ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРИЛИШ ВА УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 14 октябрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 306]
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 октябрдаги 577-сон «Қурилиш соҳасига оид талабларни соддалаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган.
4. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир в.б. Ш. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 11 сентябрь,
01/2-66-сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2024 йил 30 август
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. АБДУХАКИМОВ
2024 йил 1 август
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Б. ЮСУПАЛИЕВ
2024 йил 1 август
Фавқулодда вазиятлар вазири А. КУЛДАШЕВ
2024 йил 29 июль
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2024 йил 11 сентябрдаги 01/2-66-сон буйруғига
1-ИЛОВА
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
Ушбу шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (бундан буён матнда ШНҚ деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг ҳудудини ва унинг қисмларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва мазмунига оид талабларни белгилайди.
1-боб. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар
1. Ушбу ШНҚда қуйидаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар келтирилган:
ШНҚ 1.02.07-19 «Қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар. Асосий қоидалар»;
ШНҚ 1.02.08-19 «Қурилиш учун муҳандислик-геодезик қидирувлар. Қоидалар тўплами»;
ШНҚ 1.03.03-23 «Қурилиш объектларини лойиҳалаштириш»;
ҚМҚ 2.01.17-98 «Фуқаролик мудофааси ва фавқулодда вазиятлар. Муҳандислик-техник тадбирлар»;
ШНҚ 3.01.01-22 «Қурилишда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш»;
ISO 216-2007 — Ёзув қоғози ва босма маҳсулотларининг айрим синфлари. Кесилган ўлчамлари. Машина йўналиши кўрсатилган А ва Б сериялари (расмий манба: Бумага писчая и некоторые виды печатной продукции. Потребительские форматы. Ряды А и В и указание машинного направления);
«Ўзбекистон Республикаси корхоналари учун атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларини инвентаризациядан ўтказиш ва унга чиқариб ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни меъёрлаш бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруқ (рўйхат рақами 1533, 2006 йил 3 январь).
2-боб. Атамалар ва таърифлар
2. Ушбу ШНҚда қуйидаги атамалар ва уларнинг таърифлари қўлланилган:
агломерация — аҳоли пунктларининг ихчам ҳудудий гуруҳи бўлиб, унинг асосий кўриниши шаҳарлар, ажралиб турадиган жойлардан иборат бўлиб, интенсив саноат, транспорт ва маданий алоқаларга эга бўлган кўп қатламли кўп компонентли динамик тизимда бирлаштирилган ҳудудлар;
аҳоли пунктининг бош режаси — аҳоли пунктини ҳудудий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини ҳамда фуқароларнинг қулай ҳаёт фаолияти муҳитини комплекс шакллантириш шарт-шароитларини белгилайдиган шаҳарсозлик ҳужжати;
аҳоли пунктининг чегара чизиғи — аҳоли пункти ерларининг уларни ер фондининг бошқа тоифаларидан ажратиб турадиган, шаҳарсозлик ҳужжатларида белгиланган ташқи чегараси;
демография — аҳолининг кўпайиш қонуниятларини, унинг тақсимланишини, бу жараёнларнинг динамикасини, шунингдек одамлар сони ўзгаришининг жамиятдаги бошқа ҳодисалар билан боғлиқлигини ўрганувчи фан;
тармоқ тарҳлари — Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди ва унинг қисмларида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари ва режалаштириш ечимлари белгиланган тарҳ (энергия таъминоти, транспорт соҳасини (турларини) ривожлантириш, ҳудудни хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш);
транспорт инфратузилмаси — инфратузилманинг бир тури бўлиб, йўловчи ва юкларни ташишни амалга оширувчи, шунингдек уларга хизмат кўрсатиш ва сақлаш вазифасини таъминловчи транспорт корхоналари ва уларнинг барча тармоқлари;
туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари — туман (туманлар) ҳудудини табиий-иқлим шароитларини, аҳоли сони прогнозини ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини инобатга олган ҳолда ҳудудларни зоналаштириш, муҳит хавфсизлиги, экологик барқарорлиги ва истиқболли ривожланишини таъминлашга қаратилган асосий йўналишларини белгилайдиган ҳужжат;
уй-жой фонди — мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча турдаги турар-жойлари, шу жумладан турар-жой бинолари, ихтисослаштирилган уйлар (ётоқхоналар, бошпаналар, кўчма фонд уйлари, ёлғиз кексалар учун махсус уйлар, меҳрибонлик уйлари, ногиронлиги бўлган шахслар ва фахрийлар учун интернат уйлар, интернатлар, мактаб қошидаги интернатлар, квартиралар ва бошқалар) йиғиндиси;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳи (бундан буён матнда Бош тарҳ деб юритилади) — ҳудудларнинг ижтимоий, демографик, экологик ва иқтисодий жиҳатларини ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ролини ҳисобга олган, комплекс хусусиятга эга бўлган, жаҳондаги глобал жараёнларни, мамлакатнинг коммуникациялар маконидаги ўрнини, унинг ҳудудларини фазовий ташкил этиш ва ривожлантириш стратегиясини белгиловчи фундаментал ва янгилаб бориладиган ахборот-таҳлилий ҳужжатдир;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг икки ва ундан ортиқ вилоят ҳудудларини ўз ичига олган қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари (бундан буён матнда бириктирма тарҳлар деб юритилади) — республиканинг икки ва ундан ортиқ вилоят ҳудудларини ўз ичига олган қисмларини режалаштириш тарҳи бўлиб, унда Бош тарҳда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳида қабул қилинган лойиҳавий ечимларни вилоятлараро аҳамиятга молик муҳандислик, транспорт ва ижтимоий соҳа инфратузилмалари ҳамда вилоятлар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий, табиий-иқлим шароитлари ва табиий ресурслардан келиб чиқиб аниқлаштирадиган ҳужжат;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари — кўрилаётган ҳудуднинг табиий-иқлим, ижтимоий-иқтисодий, тарихий-маданий ва демографик хусусиятларини таҳлил қилиш, рекреацион захиралар, транспорт ва муҳандислик инфратузилмалари имкониятларини комплекс баҳолаш асосида ҳудудларда фойдаланиш режимини, шунингдек муҳит хавфсизлиги, экологик барқарорлиги ва истиқболли ривожланишини таъминлашга қаратилган лойиҳавий ечимларни белгилайдиган ҳужжат;
ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш — ҳудуддан самарали фойдаланиш учун ўзгартириш, ер сатҳини текислаш, санитария-гигиена ва микроиқлим шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи;
ҳудудни муҳандислик ускуналаш — қурилиш майдончаси ҳаётни таъминлаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш учун муҳандислик тизимлари (сув, электр, газ, иссиқлик таъминоти, алоқа, канализация, дренаж ва шу кабилар) билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи;
ҳудудни функционал ташкиллаштириш (зоналаштириш) — ҳудуд ривожланишини шаҳарсозлик жиҳатдан режалаштириш чоғида шаҳарсозликнинг фойдаланиш турларини ҳамда бу турлардан фойдаланишга доир чекловларни белгилаган ҳолда ҳудуднинг функционал мақсадга кўра бўлиниши;
фойдаланиш режими — ҳар бир ҳудудий зона учун шаҳарсозлик ҳужжатлари билан белгиланган фойдаланиш режими (унда жойлашган барча ер участкаларига, биноларга, иншоотларга ва уларнинг мажмуаларига нисбатан бир хил қўлланилади).
3. Ушбу ШНҚда қуйидаги қисқартмалар қўлланилган:
АМТБ — атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш;
ТИА — техник-иқтисодий асос;
ГТС — газ тақсимлаш станциялари;
ФМ МТТ — фуқаро муҳофазаси муҳандислик-техник тадбирлари;
БРЛ — батафсил режалаштириш лойиҳаси.
3-боб. Умумий қоидалар
4. Ўзбекистон Республикасининг ҳудудини ва унинг қисмларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш масалаларини ҳал этиш мақсадида қуйидагилар учун турли йўналишларда ҳудудларни ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари ишлаб чиқилиши керак:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини функционал зоналаштириш ва табиатдан фойдаланиш тарҳи;
дам олиш ва туризм зоналарни режалаштириш тарҳи;
шаҳарлар агломерацияси ҳудудини режалаштириш тарҳи;
аҳоли пунктининг бош режасига мувофиқ қурилишнинг биринчи навбатини жойлаштириш тарҳи;
саноат мажмуалари ва ишлаб чиқариш зоналари бош режалари ҳамда ушбу ҳудудларда қурилишларни тартибга солиш тарҳлари;
аҳоли пунктлари ҳудудларини хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан ҳимоя қилиш тарҳлари;
ҳудуднинг муҳандислик тайёрлаш ишлари бўйича тарҳлар;
фуқаро муҳофазаси бўйича муҳандислик-техник тадбирлар тарҳлари;
табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий комплекс тарҳлар;
аҳоли пунктларининг тарихий-меъморий ва маданий мерос объектлари жойлашуви таянч тарҳлари;
қурилишларни тартибга солиш чизиқлари тарҳлари;
аҳоли пунктларида яшил зоналарни ташкил этиш тарҳлари ва бошқалар.
5. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни, шу жумладан тақдимот материалларининг таркиби, лойиҳа билан қамраб олинаётган ҳудуднинг чегаралари (схематик, харитада), шунингдек тарҳлар ва чизмаларнинг масштаблари лойиҳалаштириш топшириқлари билан белгиланиши керак.
Лойиҳа ечимларини асословчи, деталлаштирувчи чизмалар ва илова қилинадиган материаллар қўшимча равишда лойиҳалаштириш топшириғига асосан бажарилиши керак.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириқлари мазкур ШНҚнинг 1 — 6-иловаларида назарда тутилган.
6. Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда қуйидагилар бажарилиши лозим:
шаҳарсозлик ҳужжатларини маъмурий-ҳудудий тузилишига, шаҳарсозлик мақсадлари ва вазифалари, уларнинг давомийлиги, лойиҳавий ечимларнинг сифати ва асосланганлиги ҳамда ҳудудларни зоналаштириш ва ривожлантириш қоидаларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ушбу ШНҚнинг талабларига мувофиқ ишлаб чиқиш;
шаҳарсозлик ҳужжатлари шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда экологик, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа омилларнинг мутаносиблиги таъминланиши;
кейинги босқич лойиҳа ҳужжатларини тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида ишлаб чиқиш;
шаҳарсозлик ҳужжатларини давлатнинг умумий сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий мақсадлари билан мутаносиб равишда аҳолини жойлаштириш ва ҳудудларни ташкил этиш соҳасидаги сиёсатини белгилаши, ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантиришни режалаштириш бўйича республика, минтақавий, маҳаллий ҳамда халқаро дастурлар билан мувофиқлаштириш;
шаҳарсозлик ҳужжатларини лойиҳалаш объектининг функционал мақсади ҳамда ўзига хослигидан келиб чиқиб, мақбул таркибда ишлаб чиқиш;
шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга солинадиган ҳудудлар, ҳудудий зоналар ва тартибга солиш чизиқлари кўринишидаги турли чекловларни белгилаш мақсадида бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган чекловлар мазмунини таҳлил қилиш;
шаҳарсозлик ҳужжатларини аввал қабул қилинган шаҳарсозлик ечимлари асосида ишлаб чиқиш, яъни илгари тасдиқланган бош режаларнинг лойиҳавий муддатлари тугамаган аҳоли пунктлари учун янги бош режалар ишлаб чиқилишига йўл қўйилмайди, балки уларга тузатиш (ўзгартириш)лар киритилиши керак;
режалаштирилаётган хўжалик-иқтисодий фаолиятининг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига кўрсатиши мумкин бўлган салбий таъсирлар хусусиятлари ва даражасини, шунингдек таъсирларнинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини баҳолаш, салбий таъсирларнинг олдини олиш ёки юмшатиш мақсадида шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари учун АМТБларни ишлаб чиқиш;
шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча босқичлари ҳудудий инфратузилмаларни (иқтисодиёт тармоқлари, муҳандислик-транспорт ва ижтимоий соҳа) ривожлантиришни режалаштириш ечимлари, шу жумладан ҳудудни экологик тизимлари (табиий-экологик каркаслар) билан ўзаро боғланган ҳолда ишлаб чиқилиши;
шаҳарсозлик ҳужжатлари минимал ҳажмда, ушбу ШНҚга мувофиқ ишлаб чиқилиши ва ҳудудни ривожлантириш соҳасида қабул қилиниши зарур бўлган барча ечимларни ўз ичига олиши;
шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаланаётган ҳудуддаги мавжуд ер усти ва ер ости транспорт ва муҳандислик тармоқлари ва иншоотлари акс этилган, тегишли масштабдаги, ШНҚ 1.02.07-19 ва ШНҚ 1.02.08-19га мос топографик хариталардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилиши.
7. АМТБ материаллари «Ўзбекистон Республикаси корхоналари учун атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларини инвентаризациядан ўтказиш ва унга чиқариб ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни меъёрлаш бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа (рўйхат рақами 1533, 2006 йил 3 январь) мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.
Фуқаро муҳофазаси бўйича муҳандислик-техник тадбирлар тарҳлари ҚМҚ 2.01.17-98 га мувофиқ бажарилиши лозим.
8. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг график ва матнли материаллари замонавий лойиҳалаштириш, ахборот-моделлаштириш ва географик ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда, ягона маълумотномалар ва таснифлагичлар тизимида, электрон шаклда ишлаб чиқилиши лозим.
4-боб. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни
1-§. Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳи
9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари, аҳоли пунктларининг бош режалари, муҳандислик-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тармоқ тарҳлари ва шаҳарсозлик ҳужжатларининг бошқа турлари Бош тарҳ асосида ишлаб чиқилиши керак.
10. Бош тарҳ Ўзбекистон Республикаси тараққиёт стратегияси, шунингдек халқаро ва минтақавий интеграция жараёнлари, қўшни давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича ҳудудий дастурлари ҳамда жаҳон тамойиллари ҳисобга олинган ҳолда узоқ муддатли истиқболга мўлжаллаб ишлаб чиқилиши лозим.
Бош тарҳ 50 йилгача бўлган лойиҳавий муддатга мўлжаллаб ишлаб чиқилиши ҳамда яқин 10 — 20 йилга мўлжаллаб уни амалга ошириш босқичлари белгиланиши керак.
Бош тарҳга ҳар 10 — 15 йилда тузатишлар киритиб борилиши керак.
11. Бош тарҳда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги йўналишлар бўйича умумдавлат аҳамиятига молик стратегик мақсадлар назарда тутилиши лозим:
шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг мақсадли параметрлари белгиланиши, аҳолини ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш тизими давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш;
ҳудудларнинг жорий ҳолатини, салоҳиятини аниқлаш, ўзаро боғлиқлик мақсадларини ва ўзига хос хусусиятларини белгилаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудини шаҳарсозлик жиҳатдан (фойдаланиш бўйича устувор йўналишлар ва чекловларини белгилаган ҳолда) зоналаштириш;
ресурслар (табиий, меҳнат, муҳандислик-техник) салоҳиятни комплекс баҳолаш асосида, давлатлар ва ҳудудлараро муҳандислик-транспорт коммуникациялар ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш прогнозлари билан боғлиқ ҳолда аҳолини жойлаштириш тизимини тартибга солиш ва такомиллаштириш йўналишларини белгилаш;
ресурсларни тежаш, техноген жараёнлар натижасида бузилган экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсиз ва қулай муҳитни шакллантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш фаолиятини амалга ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ҳудудлараро ва тармоқлараро давлат манфаатларини мувофиқлаштириш;
атроф-муҳит ва маданий мерос объектларининг сақланишини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли пунктларининг барқарор ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга солинадиган умумдавлат аҳамиятига молик объектлар чегараларини белгилаш;
лойиҳалаштириш топшириғини ишлаб чиқишда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини асос сифатида белгилаш, алоҳида ҳудудлар учун ишлаб чиқилиши лозим бўлган шаҳарсозлик ҳужжат (вилоятлараро схема)лар рўйхатини ва чегараларини аниқлаш.
12. Бош тарҳ қуйидагилар асосида ишлаб чиқилиши лозим:
республика ҳудудини экологик ва шаҳарсозлик жиҳатдан зоналаштириш;
аҳоли жойлашишини такомиллаштириш, минтақавий хусусиятларни ва маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик фаолиятининг турли шаклларининг ривожланишни таъминлайдиган қулай шаҳарсозлик шароитларини яратишга қаратилган прогнозларни шакллантириш;
саноатнинг айрим тармоқлари ва алоҳида хўжалик фаолиятини ривожланиши учун қулай бўлган инвестиция сиёсатини юритиш;
йирик ва энг йирик шаҳарлар, саноат, маъмурий, ишбилармонлик ва маданият марказлари, транспорт тугунлари, дам олиш ва туризм ҳудудлари, миллий боғлар ва алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар, шу жумладан ноёб табиий мажмуалар, маданий ва бадиий аҳамиятга эга ҳудудларни ривожлантириш.
13. Бош тарҳнинг лойиҳа ҳужжатлари қуйидаги таркибда бўлиши керак:
геосиёсий жойлашуви ва маъмурий-ҳудудий тузилиши тарҳи (1:4 000 000 масштабда);
аҳолининг жойлашуви (мавжуд) ҳолати тарҳи, аҳолини жойлаштириш тизимлари тарҳи (1:500 000 масштабда);
табиий ресурслар ва улардан фойдаланиш тарҳи, аҳолини жойлаштиришнинг табиий-экологик шартлари тарҳи, ҳудуддан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш тарҳи, шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг зичлиги тақсимоти тарҳи, комплекс муаммоли ареаллар тарҳи, аҳолини жойлаштиришнинг ҳудудий-шаҳарсозлик салоҳияти тарҳи, транспорт инфратузилмаси тарҳи, муҳандислик-техник инфратузилмаси тарҳи, аҳолини жойлаштиришни шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантиришнинг тузилмаси тарҳи, чегараолди ҳудудларда аҳолини жойлаштиришни ташкил этиш тарҳи (1:1 000 000, 1:500 000 масштабларда);
лойиҳа ечимларини асословчи ва деталлаштирувчи ёрдамчи материаллар мажмуи (ихтиёрий масштабда);
тушунтириш хати, асосий қоидалар ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли).
14. Асосий график материалларнинг масштаби маълумотлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланиши лозим. Асосий график материалларига қўшимча равишда бош тарҳининг лойиҳавий ечимларини асослаб берувчи ҳамда лойиҳавий ечимлари бўйича тақдимот материаллари (деталлаштирувчи тарҳлар ва бошқалар) бўлиши керак.
15. Бош тарҳнинг асосий чизмаларда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
а) аҳолини жойлаштиришнинг шаклланган тузилмаси тарҳида:
Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар чегаралари;
вилоятларнинг марказий шаҳарлари ва йирик шаҳарлар;
темир йўл йўналишлари, автомобиль йўллари, аэропортлар;
дарёлар, кўллар, каналлар, сув омборлари;
аҳолини жойлаштириш зоналари, шу жумладан аҳоли пунктлариаро барқарор алоқалар мавжуд бўлган аҳоли жойлаштиришнинг асосий минтақалари;
автоном-марказлар шаклидаги жойлаштириш зоналари;
аҳолини жойлаштиришнинг бош режалаштириш ўқлари;
дам олиш ва туризм ҳудудлари, ноёб табиат объектлари;
б) яшаш ва хўжалик фаолиятини юритиш шароитлари тарҳида:
табиий-экологик шароитлар;
муҳандислик-транспорт инфратузилмаси ривожланиш даражаси;
меҳнат билан бандлик ҳамда ижтимоий-маиший шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни қулайлик даражаси бўйича зоналаштириш;
в) тизимли муаммоли ҳудудлар тарҳида:
кескин экологик вазиятли;
меҳнат ресурслари ортиқча бўлган;
муҳандислик-транспорт ва ижтимоий-маиший инфратузилмаларнинг ривожланиш даражаси бўйича паст бўлган ҳудудлар;
экологик, ижтимоий ва иқтисодий вазиятлари ноқулай бўлган аҳоли пунктлари;
г) аҳолини жойлаштиришнинг ҳудудий салоҳияти тарҳида:
