ахборот мажмуаларини, ҳаракатни бошқариш тизимини, бинолар, иншоотлар, қурилмалар, жиҳозлар ва ускуналарни ўз ичига олади;
темир йўл транспорти объекти — фойдаланишда бўлган темир йўл транспорти инфратузилмаси ва унинг таркибий қисмлари, вокзаллар, ҳаракатдаги таркиб, умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспорти;
умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар — юкни жўнатувчиларга (жўнатувчиларга) ва юкни олувчиларга (олувчиларга) шартнома шартлари асосида хизмат кўрсатиш ёки эгалик қилувчининг ўз эҳтиёжлари учун технологик ишларни бажаришга мўлжалланган умумий фойдаланишдаги темир йўлларга бевосита ёки бошқа темир йўл шохобча йўллари орқали туташадиган шохобча темир йўллар, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўлларга туташмайдиган темир йўллар;
умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспорти — юридик шахсларга тегишли бўлган, ҳаракатдаги темир йўл таркибини ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларини ўз ичига олган, шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш, шунингдек умумий фойдаланишда бўлмаган жойлардаги шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган ишлаб чиқариш-технологик комплекслар мажмуи;
умумий фойдаланишдаги темир йўллар — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотга ва унинг бўлинмаларига тегишли бўлган, поездларни ўтказиш, қабул қилиш ва жўнатиш, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилиш ҳамда бериш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича тегишли операцияларни, манёвр ишларини бажариш учун очиқ бўлган, ажратилган минтақа доирасида перегонлар, темир йўл станциялари, разъездлар, қувиб ўтиш пунктлари жойлашган темир йўллар;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти — темир йўл транспорти инфратузилмасини, ҳаракатдаги темир йўл таркибини, бошқа мол-мулкни ўз ичига олган ҳамда оммавий шартномалар асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг ташишларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун мўлжалланган ягона ишлаб чиқариш-технологик мажмуа;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасининг оператори (бундан буён матнда инфратузилма оператори деб юритилади) — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотга тегишли бўлган, умумий фойдаланишдаги темир йўлларнинг ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси бошқа объектларининг фойдаланилишини, жорий сақланишини ва модернизациясини, қурилишини амалга оширадиган, шунингдек инфратузилмадан фойдаланиш хизматларини, шу жумладан ҳаракатдаги таркибни ўтказиш ва олиб ўтиш учун умумий фойдаланишдаги темир йўллардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатадиган юридик шахс;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотнинг асосий фаолияти бевосита ташиш жараёнига тайёргарлик кўриш ва ташишни таъминлаш билан боғлиқ бўлган таркибий бўлинмалари ва шўъба хўжалик жамиятлари;
юк — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи томонидан темир йўлда ташиш учун қабул қилинган, ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда бут сақланиши учун ушбу корхона ва ташувчи жавобгар бўлган объект;
юк багажи — йўловчилар поездларида ва почта-багаж поездларида ташиладиган темир йўл ташиш объекти;
юк жўнатувчи (жўнатувчи) — ўз номидан ёхуд юкнинг ёки юк багажининг эгаси номидан иш юритадиган ва ташиш ҳужжатларида кўрсатилган юридик ёки жисмоний шахс;
юкни олувчи (олувчи) — юкни ёки юк багажини олиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;
қўл юки — йўловчининг вазн ва ўлчовлар бўйича чекловлар мавжуд бўлган, у ўзи билан йўловчилар вагонида тўловсиз олиб юрадиган шахсий буюмлари;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби (бундан буён матнда ҳаракатдаги таркиб деб юритилади) — локомотивлар, тортиш локомотивининг юк, багаж, йўловчи ташиш вагонлари ва моторвагонли ҳаракатдаги таркиб, шунингдек ташишларнинг амалга оширилишини ва темир йўл транспортининг фаолият кўрсатишини таъминлаш учун мўлжалланган бошқа транспорт воситалари.
4-модда. Темир йўл транспортига оид фаолиятнинг асосий принциплари
Темир йўл транспортига оид фаолиятнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
хавфсизлик;
очиқлик ва шаффофлик;
барқарорлик;
экологик жиҳатдан тозалик;
темир йўл транспорти хизматларининг қулайлиги ва сифати;
темир йўл транспорти инфратузилмасидан фойдаланишдаги тенглик;
темир йўл транспорти инфратузилмасининг яхлитлиги ва узлуксиз ишлаши.
2-боб. Темир йўл транспорти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
5-модда. Темир йўл транспорти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Темир йўл транспорти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
темир йўлда йўловчиларни ва юкларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш;
темир йўл транспорти объектларини қуриш ва улардан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчиликка риоя этиш;
темир йўл транспорти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
темир йўл транспортининг эркин бозор муносабатлари асосида ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва тармоқдаги хусусий сектор улушини ошириш;
темир йўл транспортида рақобатни ҳамда у билан боғлиқ ишлар ва хизматларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
темир йўл транспортининг сафарбарлик шайлигини сақлаб туриш;
темир йўл транспортини ривожлантириш стратегиясини белгилаш;
темир йўл транспорти соҳасида фаолиятни амалга ошириши учун тадбиркорлик субъектларига тенг шарт-шароитлар яратиш;
темир йўл тармоғини қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб этиш;
темир йўл транспортига оид илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида темир йўл тармоғини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларни амалга ошириш;
темир йўл транспорти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда таълимнинг замонавий инновацион усуллари ва стандартларини тизимли равишда жорий этиш.
6-модда. Темир йўл транспорти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш усуллари
Темир йўл транспорти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини қўллаш, техник жиҳатдан тартибга солиш, тариф сиёсати, темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлаш, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа усулларни қўллаш орқали амалга оширилади.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари темир йўл транспорти ходимларининг ташиш жараёни билан боғлиқ фаолиятига аралашишга ҳамда уларни бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмас, бундан табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келган, фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳоллар мустасно.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг темир йўл транспорти соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
темир йўл транспорти соҳасидаги барқарор ривожланиш стратегиясини белгилайди;
чет эл ҳукумат молия ташкилотларининг ва халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан давлат кафолати остида бажариладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари дастурини тасдиқлайди;
давлат томонидан тартибга солинадиган умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти хизматлари учун тарифларни шакллантириш тартибини тасдиқлайди;
давлат томонидан тартибга солинадиган тарифлар бўйича йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарларни Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш тартибини тасдиқлайди;
темир йўл транспорти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини белгилайди;
ташиш жараёни иштирокчиларининг, темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятини назарда тутувчи Темир йўл транспорти уставини тасдиқлайди;
темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларни тасдиқлайди;
темир йўл вокзалларидаги (станцияларидаги) йўловчиларнинг ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юкини ва багажини текшириш, уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиши тартибини тасдиқлайди;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлайди;
темир йўл транспорти соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:
темир йўл транспорти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
темир йўл транспорти соҳасини ривожлантириш, техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш дастурларини тасдиқлайди;
фойдаланувчиларининг манфаатларини инобатга олган ҳолда, темир йўл транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини ва бошқа дастурларни, концепцияларни ва стратегияларни, комплекс ечимларни ишлаб чиқади, келишади ҳамда уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;
темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш чораларини мувофиқлаштиришни амалга оширади;
темир йўл транспорти соҳасида ўз ваколатлари доирасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;
вагонлар (контейнерлар) операторлари тўғрисидаги маълумотларнинг ягона реестрини юритади;
темир йўл транспортида юкларни ташиш қоидаларини тасдиқлайди;
темир йўл транспортидан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлайди;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилот томонидан ишлаб чиқилган темир йўл транспорти тарифлари бўйича таклифлар киритади;
темир йўл транспорти соҳасидаги лицензиялашни, рухсат бериш тартиб-таомилларини қонунчиликка мувофиқ амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
9-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:
темир йўл транспортида хавфсизлик талабларига, ёнғинга ва экологияга оид хавфсизлик талабларига риоя этиш масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш ҳамда ўтказишда иштирок этади;
табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганда, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, темир йўл транспортида ҳаракатланиш ва ташишлар хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда хўжалик бирлашмалари ишини мувофиқлаштиради, мазкур фавқулодда вазиятларни, ҳодисаларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда ёрдам беради, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этади;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ темир йўл транспортининг муҳофаза зоналарига доир талабларга риоя этилишини, шунингдек темир йўл транспортининг муҳофаза зоналарида умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотнинг розилигисиз ер участкалари ажратилишига ва уларнинг ижарага берилишига йўл қўйилмаслигини таъминлайди.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10-модда. Темир йўл транспорти соҳасидаги давлат назорати органининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари темир йўл транспорти соҳасидаги давлат назоратини амалга оширувчи органлардир (бундан буён матнда давлат назорати органи деб юритилади).
Давлат назорати органи:
умумий фойдаланишдаги ҳамда умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларда ушбу Қонуннинг ҳамда темир йўл транспорти соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларининг йўловчиларни ва юкларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларига темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотлари томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни ва юк багажини, юкларни ташиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ўз ваколатлари доирасида амалга оширади;
корхоналар ва ташкилотларда темир йўл маҳсулотини таъмирлашнинг барча турларини амалга оширишда технологик жараёнларга риоя этилишини техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ назорат қилади;
ҳаракатдаги таркибни ва темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларини рўйхатдан ўтказиш орқали уларнинг ҳисобга олинишини ҳамда Ҳаракат таркибининг ва темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларининг ягона реестри юритилишини, шунингдек ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқига доир гувоҳномалар берилишини амалга оширади;
темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларини қабул қилиб олишда иштирок этади;
темир йўл транспортида ҳаракатланиш ва ташишлар хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар бўйича хизмат текширувларини ташкил этади ҳамда амалга оширади.
Давлат назорати органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11-модда. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотнинг ваколатлари
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотдир (бундан буён матнда ваколатли ташкилот деб юритилади).
Ваколатли ташкилот:
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортини ривожлантиришнинг умумий йўналишларини белгилайди ҳамда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси операторининг, корхоналарининг, ташувчиларининг ва ўзи билан аффилланган бошқа юридик шахсларнинг фаолияти йўналишлари мувофиқлаштирилишини таъминлайди;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг барқарор ва самарали ишлашини, ташишлар хавфсизлигини таъминлайди, кўрсатилаётган транспорт хизматларининг сифатини оширади;
кенг жамоатчилик ва темир йўл транспортидан фойдаланувчилар ўртасида темир йўл транспортидан хавфсиз фойдаланиш, ёнғинга ва экологияга оид хавфсизлик талабларига риоя этиш масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ишларини амалга оширади;
моддий-техника базасини мустаҳкамлайди, темир йўллар тармоғини янада ривожлантиришга ҳамда уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга кўмаклашади, илғор технологияларни ва менежментнинг замонавий усулларини кенг жорий этади;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортини модернизация қилиш, такомиллаштириш ва ривожлантириш учун инвестицияларни жалб этади;
табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганда, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, шунингдек ҳарбий ҳолат жорий этилганда, шу жумладан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган бутун даврда темир йўл транспорти соҳасида сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаро муҳофазаси бўйича тадбирларнинг бажарилишини таъминлайди;
зарур бўлганда, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг, фавқулодда ҳолат жорий этилишининг шунингдек ҳарбий ҳолат жорий этилишининг оқибатларини, шу жумладан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган бутун даврдаги оқибатларни бартараф этиш учун темир йўлнинг ҳаракатдаги таркибини, корхоналар ва ташкилотларнинг, вазирликлар ва идораларнинг бошқа техникасини жалб этади;
норматив-техник талабларга мувофиқ бўлмаган ҳаракатдаги таркибни умумий фойдаланишдаги темир йўлларга қўймайди;
норматив-техник талабларга мувофиқ бўлмаган ҳаракатдаги таркибнинг умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларга чиқарилишига йўл қўймайди;
табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганда, фавқулодда ҳолат ва ҳарбий ҳолат жорий этилганда, шу жумладан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган бутун даврда ҳарбий ташишларни темир йўл транспортида тезкор (оператив) амалга ошириш учун махсус ҳарбий поездларга устуворлик беради;
тегишли давлат органларига темир йўл транспортида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги, фавқулодда ҳолат жорий этиш зарурлиги, транспортга оид ва бошқа ҳодисалар тўғрисида ўз вақтида хабар беради ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўради;
темир йўл транспорти соҳасида ҳамда юкларни ва йўловчиларни халқаро ташиш соҳасида ўз ваколатлари доирасида халқаро ҳамкорликни ташкил этади ва таъминлайди.
Ваколатли ташкилот қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
12-модда. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси
Ташувчилар умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйлаб ташишларни Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ амалга оширади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси хизматларидан фойдаланишга доир рухсат инфратузилма оператори томонидан берилади.
Инфратузилма оператори умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси хизматларидан камситишларсиз фойдаланилишини таъминлаши ва ташувчиларга ушбу инфратузилмадан фойдаланишда тенг ҳуқуқ бериши шарт.
Инфратузилма операторининг ташувчиларга ёки вагонлар (контейнерлар) операторларига нисбатан камситувчи ҳаракатлари аниқланган тақдирда, инфратузилма оператори бундай ҳаракатлар учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Инфратузилма оператори умумий фойдаланишдаги темир йўллардан ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасининг бошқа объектларидан фойдаланишни, уларнинг жорий таъминотини ва модернизация қилинишини, қурилишини амалга оширади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасидан фойдаланиш ва унинг жорий таъминоти умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларидан олинган маблағлар ҳисобидан устувор тарзда молиялаштирилади.
3-боб. Темир йўл қатновларининг турлари. Ташиш. Йўловчиларнинг, ташувчиларнинг, вагонлар (контейнерлар) операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13-модда. Темир йўл қатновлари ва ташишларнинг турлари
Темир йўл қатновлари ва ташишлар қуйидаги турларга бўлинади:
ички қатновлар — йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси доирасида ташиш;
халқаро қатновлар — йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар ўртасида ташиш;
тўғридан-тўғри аралаш қатновлар — йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини бутун ҳаракатланиш йўли учун расмийлаштирилган ягона ташиш ҳужжати бўйича транспортнинг ҳар хил турларида аралаш ташиш. Тўғридан-тўғри аралаш қатновлар ҳам ички, ҳам халқаро бўлиши мумкин;
транзит ташишлар — йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали темир йўл транспортида олиб ўтишни таъминлайдиган ташиш, агар бундай олиб ўтиш жўнатиш ва етказиш пунктлари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган йўлнинг фақат бир қисми бўлса, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида чет давлатлар ҳудуди орқали амалга ошириладиган ташишлар;
махсус ташишлар — ўта муҳим давлат эҳтиёжлари, шу жумладан мудофаа эҳтиёжлари учун махсус турдаги юклар транспортда ташилишини таъминлайдиган ташишлар.
14-модда. Темир йўл транспортида йўловчилар, багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари ташилишини ташкил этиш
Темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчи, инфратузилма оператори, вагонлар (контейнерлар) оператори, умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгаси, йўловчи, юк жўнатувчи (жўнатувчи), юкни олувчи (олувчи), экспедитор (бундан буён матнда ташиш жараёни иштирокчилари деб юритилади) ушбу Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспорти соҳасидаги халқаро шартномаларига, Темир йўл транспорти уставига, ташишлар қоидаларига, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидаларига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан амалга оширилади.
Ташувчи йўл ҳақини ёки багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ташиш ҳақини тўлаган ҳамда ташиш ҳужжатларини тўғри расмийлаштирган йўловчига, юк жўнатувчига (жўнатувчига), юкни олувчига (олувчига), экспедиторга ташишни рад этишга ҳақли эмас, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ташиш жараёнининг ўз шахсий ҳаракатдаги таркибига эга бўлмаган иштирокчилари шартномага асосан вагонлар (контейнерлар) оператори, инфратузилма оператори хизматларидан фойдаланади.
Темир йўл транспортида юкларни ташиш юк жўнатувчиларнинг буюртманомаларига мувофиқ амалга оширилади. Юкларни ташиш учун буюртманомаларнинг шакллари, буюртманомаларни бериш, бажариш ва ҳисобга олиш тартиби, шунингдек темир йўл транспортида ташиладиган юклар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий юкларини ва шахсий таркибини ҳарбий ҳолат жорий этилганда, шу жумладан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган бутун даврда темир йўлларда ташиш биринчи навбатда амалга оширилади.
15-модда. Юклар ташилишини ташкил этиш
Юк ташиш шартномасига мувофиқ умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар уни ташиш шартларига риоя этган ҳолда юк жўнатувчи томонидан уларга ишониб топширилган юкни белгиланган темир йўл станциясига ўз вақтида ва бут сақланган ҳолатда етказиб бериш ҳамда юкни олувчига топшириш, юк жўнатувчи (юкни олувчи) эса юкни ташиш учун пул тўлаш ва унинг қабул қилинишини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Юкни темир йўл транспортида ташиш шартномаси темир йўл транспорти юк хатини тузиш орқали расмийлаштирилади.
Юк ташиш шартномаси темир йўл транспорти юк хатига (қоғозда ва электрон ташувчиларда) жўнатиш станциясининг календарь муҳри босилган ҳолда юк қабул қилинганлиги тўғрисидаги квитанция юк жўнатувчига тақдим этилган пайтдан эътиборан тузилган ҳисобланади.