ҳудудларни ландшафт-иқлим, муҳандислик-геологик, гидрогеологик, сейсмик, экологик, табиатни муҳофаза қилиш, ҳудудий режалаштириш ва бошқа шароитлар бўйича шаҳарсозлик нуқтаи назардан ўзлаштириш учун яроқлилик даражасига қараб тақсимлаш;
д) шаҳарсозликни ривожлантиришнинг тузилмавий модели:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар чегаралари;
аҳолини жойлаштириш макрозоналари;
ҳудудда шаҳарсозликни ривожлантиришнинг бош режалаштириш ўқлари ва йўналишлари;
аҳолини жойлаштиришнинг асосий истиқболли минтақалари;
автоном марказ шаклида жойлаштириш ҳудудлари;
асосий транспорт йўналишлари;
аҳолини жойлаштиришнинг таянч марказлари;
аҳоли пунктларининг гуруҳли тизимлари;
жуда йирик ва йирик агломерациялар;
йирик дам олиш ва туризм тизимларининг шаклланиш ҳудудлари, ноёб табиат объектлари;
е) аҳолини жойлаштиришнинг режавий ташкил этилиши тарҳида:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар чегаралари;
аҳолини жойлаштириш тизимининг таянч каркаси;
шаҳар ва қишлоқ аҳолисини истиқболли жойлаштириш ҳудудлари;
шаклланиб бўлган ва шаклланаётган агломерациялар, ҳудудий режалаштириш, магистрал транспорт коммуникациялари ҳамда шаҳарсозликни фаол ривожлантириш ҳудудлари ва йўналишлари;
табиатни муҳофаза қилинадиган, дам олиш ва туризм ҳудудлари, қимматли ва ноёб табиат объектлари;
ж) муҳандислик-транспорт инфратузилмаларининг таянч тизими тарҳида:
чегарадош давлатлар билан интеграциясини таъминловчи халқаро ва трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, дарё бандаргоҳлари;
трансчегаравий, умумдавлат ва ҳудудлараро аҳамиятга эга темир йўллар;
умумдавлат аҳамиятига эга йирик, шу жумладан чегараолди транспорт тугунлари, трансчегаравий алоқаларнинг истиқболли йўналишлари;
асосий муҳандислик иншоотлар ва коммуникациялари.
16. Бош тарҳ материаллари қуйидаги таҳлилий чизмалар билан тўлдирилиши мумкин:
а) аҳолининг зичлиги бўйича тақсимланиш тарҳларида: аҳоли зичлиги бўйича зоналаштириш, шунингдек аҳоли зичлиги бўйича тоифаларга ажратиш;
б) табиий-экологик жиҳатдан яшаш шароитларининг тарҳларида: ҳудудларни ландшафт-экзоген ва геологик жараёнлар, сейсмик даражаси, табиий муҳитнинг ўзини ўзи тозалаш салоҳияти, табиий муҳитнинг бугунги кундаги ифлосланиши ва бузилиши, сув, ўрмон ва минерал-хомашё ресурслари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда яшаш учун қулайлик даражаси бўйича зоналаштириш;
в) табиий ресурслар ва улардан фойдаланиш тарҳларида: ер, сув, ўсимлик, ҳайвон, минерал-хомашё ресурслари, ер ости фойдали қазилмаларнинг тарқалиш ва ҳосил бўлиш ҳудудлари;
г) ҳудудлардан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш тарҳларида: ҳудудларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш турлари бўйича зоналаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш шароитлари ва ресурслари;
д) энергия билан таъминлаш шароитлари ва ресурслари тарҳларида: ёнилғи-энергетика ресурслари, асосий энергетик иншоотлар ва магистрал коммуникациялар.
17. Бош тарҳнинг тушунтириш хати қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
а) Ўзбекистон Республикасининг аҳоли истиқомат қилиш ҳудудларининг шароитлари тўғрисида умумий тавсифлар: табиий-ландшафт шароитлари, ер ресурслари, уларнинг ҳолати ва фойдаланиш, муҳандислик-геология ва гидрогеология шароитлари, сув ресурслари, ўсимлик (ўрмон) ресурслари, фойдали қазилмалар, замонавий экологик вазият;
б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инфратузилма ҳолати:
транспорт инфратузилмаси;
энергия таъминоти тизими ва энергетика ресурслари;
сув таъминоти ва оқова сувларни олиб чиқиш тизими;
в) аҳолининг замонавий жойлашиши, жойлаштириш муаммолари ва ривожлантириш шартлари:
аҳолини жойлаштириш тузилмаси ва маконда жойлашуви;
аҳолини жойлаштириш зичлигини тақсимлаш;
аҳолини жойлаштиришнинг таянч марказлари;
аҳолини қишлоқ жойларда жойлашувининг алоҳида хусусиятлари;
аҳоли истиқомат қилиши учун ижтимоий-иқтисодий шароитлар;
г) ижтимоий-демографик шароитлар:
демографик вазият (мавжуд ҳолати ва истиқболи);
меҳнат ресурслари;
миграция жараёнлари;
д) аҳолини жойлаштиришнинг иқтисодий асослари:
саноат ва ишлаб чиқариш;
қишлоқ хўжалиги;
муҳандислик-техник инфратузилмаси;
транспорт;
е) аҳолини жойлаштиришнинг геосиёсий шароитлари: чегараолди ҳудудларда аҳоли жойлашуви;
ж) аҳолини жойлаштиришни маконда ташкил этиш концепцияси:
ҳудудни функционал ташкиллаштириш (зоналаштириш);
аҳолини жойлаштиришнинг урбанистик тузилмаси;
ҳудудлар ва жойлаштириш каркаслари;
з) аҳолини жойлаштиришнинг режавий ташкиллаштириш:
урбанизациялашган зоналар;
аҳоли жойлашувининг таянч каркаси ва таянч марказлари;
транспортни ташкил этиш;
муҳандислик таъминоти тизими;
ландшафт, дам олиш ва туризм зоналари;
захира зоналар;
и) аҳолини жойлаштириш бўйича шаҳарсозлик сиёсатининг асосий қоидалари:
аҳолини жойлаштиришнинг тарихий шаклланган тузилмасини такомиллаштириш ва ривожлантириш жиҳатлари;
аҳолини жойлаштириш тизимини фаол шакллантириш учун шаҳарсозлик шарт-шароитларини яратиш бўйича режалаштириш;
яшаш шароитларини яхшилаш бўйича ижтимоий-иқтисодий жиҳатлар;
аҳолини жойлаштиришнинг ҳудуддаги захиралардан фойдаланиш, яшаш муҳитининг қулайлигини ошириш, табиий ресурсларни тежаш ва хўжалик-иқтисодий фаолияти борасидаги экологик жиҳатлари;
л) техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли).
2-§. Бириктирма тарҳлар
18. Бириктирма тарҳлар Бош тарҳга мувофиқ қуйидаги мақсадларда ишлаб чиқилади:
аҳолини жойлаштиришнинг ҳудудий тизимларини ҳамда вилоятлараро аҳамиятга эга муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш;
ижтимоий-иқтисодий, табиий-иқлим шароитлари ҳамда табиий ресурслардан келиб чиқиб вилоятлар ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш стратегияларини белгилаш;
бир-бирига туташ маъмурий-ҳудудий бирликларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги фаолиятини ўзаро мувофиқлаштирган (бирлаштирилган) ҳолда амалга оширилишини таъминлаш.
19. Бириктирма тарҳларни ишлаб чиқишда фойдаланиладиган хариталарда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
вилоятлар ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликларнинг (шаҳар, туман) чегаралари;
умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда ноёб ландшафтга эга ҳудудлар;
курорт ва рекреация мақсадлари учун мўлжалланган ҳудудлар;
махсус иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналарининг ҳудудлари;
сув ресурсларининг муҳофаза ҳудудлари;
моддий маданий мерос объектлари ҳудудлари;
алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари ҳудудлари;
фавқулодда вазиятлар таъсирига учраган ҳудудлар (жойлар ва аҳоли пунктлари);
чиқиндиларни, шу жумладан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, жойлаштириш, ташиш, зарарсизлантириш, сақлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш учун фойдаланиладиган объектлар ҳудудлари;
бошқа ҳудудлар.
20. Бириктирма тарҳларнинг асосий график материалларига қуйидагилар киради:
вилоятларнинг республика ҳудудидаги жойлашуви — 1:1 000 000 масштабда;
ҳудуддан фойдаланишнинг мавжуд ҳолати тарҳи (таянч режаси), ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳи, лойиҳавий режа (асосий чизма), вилоятлар ҳудудларини функционал ва режалаштиришни ташкил этиш тарҳи; муҳандислик-транспорт коммуникациялари тарҳи, ҳудуднинг табиий-экологик каркаси тарҳи, ҳудудларни хавфли табиий ва техноген таъсирлардан ҳимоя қилиш тарҳи; шаҳарсозлик объектининг ўзига хос хусусиятлари билан белгиланадиган бошқа турдаги тарҳлар (1:100 000, 1:200 000 масштабларда).
21. Бириктирма тарҳларнинг чизмаларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
а) вилоятларнинг республика ҳудудидаги жойлашуви тарҳида:
лойиҳаланаётган ҳудуднинг чегаралари;
уларга туташ туманлар, уларнинг марказлари ва бошқа йирик аҳоли пунктларининг чегаралари;
транспорт, сув хўжалиги, муҳандислик коммуникациялари, магистрал тармоқлари ва иншоотлари;
б) ҳудуддан фойдаланишнинг мавжуд ҳолати режаси (таянч режа)да:
маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегаралари;
турар-жой тизимлари — мегаполислар, агломерациялар, аҳоли пунктлари;
шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга солинадиган ва бошқа режимли ҳудудлар;
курорт ва рекреация зоналари, аҳоли дам олиш зоналари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар;
функционал зоналар;
йирик саноат мажмуалари жойлашган ҳудудлар;
умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик магистрал транспорт ва муҳандислик коммуникациялари йўналишлари;
вилоят марказига транспортда етиб олиш имкони акс эттирган изохронлар;
йирик транспорт ва муҳандислик иншоотларининг жойлашуви;
в) ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳида:
ҳудудни маъмурий-ҳудудий бўлиниши, табиий-иқлим, муҳандислик-геологик ва ландшафт шароитлари, ҳудудлардан иқтисодий фойдаланиш самарадорлиги, аҳоли зичлиги, урбанизация даражаси ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб ҳудудлаштириш;
ҳудуднинг ер, ўрмон хўжалиги, ёқилғи-энергетика, минерал-хомашё, сув ва бошқа ресурслар, транспорт, муҳандислик, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмалари билан таъминланганлиги;
ҳудудларнинг экологик ҳолати, шаҳарсозлик фаолияти чекланган ҳудудлар; шаҳарсозлик мақсадлари учун қулай ва шартли равишда қулай бўлган ҳудудлар;
г) лойиҳавий режа (асосий чизма)да:
алоҳида тартибга солинадиган умумдавлат аҳамиятига молик шаҳарсозлик фаолияти объектлари; вилоятлараро, вилоятлар ва туманлар ҳудудларида жойлаштирилиши устувор бўлган шаҳарсозлик фаолияти объектлари;
шаҳарсозлик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган аҳоли пунктлариаро ва шаҳар атрофи ҳудудлари, истиқболли ривожланиш ҳудудлари чегаралари ва ўсиш нуқталари;
табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни истиқболли ташкил этиш бўйича ечимлар;
д) вилоятлар ҳудудларини функционал ва режалаштиришни ташкил этиш тарҳида:
режалаштириш ўқлари, бирламчи ва иккинчи даражали режалаштириш марказлари;
ҳудуддан иқтисодий фойдаланиш интенсивлиги даражаси ва табиий муҳитнинг шаҳарсозлик, экологик, техник мезонларга мувофиқ ўзгаришининг йўл қўйиладиган даражаси зоналари;
функционал соҳаларнинг асосий турлари ва шаҳарларни интенсив ривожлантириш ёки иқтисодий жиҳатдан ривожланишини чеклаш;
е) муҳандислик-транспорт инфратузилмалари тарҳида: минтақавий ва ҳудудлараро муҳандислик-транспорт коммуникациялари ҳамда иншоотлари; халқаро ва республика аҳамиятидаги муҳандислик ва транспорт коридорлари; маҳаллий муҳандислик-транспорт тизимларини ривожлантириш бўйича таклифлар;
ж) ҳудудларнинг табиий-экологик асослари тарҳида: сув, ўрмон, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишга доир қонун ҳужжатлари асосида иқтисодий фойдаланиш усуллари белгиланадиган ҳудудий элементлар;
з) ҳудудларнинг табиий-экологик асослари тарҳида: ҳудуддан функционал фойдаланиш; табиий-экологик ўқлари ва асосий элементлари; экологик коридорлар; буфер зоналари; шакллантириш учун тавсия этилган табиий-экологик асоси (атроф-муҳитни ташкил этувчи) элементлари.
22. Бириктирма тарҳларнинг тушунтириш хатида қуйидагилар келтирилиши лозим:
а) тармоқлар бўйича ривожлантириш стратегиялари: республиканинг тармоқлар бўйича режалаштириш стратегиялари, макроҳудудларни ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиялари; ҳудудларни узоқ ва ўрта муддатли истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари;
б) дастурлар тўғрисида маълумотлар: давлатлараро дастурлар, республика ва давлат дастурлари, миллий лойиҳалар, ҳудудларнинг давлат дастурлари тўғрисидаги маълумотлар;
в) ҳудудларни ривожлантириш йўналишлари: тегишли вилоятларни ривожлантириш йўналишлари; ҳудудларидан фойдаланиш ҳолати ва фойдаланиш бўйича кутилаётган чекловларни таҳлил қилиш асосида режалаштирилган минтақавий ва ҳудудий аҳамиятга эга объектларни жойлаштириш бўйича танланган вариантини асослаш;
г) ҳудудларнинг инвестиция салоҳияти: табиий монополия субъектларининг инвестиция дастурлари тўғрисидаги маълумотлар; режалаштирилган минтақавий ва ҳудудий аҳамиятга эга объектларни жойлаштириш (дастурларга мувофиқ амалга оширилганда);
д) инвестицион объектларнинг ҳудудлар ривожланишига таъсири: жойлаштириш режалаштирилган минтақавий ёки ҳудудий аҳамиятга эга объектларнинг икки ёки ундан ортиқ вилоят ҳудудларини комплекс ривожланишга кўрсатиши мумкин бўлган таъсирини баҳолаш;
е) чиқиндиларни бошқариш: чиқиндиларни, шу жумладан қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ҳудудий схемаларда мавжуд бўлган қаттиқ маиший чиқиндиларни шакллантириш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш, жойлаштириш тўғрисидаги маълумотлар;
ж) амалга ошириладиган ташкилий чора-тадбирлар: бириктирма тарҳни амалга ошириш учун ташкилий чора-тадбирлари;
з) тарҳнинг асосий қоидалари; техник-иқтисодий кўрсаткичлари; график материалларнинг нусхалари.
23. Лойиҳавий режа (асосий чизма) ва асосий қоидалар бириктирма тарҳларнинг тасдиқланадиган қисми ҳисобланиб, унинг асосий қоидалари ўз ичига қуйидагиларни олиши керак:
ҳудудни зоналаштириш ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун чекловларни;
умумдавлат ва ҳудудий аҳолини жойлаштириш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини;
умумдавлат ва ҳудудий аҳамиятга молик муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар билан таъминлаш ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини;
экологик вазиятни яхшилаш чора-тадбирларини;
ҳудудларни фавқулодда вазиятлар таъсиридан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ва фуқаро муҳофазасини;
шаҳарсозлик жиҳатдан режалаштирилиши устувор бўлган объектлар рўйхати, жойлашуви ва чегаралари бўйича таклифларни;
шаҳарсозлик ҳужжатлари билан ҳамда алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объект (ҳудуд)лари ва аҳоли пунктлари чегараларини белгилаш бўйича таклифларни;
инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирларини белгилаган ҳолда инвестиция зоналари ва фаол иқтисодий ривожланиш ҳудудларини шакллантириш бўйича таклифларни;
демографик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа муаммоларга учраган ҳудудларни ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга доир вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлари;
лойиҳалаштириш топшириғида белгиланган бошқа талаблар.
24. Бириктирма тарҳларга киритиладиган лойиҳа ечимларини асослаш учун қуйидаги хариталар илова қилинади:
ривожланиш муаммоларини аниқлаган ҳолда ҳудудни ҳар томонлама таҳлил қилиш;
ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳудудий ривожланиши прогнози;
бош схеманинг лойиҳа ечимларини ва қоидаларини аниқлаштириш;
ҳудуднинг ўзига хос табиий-иқлим ва иқтисодий шароитларда ҳудудни ташкил этиш ва ундан фойдаланишнинг асосий йўналишлари;
аҳолини жойлаштириш тизимлари шаклланиши прогнози;
ҳудудий муҳандислик ва транспорт инфратизимларини ривожлантириш бўйича таклифлар;
ҳудуднинг табиий-экологик тузилиши (каркаси);
табиий муҳитни ва моддий маданий мерос объектларини сақлаш бўйича чора-тадбирлар.
25. Янги хўжалик бирлашмаларини жойлаштириш ва мавжудларини ривожлантириш Бош тарҳга ва прогноз қилинаётган ҳудуд чегараларига киритилган маъмурий-ҳудудий бирликларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.
26. Бириктирма тарҳларни амалга ошириш бўйича бирламчи чора-тадбирлари лойиҳаланаётган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши керак.
27. Ҳудудни режалаштиришни ташкил этиш бўйича таклифлар вариантлар асосида ишлаб чиқилиши ва бириктирма тарҳда киритилган шаҳарсозлик ечимлари учун асос бўлиши лозим.
28. Бириктирма тарҳи икки ва ундан ортиқ вилоятларни қамраб олганда, тушунтириш хатида ҳар бир вилоят бўйича кўрсаткичлар ажратиб кўрсатилиши лозим.
29. Бириктирма тарҳлари 25 — 30 йиллик лойиҳавий муддатга мўлжаллаб ишлаб чиқилиши ва ҳар 10 йилда унга тузатишлар киритиб борилиши керак.
3-§. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳи
30. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳи, ҳудудларни функционал зоналарга ажратган ҳолда, ҳар бир зонадан шаҳарсозлик жиҳатдан максимал фойдаланиш режимини белгилаши керак.
Бунда, ҳудудларнинг табиий, демографик, иқтисодий, рекреацион захиралар, транспорт ва муҳандислик инфратузилмалари имкониятларини комплекс баҳолаш, ҳудудларнинг табиий-иқлим, ижтимоий-иқтисодий, тарихий-маданий ва бошқа хусусиятларини ҳар томонлама ҳисобга олиб, муҳит хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини оқилона режалаштиришни ташкил этишни назарда тутиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳи Бош тарҳни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.
31. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳи 10 — 25 йиллик амалга ошириш босқичларини белгилаган ҳолда, 50 йиллик лойиҳавий муддатга ишлаб чиқилиши ва ҳар 10 — 15 йилда тузатишлар киритилиши лозим.
32. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳининг асосий график материаллари қуйидагиларни ўз таркибига олиши керак:
ҳудуддан жорий фойдаланиш ва функционал зоналаштириш тарҳи, ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳи, ҳудудни шаҳарсозлик-иқтисодий баҳолаш тарҳи, ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш концепцияси, лойиҳавий муддатга мўлжалланган ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш тарҳи (1:1 000 000 масштабда);
ҳудудни лойиҳавий муддатга режалаштириш ва функционал зоналаштириш тарҳи; оралиқ муддатга — 10 — 25 йилга мўлжалланган ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш тарҳи, ҳудудни муҳандислик ускуналаш тарҳи, транспортни ташкил этиш тарҳи (1:500 000 масштабда);
тушунтириш хати, асосий қоидалар, техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли);
асословчи, тақдимот ҳамда деталлаштирувчи материаллар ва тарҳлар (ихтиёрий масштабларда).
33. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳининг асосий чизмаларида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
а) ҳудуддан жорий фойдаланиш ва функционал зоналаштириш тарҳида:
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бошланган пайтдаги ҳолат бўйича ҳудуддан жорий фойдаланиш ва функционал зоналаштириш ҳолати, шунингдек:
республика, вилоятларнинг чегаралари; урбанизациялашган ҳудудлар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари жойлашган ҳудудлар);
қишлоқ хўжалиги ҳудудлари, йўналишлари бўйича; саноат ҳудудлари, транспорт ва муҳандислик тизимлари, махсус мақсадларга мўлжалланган зоналар;
рекреация зоналари (туризм ва аҳолининг оммавий дам олишини ташкил этиш ҳудудлари);
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ва мажмуалар, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар);
ўрмонлар, фойдали қазилма конлари, сув объектлари;
б) ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳида: ҳудудни омиллар мажмуи бўйича у ёки бу функциялар учун афзал ҳисобланган туманларга тақсимлаш;
в) ҳудудни шаҳарсозлик-иқтисодий баҳолаш тарҳида: ҳудуднинг нисбий кўрсаткичларда келтирилган баллар ёки қиймат индекслари кўринишида шаҳарсозлик ва иқтисодий қиймати бўйича зоналаштириш;
г) ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш концепциясида: функционал зоналарни жойлаштириш ҳамда уларнинг мувозанатли ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган тадбирлар;
д) лойиҳавий муддатга мўлжалланган ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш тарҳида:
ҳудуддан жорий фойдаланиш ва функционал зоналаштириш тарҳида келтирилган элементлар; шаҳарсозлик жиҳатдан фойдаланиш режими белгиланган ҳудудлар;