Юк белгиланган манзилга етиб келганлиги тўғрисида хабардор қилинган пайтдан эътиборан ташиш шартномасига доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар юкни олувчига ўтади.
Юкни олувчи юк жўнатувчининг нотўғри хатти-ҳаракатлари оқибатида ташувчига тўланган харажатлар ва зарарларнинг ўрни қопланишини юк жўнатувчидан талаб қилишга ҳақли.
16-модда. Темир йўл транспорти юк хати
Юк жўнатувчи ташиш учун юк тақдим этилганда ташувчига ҳар бир жўнатма учун темир йўл транспорти юк хатини, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган зарур ҳолларда эса бошқа ҳужжатларни (сертификат, лицензия, ветеринария сертификатини, божхона декларацияларини) ҳам тақдим этиши шарт.
Темир йўл транспорти юк хатининг ва бошқа ташиш ҳужжатларининг шакли, уларни расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида юкларни ташиш қоидалари билан белгиланади.
Юк жўнатувчи ўзи томонидан темир йўл транспорти юк хатига киритилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгардир.
17-модда. Юк ташиш учун ҳақ
Юкни ташиш учун ҳақ, агар юк ташиш шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, юк жўнатувчи, экспедитор томонидан юкни жўнатиш пайтига қадар тўланади. Юк жўнатувчи, юкни олувчи, экспедитор талаби билан бажариладиган юк ташиш ва топшириш билан боғлиқ қўшимча ишлар ва хизматлар учун тўлов тарафларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилади.
Юкларни ташиш учун ҳақ юкларни ташиш амалга ошириладиган энг қисқа масофа учун ҳисоб-китобдан келиб чиққан ҳолда ундирилади.
Йирик габаритли (ногабарит) ва оғир вазнли юкларни ташиш амалга ошириладиган энг қисқа масофани аниқлаш умумий фойдаланишдаги темир йўлларнинг бундай юкларни ташиш учун техник имкониятларини ва ўтказувчанлик қобилиятини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчи юк ташиш учун ҳақни ва тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни таъминлаш мақсадида ташиш учун уларга берилган юкларни ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.
Юк жўнатувчининг, юкни олувчининг, экспедиторнинг ташиш учун қарзи мавжуд бўлганда, шунингдек тўловлар ўз вақтида тўланмаганда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи кейинчалик қарз тўлангунига қадар ташиш шартномасини тузишни рад этиши мумкин.
Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширишда айбдор бўлган тараф (юк жўнатувчи, юкни олувчи, экспедитор) темир йўл транспорти корхонасига, ташувчига вагонлар ва контейнерлардан фойдаланганлик учун бутун кечиктирилган вақт учун ҳақ тўлайди.
18-модда. Юкларни етказиб бериш муддатлари
Ташувчи Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ юк ташиш шартномасида белгиланган муддатда юкни белгиланган темир йўл станциясига етказиб бериши шарт.
Агар етказиб бериш муддати тугашига қадар юк белгиланган манзилга етказиб берилган ва юкни олувчига топширилган ёки қабул қилиш-топшириш (қўйиб бериш) йўлларига келтирилган бўлса, юк муддатида етказиб берилган ҳисобланади.
Агар юкни қабул қилиш-топшириш (қўйиб бериш) йўлларига етказиб бериш юк жўнатувчининг, юкни олувчининг, умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгасининг айби билан кечиктирилган бўлса (юк тушириш фронтининг бандлиги, юк ташиш шартномасига мувофиқ юкларни ташиш учун ҳақ ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонасига, ташувчига тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар тўланмаганлиги), юк муддатида етказиб берилган ҳисобланади.
19-модда. Вагонлардан, контейнерлардан фойдаланганлик ва умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ҳаракатдаги таркиб бекор ушлаб турилганлиги (тўхтаб турганлиги, кечиктирилганлиги) учун ҳақ
Вагонлардан, контейнерлардан фойдаланганлик ва умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ҳаракатдаги таркиб бекор ушлаб турилганлиги (тўхтаб турганлиги, кечиктирилганлиги) учун ҳақ умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонасига, ташувчига юк жўнатувчи, юкни олувчи, умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл эгаси томонидан:
вагонлар, контейнерлар юк ортиш (тушириш) ва манёвр ишларини амалга ошириш учун юк жўнатувчиларда, юкни олувчиларда ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл эгаларида бўлган бутун вақт учун;
юк жўнатувчиларнинг, юкни олувчиларнинг, умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгаларининг айби билан умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ҳаракатдаги таркибнинг бекор ушлаб турилганлиги (тўхтаб турганлиги, кечиктирилганлиги) вақти учун тўланади.
Ҳақ миқдорлари қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
20-модда. Йўловчилар, багаж ва юк багажи ташилишини ташкил этиш
Йўловчи ташиш шартномасига кўра умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи йўловчини йўл ҳужжатига (чиптага) биноан унга поездда жой берган ҳолда, белгиланган манзилга етказиш мажбуриятини ўз зиммасига олади, йўловчи эса йўл ҳақини тўлаши шарт.
Багажни, юк багажини ташиш шартномасига кўра умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи багажни, юк багажини белгиланган манзилга етказиб бериши, йўловчи (жўнатувчи) эса уни ташиш учун ҳақ тўлаши шарт.
Йўловчи ташиш шартномаси йўл ҳужжати (чипта), багаж ташиш шартномаси багаж квитанцияси, юк багажини ташиш шартномаси эса юк багажи квитанцияси билан расмийлаштирилади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи йўл ҳужжати (чипта) йўловчи томонидан кўрсатилган белгиланган станциягача сотилишини таъминлаши шарт. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланган тартибда йўл ҳужжатларини (чипталарни) сотиш кассалари, электрон терминаллар ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти орқали йўл ҳужжатлари (чипталар) сотилишини ташкил этиши мумкин.
Йўл ҳужжатига (чиптага) биноан йўловчига жой бермаган ёки ташишни давом эттиришни рад этган, шунингдек багаж ва юк багажи квитанциясига кўра багажни ва юк багажини кўрсатилган белгиланган жойга етказиб бермаган умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи ўз ҳисобидан йўловчини, багажни, юк багажини белгиланган манзилга етказиши ёки шартноманинг лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли йўловчига (жўнатувчига) етказилган барча зарарларнинг ўрнини унга қоплаши шарт.
Йўловчилар поездларнинг жўнаш ва келиш вақти, йўл ҳақининг, багажни, юк багажини ташиш ҳақининг қиймати, йўл ҳужжатларини (чипталарни) сотиш бўйича темир йўл кассаларининг, вокзал хоналарида жойлашган сақлаш камераларининг иш вақти, йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида ўз вақтида ва ишончли ахборот билан, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарининг иши тўғрисидаги бошқа зарур ахборот билан таъминланиши керак.
Йўловчиларнинг ва темир йўл транспорти ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, темир йўл транспортида ташишлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вокзалга киришда ваколатли органлар белгиланган тартибда қўл юкини, багажни кўздан кечиришни ҳамда йўловчиларни ва бошқа шахсларни шахсий кўздан кечиришни амалга ошириши мумкин. Кўздан кечириш рад этилганда вокзалга кириш тақиқланади, йўловчилар эса ташишга йўл қўйилмайди.
21-модда. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида йўловчиларнинг имтиёзли юриши
Темир йўл транспортида йўл ҳужжатлари (чипталар) йўловчиларга тўлиқ қийматида сотилади. Қонунчиликка мувофиқ айрим тоифадаги фуқароларга темир йўл транспортида юриш учун имтиёзлар белгиланиши мумкин. Бундай ҳолларда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчи билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари.
22-модда Темир йўл транспортида йўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Йўловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
поездларнинг қатнов йўналишлари бўйлаб йўловчиларни ташиш учун очиқ бўлган, ўзи кўрсатган белгиланган станциягача ҳар қандай поездга ва ҳар қандай вагонга йўл ҳужжатини (чиптани) сотиб олиш;
сотиб олинган йўл ҳужжатига (чиптага) биноан поезд вагонида жой олиш;
ўзи билан бирга беш ёшгача бўлган бир болани алоҳида жой берилмаган ҳолда бепул олиб юриш. Йўловчи билан бирга беш ёшгача бўлган биттадан ортиқ бола кетаётган бўлса, улардан бири бепул олиб юрилади, қолганларига эса болалар тарифи бўйича алоҳида жой берилган ҳолда йўл ҳужжати расмийлаштирилади. Беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларга ҳам алоҳида жой берилган ҳолда болалар тарифи бўйича йўл ҳужжати расмийлаштирилади;
битта тўлиқ йўл ҳужжати ёки болалар тарифи бўйича йўл ҳужжати учун оғирлиги ўттиз олти килограммдан ортиқ бўлмаган қўл юкини ўзи билан бепул олиб юриш. Мазкур оғирликдан ортиқ бўлган қўл юки багаж вагонига топширилиши лозим. Ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари жумласидаги йўловчилар ўзи билан қўшимча равишда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган техник ёрдамчи (компенсаторли) воситаларни ва махсус ҳаракатланиш воситаларини бепул олиб юриш ҳуқуқига эга;
Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланган тартибда ташувчига йўл ҳужжатини (чиптани) қайтариш ва ташувчидан йўл ҳақи ва багажни ташиш учун тўловни (жўнатувчи эса багажни, юк багажини ташиш учун тўловни) қайтариб олиш;
Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланган тартибда йўл ҳужжатининг (чиптанинг) амал қилиш муддатини узайтириш;
бўш жойлар мавжуд бўлганда ва йўл ҳужжатига (чиптага) ўзгартиришлар киритилганда йўл ҳужжати (чипта) сотиб олинган поезддан аввалроқ кетадиган йўловчи поездида йўлга чиқиш;
белгиланган ҳақ эвазига багажни ташиш учун топшириш;
аввал сотиб олинган йўл ҳужжати (чипта) шикастланган, йўқолган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспортида йўловчиларни, багажни, юк багажини ташиш қоидаларида белгиланган тартибда ёзма талабнома бўйича ташувчидан (йўл ҳужжатларини (чипталарни) сотиш кассаларидан ёки йўловчи агентликларидан) унинг дубликатини олиш. Аввал қайтарилган йўл ҳужжатларига (чипталарга) доир дубликат берилмайди.
Йўловчи:
йўл ҳужжатини (чиптани) сотиб олишда, поездга чиқишда ва сафар давомида йўл ҳужжатини (чиптани) текширишда шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши, бундан шаҳар атрофига қатнайдиган поездлар мустасно;
поездга чиқишда ва сафар давомида сафар якунига қадар йўл ҳужжати (чипта) мавжуд бўлиши;
жамоат тартибига, йўловчи вагонларидан ва йўловчиларни ташиш хизматлари кўрсатиш учун мўлжалланган объектлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиши, шунингдек ташувчининг мол-мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиши ва сафар давомида ҳам, кутиш жойларида ҳам ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши шарт.
Йўловчининг зиммасида қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
23-модда. Багажни ва юк багажини ташиш
Ташувчи йўловчидан ёки жўнатувчидан багажни ва юк багажини қабул қилиши ҳамда мазкур операциялар учун очиқ бўлган ҳар қандай темир йўл станциясигача жўнатиши шарт.
Йўловчининг багажи йўл ҳужжати (чипта) бўйича қабул қилинади, жўнатувчининг юк багажи эса йўл ҳужжати (чипта) тақдим этилмаган ҳолда ташиш ҳужжати (юк багажи квитанцияси) бўйича қабул қилинади.
Йўловчининг (жўнатувчининг) багажи, юк багажи багаж вагони мавжуд бўлган энг биринчи поездда жўнатилади. Бунда ташувчи йўловчининг (жўнатувчининг) багажи, юк багажи биринчи навбатда жўнатилишини таъминлаши шарт. Ташиш ҳужжатларида (йўл ҳужжатида, багаж ва юк багажи квитанциясида) кўрсатилган йўналиш бўйича ташилаётган багаж, юк багажи йўловчи кетаётган поездда ёки таркибида багаж вагони мавжуд бўлган энг биринчи поездда жўнатилиши керак.
Йўловчи (жўнатувчи) багажни топширганда унинг қийматини эълон қилишга ҳақли, юк багажини топширганда эса унинг қийматини эълон қилиши шарт.
Ўзининг ўлчамлари, қадоғи ва хусусиятлари бўйича багаж вагонига қийинчиликларсиз юкланиши ва жойлаштирилиши мумкин бўлган ҳамда ташувчининг мол-мулкига ва бошқа йўловчиларнинг (жўнатувчиларнинг) багажига, юк багажига зиён етказа олмайдиган шундай буюмлар ва предметлар багажда, юк багажида ташишга қабул қилинади.
24-модда. Багажни ва юк багажини етказиб бериш муддати
Багажни ва юк багажини етказиб бериш муддати ташиш амалга оширилаётган йўловчи ташиш поездининг белгиланган темир йўл станциясигача ҳаракатланиши вақти билан поездлар ҳаракати жадвалига кўра белгиланади.
Агар багажни, юк багажини ташиш сафар давомида қайта юклаш орқали амалга оширилаётган бўлса, етказиб бериш муддати ҳар бир қайта юклаш учун бир суткага кўпайтирилади.
Багаж, юк багажи йўловчига, олувчига белгиланган станцияда багаж, юк багажи квитанцияси ва олиш ваколати берилган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда берилади.
Багажни, юк багажини бериш темир йўл станцияси йўловчи ташиш операциялари учун очиқ бўлган давр ичида амалга оширилади.
25-модда. Темир йўл транспортида почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш
Темир йўл транспортида почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш қонунчиликда белгиланган тартибда почта вагонларида амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонуни.
26-модда. Ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ташувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
нарх белгилаш қоидаларига мувофиқ ташиш нархларини эркин белгилаш, бундан тартибга солинадиган тарифлар белгиланган ҳоллар мустасно;
фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид, экология ва санитария нормалари бузилиши ёки бошқа ғайриҳуқуқий ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) юзага келишига сабаб бўладиган ҳолатларда ташишни рад этиш.
Ташувчи қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Ташувчи:
ички ва халқаро қатновлардаги темир йўл транспортида йўловчилар ва юкларни ташишга доир фаолият учун тегишли лицензияга эга бўлиши;
давлат рўйхатидан ўтказилган, ташишларни амалга ошириш учун мўлжалланган ҳаракатдаги таркибга мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда эга бўлиши;
ташишларни белгиланган тартибда сертификатлаштирилган ҳаракатдаги таркибда амалга ошириши;
ҳаракат ва темир йўл транспортидан фойдаланиш хавфсизлиги талаблари бажарилишини таъминлаши;
йўловчининг хавфсизлигини, унга зарур қулайликлар ва хизмат кўрсатиш шароитлари яратилишини, йўловчи томонидан багаж ҳамда юк багажи топширилган тақдирда эса уларнинг ўз вақтида ташилиши ҳамда бут сақланишини таъминлаши;
ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари жумласидаги йўловчиларнинг ҳаракатдаги таркибдан, ахборотдан, шунингдек алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаши, темир йўл орқали ташиш билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатиш чоғида зарур шарт-шароитлар яратиши;
мажбурий равишда сертификатлаштирилиши лозим бўлган жўнатилаётган юк учун мувофиқлик сертификатининг кўчирма нусхасини юк жўнатувчидан талаб қилиши;
қонунчиликка мувофиқ ўз фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинишини амалга ошириши шарт.
Ташувчининг зиммасида қонунчиликка ва ташиш шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
27-модда. Вагонлар (контейнерлар) операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Вагонлар (контейнерлар) оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзига тегишли бўлган вагонларни (контейнерларни) пулли асосда тақдим этиш бўйича хизматларни мазкур вагонлардан (контейнерлардан) фойдаланган ҳолда ташишларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган юк жўнатувчига, юкни олувчига, ташувчига, бошқа юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли шартномаларга асосан кўрсатиш;
ўз хизматларини кўрсатиш учун нархларни нарх белгилаш қоидаларига мувофиқ эркин белгилаш.
Вагонлар (контейнерлар) оператори қонунчиликка ва вагонлар (контейнерлар) операторининг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Вагонлар (контейнерлар) оператори:
ушбу Қонун қоидаларига, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган темир йўл транспортидаги хавфсизлик талабларига риоя этиши;
вагонларга (контейнерларга) мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилиши;
оператор фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган вагонларни (контейнерларни), бошқа объектларни ўз ҳисобидан лозим даражадаги техник ҳолатда сақлаши;
малакали ходимларга эга бўлиши;
тегишли малака талабларига жавоб берадиган ва кўрсатилган ишга нисбатан тиббий қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган шахсларни ишга қўйиши;
ҳарбий ва божхона ташишларини, давлатнинг мудофаа қобилиятини таъминлаш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг, жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ ташишларни амалга ошириш мажбурияти юклатилган ташувчиларга устувор тартибда бундай ташишларни бажариш учун зарур бўлган вагонларни (контейнерларни) шартнома асосида тақдим этиши;
Давлат назорати органига ёки унинг ҳудудий бўлинмасига операторнинг вагонларидан (контейнерларидан) фойдаланган ҳолдаги ташишлар чоғида содир бўлган темир йўл транспорти ҳодисалари ва темир йўл транспорти ҳаракат хавфсизлиги ва эксплуатацияси қоидаларини бузиш билан боғлиқ бошқа ҳодисалар, уларнинг юзага келиш сабаблари ва кўрилган чоралар тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт.