урбанизацияни янада ривожлантириш ҳудудлари, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик мувозанатни сақлаб қолиш мақсадида урбанизация жараёни паст бўлган ҳудудларда шаҳарсозлик жиҳатдан ўзлаштиришни рағбатлантириш ёки чеклаш чоралари;
е) оралиқ муддатларга мўлжалланган ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш тарҳида:
ҳудуддан жорий фойдаланиш ва функционал зоналаштириш тарҳида келтирилган элементлар; бунда кўрсатилган (10, 25 йил ва б.) муддатларга мўлжалланган ривожланиш кўрсаткичлари ва функционал ҳудудлаштириш;
ҳудуддан фойдаланиш бўйича функционал мақсадларни белгилаш — аҳоли яшаши ва ҳордиқ чиқариши; ҳар хил қурилиш турлари; хўжалик фаолияти; ҳудуддан фойдаланишнинг функционал мақсадига мослигини таъминловчи бошқа кўрсаткичлар;
ж) ҳудудни муҳандислик ускуналаш тарҳида: бош муҳандислик иншоотлари ва магистрал тармоқлари (лойиҳавий муддатга мўлжалланган ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш тарҳининг нусхасида бажарилади);
з) транспортни ташкил этиш тарҳида: темир йўл йўналишлари, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғи, аэропортлар, дарё транспорти иншоотлари, транспорт етиб бора оладиган зоналар ва транспорт билан таъминланганлик даражаси (лойиҳавий муддатга мўлжалланган ҳудудни режалаштириш ва функционал зоналаштириш тарҳининг нусхасида бажарилади).
34. Тушунтириш хатида ҳудуднинг шаҳарсозлик ва функционал ташкиллаштирилиши бўйича ҳозирги ҳолатининг таҳлили, Бош тарҳи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳларининг таҳлили, лойиҳавий ечимларнинг асослари ва хусусиятлари, асосий қоидалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари бўлиши керак.
4-§. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар
35. Ушбу параграфда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳларини, туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларини ҳамда шаҳарлар агломерацияси ҳудудларини режалаштириш лойиҳаларини (бундан буён матнда режалаштириш тарҳлари деб юритилади) ишлаб чиқиш бўйича талаблар белгиланган.
36. Режалаштириш тарҳлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш тарҳи ва Бош тарҳ асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси тараққиёт стратегияси, халқаро ва минтақавий интеграция жараёнлари, қўшни давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича ҳудудий дастурлари ҳамда жаҳон тамойиллари ҳисобга олинган ҳолда узоқ муддатли истиқболга мўлжаллаб ишлаб чиқилиши керак.
Бунда, умумдавлат, ҳудудий ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган ҳудудларни ва объектларни ривожлантириш бўйича лойиҳавий ечимларнинг ўзаро боғлиқлиги таъминланиши керак.
37. Режалаштириш тарҳлари 25 — 30 йиллик лойиҳавий муддатга мўлжаллаб ишлаб чиқилиши, аҳоли пунктлари ёки уларнинг қисмлари, миллий табиат боғлари, давлат қўриқхоналари, дам олиш ва туризм, саноат зоналарининг бош режалари, шунингдек ҳудудни режалаштириш тарҳининг чегаралари доирасида махсус ва тармоқ тарҳларини ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилиши керак.
38. Режалаштириш тарҳлари қуйидаги масалалар бўйича лойиҳа ечимларини ўз ичига олиши керак:
мамлакат ва минтақадаги жойлашувини ҳисобга олган ҳолда ҳудуднинг табиий, муҳандислик-техник, табиий-географик, ижтимоий-иқтисодий, инфратузилмавий, экологик, этник-маданий ва бошқа режалаштириш шароитларни комплекс баҳолашни;
ҳудудни функционал мақсадлари ва фойдаланиш турлари бўйича зоналаштириш, шунингдек умумдавлат, минтақавий ва маҳаллий манфаатлардан келиб чиқиб, ердан фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш бўйича тавсияларни;
аҳолини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш, аҳолига хизмат кўрсатиш, дам олиш ва туризм тизимларини шакллантириш, табиий ва маданий мерос объектларини, диққатга сазовор жойларни, кўҳна шаҳарларни асраш ва улардан фойдаланишни;
ҳудудда муҳандислик-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, йирик инфратузилма объектлари иншоотлари жойлашувини ҳамда муҳандислик-транспорт коммуникациялари йўналишларини вариантлар асосида ишлаб чиқишни;
иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришни;
шаҳарсозлик ва экологик вазиятларнинг ўзгаришини прогнозлаштиришни;
атроф-муҳит ва инсон саломатлигига таъсири кўрсатиш манбалари бўлган объектлар ва ишлаб чиқаришларнинг хавфсизлигини таъминлашни;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларда экологик вазиятни соғломлаштириш, дарахтзорлар барпо этиш ва кўкаламзорлаштиришга доир устувор вазифалар бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни;
ҳудудлар ва аҳоли пунктларини фавқулодда вазиятлар таъсиридан ва экологик офатлардан муҳандислик ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишни;
инвестициялар таркиби, ҳажми ва молиялаштириш манбалари бўйича тахминий кўрсаткичларни.
39. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳининг таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
Қорақалпоғистон Республикаси (ёки вилоят) ҳудудининг республикадаги жойлашуви тарҳи (1:1 000 000 масштабда);
ҳудуддан жорий фойдаланиш ва уларни функционал режалаштириш тарҳи, ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳи, ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш тарҳи, ҳудудни муҳандислик ускуналаш тарҳи, аҳолини жойлаштириш ва транспорт инфратузилмаси тарҳи, ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳи, ҳудуднинг экологик ҳолати тарҳи (жорий ҳолати ва прогнози), табиий ҳудудлар ва маданий мерос объектлари жойлашуви тарҳи (1:100 000, 1:200 000 масштабда);
тушунтириш хати, асосий қоидалар ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли);
асосий лойиҳа ечимлари (асосий қоидалар учун) кўрсатилган ҳолда лойиҳа режасининг схематик чизмаси (ихтиёрий масштабда).
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий вилоятларининг суғориладиган зоналари учун лойиҳа тарҳлари 1:100 000 масштабда, яхлит ҳудудлари учун эса — 1:300 000 масштабда бажарилиши мумкин.
Ҳудудларни муҳандислик жиҳатдан ускуналаш тарҳларини алоҳида тармоқ тарҳлари кўринишида ёки иккита (учта) тармоқлар қўшилган ҳолда бажарилиши мумкин.
Қўшимча равишда бажариладиган асословчи, тақдимот ва деталлаштирувчи лойиҳа ечимлари тарҳларини ихтиёрий масштабда бажаришга йўл қўйилади.
40. Туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларининг таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
туманнинг вилоятдаги жойлашуви тарҳи (1:200 000 масштабда);
ҳудуддан жорий фойдаланиш ва уларни функционал режалаштириш тарҳи, ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳи, ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш тарҳи, ҳудудни муҳандислик ускуналаш тарҳи, ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳи, аҳолини жойлаштириш ва транспорт инфратузилмаси тарҳи, табиий ҳудудлар ва маданий меросни объектлари жойлашуви тарҳи (1:25 000, 1:50 000 масштабда);
асосий лойиҳа ечимлари (асосий қоидалар учун) кўрсатилган лойиҳа режасининг схематик чизмаси (ихтиёрий масштабда);
тушунтириш хати, асосий қоидалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари (матнли).
41. Шаҳарлар агломерацияси ҳудудини режалаштириш лойиҳаларининг таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
шаҳар агломерациясининг вилоятдаги жойлашуви тарҳи (1:200 000 масштабда);
ҳудуддан жорий фойдаланиш тарҳи, ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳи, ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш тарҳи, экологик ҳолат ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тарҳи, транспорт ва ижтимоий-маиший хизматни ташкиллаштириш тарҳи, ҳудудни муҳандислик ускуналаш ва муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳи (1:50 000, 1:25 000 масштабда);
тушунтириш хати, лойиҳанинг асосий қоидалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли).
42. Режалаштириш тарҳларининг чизмаларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
а) лойиҳаланаётган ҳудуднинг республикадаги (вилоятдаги) жойлашуви тарҳида: туман, вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси чегаралари, туманлар ва вилоятларнинг маъмурий маркази бўлган шаҳарлар (аҳоли пунктлари) ва йирик шаҳарлар, темир йўл йўналишлари, автомобиль йўллари, аэропортлар, дарёлар, кўллар, каналлар, сув омборлари, вилоятлараро ва туманлараро муҳандислик тармоқлари;
б) ҳудуддан жорий фойдаланиш тарҳида (барча элементлар тарҳини ишлаб чиқиш бошланган йилдаги маълумотларга мувофиқ бўлиши керак):
шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқ аҳоли пунктлари, аҳолини жойлаштириш бўйича маҳаллий ва гуруҳли тизимлар марказлари;
суғориладиган, чўл-яйлов ерлари, ўрмонлар, дам олиш ва туризм зоналари, сув ҳавзалари, табиат, маданий мерос объектлари, махсус мақсадларга мўлжалланган ҳудудлар; муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;
йирик саноат корхоналари майдонлари ва саноат зоналари; қишлоқ хўжалиги корхоналари, ёнғин-қутқарув деполари;
темир йўл йўналишлари, автомобиль йўллари (ички хўжалик автомобиль йўллари бундан мустасно), аэропортлар;
в) ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳида:
ҳудудни геологик, гидрогеологик, сейсмик ва бошқа шароитлари бўйича зарур тадбирларни белгилаган ҳолда, қурилиш учун қулайлик даражасига кўра зоналаштириш;
фойдали қазилма (кон)ларга эга майдонлар, сув босадиган зоналар, саноат ва фуқаролик қурилиши ҳамда дам олиш ва туризм зоналарини ривожлантириш учун тавсия этиладиган ҳудудлар;
г) ҳудудни комплекс баҳолаш тарҳида: ҳудудни нисбий кўрсаткичларда келтирилган баллар ёки қиймат индекслари кўринишида шаҳарсозлик ва иқтисодий қиймати бўйича зоналаштириш;
д) ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш тарҳида: ҳудудлардан жорий фойдаланиш тарҳида келтирилган элементлар; асосий элементлар бўйича қурилишнинг биринчи навбати ва лойиҳавий муддати, шунингдек шаҳар доираси зонасининг лойиҳавий чегаралари;
е) ҳудудни функционал режалаштириш тарҳида:
урбанизациялашган зоналар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудлари);
ишлаб чиқариш зоналари;
муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари;
махсус мақсадларга мўлжалланган зоналар;
қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган зоналар (суғориладиган деҳқончилик ва суғорилмайдиган яйлов ҳудудларни ажратган ҳолда);
ўрмон хўжалиги ҳудудлари;
рекреация (дам олиш ва туризм) зоналари;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, қўриқхоналар, давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, миллий табиат боғлари, биосфера резерватлари, табиат ёдгорликлари, буюртма қўриқхоналар (ов қилиш тақиқланган, ҳайвонлар ёки ўсимликлар алоҳида қўриқ остида бўлган қўриқхоналар), ўрмонлар;
функционал зоналар таркибига тегишли функционал мақсадлари учун захира ҳудудлар, шунингдек ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ўзга турдаги ҳудудлар ҳам киритилади;
ж) аҳолини жойлаштириш тарҳида: аҳолини жойлаштиришнинг лойиҳавий тизими, турар-жойларнинг гуруҳли тизимлари, уларнинг маҳаллий ва кичик марказлари, аҳоли пунктлари;
з) транспорт инфратузилмаси тарҳида:
темир йўл йўналишлари, автомобиль йўлларининг асосий тармоғи, аэропортлар, иншоотларни кўрсатган ҳолда дарё ва каналларнинг кемалар қатнайдиган қисмлари;
транспорт етиб бора оладиган турар-жойларнинг гуруҳли тизимлари марказлари;
аҳолига ижтимоий ва маданий-маиший хизмат кўрсатиш муассасалари тармоғи;
и) ҳудудни муҳандислик ускуналаш (ривожлантириш) тарҳида:
сув олиш иншоотлари ва асосий сув узатгичлар;
канализация тармоқлари, тортиш станциялари, оқова сувларни тозалаш иншоотлари, шаҳар ташқарисидаги коллекторлар (ўзи оқувчи ва босимли);
юқори вольтли трансформатор станциялари (110, 220 ва 500 kWt), 110, 220, 500 kW кучланишли электр узатиш тармоқлари, электр станциялари;
босими 5,4 MPa (55 kg/cm2) ва ундан юқори газ қувурлари, ГТС, нефть қувурлари;
чиқиндиларни сақлаш ва зарарсизлантириш жойлари, қабристонлар ва бошқалар;
к) ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳида: асосий магистрал ирригация каналлари, зовурлар, сел ва сув омборлари, муҳандислик иншоотлари (тўғонлар, сувни олиб кетиш каналлари ва бошқалар);
л) ҳудуднинг экологик ҳолати тарҳида (жорий ҳолати ва прогнози): табиатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар (лойиҳавий режа нусхасида бажарилади);
м) табиий ҳудудлар ва маданий мерос объектлари жойлашуви тарҳида: муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар чегаралари ва муҳофаза тегралари; маданий мерос объектлари жойлашуви тарҳи ва уларнинг муҳофаза тегралари;
н) фавқулодда вазиятлар бўйича муҳандислик-техник тадбирлар тарҳида: аҳоли пунктлари ҳудудларини хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан, фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар;
о) лойиҳавий режанинг тарҳида: лойиҳавий ечимлари кўрсатган ҳолда ихтиёрий масштабда, бироқ 1:400 000 дан кичик бўлмаган масштабда бажарилади.
43. Режалаштириш тарҳларининг тушунтириш хатлари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
ҳудуднинг жорий ҳолати ва улардан фойдаланиш кўрсаткичларининг тавсифи;
ҳудуддаги табиий шароитлар тавсифи ва ҳудуднинг комплекс баҳоланиши;
ҳудуд иқтисодиёти ҳолатининг тавсифи ва унинг ривожланиши, туманлар ва аҳолини жойлаштириш бўйича туман тизимларининг марказ шаҳарлари кесимида олинган вилоят (туман) аҳолиси сонининг умумий ҳисоби;
ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш ва аҳолини жойлаштириш тамойиллари;
функционал зоналаштириш, аҳолини жойлаштириш тизимининг ўзига хос хусусиятлари, шаҳар, шаҳарча ва туманларнинг маъмурий марказлари бўлган аҳоли пунктлари бўйича турар-жой, ижтимоий ва маданий-маиший қурилишлар ҳажми, ҳудудни меъморий-режавий ташкиллаштириш тамойиллари;
транспорт турларининг жорий ҳолати ва истиқболли ривожлантириш;
табиий муҳит, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар;
муҳандислик инфратузилмаларнинг жорий ҳолати ва истиқболли ривожланиши;
ҳудудни муҳандислик ишлари бўйича тайёрлаш;
дам олиш ва туризм зоналарининг жорий ҳолати ва истиқболли ривожланиши;
ҳудудни режалаштириш тарҳини амалга ошириш бўйича таклифлар;
техник-иқтисодий кўрсаткичлар;
фуқаро муҳофазаси бўйича муҳандислик-техник тадбирлар.
44. Режалаштириш тарҳларининг асосий қоидаларида лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари келтирилиши ҳамда тушунтириш хатида келтирилган маълумотлар асосида таклиф этилаётган лойиҳавий ечимлар баён қилиниши керак. Уларда ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш тарҳи (масштабсиз) ҳам келтирилиши керак.
45. Режалаштириш тарҳи бир нечта вилоятни (туманни) қамраб олганда тушунтириш хатида ҳар бир вилоят (туман) бўйича кўрсаткичлар алоҳида келтирилиши лозим.
5-§. Аҳоли пунктининг бош режаси
46. Аҳоли пунктининг бош режаси (бундан буён матнда бош режа деб юритилади) асосий шаҳарсозлик ҳужжати бўлиб, унинг асосида ҳудудларни режалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва шаҳарсозлик жиҳатдан ўзлаштиришга доир фаолият турлари амалга оширилиши керак.
Бош режа аҳоли пунктини шаҳарсозлик ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегик ривожланиш истиқболини режалаштириш тузилмасини шакллантириш, ҳудудни функционал зоналаштириш, транспорт хизматларини ташкил этиш, муҳандислик ускуналари тизимини ривожлантириш, ҳудудни хавфли фавқулодда вазиятлар таъсиридан ҳимоя қилиш, табиий муҳитни ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тамойилларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилади.
47. Бош режа Бош тарҳ, режалаштириш тарҳларига мувофиқ, аввал ишлаб чиқилиб тасдиқланган бош режадаги лойиҳавий ечимларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим.
Бош режани ишлаб чиқишда демографик, ижтимоий, иқтисодий ва экологик мезонлар, ҳудуднинг ресурс имкониятлари, шунингдек инсон, жамият ва давлат манфаатлари ҳамда эҳтиёжлари ҳисобга олиниши керак.
Бош режа 20 — 25 йиллик лойиҳавий муддатга мўлжаллаб ишлаб чиқилиши керак.
48. Бош режа қуйидагиларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади:
аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжатлар:
аҳоли пунктлари чегара чизиқларининг лойиҳалари;
аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари;
аҳоли пунктлари ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш тарҳлари;
аҳоли пунктлари ҳудудларини қуриш тўғрисидаги ҳужжатлар:
батафисл режалаштириш лойиҳаси (БРЛ);
ҳудудларни қуриш лойиҳаси.
49. Аҳолисининг лойиҳавий сони 500 минг нафардан кўп бўлган шаҳарлар учун бош режалар икки босқичда ишлаб чиқилиши керак:
шаҳар бош режаси ва унинг шаҳар атрофи зонасининг ТИА;
шаҳарнинг бош режаси лойиҳаси.
Бошқа шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари учун бош режа бир босқичда ишлаб чиқилиши, бунда ТИА бош режанинг бир бўлими сифатида бажарилиши керак.
Аҳолисининг лойиҳавий сони 10 минг нафаргача бўлган шаҳарчалар ва қишлоқ (овул)лар учун бош режалар қисқартирилган ҳажмда, БРЛ билан бир вақтнинг ўзида қўшиб ишланиши керак.
Аҳолисининг лойиҳавий сони 5 минг нафаргача бўлган шаҳарчалар ва қишлоқ (овул)лар аҳоли пунктларининг бутун ҳудуди учун БРЛ ишлаб чиқилиши керак. Бунда, аҳоли пунктлари учун бош режалар ишлаб чиқиш мажбурий ҳисобланмайди.
50. Бош режанинг ТИА (икки босқичли лойиҳалашда) лойиҳа ҳужжатлари таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
шаҳарнинг вилоят ёки туман миқёсида жойлашуви тарҳи (1:200 000, 1:100 000, 1:50 000 масштабда);
шаҳарнинг жорий ҳолати бўйича таҳлил (таянч) режаси;
шаҳар ҳудудини режалаштириш бўйича чекловлар тарҳи;
атроф-муҳитнинг жорий ҳолати тарҳи ва атроф-муҳитга таъсир қилиш талабномаси;
ҳудудни шаҳарсозлик қиймати бўйича зоналаштириш тарҳи;
бош режа (асосий тарҳ);
муҳандислик ускуналаш тарҳи;
ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш схемаси;
шаҳар ҳудудини ривожлантириш вариантлари тарҳлари;
транспорт инфратузилмаси тарҳи;
асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар берилган тушунтириш хати (матнли).
Чизмалар 1:50 000, 1:25 000, 1:10 000 масштабларда ишлаб чиқилиши керак.
Бош режани ишлаб чиқиш бўйича лойиҳалаштириш топшириғи мазкур ШНҚнинг 2-иловасига мувофиқ тузилиши керак.
Шаҳар ички ва ташқи транспорт магистраллари тарҳлари бош режа билан бирга қўшиб бажарилиши лозим.
Шаҳарнинг вилоят ёки туман миқёсида жойлашуви тарҳидаги чегаралари қуйидагиларни инобатга олган ҳолда қабул қилиниши керак:
аҳоли жойлашувининг гуруҳли тизими маркази бўлган шаҳар учун унга туташ бўлган туманлар чегаралари бўйича;
аҳоли жойлашувининг маҳаллий тизими маркази бўлган шаҳар учун у жойлашган туман чегаралари бўйича.
51. Бош режанинг иккинчи босқичда ишлаб чиқиладиган лойиҳа ҳужжатлари таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
шаҳарнинг вилоят ёки туман миқёсида жойлашуви схемаси;
режалаштириш бўйича чекловлар ва атроф-муҳит бўйича жорий ҳолатни баҳолаш тарҳи;
ҳудудни комплекс шаҳарсозлик-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш тарҳи;
мавжуд шаҳар режаси (таянч режаси), янги шаҳарлар учун — ҳудуддан жорий фойдаланиш режаси;
бош режа (асосий тарҳ);
қурилишни биринчи навбатга жойлаштириш тарҳи;
шаҳар ва ташқи транспорт магистраллари тарҳи;
муҳандислик ускуналаш тарҳи;
ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳи;
марказнинг ҳажмли-маконли (эскизи) композицияси;
бош режанинг схемали чизмаси ва қизил чизиқларнинг режавий чизмаси (ихтиёрий масштабда);
АМТБ лойиҳаси;
тушунтириш хати;
техник-иқтисодий кўрсаткичлар, бош режанинг асосий қоидалари (матнли).
Чизмалар 1:10 000 — 1:5 000 масштабларда ишлаб чиқилиши керак.
52. Бош режанинг (бир босқичли лойиҳалаштиришда) лойиҳа ҳужжатлари таркиби қуйидаги 1-жадвалга мувофиқ бўлиши керак.