Вагонлар (контейнерлар) операторлари ташувчилар ва (ёки) инфратузилма оператори билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан ташиш жараёнини амалга ошириш чоғида шартномалар асосида ҳамкорлик қилади.
4-боб. Темир йўл транспорти тарифлари. Молиявий ва хўжалик фаолияти
28-модда. Темир йўл транспортида ташиш тарифлари
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида қуйидаги ташиш тарифлари турлари қўлланилади:
юкларни ташиш тарифлари;
йўловчиларни ташиш тарифлари;
багаж ва юк багажини ташиш тарифлари;
почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш тарифлари.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ташиш тарифлари ички қатновларда ташиш тарифларига ва халқаро қатновларда ташиш тарифларига бўлинади.
Темир йўл транспортида ташиш тарифлари турларининг таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси хизматлари;
тортиш локомотиви хизматлари;
вагон харажатларини қоплаш қисми.
Халқаро қатновда (шу жумладан транзит ташувлар) умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида ташиш тарифлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.
Ушбу Қонунга мувофиқ тартибга солинмайдиган темир йўл транспорти тарифлари, йиғимлари ва тўловлари шартнома асосида белгиланади ва рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ назорат қилинади.
Ваколатли ташкилот умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида қўлланиладиган ташиш тарифларининг турлари бўйича маълумотларни ва уларнинг ўзгариш динамикасини юклар, ҳаракатдаги таркиб турлари кесимида оммавий ахборот воситаларида доимий равишда эълон қилинишини таъминлайди.
29-модда. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида давлат томонидан тартибга солинадиган ташиш тарифлари
Қуйидагилар учун белгиланган ташиш тарифлари давлат томонидан тартибга солинадиган тарифлардир:
ички қатновларда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг инфратузилмаси хизматларини кўрсатиш;
ички қатновларда умумий фойдаланишдаги темир йўлларда локомотив тортиш хизматларини кўрсатиш;
йўловчиларни ички қатновларда ташиш, бундан йўловчиларни юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда ташиш мустасно.
Давлат томонидан тартибга солинадиган ташиш тарифлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган коллегиал орган томонидан белгиланади.
Давлат томонидан тартибга солинадиган ташиш тарифлари қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади:
иқтисодий жиҳатдан асосланганликни (таннарх, фаолиятнинг зарар кўрилмаслигини таъминлайдиган зарур фойдани, шунингдек ваколатли ташкилотни сақлаш, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатларини);
шаффофлик ва прогноз қилишни;
темир йўлда ташишлар соҳасида рақобатдош муҳит ривожлантирилишини таъминлашни;
давлат томонидан тартибга солинадиган ташиш тарифлари бўйича хизматлар кўрсатувчи субъектларни ҳаракат хавфсизлиги таъминланишига ва хизматлар сифати яхшиланишига зарар етказмаган ҳолда харажатларни мақбуллаштиришга рағбатлантиришни.
30-модда. Ташувчининг зарарлари ўрнини қоплаш
Давлат томонидан тартибга солинадиган тарифлар бўйича йўловчиларни ташишдан кўрилган зарарнинг ўрни тўлиқ ҳажмда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ички қатновларда темир йўл транспортида юкларни ташиш тарифларига чегирмалар берилмайди.
Халқаро қатновларда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида юкларни ташиш тарифларига чегирмалар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган зарарларнинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
31-модда. Темир йўл транспортида молиявий-хўжалик фаолияти
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида молиявий-хўжалик фаолияти ўз хўжалик фаолияти даромадлари ҳисобидан, йўловчиларни ички қатновларда ташиш (бундан йўловчиларни юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда ташиш мустасно) билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплаш қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортини ривожлантириш вазифаларини ҳал қилиш учун ваколатли ташкилот томонидан марказлаштирилган суғурта ва захира жамғармалари ташкил этилиши мумкин.
Юк жўнатувчиларнинг (жўнатувчиларнинг) ва юкни олувчиларнинг (олувчиларнинг), экспедиторларнинг юкларни ва юк багажини ташиганлик, юк операциялари, транспорт-экспедиторлик хизматлари ва ҳаракатдаги таркибдан фойдаланганлик учун умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар, инфратузилма оператори билан ҳисоб-китоблари, шунингдек шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарига, ташувчиларга, инфратузилма операторига етказилган зарар учун неустойкалар тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шаҳар атрофидаги йўловчиларни ташишни молиялаштириш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ёхуд манфаатдор юридик ёки жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Ташувчилар, вагонлар (контейнерлар) ва инфратузилма операторлари фаолиятининг давлат улуши бўйича, шунингдек вокзаллар хўжалик фаолиятидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўланадиган дивидендлар, темир йўл транспорти объектларини ривожлантиришга йўналтириш шарти билан уларнинг ўз ихтиёрида қолдирилади. Бундан концессия шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув асосида амалга ошириладиган лойиҳалар мустасно.
32-модда. Темир йўл транспортига инвестициялар
Давлат темир йўл транспортини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти объектларини қуриш, янгилаш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш ваколатли ташкилотнинг, инфратузилма операторининг ўз маблағлари ҳисобидан, жумладан давлат улуши ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўланадиган дивидендлар тарзидаги маблағлар, чет эл ҳукумат молия ташкилотларининг ва халқаро молия институтларининг давлат кафолати остида жалб қилинадиган маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан, шунингдек давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар асосида амалга оширилади.
Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларни, тўхташ пунктларини, юк саройларини ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг бошқа объектларини қуриш манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг ташаббусига кўра ҳамда уларнинг маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Темир йўл транспорти объектларини қуриш, янгилаш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан темир йўл транспорти фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа фаолиятни молиялаштириш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.
33-модда. Темир йўл транспортида давлат-хусусий шериклик
Темир йўл транспорти объектлари ва темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун ажратилган ер участкалари давлат-хусусий шериклик шартномалари асосида қуриш, модернизация қилиш ва бошқариш учун хусусий шерикка топширилиши мумкин.
Темир йўл транспорти объектлари ва темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун ажратилган ер участкалари концессия шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик келишувлари амал қиладиган муддатга ижара, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқлари асосида хусусий шерикка топширилади.
Темир йўл транспорти объектларини ва темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун ажратилган ер участкаларини топшириш тартиби «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.
5-боб. Темир йўл транспортида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ва ходимлар интизоми. Темир йўл транспортида ҳисоблаш-ҳисобот вақти
34-модда. Темир йўл транспорти ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари
Темир йўл транспорти ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.
Иши бевосита поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти айрим тоифадаги ходимларининг иш вақти режими, дам олиш режими ва бошқа меҳнат шароитлари хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Умумий фойдаланишда бўлган темир йўл транспорти ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспорти эгалари, ташувчилар иши поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган ва меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар дастлабки тарзда ва даврий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этади. Бундай лавозимлар ва ишлар рўйхати, шунингдек тиббий кўрикларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сонли буйруғи билан тасдиқланган Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом (рўйхат рақами 2387, 29.08.2012 й.).
35-модда. Темир йўл транспорти ходимлари ишининг сайёр хусусияти билан боғлиқ кафолатлар, компенсациялар ва уларга бериладиган имтиёзлар
Меҳнати сайёр хусусиятли бўлган темир йўл транспорти ходимларига бериладиган кафолатлар ва компенсациялар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, жамоа келишувларига ёки жамоа шартномасига мувофиқ белгиланади.
Темир йўл транспорти ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ходимлари хизмат вазифаларини бажаришда қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя кафолатларига эга.
Темир йўл транспорти ходимлари жамоа шартномалари ёки тармоқ жамоа келишуви билан белгиланадиган тартибда ва шартларда темир йўл транспортида ҳар йилги бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади.
Меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги оқибатида бошқа ишга ўтказилган ёхуд меҳнатда майиб бўлиш, касб касаллиги ёки ходимнинг айби бўлмаган сабабга кўра, соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши муносабати билан ногиронлик пенсиясига чиққан темир йўл транспорти ходимлари учун темир йўл транспортида ҳар йилги бепул юриш ҳуқуқи ва қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзлар сақланиб қолади.
Ушбу модданинг учинчи, тўртинчи қисмларида белгиланган имтиёзлар умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарининг, ташувчиларнинг маблағлари ҳисобидан таъминланади.