 

 

 

 

 

1-жадвал

Бош режанинг бўлимлари

Аҳоли, минг киши

10 дан кам

20-50

50-100

100-250

250-500

Аҳоли пунктининг вилоят ёки туман ҳудудида жойлашуви тарҳи

1:50 000,

1:25 000

1:100 000,

1:50 000

1:100 000

Таянч режаси, янги шаҳарлар учун — ҳудуддан жорий фойдаланиш тарҳи

1:2 000

1:5 000

1:10 000, 1:5 000

Зоналаштириш бўйича чекловлар ва атроф-муҳитнинг жорий ҳолатини баҳолаш тарҳи

Ҳудудни комплекс шаҳарсозлик иқтисодий баҳолаш тарҳи

Ҳудудни муҳандислик ускуналаш тарҳи

Ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳи

Шаҳар ва ташқи транспорт магистраллари тарҳи

Бош режа (асосий тарҳ)

1:5 000

1:10 000, 1:5 000

Аҳоли пункти марказини БРЛ билан бирга ишлаб чиқиладиган бош режа, шу жумладан қизил чизиқлари режавий чизмаси

1:2 000

Аҳоли пункти марказининг ҳажмли-маконли композицияси эскизи (макети)

1:2000, 1:1000

Атроф-муҳит муҳофазаси.

АМТБ материаллари

Ихтиёрий масштабда

Бош режанинг схемали чизмаси

Тушунтириш хати, Бош режанинг асосий қоидалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари

Матнли

53. Маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар учун бош режа масштабида таянч тарихий-архитектура режаси ишлаб чиқилиши лозим.
54. Саноат ва коммунал-омбор ҳудудларини режалаштиришни ташкиллаштириш тарҳи бош режа билан биргаликда бажарилиши керак.
55. Бош режанинг биринчи навбат қурилишини режалаштириш лойиҳаси алоҳида чизма кўринишида бажарилиши керак. Аҳолисининг лойиҳавий сони 100 минг нафардан кам бўлган ҳамда қурилиш ҳажмлари катта бўлмаган аҳоли пунктлари учун биринчи навбат қурилиши бош режада бу ҳудудининг чегараларини кўрсатишга ва улар бўйича ҳисоб-китобларни бажармасликка йўл қўйилади.
56. Аҳолисининг лойиҳавий сони 100 минг нафардан кўп бўлган шаҳарларнинг бош режалари таркибида ФМ МТТ тарҳи бажарилиши лозим. Қолган шаҳарлар, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари учун ФМ МТТ лойиҳалаштириш топшириғида назарда тутилган ҳолларда бажарилиши керак.
57. Бош режанинг ТИАга ҳамда бош режага тегишли чизма (тарҳ)ларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
а) аҳоли пунктининг вилоят ёки туман ҳудудида жойлашуви тарҳида:
аҳоли пунктининг лойиҳавий ҳудудлари (чегаралари); мавжуд ва лойиҳаланаётган аҳоли пунктлари; саноат ва коммунал-омбор корхоналари ҳудудлари; қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган (суғориладиган, лалми ва бошқа) ерлар; дам олиш ва туризм зоналари; ўрмон массивлари, қўриқхоналар, сув ҳавзалари; маданий мерос объектлари;
муҳандислик-транспорт инфратузилмаси (сув олиш иншоотлари, оқова сувларини тозалаш иншоотлари, магистрал сув узатгичлар, канализация коллекторлари, чиқиндиларни сақлаш ва зарарсизлантириш жойлари, қабристонлар, юқори босимли газ қувурлари ва ГТС, электр станциялари, юқори кучланишли подстанциялар, кучланиши 35 kV ва ундан юқори бўлган электр узатиш тармоқлари; асосий автомобиль йўллари, аэропортлар, темир йўл йўналишлари ва станциялари, аҳоли пунктининг лойиҳавий чегараларидан ташқарида жойлашган ўзга объектлар);
республика, вилоятлар, туманларнинг маъмурий чегаралари (мавжуд бўлса), шунингдек йирик ердан фойдаланувчиларнинг чегаралари;
б) таянч режаси (ҳудуддан жорий фойдаланиш тарҳи)да:
ҳудуддан жорий фойдаланиш, унинг функционал зоналари ва режали тузилмаси; аҳоли пунктига қўшилаётган ерлардан жорий фойдаланиш ҳолати кўрсатилган ҳолда лойиҳавий чегара чизиқлари; аҳоли пунктининг чегара чизиғи, шаҳарлардаги туманлар чегаралари ва кенгайтириш учун қолдирилган захира ерлар;
аҳоли демографик схемаси, қаватлилиги бўйича турар-жойлар қурилиши, жамоат бино-иншоотлари ва уларнинг ҳудудлари, кўча тармоғи, темир йўллар, автостанциялар, аэропортлар, транспорт-муҳандислик иншоотлари;
асосий магистрал муҳандислик тармоқлари ва иншоотлари (катта ва йирик шаҳарлар учун лойиҳавий ечимлари билан биргаликда муҳандислик инфратузилмаларини ривожлантириш бўйича алоҳида тармоқ тарҳлари кўринишида тақдим этилиши лозим);
умумий фойдаланувдаги кўкаламзорлар, спорт иншоотлари, маданий мерос объектлари, дам олиш ва туризм муассасалари ва ҳудудлари;
бош режанинг жорий ҳолатдаги техник-иқтисодий кўрсаткичлари, ҳудуд баланси, шартли белгилар.
Бош режани ишлаб чиқишда таянч режасига кўчаларнинг лойиҳавий магистрал қизил чизиқлари туширилади. Бош режани БРЛ билан бирга қўшиб ишланганда таянч режасига кўчалар ва асосий объектлар ҳамда аҳоли пункти иншоотларининг лойиҳавий қизил чизиқлари белгиланиши керак;
в) зоналаштириш бўйича чекловлар ва атроф-муҳитнинг жорий ҳолатини баҳолаш тарҳида:
ҳудуднинг сейсмик даражасини кўрсатган ҳолда қурилиш учун яроқлигига қараб ҳудудлаштириш (ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш бўйича мураккаб тадбирларни бажармаган ҳолда қурилиш учун яроқли бўлган, мураккаб тадбирларни амалга оширган ҳолда қурилиш учун яроқли ёки қурилиш учун яроқсиз ҳудудлар);
саноат корхоналари, аэродромлар ва бошқа объектларнинг санитария-муҳофаза зоналари;
муҳофаза қилинадиган очиқ сув ҳавзалари, сув таъминоти манбалари, қувур йўллари, юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари минтақалари, маданий мерос объектлари, дам олиш, туризм ва соғломлаштириш муассасаларининг муҳофаза этиладиган зоналари;
г) ҳудудни комплекс шаҳарсозлик-иқтисодий баҳолаш тарҳида: ҳудудни баллар ва қиймат индекслари кўринишидаги нисбий кўрсаткичларда ифодаланган шаҳарсозлик қиймати бўйича зоналар;
д) ҳудудий ривожлантириш вариантлари тарҳларида (ТИА): функционал зоналаштириш ва режалаштиришнинг асосий йўналишлари; транспорт алоқалари, муҳандислик инфратузилмаларини ривожлантириш; ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ечимлар; лойиҳавий муддатдан кейинги ривожланиш прогнозлари;
е) бош режа (ТИАнинг асосий тарҳи) тарҳида: ҳудуднинг функционал зоналарга бўлиниши ва меъморий-режавий тузилмаси; магистрал кўчалар, йўллар ва ташқи транспорт алоқалари тизими, асосий транспорт иншоотлари ва муҳандислик инфратузилмаси; аҳоли пунктини келгусида ривожлантириш учун зарур бўлган захира ҳудудлар ва лойиҳавий чегара чизиғи;
ж) бош режада (асосий тарҳда):
аҳоли пункти ва алоҳида функционал зоналарнинг меъморий-режавий жиҳатдан ташкиллаштириш бўйича лойиҳавий ечимлар берилади ва бунда, қуйидаги зоналар кўрсатилиши лозим:
турар-жой зоналари — қаватлилиги бўйича турар-жой қурилиши, ушбу зонада жойлашган жамоат, ижтимоий, маданий, маиший, спорт объектлари, умумий фойдаланишдаги кўкаламзорлар ва шу кабилар;
ижтимоий-амалий зоналар — амалий, молиявий, ижтимоий фаоллик марказлари, соғлиқни сақлаш, маданият, савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектлари, маъмурий, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, ибодатхоналар;
ишлаб чиқариш зоналари — саноат, ишлаб чиқариш, коммунал, омбор объектлари, уларнинг санитария-муҳофаза зоналари, муҳандислик ва транспортга оид инфратузилма объектлари (мавжуд ва янги объектлар жойлашуви кўрсатилади);
муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари — кўчалар-йўл тармоғи, ҳаво, темир йўл, автомобиль, дарё транспорти ва қувур орқали етказиб бериш транспорти, алоқа иншоотлари, коммуникациялар ва муҳандислик ускуналар йўлаклари ва ҳудудлари;
рекреация зоналари — туризмни ва аҳолининг оммавий дам олишини ташкил этиш учун мўлжалланган объектлар ва ҳудудлар;
магистрал кўча-йўл тизимлари — майдонлар, кўприклар, чорраҳалар ва бошқа транспорт иншоотлари;
ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш — очиқ сув ҳавзаларини реконструкция қилиш, қирғоқларни мустаҳкамлаш, соҳил бўйи ва сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини ташкил этиш бўйича тадбирлар;
маданий мерос объектлари ҳамда табиий ландшафтлари қўриқланадиган зоналар;
лойиҳавий муддатда ва ундан кейинги даврда фойдаланиладиган захира ҳудудлар;
бош режа ишлаб чиқилиши якунланган йилдаги аҳоли пунктини тавсифловчи техник-иқтисодий кўрсаткичлар, ҳудуднинг лойиҳавий баланси, шартли белгилари;
аҳоли пунктининг жорий (шаклланган) ва лойиҳавий чегара чизиқлари;
атроф-муҳитни яхшилаш ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар;
з) аҳоли пункти марказининг ҳажмли-маконли композицияси эскизи (макети) ёки 3D моделида: туташ ҳудуд билан боғлаган ҳолда аҳоли пункти марказнинг ҳажмли-маконли композицияси, режалаштириш тизими, биноларни ҳажмий ечимлари (эни, бўйи, баландлиги, шакли ва бошқалар);
и) шаҳар ва ташқи транспорт магистраллари тарҳида:
кўча-йўл тармоғи таснифи, мавжуд ва лойиҳаланаётган ташқи транспорт иншоотлари ҳудудлари — вокзал, автостанция, аэропорт, темир йўллар ва станциялар, кўприклар, йўл ўтказгичлар, туннеллар ва бошқалар;
шаҳар йўловчи ташиш жамоат транспорти тизими, мавжуд ва лойиҳаланаётган трамвай деполари, троллейбус ва автобус парклари, юк ва таксомотор транспорти гаражлари, автомобиллар учун гаражлар ва автотураргоҳлар, автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчалари, техник хизмат кўрсатиш станциялари ва бошқалар;
йўловчи ва юк оқимлари картограммаси, мавжуд ва лойиҳаланаётган магистрал йўлларнинг кесимлари. Лойиҳавий аҳоли сони 250 минг нафардан кам бўлган аҳоли пунктлари учун шаҳар транспорти ҳисоблари йириклаштирилган кўрсаткичлар бўйича амалга оширилади;
к) ҳудудни муҳандислик ускуналаш тарҳида:
муҳандислик инфратузилмани ривожлантириш ва санитар тозалаш тизимларининг мавжуд ва лойиҳаланаётган иншоотлари;
сув олиш иншоотлари, оқова сувларини тозалаш иншоотлари, марказлашган иссиқлик-қувват станциялари, қозонхоналар, электр станциялари ва юқори кучланишли подстанциялар, ГТС, телевидения ва радиоузатиш иншоотлари, магистрал қувурлар йўллари, юқори кучланишли (35 kV ва ундан юқори) электр узатиш тармоқлари, чиқиндиларни сақлаш ва утилизация қилиш корхоналари ва бошқалар;
муҳандислик инфратузилманинг аҳоли пунктини энергия ресурслари билан таъминловчи асосий иншоотлар;
ер ости макони ўзлаштириладиган ҳудудлар (транспорт иншоотлари, пиёдалар ўтиш жойлари, ўтиш коллекторлари ва туннеллар, иссиқлик пунктлари, гаражлар ва бошқалар).
Ҳудудни муҳандислик ускуналаш тарҳи бош режа нусхасида бажарилиши керак. Таркибида маълумотлар ҳажми кўп бўлган холларда муҳандислик ускуналаш тарҳлари алоҳида тармоқ тарҳлари кўринишида бажарилишига йўл қўйилади;
л) ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва атроф-муҳит ҳолати бўйича истиқболдаги тарҳида:
асосий ирригация каналлари ва ташлама зовурлар, сув чиқариш иншоотлари, ёғингарчилик сувлари оқиб кетадиган ариқлар, дренаж қўлланилишини талаб этадиган ҳудудлар, дренаж турлари (вертикал, горизонтал);
очиқ сув ҳавзалари ва дарё (канал) ўзанларини тартибга солиш, сел оқимларига қарши курашиш, ёпиқ коллекторларда сув оқими ўзанларини белгилаш; аҳоли пунктини хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан ҳимоя қилувчи иншоотлар;
саноат ва ишлаб чиқариш корхоналаридан атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар ташланадиган ҳудудлар, тозаланган саноат оқова сувлари йиғиладиган жойлар, ишлаб чиқариш қолдиқлари ва чиқиндиларини сақлаш жойлари; санитария нуқтаи назаридан зарарли бўлган саноат корхоналарини аҳоли пунктидан олиб чиқиш бўйича таклифлар;
дарахт ва буталар экилган кўкаламзорлаштирилган санитария-муҳофаза зоналарини яратиш, автомобиль ва темир йўллари ҳамда аэродромларнинг учиш-қўниш йўлаклари йўналишларини ўзгартириш бўйича таклифлар;
бош режалари БРЛ билан биргаликда қўшиб ишлаб чиқиладиган аҳоли пунктлари учун вертикал режалаштириш элементлари (баландлик сатҳлари, кўчалар бўйича бўйлама қияликлар ва шу кабилар), шунингдек ёғингарчилик сувлари канализацияси;
м) бош режанинг схемали чизмасида: аҳоли пунктини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари (қаватлилиги бўйича турар-жой қурилиши, маъмурий ва ижтимоий соҳа объектлари, умумий фойдаланишдаги кўкаламзорлар, спорт иншоотлари, магистраль кўча-йўл тармоғи, ишлаб чиқариш зоналари, асосий ташқи транспорт объектлари) ҳамда марказлар тизимини шакллантириш.
58. ТИАга тушунтириш хатининг таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
кириш қисми (ишнинг вазифалари ва ижрочилари);
аҳоли пунктининг жорий ҳолатига қисқача тавсиф (аҳоли пунктининг тоифаси, уй-жой фонди, муҳандислик инфратузилмаси, муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш, транспорт, ҳудуддан фойдаланиш);
аҳолини жойлаштириш тизими шаклланиши шароитлари (лойиҳаланаётган аҳоли пунктининг аҳолини жойлаштириш тизимидаги жойлашуви, яқин-атрофдаги туманлар ва аҳоли пунктлари билан ўзаро алоқалари);
шаҳарни ташкил қилувчи база (шаҳарни ташкил қилувчи саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, уларни ривожлантириш истиқболлари, табиий ресурслар захиралари, аҳолининг мавжуд сони ва лойиҳавий (ўсиш) кўрсаткичлари);
табиий шароитлар (уларнинг аҳоли пункти ривожига таъсири);
аҳоли пунктининг истиқболли ривожланиш концепцияси (ривожланишнинг турли вариантларига техник-иқтисодий баҳо берган ва мақбул вариантни танлаган ҳолда аҳоли пунктининг истиқболли ривожланиш концепцияси ва у бўйича таклифлар);
техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли).
59. Бош режага тушунтириш хатининг таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
кириш қисми (вазифалар, ижрочилари ва ижро муддатлари);
қисқача тарихий тавсифи (аҳоли пунктининг пайдо бўлиши ва шаклланиши тарихи бўйича ретриоспектив тавсиф);
табиий шароитлар тавсифи (иқлим, рельеф, гидрография, гидрогеологик шароитлар, геологик ҳудудлаштириш, тупроқлар ва ўсимликлар, ҳудудни ўзлаштириш натижасида ўзгариши мумкин бўлган табиий шароитлар, фойдали қазилмалар);
қурилиш, муҳандислик инфратузилма ва ободонлаштиришнинг жорий ҳолати тавсифи (шу жумладан, аввалги бош режанинг амалга ошириш ҳолати (даражаси));
аҳолини жойлаштириш тизимининг шаклланиш шароитлари (шу жумладан, лойиҳаланаётган аҳоли пунктининг тизимидаги жойлашуви, яқин-атрофдаги туманлар ва аҳоли пунктлари билан ўзаро алоқалари);
иқтисодий базани ривожлантириш истиқболлари ва аҳолининг ҳисобий сони (демографияси, ўсиш суръатлари);
ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш тавсифи (функционал зоналаштириш; ҳудуднинг меъморий-режавий ташкиллаштириш, турар-жой қурилишининг ҳажми ва қаватлилиги, лойиҳавий ечимлар доирасида аҳолини жойлаштириш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш, умумий фойдаланувдаги кўкаламзорлар, спорт иншоотлари ва дам олиш объектлари, ҳудуд баланси);
шаҳар ва ташқи транспорт, магистраль кўча-йўл тармоғини ташкил этиш бўйича лойиҳа ечимлари;
ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тадбирлари;
муҳандислик инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича ечимлар (сув, электр, газ ва иссиқлик таъминоти, канализация, алоқа, ахборот ва телекоммуникация тармоқлари, санитар тозалаш тизимлари);
АМТБ лойиҳаси;
техник-иқтисодий кўрсаткичлар.
Тушунтириш хатида келтирилган кўрсаткичлар, ҳисоб-китоблар ва маълумотлар, вариантли ишланмаларга асосланиши ҳамда жадвал шаклида келтирилиши лозим.
60. Бош режанинг асосий қоидаларида лойиҳавий ечимларнинг тавсифлари (тушунтириш хатида келтирилган асосий маълумотлар, кўрсаткичлар, лойиҳавий ечимлар ва тадбирлар), лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари келтирилиши керак. Асосий қоидаларга бош режанинг схемали тарҳи илова қилиниши керак.
6-§. Аҳоли пункти ҳудудини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш тарҳи (қисқартирилган ҳажмдаги бош режа)
61. Аҳолисининг лойиҳавий сони 50 минг нафардан ошмайдиган аҳоли пунктлари учун ҳудудини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш тарҳи, яъни қисқартирилган ҳажмдаги бош режа (бундан буён матнда бош режа схемаси деб юритилади) ишлаб чиқилиши керак, бундан шаҳарлар, аҳоли жойлашуви тизими марказлари, туманларнинг маъмурий марказлари бўлган аҳоли пунктлари, шаҳарлар агламерациялари мустасно.
62. Бош режа схемаси аҳоли пунктининг ҳудудий ривожланишини, аҳолисининг лойиҳавий сонини, ҳудуд ривожланишини режалашдаги чекловларни, ҳудуднинг режалаштириш тузилмасини, функционал зоналарини, муҳандислик-транспорт инфратузилмалари ривожланишини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилиши керак.
Бош режа схемалари 10 йилга мўлжалланиб ишлаб чиқилиши керак.
63. Бош режа схемаси таркиби қуйидаги чизмалардан иборат бўлиши керак:
аҳоли пунктининг туман ҳудудида жойлашуви тарҳи (10 000, 25 000 масштабда);
аҳоли пунктининг мавжуд ҳолати режаси (таянч режа), бош режа схемаси (асосий чизма, транспорт тармоқлари тарҳи билан қўшилган), муҳандислик тармоқлари тарҳи, ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳи, атроф-муҳитнинг прогнозли тарҳи (1:2 000, 1:5 000 масштабда);
тушунтириш хати (матнли).
Бош режага киритилган маълумотлар лойиҳа ишлари бошланадиган йилнинг 1 январь ҳолатида қабул қилиниши керак;
64. Бош режа схемасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
а) аҳоли пунктининг туман ҳудудида жойлашуви тарҳида:
аҳоли пунктини туман ҳудудида жойлашуви (бошқа аҳоли пунктлари билан боғланиши, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигига оид ерлар ва яшаш ҳудудларини ажратиб кўрсатган ҳолда);
йирик ердан фойдаланувчиларнинг чегаралари, ёндош аҳоли пунктлари чегаралари, қишлоқ хўжалиги объектларининг функционал зоналари;
сув ҳавзалари, ирригация ва мелиорация объектлари (каналлар, коллекторлар, ариқ-зовурлар, кўллар, сув омборлари);
маданий мерос объектлари (муҳофаза зоналари билан);
автомобиль йўллари, темир йўллар, магистрал қувурўтказгичлар;
магистрал муҳандислик тармоқлари ва иншоотлари;
чиқиндиларни сақлаш ва зарарсизлантириш жойлари, қабристонлар;
б) таянч режада:
ҳудуддан жорий фойдаланиш; турар-жойлар (қаватлиги бўйича), жамоат бинолари, ишлаб чиқариш ва омборлар ҳудудлари; йирик объектларнинг ер участкалари чегаралари;
кўчалар, магистрал муҳандислик тармоқлари, йирик муҳандислик ва транспорт иншоотлари, асосий кўчаларнинг қизил чизиқлари;
умумий фойдаланишдаги кўкаламзорлар, рекреация зоналари, маданий мерос объектлари;
в) бош режа схемасида:
аҳоли пунктининг маркази, маҳалла марказлари, асосий майдонлари, турар-жой ва жамоат бинолари ҳудудлари, ишлаб чиқариш, омбор, коммунал объектларнинг жойлашуви;
кўчалар ва тор кўчалар тизими;
умумий фойдаланишдаги кўкаламзорлар;
атроф муҳитни, табиат ва маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиш чора-тадбирлари;