36-модда. Темир йўл транспортида интизом
Темир йўл транспорти ходимларининг интизоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган темир йўл транспорти ходимларининг интизоми тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.
Темир йўл транспортида жамоа меҳнат низоларини ҳал қилиш воситаси сифатида ишни тўхтатишга йўл қўйилмайди.
37-модда. Темир йўл транспортида ҳисоблаш-ҳисобот вақти
Ташишларда бевосита иштирок этувчи темир йўл транспорти корхоналарида ташиш жараёнини марказлаштирилган ҳолда узлуксиз бошқаришни таъминлаш мақсадида, уларнинг жойлашган еридан қатъи назар, мамлакатда амал қилувчи ягона ҳисоблаш-ҳисобот вақти — Тошкент вақти белгиланади.
6-боб. Темир йўл транспорти ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш
38-модда. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, темир йўл транспорти ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар йўловчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз қатнов, багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш шарт-шароитларини, поездлар ва темир йўл транспорти бошқа воситаларининг ҳаракат хавфсизлигини, шу жумладан манёвр ишлари чоғидаги, ташиш жараёни билан боғлиқ транспорт ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш чоғидаги хавфсизликни, шунингдек темир йўл транспорти ходимларининг меҳнати ва атроф табиий муҳит муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Темир йўл транспортида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни назорат қилувчи махсус таркибий бўлинмалар, шунингдек темир йўл транспортида ҳодисалар оқибатларини тугатувчи авария-тиклаш бўлинмалари ташкил этилиши мумкин. Ушбу бўлинмалар тўғрисидаги низом тегишли юридик шахс томонидан давлат назорати органи билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Темир йўл транспортида ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини ўтказиш ва ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан белгиланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2022 йил 9 июндаги 7-сонли буйруғи билан тасдиқланган Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3376, 27.07.2022 й.).
39-модда. Темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат назорати
Темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат назорати ва бошқа чоралар ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда давлат назорати органи томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.
40-модда. Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларни қуриш ва улардан фойдаланиш
Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларни қуриш ва умумий фойдаланишдаги темир йўлларга туташтириш, уларни фойдаланиш учун очиш, шунингдек умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортининг ҳаракатдаги таркибини умумий фойдаланишдаги темир йўлларга чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллардан фойдаланиш тартиби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари билан белгиланади. Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларнинг мулкдорлари ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари ва (ёки) инфратузилма оператори, ташувчи ўртасидаги муносабатлар шартнома билан белгиланади.
41-модда Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар хизматлари
Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгалари (бундан буён матнда шохобча йўл эгалари деб юритилади) умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида ташиш жараёни иштирокчиларига ҳаракатдаги таркибни ўтказиш, тўхтаб туришини таъминлаш, вагонлар, контейнерларни бериш ва қайтариб олиш, юкларни қабул қилиш, ортиш (тушириш), бериш, манёвр ишлари ва бошқа операциялар учун умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар хизматларини кўрсатишга ҳақлидир.
Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар хизматларини кўрсатганлик учун шохобча йўл эгалари ҳақ олади. Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар хизматларидан фойдаланганлик учун тўлов рақобат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.
Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларнинг ҳаракатдаги таркибни бир йўлдан бошқасига ўтказиш учун мўлжалланган иншоотлари, қурилмалари ва элементларидан фойдаланганлик учун алоҳида ҳақ олиш тақиқланади.
Шохобча йўл эгалари ташиш жараёни иштирокчилари учун умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар хизматларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқни таъминлаши шарт.
Шохобча йўл эгалари рақобатдош умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл мавжуд бўлмаганда ташиш жараёни иштирокчиларига умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл хизматлари кўрсатилишини тўхтатишга олиб келадиган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) йўл қўймаслиги шарт, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Шохобча йўл эгаси шартномалар бўйича, шу жумладан контрагент билан тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун тўлиқ мулкий жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларда хизмат вазифаларини бажараётган ходимлар манёвр ишларини ташкил этиш масалалари бўйича инфратузилма операторининг фармойишларини бажариши шарт.
42-модда. Темир йўл транспорти ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига доир асосий талаблар
Темир йўл транспортининг инфратузилма объектларига нисбатан хавфсизликка доир мажбурий талаблар, уларни назорат қилиш усуллари, шунингдек уларнинг мувофиқлигини баҳолаш шакли қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
Темир йўл транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш лицензияланадиган фаолият туридир.
Темир йўл станциялари, вокзаллар ва темир йўл транспортининг ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа бўлинмалари ҳудудлари, поездлар ҳаракати амалга ошириладиган ҳамда манёвр ва юк ортиш-юк тушириш ишлари бажариладиган йўловчи платформалари ва темир йўллар ўта хавфли зоналар ҳисобланади ва зарурат бўлганда атрофи ўраб қўйилади ҳамда назорат қилиш техника воситалари билан жиҳозланади. Ўта хавфли зоналарда фуқароларнинг бўлиши ва объектларнинг жойлаштирилиши, бундай зоналарда ишларнинг бажарилиши, темир йўллар орқали транспортда ва пиёда кесиб ўтиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ҳаракатдаги таркиб, шу жумладан ҳаракатдаги махсус таркиб ва контейнерлар, темир йўлларнинг ер устки қурилмалари қисмлари ҳамда бошқа техника воситалари ва механизмлар, шунингдек темир йўл транспортида кўрсатиладиган хизматлар темир йўл транспортининг авариясиз ишлашини, ҳаракат хавфсизлигини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларини тартибга солувчи қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл транспорти инфратузилмаси объектлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Рўйхатдан ўтказилмаган ҳаракатдаги таркибдан ва темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 668-сон қарори билан тасдиқланган Ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
Ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқи тегишли малакага эга бўлган ҳамда белгиланган тартибда тиббий текширувдан ўтган жисмоний шахсларга берилади.
Ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Темир йўл транспорти фаолиятида фойдаланиладиган техника воситалари ва механизмларни, шунингдек кўрсатиладиган хизматларни сертификатлаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ҳудудида хавфли юкларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ортиш, ташиш ва тушириш ишлари амалга ошириладиган объектлар умумий фойдаланишдаги темир йўллардан ва иншоотлардан уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлайдиган масофада узоқлаштирилган бўлиши керак. Умумий фойдаланишдаги йўлларнинг қувурлар, алоқа, электр узатиш тармоқлари ҳамда бошқа иншоотлар билан кесишган жойларида мазкур объектлардан умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва иншоотларгача бўлган энг кам масофа, шунингдек темир йўллар билан кесишиш ҳамда яқинлашиш жойларида бундай объектларни қуриш ва сақлаш нормалари тегишли давлат органи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўлларни кесиб ўтувчи ёки бевосита уларнинг яқинида жойлашган газ, нефть қувурлари ва бошқа иншоотларни қуриш ҳамда улардан фойдаланиш чоғида белгиланган нормативларни таъминлаш, шунингдек мазкур иншоотлардан фойдаланиш хавфсизлиги учун уларнинг эгалари жавобгар бўлади. Мазкур иншоотларнинг эгалари ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи авария ҳолатлари юзага келганлиги ҳақида умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарини, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги бўлинмаларини ўз вақтида хабардор қилиши шарт.
Темир йўл транспортида умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган йўллар орқали ташилаётган хавфли ҳамда махсус юкларнинг эгалари, бундай юкларни жўнатувчилар ва олувчилар уларнинг ташилиши, ортилиши ва туширилиши хавфсизлигини авария вазиятларини ва авария оқибатларини тугатиш учун зарур бўлган воситалар ва ҳаракатчан бўлинмаларни жалб этган ҳолда ҳамда бу юкларни ташиш чоғида авария ҳолатлари юзага келган тақдирда кафолатлаши керак.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар хавфли ва махсус юкларни ташиш хавфсизлигини таъминлаши ҳамда ушбу юкларни ташиш чоғида авария ҳоллари юзага келган тақдирда, уларнинг оқибатларини тугатишда иштирок этиши шарт.
Темир йўлларнинг автомобиль йўллари билан кесишган жойлари (темир йўл кесишуви жойлари) темир йўл транспортидан техник фойдаланиш қоидалари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари билан белгиланади.
Темир йўл кесишуви жойларидан фойдаланиш, уларни очиш ва ёпиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Темир йўл транспорти ва ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа техника воситаларининг ҳаракат хавфсизлиги ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларини бузганликда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августдаги ПФ-213-сонли «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 11-банди.