ишлаб чиқариш ва турар-жой зоналарини ривожлантириш учун захира ҳудудлар;
аҳоли пунктининг лойиҳавий чегараси;
йирик ердан фойдаланувчиларнинг чегаралари.
г) муҳандислик тармоқлари тарҳида: магистрал муҳандислик тармоқлари ва иншоотлари (мавжудлари ва янги қурилиши лозим бўлганлар);
д) ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳида: лойиҳалаштирилган ва мавжуд суғориш каналлари ва сув чиқариб юбориладиган коллекторлар; дарё ўзанларининг тартибга солиш, тозалаш, қувур ётқизилиши талаб қилинадиган ўзан участкалари ва уларнинг лойихавий чегаралари; хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан ҳимоя қилиш иншоотлари;
е) атроф-муҳитнинг прогнозли тарҳида: атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳадаги таклифлар; турар-жой зоналаридан чиқарилиши лозим бўлган ва зарарли таъсирини камайтириш учун махсус тадбирлар бажарилишини талаб қиладиган корхоналар; санитария-муҳофаза зоналари; автомагистраллар бўйидаги иҳоталовчи яшил зоналар;
65. Бош режа схемасига тушунтириш хати қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
табиий шароитларнинг асосий тавсифи, уларнинг таъсирида ҳудудни ўзлаштиришда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар;
қурилиш, муҳандислик тармоқлари ва ободонлаштириш ҳолати, аввалги бош режани амалга ошириш ҳолатининг таҳлили;
шаҳарни шакллантирувчи база ва аҳолининг лойиҳавий сони, истиқболли ривожланишни асослаш, ҳудудни функционал зоналаштириш ва меъморий-режалаштириш, турар-жой қурилиши ва уни жойлаштириш, аҳолига ижтимоий ва маданий-маиший хизмат кўрсатиш объектлари, умумий фойдаланишдаги кўкаламзорлар, рекреацион объектлар ҳисоби, ҳудуднинг лойиҳавий баланси;
муҳандислик-транспорт тармоқларни ривожлантириш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш тамойиллари;
ёнғин хавфсизлиги бўйича чора-тадбирлар;
техник-иқтисодий кўрсаткичлар.
7-§. Қишлоқ, овул, маҳалла (аҳоли пункти) ҳудудини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш тарҳи
66. Қишлоқ, овул, маҳалла фуқаролари йиғинлари (аҳоли пунктлари) ҳудудлари учун бош режалар шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш тарҳи (бундан буён матнда қишлоқларнинг бош режа схемаси деб юритилади) шаклида ишлаб чиқилиши керак.
67. Қишлоқларнинг бош режа схемалари ва функционал зоналарини, аҳолининг лойиҳавий сони, муҳандислик-транспорт қишлоқ, овул, маҳалла (аҳоли пункти) ҳудудининг ривожланиши, режалаштириш тузилмасини инфратузилмасини ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини белгилаган ҳолда қишлоқ, овул, маҳалла фуқаролари йиғинлари, фермер ва деҳқон ҳўжаликлари ҳамда ёндош ҳудудларини қамраб олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.
68. Қишлоқларнинг бош режа схемалари қишлоқ, овул, маҳалла фуқаролари йиғинларининг асосий аҳоли пунктлари учун БРЛ билан биргаликда ишлаб чиқилиши керак. Бунда, аҳоли сони 5 минг нафардан кам бўлган аҳоли пунктлари учун бош режаларни ишлаб чиқишга йўл қўйилмайди.
69. Қишлоқларнинг бош режа схемалари учун лойиҳавий муддатлар — биринчи навбати 5 йилга, лойиҳавий давр эса — 10 — 15 йилга мўлжалланиб қабул қилиниши лозим.
70. Қишлоқларнинг бош режа схемаси таркиби қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
қишлоқ, овул, маҳалла (аҳоли пункти)нинг туман (вилоят)даги жойлашуви тарҳи (1:100 000, 1:50 000, 1:25 000, 1:10 000 масштабларда);
қишлоқ, овул, маҳаллага ёндош ҳудудлардан жорий фойдаланиш (таянч) тарҳи, ҳудудни шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш (лойиҳавий) тарҳи (1:10 000, 1:25 000 масштабда);
қишлоқ, овул, маҳалла ҳудудида жорий атроф-муҳит ҳолати ва режалаштиришдаги чекловлар тарҳи, ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш тарҳи (асосий чизма), ҳудудни муҳандислик ускуналаш ва муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳи, автомобиль йўллари, транспорт ҳамда аҳолига ижтимоий, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш тарҳи (1:2 000, 1:1 000 масштабларда).
Атроф-муҳитнинг жорий ҳолати тарҳини ҳудуддан жорий фойдаланиш тарҳи билан қўшиб бир варақда бажаришга йўл қўйилади.
Ҳудуднинг муҳандислик ускуналаш ва муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳлари алоҳида варақларда бажарилиши керак (сув таъминоти ва канализация, электр таъминоти, иссиқлик ва газ таъминоти, телефон тармоқлари ва бошқалар). Тарҳларда муҳандислик тизимининг асосий магистрал тармоқлари ва иншоотлари (сув олиш иншоотлари, насос станциялари ва шу кабилар) акс эттирилиши керак. Бунда, тизимларнинг кўча тармоқлари ва уларнинг қуввати кўрсатилмаслигига йўл қўйилади.
71. Қишлоқларнинг бош режа схемаси чизмаларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
а) қишлоқ, овул, маҳалланинг тумандаги (вилоятдаги) жойлашуви тарҳида:
қишлоқ, овул, маҳалла жойлашган туманнинг чегаралари; қишлоқ, овул, маҳалла, туман маркази, шаҳар ва шаҳарчалар ҳудудлари чегаралари; йирик ердан фойдаланувчилар чегаралари;
халқаро, республика, вилоят ва туман аҳамиятидаги автомобиль йўллари, темир йўл йўналишлари ва бекатлари;
вилоят (туман) аҳамиятига молик муҳандислик тармоқлар ва иншоотлар;
ирригация ва мелиорация тизимлари (канал, коллектор, лоток ва бошқалар);
дарёлар, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари;
б) ёндош ҳудудлардан жорий фойдаланиш (таянч) тарҳида:
йирик ердан фойдаланувчиларнинг чегаралари, қишлоқ, овуллар, маҳаллаларнинг чегаралари; якка тартибдаги уйлар ва кўп квартирали уйлар қурилган ҳудудлар; жамоат бинолари участкалари;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари, омборлар ва бошқа инфратузилма ҳудудлари; саноат корхоналари ерларининг чегаралари;
аҳоли пунктлардан ташқари ерлар, шу жумладан шудгорлар, боғлар, токзорлар, тутзорлар, яйловлар ва ўтлоқлар, захира ерлари; чорвачилик ва паррандачилик мажмуалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари чегаралари;
ирригация ва мелиорация тизимлари (канал, коллектор, лоток ва бошқалар); дарёлар, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари;
ички йўл-кўча тармоғи, автомобиль ва темир йўллари йўналишлари, магистрал муҳандислик коммуникациялари тармоқлари ва иншоотлари.
в) атроф-муҳитнинг жорий ҳолати ва режалаштиришдаги чекловлар тарҳида:
қишлоқ ҳўжалик экинлари, саноат корхоналари ва айрим ишлаб чиқариш объектларининг зарарли таъсири зоналари; қабристонларнинг санитария-муҳофаза зоналари;
интенсив ҳаракатли автомобиль йўллари, муҳандислик тармоқлари объектларидан санитария-муҳофаза зоналари;
хавфли геологик ва гидрогеологик ҳодисалар зоналари;
сув тошадиган зоналар; сув объектларининг муҳофаза қилиш зоналари;
тарихий ва маданий мерос объектларининг ҳимоя зоналари;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, миллий табиат боғлари, биосфера резерватлари) буфер зоналари;
фойдали қазилмалар муҳофаза зоналари.
г) ҳудудни лойиҳавий ташкиллаштириш (асосий чизма) тарҳида:
ердан фойдаланишнинг ўзгаришлари;
уй-жой қурилишининг ривожланиши;
мактабгача ва умумий ўрта таълимини, аҳолига тиббий, ижтимоий, маданий-маиший ва рекреацион хизмат кўрсатиш тизимини истиқболдаги ривожланиши;
асосий транспорт ва пиёда йўллари;
муҳандислик инфратузилманинг ривожланиши;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари.
д) ҳудудни муҳандислик ускуналаш ва муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тарҳида:
мавжуд ҳамда лойиҳалаштирилган муҳандислик тармоқлар ва иншоотлар;
сув, иссиқлик, электр ва газ таъминоти манбалари, магистрал қувурлар (ичимлик суви, канализация, табиий газ), оқова сувларини тозалаш иншоотлари, алоқа тармоқлари;
мавжуд ва лойиҳавий суғориш каналлари, сув чиқариб юбориш коллекторлари;
дарёларнинг тартибга солиш, тозалаш, қувур ўтказиш талаб қилинадиган ўзанлари;
хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан ҳимоя қилиш иншоотлари;
е) автомобиль йўллари, транспорт ҳамда аҳолига ижтимоий, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш тарҳида:
йўл-кўча тармоқлари; асосий транспорт ва пиёда йўллари;
ижтимоий, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш объектларининг жойлашуви ҳамда қамраб олиш радиуслари;
йўлбўйи инфратузилма объектларининг жойлашуви ва бошқа объектлар.
72. Тушунтириш хати қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
қишлоқ, овул, маҳалла ҳудудининг жорий ҳолати;
вилоят ва туман тўғрисида маълумот, географик жойлашуви, ҳудуднинг майдони, чегарадош давлатлар (мавжуд бўлганда), вилоятлар ва туманлар, вилоят (туман)нинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, тумандаги аҳоли пунктлар сони ва уларнинг тури бўйича тоифаланиши, вилоят (туман)даги аҳоли сони (шаҳарсозлик ҳужжати ишлаб чиқилиши бошланган йилнинг 1 январь ҳолатида қабул қилиниши керак);
қишлоқ, овул, маҳалланинг жойлашуви ва чегаралари тавсифи: географик жойлашув, майдони, чегарадош туман (вилоят)лар, ёндош ҳудуддаги аҳоли пунктлари, уларнинг сони ва тури бўйича тоифаланиши, қишлоқ, овул, маҳалладан туман маркази (шаҳар, шаҳарча)гача масофа (km), бошқа аҳоли пункти билан боғлайдиган автомобиль йўли, темир йўл ва сув объектлари (мавжуд бўлганда);
табиий шарт-шароитлар: рельеф, тупроқларнинг тавсифи, ҳароратнинг мавсумий кўрсаткичлари, ҳавонинг намлиги, шамолнинг асосий йўналишлари ва ўртача тезлик кўрсаткичлари, ёғингарчиликнинг ўртача ва мавсумий тавсифи, сейсмик ҳолати, гидрогеологик ҳолати;
қишлоқ, овул, маҳаллага ёндош ҳудуд (ер)лардан фойдаланишнинг ҳозирги ҳолати: умумий майдони, аҳоли пунктлари ерлари майдони, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, маданий мерос объектлари жойлашган ерлар, сув фонди ерлари, захира ерлари майдони. Ҳудуднинг ерлари баланси жадвал шаклида келтирилади;
қишлоқ, овул, маҳалладаги уй-жой фондининг ҳолати: уй-жой фонди жами (m²) ва турлари бўйича (якка тартибдаги, кўп квартирали кўп қаватли ва 1 қаватли, намунавий лойиҳалар бўйича қурилган уй-жойлар). Уй-жой фонди маълумотлари жадвал шаклида берилиши керак;
ижтимоий объектлар: маданият, соғлиқни сақлаш, мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал таълим, савдо ва маиший хизмат, спорт объектлари, рекреация объектлари, уларнинг сони ва қуввати;
қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришининг инфратузилмаси (машина-трактор парки, молхона, омборхона ва бошқалар), саноат ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари: номи, сони ва қуввати, ихтисослиги (ишлаб чиқариш йўналиши);
муҳандислик тармоқлари ҳолати: тури, умумий узунлиги, техник ҳолати;
аҳоли сони, унинг бандлик ҳолати, бўш (иш билан таъминланмаган) ишчи кучи;
кўкаламзорлаштириш ҳолати (жумладан, умумий фойдаланишдаги кўкаламзорлар, жамоат бинолари ва ижтимоий соҳа объектлари ҳудудидаги кўкаламзор майдонлар);
лойиҳавий ечимлар:
ҳудудни функционал зоналаштириш;
аҳолининг лойиҳавий сони;
қишлоқ, овул, маҳалла (аҳоли пункти)ни лойиҳавий режалаштириш;
аҳолига маданий, маиший, тиббий ва савдо хизматларини режалаштириш;
мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларни лойиҳавий режалаштириш;
йўл-кўча тизимини, ирригация ва мелиорация тармоқларини режалаштириш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари;
ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш тадбирлари;
қишлоқ, овул, маҳалла (аҳоли пункти)да муҳандислик тармоқларни ривожлантириш;
лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари (матнли).
8-§. Батафсил режалаштириш лойиҳаси
73. Ҳудудни батафсил режалаштириш лойиҳаси (БРЛ) амалдаги бош режа асосида аҳоли пунктининг алоҳида қисмлари учун, шу жумладан турар-жой, ишлаб чиқариш ва бошқа функционал зоналар учун ушбу ШНҚда келтирилган ҳолатларда эса аҳоли пунктининг бутун ҳудуди учун ишлаб чиқилиши керак.
74. Шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш, лойиҳалаш ва қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилмаларни ривожлантириш, шунингдек маданий мерос объектлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни белгилаш учун БРЛ ишлаб чиқилиши лозим.
75. Илмий, ўқув, тиббий, дам олиш, спорт, туризм, бошқа мажмуалар ва функционал зоналар учун БРЛ туташ ҳудудларни ҳисобга олган ҳолда бош режада белгиланган қоидаларга таянган ҳолда бош режа чегараларидан чиқмаган ҳолда бажарилиши керак.
БРЛ янги қурилиш режалаштирилган, аҳоли пунктининг ўзлаштирилмаган ҳудудлари учун, шунингдек реконструкция қилиш ва янада ривожлантириш (ободонлаштириш) кутилаётган, қурилиши мавжуд бўлган ҳудудлар учун ҳамда аҳоли пунктининг тарихий ҳудудлари учун ишлаб чиқилиши лозим.
76. БРЛ 5 — 7 йилга мўлжаллаб, бош режанинг лойиҳавий муддати доирасида ишлаб чиқилиши ва қуйидаги ечимларни белгилаши керак:
ҳудуддан функционал фойдаланиш мақсадларини;
кўчаларнинг қизил чизиқларини ва қурилишни тартибга солиш чизиқларини;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ва ҳудудларни ўзлаштириш навбатларини;
аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирларини.
77. БРЛ таркиби қуйидаги чизмалардан ташкил топиши лозим:
лойиҳаланаётган ҳудуднинг аҳоли пункти миқёсида жойлашуви тарҳи (1:10 000 — 1:25 000 масштабда);
таянч режаси (ҳудуддан жорий фойдаланиш режаси), қизил чизиқлар режаси туширилган қурилиш эскизи (асосий тарҳ), қизил чизиқлар ва қурилишни тартиб солувчи чизиқларнинг режавий чизмаси, транспорт ва пиёдалар ҳаракатини ташкил этиш тарҳи, муҳандислик тармоқлари ва иншоотларини жойлаштириш ҳамда ер ости маконидан фойдаланиш тарҳи, ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва вертикал режалаштириш тарҳи, атроф-муҳит муҳофазаси (атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш) лойиҳаси (1:2 000 — 1:1 000 масштабларда);
тушунтириш хати, асосий қоидалар ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли).
Бунда, таянч режаси ва қурилиш эскизи топографик съёмкада, лойиҳаланаётган ҳудуднинг жойлашуви тарҳи аҳоли пунктининг бош режаси нусхасида, қолган чизмалар БРЛнинг асосий тарҳида бажарилиши лозим.
Қўшимча тақдимот материаллари (қурилишни режалаштириш тузилмаси, ҳудудни зоналаштириш ва ҳажмли-маконли композицияси, ёйма, макет, фото, видео ёки 3D формат кўринишида панорамалар ва шу кабилар) ихтиёрий масштабда бажарилиши мумкин.
Аҳоли пунктининг қурилган қисмида қизил чизиқлар таянч (мавжуд) қурилишга боғланган ҳолда кўрсатилиши, қурилмаган ҳудудларда эса қизил чизиқлар координатаси ҳисоблаб чиқилиши керак.
Ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва вертикал режалаштириш тарҳида маълумотлар таркиби кўпайиб кетганида улар алоҳида тарҳларда бажарилиши мумкин.
78. БРЛ тарҳларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
а) лойиҳаланаётган ҳудуднинг аҳоли пункти миқёсида жойлашуви тарҳида:
турар-жой, саноат ва коммунал-омбор зоналари;
дам олиш зоналари, кўкаламзорлар;
магистраллар, темир йўл йўналишлари;
лойиҳа билан қамраб олинадиган ҳудуд чегаралари;
ҳудуднинг туташ ҳудудлар билан режалаштириш ва транспорт боғланишлар;
б) таянч режада (ҳудуддан жорий фойдаланиш режасида):
мавжуд бино-иншоотлар, уларнинг қаватлилиги, техник ҳолати, фойдаланиш мақсади;
қурилишлардан ҳоли ҳудудларда ердан жорий фойдаланиш ҳолати;
кўча тармоғи, автотураргоҳлар, турли сатҳдаги пиёдалар ўтиш жойлари;
кўкаламзорлар, сув ҳавзалари;
транспорт иншоотлари (кўприк, туннель, дамба ва ҳ.к.);
муҳандислик инфратузилма объектлари;
омборлар ва коммунал хўжалик объектлари;
маданий мерос объектлари, уларнинг муҳофаза қилиш ва қурилишни тартибга солиш зоналари;
қизил чизиқлар ва қурилишни тартибга солиш чизиқлари;
бино ва иншоотларнинг ер участкалари ҳамда томорқа участкалари чегаралари;
в) қурилиш эскизида (асосий тарҳда): лойиҳаланаётган ҳудуд чегарасидаги қурилишнинг меъморий-режавий ва ҳажмий-фазовий ечимлар. Бунда, сақланиб қолинадиган барча турдаги қурилмалар ва табиий ландшафт ҳудудлари, шунингдек лойиҳаланаётган ҳудудни режалаштириш ва қуриш бўйича лойиҳа ечимлари, лойиҳада кўзда тутилган қизил чизиқлар ва қурилишни тартибга солувчи чизиқлар кўрсатилиши лозим.
қизил чизиқларнинг режавий чизмасида: лойиҳавий қизил чизиқларнинг кесишмалари ва бурилиш нуқталари координаталари ҳамда уларнинг шу жойда мустаҳкамланган геодезия белгилари, таянч бино ва иншоотларга боғланиш жойлари;
г) транспорт ва пиёдалар ҳаракатини ташкил этиш тарҳида:
кўча-йўл тизимининг (магистраллар, йўллар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар) таснифи ва лойиҳавий ечимлари; транспорт ҳаракатининг йўналишлари;
барча турдаги жамоат транспортининг тўхташ пунктлари, автотураргоҳлар;
пиёдалар, велосипед ва югуриш йўлаклари, кўча ва йўллардаги ўтиш жойлари, пиёдалар зонаси;
транспорт иншоотлари (эстакадалар, кўприклар, йўл ўтказгичлар, туннеллар);
транспорт кесишмалари ва чорраҳалар, ер ости транспорт иншоотлари, уларнинг истиқболдаги қурилиши учун техник ва захира зоналар;
аҳолига ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ва корхоналарини транспорт тизимига боғлаган ҳолда уларга хизмат кўрсатувчи (қамраб олувчи) ҳудудлар;
д) муҳандислик тармоқлар ва иншоотларини жойлаштириш ҳамда ер ости маконидан фойдаланиш тарҳида:
мавжуд, сақланадиган, реконструкция қилинадиган ва тугатиладиган тармоқлар ҳамда иншоотлар;
лойиҳаланаётган мавзе ва даҳалардан ташқаридаги муҳандислик тармоқлари ва иншоотлари;
лойиҳаланаётган ҳудудни муҳандислик тармоқларга уланиш жойлари;
муҳандислик тармоқларни ер ости коллекторларида ўтказиш участкалари;