43-модда. Темир йўл транспортида юклар ва объектларни қўриқлаш
Йўл давомида ва темир йўл станцияларида юкларни, темир йўл транспорти объектларини қўриқлаш, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида ёнғиннинг олдини олишга қаратилган ишларни ўтказиш, ёнғинга қарши назорат ва ёнғинларни бартараф этиш умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари томонидан амалга оширилади (бундан ҳарбий ташишлар ва давлатнинг мудофаа қобилиятини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг, жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ ташишлар мустасно).
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари тўғрисидаги низом ваколатли ташкилот томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади. Қўриқланиши ва кузатиб борилиши лозим бўлган юклар рўйхати, бу юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кузатиб бориш талаб этиладиган юкларни умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси доирасида кузатиб боради. Ўзбекистон Республикаси чегараларини кесиб ўтиш чоғида кузатиб бориладиган юкларни топшириш тартиби ва жойи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади.
Темир йўл транспортининг энг муҳим объектларини ва махсус юкларни қўриқлаш умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари, ички ишлар органларининг транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари ва республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бошқа ваколатли бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Бундай объектлар ва юклар рўйхатлари қонунчилик ҳужжатлари билан тасдиқланади.
Юкларнинг айрим турларини, шу жумладан қимматбаҳо, тез бузиладиган ҳамда бошқа юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш бутун йўл давомида юк жўнатувчининг ёки юкни олувчининг кузатувчилари томонидан амалга оширилиши мумкин. Бундай юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш тартиби юк жўнатувчилар (юкни олувчилар) томонидан ваколатли ташкилот билан келишилган ҳолда белгиланади.
Зарур бўлганда ваколатли ташкилот юк жўнатувчилардан (юкни олувчилардан) авария вазиятлари ва бошқа фавқулодда ҳолатлар ҳамда вазиятларнинг юзага келиши хавфини, шунингдек уларнинг юкларини ташиш чоғидаги эҳтимол тутилган зарарларни камайтирадиган қўшимча чоралар кўрилишини талаб қилишга ҳақлидир.
44-модда. Фавқулодда ҳолатлар ва вазиятларда темир йўл транспортининг ишлаши
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар темир йўл транспортида ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар, табиий офатлар (шамол ҳосил қилган тупроқ-қум босишлари, тошқинлар, ёнғинлар) ва темир йўл транспорти ишининг бузилишига олиб келган бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун шошилинч чора-тадбирлар кўради.
Давлат ҳокимияти органлари одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф табиий муҳитга, ҳаракат хавфсизлигига ҳамда юкларнинг сақланишига таҳдид солувчи темир йўл транспортида ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар, табиий офатлар ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар ва вазиятларнинг оқибатларини тугатишда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарига, ташувчиларга ёрдам кўрсатади.
Агар енгиб бўлмас куч таъсирида, ҳарбий ҳаракатлар, қамал, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда вазиятлар, фавқулодда ҳолат жорий этилиши натижасида багажни, юк багажини ва юкларни белгиланган манзилга етказиш ёки тегишли юкни олувчига (олувчига) топшириш имкониятидан маҳрум этадиган тўсиқлар вужудга келган бўлса, худди шунингдек ушбу сабабларга кўра багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларини сақлашнинг энг охирги муддатлари ўтиб кетса, мазкур ташувчи қонунчиликда белгиланган тартибда багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларини юк жўнатувчининг (жўнатувчининг) ёки юкни олувчининг (олувчининг) топшириғига биноан, шунингдек мазкур топшириқ белгиланган муддатда олинмаган тақдирда эса багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларини топширишга (реализация қилишга) ёки бунинг имкони бўлмаган тақдирда юк жўнатувчининг (жўнатувчининг) ўзига қайтариб юборишга ҳақлидир. Бунда топширилган (реализация қилинган) багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари учун ташувчи томонидан олинган сумма ушбу ташувчига тегишли бўлган суммалар чегириб қолинган ҳолда, қиймат ҳақи тўланган тақдирда ташиш ҳужжатларида кўрсатилган юкни олувчининг (олувчининг) ҳисобига, бошқа барча ҳолларда эса юк жўнатувчининг (жўнатувчининг) ҳисобига ўтказилади.
Ҳужжатлари бўлмаган багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларини реализация қилишдан ташувчи томонидан олинган маблағлар ушбу ташувчи фойдасига ўтказилади ҳамда ундан белгиланган манзилига етиб келмаган багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмалари учун ташувчи томонидан юк жўнатувчига (жўнатувчига) ёки юкни олувчига (олувчига) тўланган маблағларнинг ўрнини қоплаш учун фойдаланилади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган сумма юкни олувчи (олувчи) ёки юк жўнатувчи (жўнатувчи) томонидан талаб қилиб олинмаган тақдирда, даъво муддати тугаганидан сўнг маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.
45-модда. Темир йўл транспортида сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаролар муҳофазаси
Темир йўл транспортида сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаролар муҳофазасига раҳбарлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Темир йўл транспортида сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаролар муҳофазаси бўйича тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
46-модда. Ихтиёрий ва мажбурий суғурта
Темир йўл транспортининг иши сайёр хусусиятга эга бўлган ходимлари, шунингдек ўз лавозим вазифаларини ҳаёт учун хавфли шароитларда бажарувчи ходимлар ва идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариши даврида мажбурий шахсий суғурта қилиниши керак.
Темир йўл транспорти ходимларининг айрим тоифаларини мажбурий шахсий суғурта қилиш тартиби ва шартлари қонунчилик билан белгиланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуни.
Темир йўл транспортида йўловчилар ихтиёрий шахсий суғурта қилиниши, шунингдек багаж, юк багажи, юк, почта ва курьерлик жўнатмалари ихтиёрий суғурта қилиниши мумкин.
Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ташувчи томонидан амалга оширилади.
7-боб. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарининг, ташувчиларнинг, юк жўнатувчининг (жўнатувчининг), юкни олувчининг (олувчининг), йўловчининг, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ташишдан келиб чиқадиган мажбуриятлари бўйича жавобгарлиги. Талаблар ва даъволарни кўриб чиқиш
47-модда. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарининг, ташувчиларнинг жавобгарлиги
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар йўл ҳақини ҳамда багаж, юк багажи, юк, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ташиш ҳақини тўлаган ва йўл ҳужжатларини тўғри расмийлаштирган йўловчига ва юк жўнатувчига (жўнатувчига), агар ушбу Қонунда ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ташишни рад этишга ҳақли эмас.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар йўловчининг ёки темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланувчи бошқа шахснинг, худди шунингдек темир йўл транспорти фаолияти натижасида жабрланган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 113, 114, 115-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 260-моддаси.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар юкларни ташиш чоғида юкларни ташиш учун олинган буюртманомаларни бажармаганлик, вагонларни умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларга келтириб бермаганлик ва уларни умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллардан олиб кетишни кечиктирганлик, юкларни юк жўнатувчилар ва юкни олувчиларга тегишли бўлган ёки улар томонидан ижарага олинган вагонлар ва контейнерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик, бу вагонлар ва контейнерларга шикаст етказганлик ёки уларни йўқотганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда неустойка тўлаш тарзида жавобгар бўлади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар юкларни ташишда юкни етказиб бериш муддатларини бузганлик учун мулкий жавобгарлик билан бир қаторда ташилаётган юкнинг сақланишини таъминламаганлик учун ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда мулкий жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги 163-сонли «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар йўловчилар, багаж, юк багажи, юк, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда жавобгар бўлади.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар атроф табиий муҳитга етказилган зарар учун ҳамда темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун ажратилган ерларни лозим даражада сақламаганлик ва улардан фойдаланмаганлик учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг VIII боби.
48-модда. Юк жўнатувчиларнинг (жўнатувчиларнинг), юкни олувчиларнинг (олувчиларнинг), йўловчиларнинг, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар олдидаги жавобгарлиги
Юк жўнатувчилар (жўнатувчилар) ва юкни олувчилар (олувчилар) қуйидагилар учун қонунчиликда белгиланган миқдорларда неустойка тўлаш тарзида жавобгар бўлади:
ташишлар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун;
юкларни тақдим этмаганлик учун, юк ташишга берилган вагонлардан, контейнерлардан фойдаланмаганлик ёки буюртманомада кўрсатилган вагонларни, контейнерларни рад этганлик учун;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарига, ташувчиларга қарашли вагонлар ва контейнерлардан рухсатсиз фойдаланганлик учун;
вагонлар ва контейнерларни юкни ортиш, тушириш ёки қайта юклаш пайтида белгиланган технология нормаларидан ортиқча кечиктирганлик (бекор ушлаб турганлик) учун, шунингдек уларни юкни ортиш, тушириш, қайта юклаш учун етказиб бериш пайтида куттириб қўйиш орқали ёки юк жўнатувчига (жўнатувчига) боғлиқ бўлган бошқа сабабларга кўра кечиктирганлик (бекор ушлаб турганлик) учун;
маҳсулотларни экспортга етказиб бериш бўйича божхона, чегара органлари ёки бошқа давлат органлари томонидан белгиланган талабларни вагонлар ва контейнерларнинг кечиктирилганлигига сабаб бўлган тарзда бузганлик учун;
вагонларга, контейнерларга кўтарадиган юкидан ва юк ташиш шартномасида кўрсатилган вазндан ортиқча юк ортганлик учун;
вагонлар ва контейнерларни юклар туширилганидан кейин тозаламаганлик учун;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари, ташувчилар томонидан берилган вагонлар ёки контейнерларга, чиқариб олинадиган ташиш мосламалари ва ўраш-жойлаш воситаларига шикаст етказганлик ёки уларни йўқотганлик учун;
ташиш тақиқланган юкни тақдим этганлик ёки ташиш чоғида ўта эҳтиёткорлик чоралари кўришни талаб этувчи юкни унинг номи ёки хоссаларини нотўғри кўрсатиб тақдим этганлик учун.
Йўловчилар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар темир йўл транспорти воситаларидан фойдаланиш, ҳаракат хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини, темир йўл транспортидаги санитария-гигиена ва санитария-эпидемияга қарши қоидаларни бузганлик, қурилмаларга, ҳаракатдаги таркибга ва уларнинг ички жиҳозларига шикаст етказганлик учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Темир йўл транспортига унинг коммуникацияларини қасддан тўсиб (узиб) қўйиш ёки темир йўл транспортининг монеликсиз ва хавфсиз ишлашига халал берувчи қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлар натижасида етказилган зарарнинг ўрни умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарига, ташувчиларга айбдор юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 57-боби.
49-модда. Талаблар ва даъволарни кўриб чиқиш
Йўловчилар, багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш бўйича мажбуриятлар бузилган тақдирда, йўловчилар, юк жўнатувчилар (жўнатувчилар) ва юкни олувчилар (олувчилар) тегишли умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарига, ташувчига қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда муддатларда талаблар ва даъволар тақдим этишга ҳақлидир.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12, 24-боблари.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонаси, ташувчи талабни тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этган тақдирда ёки умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонасидан, ташувчидан талабни кўриб чиқиш муддати тугаганидан кейин жавоб олинмаганда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхонасига, ташувчига нисбатан ташиш жараёнидан келиб чиқадиган даъволар берилиши мумкин.
Даъво муддати юк, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш шартномаси бўйича — бир йил, йўловчи, багаж, юк багажини ташиш шартномаси бўйича — олти ой.
Даъво муддати даъво аризасини бериш учун асос бўлган ҳодиса бошланганидан кейинги кундан эътиборан ҳисобланади.
Ташиш шартномаси билан боғлиқ бўлмаган юкларни етказиб бериш бўйича мажбуриятлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича даъво муддати етказиб бериш муддати тугаган кундан эътиборан ҳисобланадиган икки ойни ташкил этади.
Темир йўл транспортида ташишлар бўйича талаблар ва даъволарни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарига, ташувчига йўловчилар, багаж, юк багажи, юклар, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташишда юзага келадиган талабларни тақдим этиш муддатлари Темир йўл транспорти уставида ва халқаро қатновларда темир йўл транспортида ташишлар тўғрисидаги битимларда (шартномаларда) назарда тутилади.
8-боб. Темир йўл транспортида мол-мулк. Темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун ерлар. Темир йўл транспортининг муҳофаза зоналари
50-модда. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида мулкчилик
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортининг инфратузилмаси ва магистрал локомотивлари инфратузилма оператори мулкидир.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларининг ва магистрал локомотивларнинг учинчи шахсларга сотилишига ёки бошқа шахсга берилишига йўл қўйилмайди.
51-модда. Темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотларининг мол-мулки
Темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотларининг мол-мулки асосий ва айланма маблағлардан, шунингдек қиймати ўз мустақил балансида кўрсатиладиган бошқа моддий бойликлардан иборат бўлади.
Темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотларининг мол-мулкидан фойдаланиш, унга эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 13-боби.
52-модда. Темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун ерлар
Темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун ерлар ваколатли ташкилотга, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналарига, инфратузилма операторига, шохобча йўл эгаларига темир йўл транспорти объектларидан фойдаланиш, уларни сақлаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, такомиллаштириш (яхшилаш) ва ривожлантириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.
Темир йўл транспорти эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари ер, шаҳарсозлик ва экология тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Темир йўлларга туташган, темир йўллар билан банд бўлган ёки бундай йўлларни жойлаштириш учун мўлжалланган, шунингдек темир йўл станцияларини, сув чиқариш ва мустаҳкамлаш қурилмаларини, темир йўллар бўйлаб ҳимоя чизиқларини, алоқа линияларини, электр таъминоти қурилмаларини, ҳарбий юкларни ортиш ва тушириш жойларини, ишлаб чиқаришга оид ва бошқа биноларни, иморатлар, иншоотлар ва темир йўл транспортининг бошқа объектларини жойлаштириш учун мўлжалланган ер участкалари ажратилган минтақа ҳисобланади.
Темир йўл транспорти ерларидан ажратилган минтақа доирасида фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 сентябрдаги 616-сонли «Ажратилган минтақа ва муҳофаза зоналари чегараларида темир йўл транспорти ерларининг ўлчамини белгилаш ҳамда улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори.
53-модда. Темир йўл транспортининг муҳофаза зоналари
Аҳоли, темир йўл транспорти ходимлари, йўловчилар, ҳайвонлар хавфсизлигини, шунингдек темир йўл станцияларидан, темир йўллардан, электр таъминоти ва алоқа линияларидан фойдаланишда хавфсизликни, темир йўл транспорти иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларининг, шу жумладан силжувчи тупроқли ҳудудларда ва қум уюмлари, ер кўчиши, ер чўкиши, сув оқизиб кетиши, сел олиши ва табиий хусусиятдаги бошқа хавфли таъсирларга мойил бўлган ҳудудларда жойлашган объектларнинг бут сақланиши, мустаҳкамлиги ва бардошлилигини таъминлаш мақсадида муҳофаза зоналари — ажратилган минтақага икки томондан туташган ҳудудлар белгиланади.
Муҳофаза зоналари чегараларидаги ер участкалари учун ердан фойдаланишнинг махсус режими белгиланади, бунда ушбу ер участкаларининг эгалари, фойдаланувчилари ёки ижарачилари қуйидаги чекловлар билан улардан хўжалик мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга:
саноатга оид ва фуқаровий қурилишни амалга ошириш тақиқланади;
темир йўлларнинг давлат кадастрини юритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган органнинг розилигисиз ҳар қандай ишни бажариш тақиқланади.
Муҳофаза зоналарини, уларнинг ўлчамларини, ушбу мақсадлар учун ажратилган ерлардан фойдаланиш режимини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 сентябрдаги 616-сонли «Ажратилган минтақа ва муҳофаза зоналари чегараларида темир йўл транспорти ерларининг ўлчамини белгилаш ҳамда улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори.
9-боб. Якунловчи қоидалар
54-модда. Низоларни ҳал этиш
Темир йўл транспорти соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
55-модда. Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 113, 114, 115-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 260-моддаси.
56-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
57-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги 766-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 118-модда);
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тўғрисида»ги 767-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 119-модда);
3) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 6 апрелда қабул қилинган «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-31-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 157-модда) 4-моддаси;
4) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 8 сентябрда қабул қилинган «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-293-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 9, 246-модда);
5) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 9 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-388-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 6, 228-модда) 8-моддаси;
6) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралда қабул қилинган «Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-522-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 2, 47-модда) 24-моддаси;
7) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-542-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 5, 267-модда) 18-моддаси;
8) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 104-моддаси.
58-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 7-моддаси биринчи қисмининг саккизинчи хатбошисида назарда тутилган Темир йўл транспорти уставини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 7-моддаси биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошисида назарда тутилган умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидаларини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 34-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган иши бевосита поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти айрим тоифадаги ходимларининг иш вақти режими, дам олиш режими ва бошқа меҳнат шароитлари хусусиятлари ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;
ушбу Қонун 42-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 52-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган темир йўл транспорти ерларидан ажратилган минтақа доирасида фойдаланиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 53-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган муҳофаза зоналарини, уларнинг ўлчамларини, ушбу мақсадлар учун ажратилган ерлардан фойдаланиш режимини белгилаш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
59-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонунинг 1 — 29, 31 — 57-моддалари ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач амалга киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 ноябрь,
ЎРҚ-1006-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.11.2024 й., 03/24/1006/0978-сон)