мавжуд ва лойиҳаланаётган йирик ер ости иншоотлари.
Тарҳда кўрсатилган маълумотлар кўп бўлганда муҳандислик инфратузилмани ривожлантириш бўйича бўлимларни алоҳида чизмаларда бажаришга йўл қўйилади.
е) ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва вертикал режалаштириш тарҳида:
ҳудудни муҳандислик тайёрлаш (ер усти сувларини чиқариб ташлаш, суғориш ва дренаж тизимлари, сув босишидан ҳимоя қилиш иншоотлари ва уларнинг қувватлари, тупроқ тўлдириш ёки ортиқчасини кесиб олиш ва бошқалар);
ҳудудни вертикал режалаштириш (кўчалар кесишмаларида, йўлнинг бурилиш бурчакларида ҳамда рельефнинг кескин ўзгариш жойларидаги йўл сатҳининг мавжуд ва лойиҳавий баландликлари ва бўйлама нишабликлар (баландлик кесимлари 1:20 масштабда кўрсатилиши керак);
ж) атроф-муҳит муҳофазаси (атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш) лойиҳасида: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳадаги таклифлар; атроф-муҳитнинг прогнозли ҳолати тарҳи бош режада, ихтиёрий масштабда бажарилишига йўл қўйилади.
79. БРЛнинг тақдимот материалларида (макет, фото, видео ёки 3D форматида) бино ва иншоотлар, магистраль кўчалар, йўллар ва майдонлар, кўкаламзорлар ва муҳандислик иншоотлари лойиҳаланаётган ҳудуд чегарасида мавжуд ва лойиҳаланаётган бино ва иншоотлар ажратиб кўрсатилиши лозим.
Тарҳлардаги кўчаларнинг кўндаланг кесимларида кўчалар бўйлаб жойлашган муҳандислик тармоқлари ва суғориш тизимлари билан кўрсатилиши керак.
80. Аҳоли пунктининг шаклланган ёки тарихий ҳудудлари учун реконструкция қилиш бўйича БРЛ таркибида қуйидагилар ишлаб чиқилиши лозим:
ҳудуддаги бузиладиган, сақланиб қолинадиган, реконструкция қилинадиган, мукаммал таъмирланадиган, модернизация қилинадиган, кенгайтириладиган ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун қайта жиҳозланадиган бино ва иншоотлар;
реставрация қилиниши лозим бўлган тарихий бинолар ва маданий мерос объектлари, турли функционал (туристик, гастрономик, ҳунармандчилик ва бошқалар) мақсадлар учун лойиҳаланаётган ҳудудлар.
Тарҳда реконструкция бўйича тадбирларнинг биринчи навбати ажратиб кўрсатилиши, тарихий аҳамиятга молик қурилмаларга эга шаклланган аҳоли пунктлари учун лойиҳаланаётган бино ва иншоотлар тасвирлари туширилган кўчалар, қирғоқбўйи сайилгоҳлари ва бошқа ҳудудларнинг фотопанорамалари ёки ёйилма чизмалари бажарилиши лозим.
81. Шаҳарсозлик жиҳатдан муҳим бўлган айрим ҳудудлар учун шаҳарсозлик ансамблларини (майдонлар, кўчалар, соҳиллари, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва шу кабилар) қуриш бўйича эскиз лойиҳалари ишлаб чиқилиши керак.
1:500 — 1:2000 масштабларда ишлаб чиқиладиган шаҳарсозлик ансамблини қуриш бўйича эскиз лойиҳасида БРЛда қабул қилинган ҳажмий-фазовий ва композицион ечимларга аниқлик киритилиши, шунингдек ансамбль таркибига кирувчи алоҳида бино ва иншоотларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган шартлар ва кўрсаткичлар аниқлаштирилиши керак.
82. Тушунтириш хатида қуйидагилар баён этилиши лозим:
асосий ҳужжатлар ва материаллар рўйхати;
ҳудуд ҳақида маълумотлар (табиий-иқлим шароитлари; ҳудуддан жорий функционал фойдаланиш; турар-жой, жамоат ва ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари фондининг ҳолати; муҳандислик ва транспорт тармоғи; ҳудудни ободонлаштириш, санитария-эпидемиология ҳолати ва уни яхшилаш чоралари; мавжуд ва режалаштирилган саноат ва ишлаб чиқариш объектларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш; маданий мерос объектларини сақлаш ва бошқалар);
ҳудудни ривожлантириш муаммолари тавсифи, атрофдаги ҳудудлар билан бирга уни ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари, демографик таҳлил;
лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
меъморий-режавий ечимларни асослаш, ҳудудни функционал мақсадлар бўйича зоналаштириш;
қуриш учун тавсия этилган турар-жой ва жамоат биноларининг турлари, аҳолига ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатиш бўйича таклифлар;
ҳудудни тақсимлаш (зарурат туғилганда), ҳудуддан фойдаланиш мақсадларини, ер участкаларининг чегаралари ва сервитутларни белгилаш бўйича таклифлар;
аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш, транспорт хизмати ва пиёда ҳаракатни ташкил этиш бўйича таклифлар;
муҳандислик инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш бўйича лойиҳа ечимларни асослаш;
ер ости маконидан комплекс фойдаланиш бўйича таклифлар;
атроф-муҳитни яхшилашга қаратилган шаҳарсозлик тадбирлар тавсифи;
техник-иқтисодий кўрсаткичлар (матнли).
9-§. Ҳудудларни қуриш лойиҳалари
83. Ҳудудларни қуриш лойиҳалари (бундан буён матнда қурилиш лойиҳаси деб юритилади) янги ёки реконструкция қилинадиган мавзелар, даҳалар, шаҳарсозлик мажмуалари ёки уларни қуриш навбатларининг ҳудудлари, шунингдек турар-жой ва жамоат бинолари гуруҳларининг участкалари ҳамда режалаштириш тизимининг бошқа элементлари учун ишлаб чиқилиши керак.
Қурилиш лойиҳаси БРЛ ёки аҳоли пунктининг бош режаси, шунингдек мазкур ШНҚнинг 5-иловасига мувофиқ тузилган лойиҳалаштириш топшириғи асосида ишлаб чиқилиши керак.
Қурилиш лойиҳаси лойиҳалаштириш топшириғида белгиланган қурилиш навбатлари доирасида ҳудуднинг комплекс ривожланишига асосланиши ва унда техник-иқтисодий кўрсаткичлар келтирилган бўлиши лозим.
84. Қурилиш лойиҳалари таркибида қуйидагилар бажарилиши керак:
лойиҳаланаётган ҳудуд чегаралари доирасида қурилишнинг меъморий-режавий ва ҳажмий-фазовий композицияси ечимлари;
қуришни тартибга солиш чизиқлари белгиланиши;
турар-жой ва жамоат биноларининг жойлашуви, уларнинг турлари, қаватлари ва бошқа тавсифлари (масалан эни, бўйи, кириш-чиқиш жойлари) кўрсатилиши;
транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатининг ташкил этиш, муҳандислик ускуналаш, муҳандислик инфратузилма объектларининг ер участкалари, тармоқларга ва иншоотларга уланиш жойлари ва шартлари бўйича лойиҳа ечимлари берилиши;
умумий фойдаланишдаги ҳудудлар, шаҳарсозлик мажмуалари ёки қурилиш навбатларининг жойлашуви ва чегаралари, уларга кирувчи объектлар таркиби ҳамда қурилишининг кетма-кетлиги;
ҳудудда рельефни ташкиллаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш масалалари ҳал этилиши;
қурилишнинг қиймати аниқланиши;
лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ва қурилишни ташкил этиш тартиби белгиланиши.
85. Қурилиш лойиҳалари икки босқичда ишлаб чиқилиши керак.
Биринчи босқичда — лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
вазият режасини (1:10 000, 1: 5 000, 1:2 000 масштабларда ишлаб чиқилади);
бош режа, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тарҳи, муҳандислик ускуналаш тарҳи, турар-жой ва жамоат бинолари ҳамда иншоотлар лойиҳаларининг боғланиши, ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва вертикал режалаштириш тарҳи, қурилишни ташкиллаштириш лойиҳасини (1:1 000, 1:500 масштабларда ишлаб чиқилади);
қурилишнинг қиймати ҳисобини, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳасини, тушунтириш хатини (матнли).
Иккинчи босқичда — ишчи ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
бино ва иншоотлар жойлашуви тарҳини, кўчаларнинг режавий чизмасини, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тарҳини, муҳандислик ускуналаш ва муҳандислик ускуналарини комплекс бошқариш тарҳини, муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва вертикал режалаштириш тарҳини, турар-жой ва жамоат бинолари ҳамда иншоотлар лойиҳаларининг боғланиши тарҳини (1:500 масштабда ишлаб чиқилади);
смета ҳужжатларини, тушунтириш хатини (матнли).
86. Қурилиш лойиҳалари бир босқичда ишлаб чиқилганда ишчи лойиҳа босқичида, 1:500 масштабда ишлаб чиқилиши ва улар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
вазиятли режа (1:10 000, 1:5 000, 1:2 000);
бош режа, қўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тарҳи, муҳандислик ускуналаш тарҳи, турар-жой ва жамоат бинолари ҳамда иншоотлар лойиҳаларининг боғланиш тарҳи, муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва вертикал режалаштириш тарҳи, қурилишни ташкиллаштириш лойиҳаси;
смета ҳужжатлари, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳаси, тушунтириш хати (матнли).
87. Реконструкция қилинадиган ҳудудлар учун қуриш лойиҳалари икки босқичда — биринчи босқичда реконструкция қилиш навбатлари ажратиб кўрсатилган ҳолда бутун ҳудуд учун қуриш лойиҳаси, иккинчи босқичда эса бутун ҳудуд учун ёки реконструкция қилиш навбати учун сметаларини ўз ичига олган ишчи ҳужжати ишлаб чиқилиши керак.
Бунда, лойиҳа таркибига реконструкция қилинадиган ва мавжуд қисмларнинг меъморий-режавий ва ҳажмий-фазовий ечимлар, хизмат кўрсатиш тармоқлари, муҳандислик ускуналаш ҳамда ободонлаштиришга доир ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини асослаб берувчи чизмалар, тарҳлар ва ҳисоб-китоблар киритилиши керак.
88. Шаҳар аҳамиятига молик кўчалар, майдонлар ва уларни ободонлаштириш, шунингдек ҳудудларда жойлашган объектларни ишга тушириш учун зарур бўлган муҳандислик тармоқлари ва иншоотларнинг лойиҳалари қуриш лойиҳаси таркибига киритилмаган бўлса, бу лойиҳалар қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишдан аввал, алоҳида лойиҳа сифатида ишлаб чиқилган бўлиши лозим.
89. Шаҳарсозлик мажмуаларида жойлаштириладиган бино ва иншоотларнинг ёки муайян ҳудуднинг қурилиш навбатини ишга тушириш ва нормал фаолият юритиши учун зарур бўлган, лойиҳаланаётган ҳудуд чегарасидан ташқарида жойлашган ички кўчалар, пиёдалар, велосипед ва югуриш йўлакларини барпо этиш ҳамда муҳандислик тармоқларини ўтказиш бўйича ишлар ҳажми қуриш лойиҳаси таркибига киритилиши керак.
90. Қуриш лойиҳасининг чизмаларида қуйидагилар келтирилиши лозим:
а) умумий маълумотларда: лойиҳанинг таркиби, қурилиш ҳудудида жойлаштириш режалаштирилган турар-жой ва жамоат биноларининг қайдномалари ҳамда лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
б) вазият режасида: лойиҳалаштирилаётган мавзе, даҳа ёки ҳудуддаги бинолар гуруҳининг аҳоли пункти миқёсида жойлашуви;
в) бош режада: барча лойиҳаланаётган, сақланадиган ва реконструкция қилинадиган бино ва иншоотлар, турар-жой ва жамоат бинолари, кўчалар, пиёдалар, велосипед ва югуриш йўлаклари, турли мақсадли майдончалар, кўкаламзорлар, ободонлаштириш элементлари;
г) йўл қопламалари режасида: кўчалар, пиёдалар, велосипед ва югуриш йўлаклари ҳамда турли мақсадли майдончалар жойлашуви, ўлчамлари, тўшама (қоплама) турлари, 1:20 масштабда мавжуд ва лойиҳавий ер усти ва ер ости муҳандислик тармоқларини кўрсатган ҳолда, кўчалар, йўлаклар ва майдончаларнинг кўндаланг ҳамда конструктив кесимлари;
д) ирригация ва кўкаламзорлаштириш режасида: лойиҳаланаётган ва сақланиб қолинадиган кўкаламзорлар (дов-дарахтлар ассортиментини кўрсатган ҳолда), кичик меъморий шакллар, турли мақсадли майдончаларнинг жиҳозланиши ҳамда уларнинг қўлланилган турлари, намунали ва индивидуал лойиҳалари рўйхати;
е) рельефни ташкиллаштириш тарҳида: барча бино ва иншоотларнинг биринчи қаватларидаги полларининг лойиҳавий баландликлари (тоза баландлик сатҳи — 0,000 m), шунингдек бинолар бурчаклари бўйлаб нишаб йўлкаларнинг баландлик (қора ва қизил) белгилари;
ж) лойиҳавий горизонталлар, кўчалар ўқлари бўйлаб нишабликлар, кўчалар, пиёдалар, велосипед ва югуриш йўлакларининг кўндаланг кесимлари, уларнинг бурилиш жойларидаги ўқлари кесишувидаги сатҳларнинг лойиҳавий ва амалдаги баландликлари;
з) ер массаси режасида: режалаштирилаётган ҳудуд чегараси, асосий бино ва иншоотларнинг контурлари, қурилишнинг координата сеткаси ёки базис чизиғи, бурчаклари бўйлаб ер сатҳининг лойиҳавий амалий ва ишчи баландликлари ҳамда ҳар бирининг чегараси доирасида грунт ҳажмлари туширилган квадратлар (тарҳда ер массалари баланси жадвалда кўрсатиб ўтилиши лозим);
и) муҳандислик тармоқлари тарҳида: муҳандислик тармоқлари трассалари, асосий параметрлари (трубаларнинг материаллари, диаметри, ётқизиш чуқурлиги, каналларнинг кесимлари, кабелларнинг кесимлари ва сони, оралиқ нуқталар орасидаги участкаларнинг узунлиги ва шу каби), ҳудудда муҳандислик тармоқлари ва иншоотларининг жойлашуви, тармоқларнинг майдончадан ташқаридаги тармоқлар ва иншоотларга уланиш жойлари;
к) компановка тарҳида: намунавий блок-секциялардан ташкил топган уйларнинг жойлашуви, уйларнинг координата ўқлари ва ўқлар орасидаги масофа; блок-секцияларнинг намунавий лойиҳалари рақамлари, уларни бир-бирига бириктириш (блокировка) элементлари ва турар-жой биноси таркибидаги блок-секцияларнинг тартиб рақамлари; уйларнинг бурчакларида ер сатҳининг лойиҳавий ва амалдаги (вертикал) баландлиги; шартли 0,000 m баландлигининг абсолют қиймати;
л) техник-иқтисодий кўрсаткичлар (жадвалда).
91. Қурилиш лойиҳалари топографик харитадан фойдаланган ҳолда бажаришга йўл қўйилади. Ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ҳамда вертикал режалаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, муҳандислик ускуналаш тарҳлари бош режадан фойдаланган ҳолда бажарилишига йўл қўйилади.
Ер ости муҳандислик тармоқлари тарҳлари умумлаштирилган режа сифатида ишлаб чиқилиши керак.
Реконструкция қилинадиган мавзе (даҳа)лар учун қуриш лойиҳаларининг чизмалари таркибига қўшимча равишда қуйидагилар киритилиши керак:
бино ва иншоотларнинг ҳолатни тавсифловчи материаллар (жисмоний ва маънан эскириш ҳолати тарҳи, уларнинг тарихий-меъморий қиймати, қурилиш инсоляцияси ва шовқин таъсири шароитлари, санитария ва ёнғин хавфсизлиги масофалари тарҳи, мавжуд ижтимоий ва маданий-маиший хизмат кўрсатиш объектларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, бошқа мақсадлар учун қайта жиҳозлаш ёки бузиб ташлаш бўйича туркумлаштириш тарҳи);
лойиҳавий ечимни очиб берувчи материаллар (реставрация ва янги қурилишнинг умумлашган режаси), ер ости маконидан фойдаланиш тарҳи.
92. Қурилиш лойиҳасининг тушунтириш хатида қуйидагилар келтирилиши лозим:
қабул қилинган меъморий-режавий ва ҳажмий-фазовий ечимлар;
турар-жой ҳамда бошқа бино ва иншоотлар қурилишнинг кетма-кетлиги, уларнинг конструктив ечимлари;
муҳандислик ускуналашни асослаш;
хонадон турлари таркиби ва уларнинг демографик талабларга мослигини асослаш;
аҳолига кундалик хизмат кўрсатувчи муассасаларга бўлган эҳтиёж ҳисоб-китоблари;
ижтимоий соҳа (тиббиёт, таълим ва бошқа) объектларининг зарурий миқдори;
техник-иқтисодий кўрсаткичлар;
муҳандислик инфратузилмалари ва турар-жойлар эксплуатацияси бўйича таклифлар.
93. Қурилиш лойиҳаси таркибига кирувчи бино ва иншоотлар ШНҚ 1.03.03-23 га мувофиқ лойиҳалаштирилиши керак.
94. Қурилишни ташкил этиш лойиҳаси ШНҚ 3.01.01-22га мувофиқ ишлаб чиқилиши керак.
95. Қурилиш қиймати (сарф-харажатлари) ўхшаш объектлари қийматлари, намунавий лойиҳалар ҳамда «Смета ресерс нормалари» асосида аниқланиши лозим.
96. Тақдимот материаллари лойиҳалаштириш топшириғида кўрсатилган ҳажмда ва усулларда (макет, фото, видео ёки 3D форматда) меъморий-режавий ва ҳажмий-фазовий ечимларини очиб берадиган даражада бажарилиши керак.
10-§. Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳаси
97. Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳаси аҳоли пунктининг бош режаси асосида ишлаб чиқилиши, бош режаси бўлмаганда ер тузиш ҳужжатлари асосида мавжуд чегаралар бўйича белгиланиши лозим.
98. Кичик шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ (овул)ларнинг чегара чизиғи лойиҳалари мазкур аҳоли пунктларининг бош режалари таркибида ишлаб чиқилиши лозим.
99. Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳасини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғига қуйидагилар илова қилиниши керак:
аҳоли пункти ва туташ ерлар, унинг ҳудудидан ташқарида жойлашган объектлар ҳамда ҳудудни режалаштириш ва картографик материаллари;
аҳоли пункти бош режасининг асосий чизмаси ёки бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари нусхалари;
давлат ер кадастри материаллари ёки ер тузиш лойиҳаси (ердан фойдаланувчилар тўғрисида маълумотлари билан);
буюртмачида мавжуд бўлган материаллар рўйхати ва лойиҳани ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
Лойиҳалаштириш топшириғида зарур тадқиқотлар, сўровномалар, тайёргарлик ишлари таркиби аниқлаштирилиши керак.
100. Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳасини ишлаб чиқишдан олдин қуйидаги тайёргарлик ишлари олиб борилиши керак:
аҳоли пункти чегаралари тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатларни тўплаш;
режалаштириш, картография, ер тузиш, ер кадастри ва бошқа материалларни жамлаш, таҳлил қилиш ва тизимлаштириш;
давлат ер кадастри материалларни қайта ишлаш;
қайта ишланган режалаштириш ва картографик материалларнинг электрон моделини яратиш;
GPS (Global Positioning System) қурилмалари ёрдамида аҳоли пунктининг амалдаги ва лойиҳавий чегараларини харитага тушириб чиқиш, бунда WGS-84 координата тизимида тузилган хариталардан фойдаланиш лозим;
аҳоли пункти бўйича статистик маълумотларни тўплаш;
аҳоли пунктига туташ ҳудуднинг функционал ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, ердан фойдаланиш турларини ўрганиш;
аҳоли пункти ҳудудига киритилиши (чиқарилиши) режалаштирилган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг аҳоли пункти чегара чизиғини ташкил этиш ва ўзгартириш юзасидан истаклари ва таклифларини ўрганиш;
ҳар бир аҳоли пунктининг ўзига хослигига қараб бошқа ўрганишларни олиб бориш.
101. Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳасини ишлаб чиқишда бош режага мувофиқ қуйидаги тоифадаги ерлар аҳоли пункти ерлари таркибига киритилиши керак:
аҳоли пунктининг қурилиш ерлари;
кўп квартирали уйлар атрофидаги ер участкалари;
умумий фойдаланишдаги ерлари;
қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар;
дарахтзорлар эгаллаган ерлар;
саноат, транспорт, алоқа, энергетика, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар;
табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эгаллаган ерлар;
тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар;
ўрмон фонди ерлари;
сув фонди ерлари;
захира ерлари.
102. Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳаси қуйидагилардан ташкил топиши керак:
лойиҳа режаси — 1:2000, 1:5 000 ёки 1:10 000 масштабда;
тушунтириш хати;
зарурат бўлса — аҳоли пунктига туташ маъмурий-ҳудудий тузилиш тарҳлари, бошқа аҳоли пунктларининг ерлари — 1:10 000, 1:25 000 ёки 1:50 000 масштабда.
103. Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
аҳоли пунктининг белгиланган (тасдиқланган) чегараси (у бўлмаган тақдирда унинг мавжуд чегараси);
аҳоли пунктининг мавжуд чегараси доирасидаги ерлар (фойдаланиш турлари бўйича, жадвалда);
аҳоли пункти ҳудудига киритилаётган (чиқарилаётган) ерлар (фойдаланиш турлари бўйича, жадвалда);
аҳоли пунктининг чегара чизиғини белгилаш ва ўзгартиришга таъсир кўрсатадиган, бош режада қабул қилинган лойиҳавий ечимлар;
аҳоли пунктининг лойиҳавий чегара чизиғи;
аҳоли пунктига туташ бўлган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг тўлиқ номи (эгаллаган ер майдонини кўрсатган ҳолда, жадвалда);
аҳоли пунктининг мавжуд чегараси доирасидаги майдони ва унинг таркибига киритилаётган (чиқарилаётган) ерлар кўрсатилган ҳолда аҳоли пункти ерларининг қайдномаси (жадвал кўринишда).
104. Тушунтириш хатида қуйидагиларни баён этилиши керак:
аҳоли пункти тўғрисида умумий маълумотлар: аҳоли пунктининг мавжуд чегаралари, ерларнинг тоифалари, ердан фойдаланиш турлари (жадвал кўринишда);
аҳоли пунктининг бош режаси, бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари, ҳудудий жойлашуви, ҳудудини зоналаштириш, меъморий-режавий ва ҳажмий-фазовий ечимлари тавсифи;
ердан фойдаланувчиларнинг ерлари ҳамда фойдаланиш турлари тўғрисида маълумотлар, аҳоли пунктининг чегара чизиғи бўйича лойиҳа ечимлари, аҳоли пункти таркибига киритилган бошқа аҳоли пунктлари учун улар орасидаги масофалар, аҳоли сони;
лойиҳалаштирилган чегара чизиғи доирасида ер тоифалари бўйича тузилган аҳоли пункти ерларининг жамлама баланси (жадвал кўринишда);
аҳоли пункти чегара чизиғининг тавсифи.
5-боб. Лойиҳа ҳужжатларига қўйиладиган умумий талаблар
105. Шаҳарсозлик ҳужжатларига тегишли график материаллар қуйидаги талабларга мувофиқ бажарилиши лозим:
лойиҳа таркибига кирувчи турли чизмаларда такрорланадиган бир хил элементларни тасвирлаш учун бир хил ранглар ва шартли белгилар қўлланилиши;
чизмалар топографик материалларни (асосни) ёпиб қўймайдиган шаффоф бўёқлар билан бўялиши;
лойиҳавий ечимларнинг график чизмаси уларнинг яққол кўринишини таъминланиши.
106. Ностандарт масштабдаги график материаллар бошқа масштабдаги мавжуд топографик материалларни ўзгартириш (катталаштириш, кичрайтириш) йўли билан тайёрланишига йўл қўйилади.
107. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг асосий тарҳлари геоахборот тизимидаги ягона геодезик асосда бажарилиши ва имкон қадар очиқ картографик материалларда (топографик хариталар ва режаларда) ишлаб чиқилиши лозим.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг асосий тарҳлари геоахборот тизимидаги ягона геодезик асосда бажарилиши ва имкон қадар очиқ картографик материалларда ишлаб чиқилиши лозим.
График материаллар топографик хариталар ва режаларда бажарилиши керак.
108. Ҳар бир тарҳда ёки чизмада лойиҳаланаётган ҳудуд номи, шаҳарсозлик ҳужжатининг тури ҳамда лойиҳа бўлимининг (тарҳ ёки чизма) номидан ташкил топган сарлавҳаси бўлиши ва дунё тарафлари ўқ билан кўрсатилиши лозим.
109. Шаҳарсозлик ҳужжатининг тушунтириш хатига илова қилинадиган ёки алоҳида йиғмажилд (брошюра) қилинадиган барча чизмалар ISO 216-2007 форматлари ўлчамларига келтирилиши керак.
110. Шаҳарсозлик ҳужжатининг тарҳлари ва чизмаларининг тақдимот материаллари плоттерда чоп этилиб, қаттиқ (фанерали, оргалитли, фомексли ёки бошқа) асосга эга бўлган планшетларга ёпиштирилиши лозим.
111. Тушунтириш хатининг бош саҳифасида (титул варағида) лойиҳани бажарган ташкилот номи, лойиҳанинг шартнома бўйича тўлиқ номи, тушунтириш хати жилдининг (том, китоб) рақами, лойиҳани чиқариш йили, нусхасининг рақами кўрсатилиши лозим.
Тушунтириш хатининг бош саҳифасидан сўнг кетма-кетлик билан қуйидагилар жойлаштирилиши керак:
лойиҳа ва алоҳида бўлимлар бўйича муаллифлик жамоаси ва масъул ижрочилар таркиби;
лойиҳа таркиби (график ва матнли материаллар рўйхати);
лойиҳага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати;
тушунтириш хатининг мундарижаси.
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва уларни ишлаб чиқиш тартиби» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳини, шаҳарсозлик жиҳатдан режалаштиришнинг бириктирма тарҳини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳини, туман (туманлар гуруҳи)ни режалаштириш лойиҳасини ҳамда шаҳарлар агломерацияси ҳудудини режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғининг тахминий таркиби
1. Лойиҳалаштириш объектининг номланиши.
2. Ишлаб чиқиш учун асос.
3. Лойиҳалаштириш объектининг асосий тавсифлари: (ҳудуди, суғориладиган ерлар; аҳолиси сони (жумладан, шаҳарларда, шаҳарчаларда, қишлоқ (овул)ларда); саноат, ишлаб чиқариши ва қишлоқ хўжалигининг ихтисослашган тармоқлари; автомобиль транспорти ва йўллари; уй-жой фонди ва ижтимоий инфратузилма муассасалари; дам олиш ва сайёҳлик муассасалари; муҳандислик ускуналаш; қурилиш базасининг ҳолати; ўзига хос хусусиятлари).
4. Тарҳ (лойиҳа)ни амалга ошириш муддатлари (жорий ҳолати, қурилишнинг биринчи навбати, лойиҳавий муддати).
5. Лойиҳалаш учун бошланғич маълумотларни тақдим этиш муддатлари, рўйхати ва ким томондан тақдим этилиши.
6. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишлари: (меъморий-режавий ташкил этиш ва функционал зоналаштириш; транспорт хизматини ташкил этиш; ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш; муҳандислик ускуналаш ва муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш; атроф-муҳит ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш; фуқаро муҳофазаси бўйича муҳандислик-техник тадбирлар).
7. Лойиҳалаштириш объектини қўшимча ёки ихтисослашган равишда ишлаб чиқиш зарурати келиб чиқиши мумкин бўлган ўзига хос хусусиятлари ва муаммолари (табиий шароит, экологик ва демографик вазият, ишлаб чиқариш, ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилмаларнинг ривожланиши, атроф-муҳитни ҳамда маданий мерос объектларни муҳофаза қилиш ва бошқалар).
8. Босқичма-босқич берилиши лозим бўлган материаллар ва хизматларнинг таркиби (агар улар кўзда тутилган бўлса). Қўшимча тақдимот материаллари.
9. Лойиҳа таркиби, масштаби ва мазмунига ҳамда асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларга қўйиладиган алоҳида талаблар.
10. Лойиҳани амалга оширишнинг лойиҳавий муддатлари (жорий давр, биринчи навбат даври, лойиҳавий муддат).
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва уларни ишлаб чиқиш тартиби» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
2-ИЛОВА
Аҳоли пунктининг бош режасини (аҳоли пункти ҳудудини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш тарҳини) ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғининг тахминий таркиби
1. Лойиҳалаштириш объектининг номланиши.
2. Ишлаб чиқиш учун асос.
3. Лойиҳалаштириш объектининг асосий тавсифи (ҳудудининг майдони, аҳоли сони, демографияси, аҳолининг табиий ва механик ўсиши, меҳнат ресурслари).
4. Лойиҳани амалга оширишнинг лойиҳавий муддати (жорий давр, биринчи навбат даври, лойиҳавий муддат).
5. Лойиҳалаш учун бошланғич маълумотларни тақдим этиш муддатлари, рўйхати ва ким томондан тақдим этилиши (топографик материаллар ва муҳандислик-геология тадқиқотлари, табиий муҳитнинг (тупроқ, сув, ҳаво) жорий ҳолати; шаҳар (қишлоқ, овул)нинг амалдаги чегараси ва ҳудуди, мавзе, даҳа ва маҳаллалар бўйича аҳолининг жойлашуви; қаватлилиги бўйича уй-жой фонди, аҳолига ижтимоий ва маданий-маиший хизмат кўрсатиш тармоқларининг жорий ҳолати, спорт иншоотлари, дам олиш муассасалари, умумий фойдаланувдаги кўкаламзорлар, муҳандислик коммуникациялари ва ускуналари, таъминланганлик даражаси; ҳудудни муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш юзасидан маълумотлар; саноат ва шаҳарни шакллантирувчи ташкилотлар тўғрисида маълумотлар; шаҳар (қишлоқ, овул) транспорти ва иншоотлари, фаолиятининг асосий кўрсаткичлари, йўловчи транспорти йўналишлари, кўча тармоғи узунлиги ва уларнинг тури, темир йўл ва автомобиль транспорти, унинг йўллардаги жадаллиги, транспорт инфратузилмаси; ердан фойдаланувчилар кесимида шаҳарга туташ ҳудудлар, қўшиладиган аҳоли пунктлари (шаҳарча, қишлоқ, овул) аҳолисининг сони ва уй-жой фонди;
6. Бош режа таркиби, мазмуни ва масштабига, шунингдек асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларга қўйиладиган талаблар (ҳудудни меъморий-режавий ва функционал зоналаштириш, ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш, аҳолини ва иш ўринларини жойлаштириш, ижтимоий ва маданий-маиший ташкилотлари ва корхоналар тармоғини шакллантириш, транспорт хизматини ташкил этиш, атроф-муҳит ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ҳудудни муҳандислик ускуналаш ҳамда муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш, бошқалар).
7. Лойиҳани ишлаб чиқиш муддатлари (бошланиши, якунланиши), босқичма-босқич берилиши зарур бўлган материаллар ва хизматлар таркиби (агар улар кўзда тутилган бўлса), лойиҳа тарҳлари ва чизмаларининг масштаблари. Қўшимча тақдимот материаллари.
8. Лойиҳалаштириш топшириғига иловалар.
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва уларни ишлаб чиқиш тартиби» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
3-ИЛОВА
Қишлоқ, овул, маҳалла (аҳоли пункти) ҳудудини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғининг тахминий таркиби
1. Лойиҳалаштириш объектининг номланиши.
2. Лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос.
3. Лойиҳалаштириш объектининг асосий тавсифи (республика, вилоят ва туман миқёсидаги ўрни, ҳудудининг майдони, аҳолисининг сони ва демографияси, меҳнатга лаёқатли қисми).
4. Лойиҳавий муддатлар (амалга ошириш даврлари: жорий давр, биринчи навбат даври, лойиҳавий даври).
5. Шаҳарсозлик тизими тўғрисида маълумотлар (аҳоли пунктлари сони, уларнинг мавқеи (статуси), туман марказлари ва йирик шаҳарларгача бўлган масофа ва бошқалар).
6. Муҳандислик-техник инфратузилмаси тўғрисида маълумотлар (сув, электр, газ, иссиқлик таъминоти, канализация ва алоқа тармоқлари ва тизимлари).
7. Атроф-муҳитнинг жорий ҳолати (ифлосланиш манбалари).
8. Ёндош ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг жорий ҳолати тўғрисида маълумотлар.
9. Ижтимоий соҳа объектлари билан таъминланганлиги (мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари, тиббиёт муассасалари, уларнинг сиғими, хизмат кўрсатувчи ходимлар сони).
10. Турар-жой, ижтимоий, маданий-маиший, савдо ва коммунал қурилиши бўйича талаблар (мавжуд қурилиш таҳлили, янги қурилиш ҳажми, уй-жой фондини яхшилаш бўйича таклифлар).
11. Муҳандислик, техник ва ишлаб чиқариш объектларини қуриш бўйича талаблар (муҳандислик ускуналаш ва йўл-транспорт тизимини такомиллаштириш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш).
12. Лойиҳанинг таркиби ва мазмунига ҳамда асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларга қўйиладиган алоҳида талаблар (ҳудудни меъморий-режавий ва функционал ташкиллаштириш, ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш, аҳолини ва иш ўринларини жойлаштириш, ижтимоий ва маданий-маиший ташкилотлари ва корхоналар тармоғини шакллантириш, транспорт хизматини ташкил этиш атроф-муҳит, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ҳудудни муҳандислик ускуналаш ва муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш).
13. Лойиҳалаштириш топшириғига иловалар.
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва уларни ишлаб чиқиш тартиби» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
4-ИЛОВА
Батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғининг тахминий таркиби
1. Лойиҳалаштириш объектининг номланиши.
2. Ишлаб чиқиш учун асос.
3. Лойиҳалаштириш объектининг асосий тавсифи (ҳудудининг майдони, чегаралари, маданий мерос объектлари мавжудлиги, ўзига хос хусусиятлари (рельефи, грунтлари ва бошқалар));
4. Лойиҳани амалга оширишнинг лойиҳавий муддати (жорий давр, биринчи навбат даври, лойиҳавий муддат).
5. Лойиҳалаш учун бошланғич маълумотларни тақдим этиш муддатлари, рўйхати ва ким томондан тақдим этилиши (шаҳарнинг бош режаси, топографик материаллар ва муҳандислик-геология тадқиқотлари, табиий муҳитнинг (тупроқ, сув, ҳаво) жорий ҳолати);
6. Батафсил режалаштириш лойиҳаси таркиби ва мазмунига ҳамда асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларга қўйиладиган талаблар (ҳудудни меъморий-режавий ва функционал ташкиллаштириш, транспорт хизматини ташкил этиш, атроф-муҳит, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва муҳандислик ускуналаш, муҳандислик жиҳатдан тайёрлаш ва бошқалар).
7. Лойиҳалаштириш объектини қўшимча ёки ихтисослашган равишда ишлаб чиқиш зарурати келиб чиқиши мумкин бўлган ўзига хос хусусиятлари ва муаммолари (табиий шароит, экологик ва демографик вазият, ишлаб чиқариш, ижтимоий, транспорт-муҳандислик инфратузилмаси ривожи, маданий мерос объектларини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқалар).
8. Лойиҳалаштириш топшириғига иловалар.
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва уларни ишлаб чиқиш тартиби» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
5-ИЛОВА
Ҳудудни қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғининг тахминий таркиби
1. Лойиҳалаштириш объектининг номланиши.
2. Ишлаб чиқиш учун асос.
3. Лойиҳалаштириш объектининг асосий тавсифи (ҳудудининг майдони, чегаралари, ўзига хос хусусиятлари (рельефи, грунтлари ва бошқалар));
4. Лойиҳани амалга оширишнинг лойиҳавий муддати (1-, 2-, 3-навбат).
5. Лойиҳалаштириш учун асосий маълумотлар: (умумий яшаш майдони (қаватлиларга ажратган ҳолда, 1, 2, 3-4, 5-8, 9 ва ундан юқори қаватли; биноларнинг конструктив типлари бўйича); хизмат кўрсатувчи муассасалар рўйхати ва уларнинг қуввати; қурилиш қийматини жорий нархларда белгилаш учун кўрсаткичлар (лойиҳавий ечимлар вариантлари));
6. Лойиҳага алоҳида талаблар.
7. Лойиҳани ишлаб чиқиш муддатлари (бошланиши, якунланиши), босқичма-босқич берилиши зарур бўлган материаллар ва хизматлар таркиби (агар улар кўзда тутилган бўлса), лойиҳа тарҳлари ва чизмаларининг таркиби ва масштаблари. Тақдимот материалларининг ҳажми.
8. Лойиҳалаштириш топшириғига иловалар (меъморий-режавий топшириғи; бино ва иншоотларни муҳандислик тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар; ер участкасига ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат);
ШНҚ 1.03.02-23 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва уларни ишлаб чиқиш тартиби» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
6-ИЛОВА
Аҳоли пунктининг чегара чизиғи лойиҳасини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғининг тахминий таркиби
1. Лойиҳалаштириш объектининг номланиши.
2. Ишлаб чиқиш учун асос.
3. Лойиҳалаштириш объектининг асосий тавсифи (ҳудудининг майдони, аҳолисининг сони, аҳоли пунктига қўшиладиган (чиқариладиган) ер майдонлари).
4. Лойиҳалаш учун бошланғич маълумотларни тақдим этиш муддатлари, рўйхати ва ким томондан тақдим этилиши.
5. Лойиҳа таркибига, мазмунига, масштабига ва асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларга қўйиладиган талаблар.
6. Лойиҳани ишлаб чиқиш муддатлари (бошланиши, якунланиши). Қўшимча тақдимот материаллари.
7. Лойиҳалаштириш топшириғига иловалар.
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал вазирининг 2024 йил 11 сентябрдаги 01/2-66-сон буйруғига
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг 2009 йил 23 декабрдаги 128-сон буйруғи билан тасдиқланган ШНҚ 1.03.02-04 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини таркиби, ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари.
2. Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг 2020 йил 7 январдаги 8-сон буйруғи билан тасдиқланган ШНҚ 1.03.10-19 «Қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришни ва қуришни режалаштиришни ташкил этиш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби, уларни ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг 2007 йил 14 мартдаги 33-сон буйруғи билан тасдиқланган ШНҚ 1.03.11-07 «Ўзбекистон Республикасида шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг бош режасида фуқаро муҳофазасининг муҳандислик-техник тадбирлари бўлимининг таркиби, ишлаб чиқиш тартиби, тегишли идоралар билан келишиш ва тасдиқлашга доир йўриқнома» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари.