Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
Қарори
Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 68-моддасининг талабларидан келиб чиққан ҳолда, ер умуммиллий бойлик эканлиги, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат томонидан муҳофаза қилинишини инобатга олиб, ерга оид низоларни судлар томонидан ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ва ер муносабатларини тартибга солишга оид бошқа қонунчилик ҳужжатлари тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
I боб. Умумий масалалар
1. Судларнинг эътибори ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади) 3-моддаси билан белгиланганлигига қаратилсин.
Судлар ерга оид қонунчилик ҳужжатларини қўллашда ушбу соҳага оид қонунчилик орқага қайтиш кучига эга эмаслиги, улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилиши ҳамда қонунда у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилиши тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилишига эътибор қаратсинлар.
Шу билан бирга, маъмурий судларга низолашилаётган маъмурий ҳужжат ёки мансабдор шахс ҳаракати (ҳаракатсизлиги)нинг қонунийлигига ушбу ҳужжат қабул қилинган ёки ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилган вақтда амалда бўлган ерга оид қонунчилик ҳужжатлари асосида баҳо беришлари лозимлиги тушунтирилсин.
2. Қоида тариқасида, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича ишда иштирок этувчи шахслар низоли ер участкасига бўлган ҳуқуқни ва ушбу ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилишлари лозим, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ишлар бундан мустасно.
Бунда судларнинг эътибори Ер кодексининг 33-моддасида назарда тутилган ҳужжатларгина ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланишига қаратилсин.
3. Даъвогар (аризачи) томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжат тақдим этилганда, судлар низони тўғри ҳал этиш учун ер участкасининг плани ва тавсифи тузилганлиги, ер участкасининг чегаралари жойида белгилаб берилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар мавжудлигини кадастр ёки бошқа ваколатли органларнинг маълумотлари асосида аниқлашлари лозим.
Судлар ерга оид низоларнинг хусусиятидан келиб чиқиб:
процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш масаласини муҳокама қилишлари;
бундай ишларни процессуал муддатларга қатъий риоя қилган ҳолда кўриб чиқишлари лозим.
4. Судларга тушунтирилсинки, Ер кодекси 22-моддасининг биринчи қисми ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда Фуқаролик кодекси деб юритилади) 549-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра, давлат эгалигида бўлган ер участкалари ёки бошқа кўчмас мулкларнинг қонунда белгиланган тартибда бошқа шахснинг эгалигига ўтказилиши, ер участкалари ёки бошқа кўчмас мулклардан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган шахсларнинг ижара шартномасининг муддати тугагунига қадар ундан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Судлар Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ, ижара муддати тугаганлиги муносабати билан ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги даъволарни кўришда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси янги муддатга узайтирилган ёки узайтирилмаганлигини аниқлашлари лозим.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори таҳририда)
6. Судлар ерга оид низоларни кўришда манфаатдор шахслар доирасини аниқлаб, зарурат бўлган ҳолларда, уларни (масалан, кадастр ва архитектура органлари, аукцион ёки танлов ўтказувчи ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва бошқалар) ишда иштирок этишга жалб қилиш масаласини муҳокама қилишлари лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
61. «Ўзбекистон Республикаси ФПК 50-моддасининг биринчи қисми, ИПК 49-моддасининг учинчи қисмига кўра, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларда, МСИЮтК 46-моддасининг биринчи қисмига кўра эса, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.
Шу сабабли судлар ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни судда кўришда прокурорни хабардор қилиш масаласини ҳал этишлари лозим.
(61-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарорига асосан киритилган)
II боб. Судловга тааллуқлилик масалалари
7. Судларнинг эътибори маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини бузувчи маъмурий ҳужжатлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган ариза (шикоят)лар, шунингдек, ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талаблар маъмурий судларга тааллуқли эканлигига қаратилсин.
Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида вужудга келган зарарлар сабабий боғланишдаги зарарлар ҳисобланади.
Шунингдек, Ер кодексининг 24, 36-моддалари талаби ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг индивидуал хусусиятга эга бўлган ер муносабатларига оид ҳужжатлари маъмурий судларда низолашилиши мумкин.
8. Ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган қуйидаги низолар тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судлар ёки иқтисодий судлар томонидан кўрилади:
ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва қайта сотиб олиш билан боғлиқ низолар бўйича компенсация ундириш;
сервитутни белгилаш ёки бекор қилиш, сервитут юзасидан ҳақ ундириш;
бир нечта шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасидан фойдаланиш тартибини белгилаш, уни бўлиш;
ер участкасига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқ бузилишларни бартараф этиш;
ер участкасини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, ер участкасидан мажбурий тартибда чиқариш;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини қайтариш ва фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш;
Ер кодексининг 36-моддасида назарда тутилган ҳолларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тугатиш;
Ер кодексининг 86, 87-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарни ундириш;
ер участкаларининг ижара шартномаси билан боғлиқ низолар ва бошқалар.
9. Ерга оид қонунчилик ҳужжатлари билан тегишли органларнинг ваколатига тааллуқли масалалар судлар томонидан ҳал қилинмаслигига, жумладан Ер кодексининг 23-моддасига асосан ер участкасини бериш (реализация қилиш) бўйича ваколатли органлар белгиланганлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
10. Инобатга олинсинки, маъмурий органнинг объектни танлов ёки аукционга чиқаришга қадар амалга оширган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ёхуд қарори билан боғлиқ оммавий-ҳуқуқий низолар маъмурий судларнинг судловига, аукцион ёки танлов натижаси юзасидан вужудга келган низолар эса (масалан, битим, ким ошди савдосини ёки танловни ҳақиқий эмас деб топиш, битимни бекор қилиш, ўзгартириш) тегишинча фуқаролик ишлари бўйича судлар ёки иқтисодий судларнинг судловига тааллуқлидир.
11. Судлар «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12, 27 ва 34-моддаларидан келиб чиқиб, шуни назарда тутишлари лозимки, ушбу Қонун кучга кирган кундан бошлаб ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда, ҳуқуқ эгасига белгиланган компенсация берилиши билан боғлиқ низолар дастлаб судга қадар компенсация комиссиялари томонидан кўриб чиқилиши, бироқ масаланинг қонунчиликда белгиланган муддатларда компенсация комиссияси томонидан кўриб чиқилмаганлиги аризани суд томонидан кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмайди.
Бунда компенсация комиссиясининг қарори тавсиявий хусусиятга эга бўлганлиги сабабли компенсация комиссиясининг қароридан норози бўлган манфаатдор шахс тегишлича фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга компенсация ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
III боб. Ерга оид оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича
12. Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши асослари қонунда қатъий белгилаб қўйилганлиги сабабли ҳакамлик судларининг ваколат доирасидан четга чиққан ҳолда ер участкаси ва бошқа кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқларни вужудга келтиришга қаратилган қарорлари, аризачиларнинг мансабдор шахсларнинг зиммасига ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширишга рухсат бериш, кўчмас мулкни қайта реконструкция қилишга рухсат бериш мажбуриятини юклаш ҳақидаги ва шу каби бошқа талабларини қаноатлантириш учун асос бўла олмайди.
13. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 27-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ низоларни кўришда аризачи томонидан ноаниқ (масалан, кадастр йиғмажилди, кадастр паспорти, гувоҳнома ва давлат реестридан кўчирмани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида) талаб қўйилганда, низонинг асл моҳиятидан келиб чиққан ҳолда маъмурий судлар суднинг фаол иштироки тамойили асосида талабга аниқлик киритиш чораларини кўриб, аризани мазмунан кўришлари лозим.
Бунда судлар кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш — юридик ва жисмоний шахсларнинг, жумладан битимлар асосида юзага келадиган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларининг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланишини бекор бўлишини тан оладиган ҳамда тасдиқлайдиган ҳуқуқий ҳужжат эканлигидан келиб чиқиб, бу ҳақдаги давлат реестри кўчирмасини эмас, балки кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига эътибор қаратишлари лозим.
14. «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига кўра, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳисобланиши сабабли, судларнинг эътибори кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ низоларни кўришда, иш бўйича жавобгар сифатида Давлат кадастрлари палатасининг вилоят ҳудудий бошқармалари жалб қилиниши лозимлигига қаратилсин.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқларининг вужудга келиш асослари Ер кодексининг 31-моддасида кўрсатилган бўлиб, ерга оид низоларни кўришда аризачида бундай ҳуқуқлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, аризачи МСИЮтК 185-моддаси талаби бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигига аниқлик киритиш лозим.
Шу билан бирга судларга, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган алоҳида муҳофаза этиладиган объектлар ва уларнинг муҳофаза ҳудудларига нисбатан бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги, мазкур ер майдонларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келмаганлигини англатмаслиги тушунтирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли Фармонининг 4-банди билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш (бундан мазкур Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, ижара шартномасини имзолаш бўйича ваколатлар мустасно), туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эса ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.
(15-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Шу билан бирга, мазкур Фармоннинг 8-бандида ушбу Фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб Ер кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур Фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилганлиги қайд этилган.
(15-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори таҳририда)
Шу сабабли, Ер кодексининг 23-моддасига ўзгартишлар 2021 йил 16 августда киритилган бўлса ҳам, туман (шаҳар) ҳокимлари 2021 йил 9 июндан бошлаб ер участкаларини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ажратиш (реализация қилиш) ваколатига эга эмасликларига судларнинг эътибори қаратилсин.
IV боб. Ерга оид фуқаролик-ҳуқуқий низолар бўйича
16. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Ер кодексининг 10 ва 21-моддалари талабларига мувофиқ ер участкасини бўлиш имконияти бўлмаса, бундай ер участкаси бир неча шахслар томонидан биргаликда эгалик қилинадиган ва фойдаланиладиган ер участкаси деб эътироф этилади, бу ҳол кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида акс эттирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Судларнинг эътибори биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасини бўлиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда Ер кодекси 22-моддасининг бешинчи қисмига асосан ер участкасини бўлиш ёки ундан фойдаланиш тартибини белгилаш имконияти мавжуд ёки мавжуд эмаслиги кадастр органи мутахассисининг фикри ёки судга оид экспертиза хулосаси билан аниқланиши мумкинлигига қаратилсин.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори таҳририда)
18. Биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасини тарафларнинг иморатга бўлган эгалик ҳуқуқидаги улушларига мутаносиб равишда ёки улушлар тенглигидан чекинган ҳолда ажратиш имконияти бўлмаса, суд илгаридан шаклланган ер участкасидан фойдаланиш тартибидан келиб чиқиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Ер кодекси 62-моддасининг тўртинчи қисми талабига мувофиқ, ер участкасининг ёхуд ундаги иморатнинг у ёки бу қисми коммунал хизматдан (ёритиш, оқова сувларни чиқариб юбориш, трубопровод, суғориш қурилмалари ва шу кабилар), ер участкаларининг эгалари ёки ундан фойдаланувчилар эса, мустақил равишда ўзича ёки транспортда кириб-чиқиш имконидан маҳрум бўлиб қоладиган бўлса, ер участкасининг бўлинишига йўл қўйилмайди.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори таҳририда)
20. Фуқаролик кодекси 223-моддасининг бешинчи қисмидан келиб чиқиб, биргаликда эгалик қилувчилар ўртасидаги ер участкаларини бўлишда улушларга нисбатан номутаносиблик вужудга келганда, судлар низони ҳал этишда ерга бўлган ҳуқуқдаги фарқ учун тегишли пул суммасини ундириш ёки бошқача компенсация белгиланиши лозимлигига эътибор қаратсинлар.
21. Биргаликда эгалик қилувчилар ўртасида ердан фойдаланиш тартиби ўрнатилганидан сўнг вужудга келган ер участкасига эгалик қилиш ёки фойдаланиш тартиби юзасидан келиб чиққан низоларни ҳал қилишда судлар қуйидагиларни эътиборга олишлари лозим:
умумий мулк иштирокчиларидан бирининг умумий фойдаланишда бўлган турар жойда қўшимча иморатлар ва қурилмаларни барпо этиш, устига қуриш, қайта қуриш йўли билан улушини кўпайтириши ўз-ўзидан биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасининг ўлчамини ўзгартиришга асос бўлмайди;
уй-жой мулкдорларидан бири уй-жойнинг ўзига тегишли қисмини ўзга мулкдорга ўтказганда, шунингдек уй-жойнинг бир қисми ворислик тарзда ўзгага ўтганда ер участкасидан фойдаланиш тартибини янгидан белгилашга, фақат бу тартиб бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид бўлмаган тақдирдагина, йўл қўйилади;
турар жой мулкдорларининг бири иморатнинг ўзига тегишли бўлган қисмини ўзга шахс фойдасига ўтказганда, ер участкасидан фойдаланишнинг илгаридан ўрнатилган тартиби янги мулкдор учун ҳам мажбурийдир.
22. Агар ер участкасини бўлиш имкони бўлмаса, суд даъвони рад қилади ва тарафларга ердан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақида даъво қилиш ҳуқуқини тушунтиради.
23. Биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкасини бўлиш ёки ундан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги низолар бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида:
ҳар бир тарафга қолдириладиган ер участкасининг майдони ва чегаралари;
биргаликда эгалик қилинадиган ёки фойдаланиладиган ер участкаларининг майдони ва чегаралари;
ер участкаларидан турар жойга, ёрдамчи иморатларга ва қурилмаларга ўтиш жойининг майдони ва чегаралари ҳамда бошқа эътиборга молик маълумотлар кўрсатилиши шарт.
24. Судлар Ер кодекси 36-моддасининг 6 — 11-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиш масаласи Ер кодексининг 38-моддасига мувофиқ, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органнинг ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман (шаҳар) ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида киритилган тақдимномаси асосида туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги даъво аризасига биноан суд тартибида ҳал этилишини инобатга олишлари лозим.
Судларга тушунтирилсинки, агар даъво аризасида ер участкасини олиб қўйиш (ер ижара шартномасини бекор қилиш) талаби билан бирга ушбу ер участкасини захирага олиш (захирага қайтариш) талаби ҳам қўйилган бўлса ёки алоҳида талаб сифатида ер участкасини захирага олиш (захирага қайтариш) талаби берилган бўлса, қонунчиликка кўра ер участкаларини захирага олиш (захирага қайтариш) судларнинг ваколатига кирмаслиги сабабли ушбу талаб бўйича иш юритиш тугатилиши лозим.
Агар судга ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш (ер ижара шартномасини бекор қилиш) талаби билан бирга ер участкасини олиб қўйиш талаби қўйилган бўлса, ҳар икки талаб алоҳида номулкий талаб ҳисобланиши лозим.
Бу тоифадаги ишларни кўришда судлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи ҳужжат (ҳоким қарори, савдо баённомаси, шартномаси ва бошқалар) тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқ юзага келганлигини текширишлари лозим.
Агар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, судлар ҳуқуқ юзага келмаганлиги асоси билан ҳуқуқни бекор қилиш талабини рад этиб, ер участкасини олиб қўйиш талабини қаноатлантириши лозим.
Судларнинг эътибори, агар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тўғрисида даъво берилганда мазкур даъво талаби Ер кодексининг 91, 911-моддаларига асосан кўриб чиқилишига қаратилсин.
25. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ер кодекси 38-моддасининг иккинчи қисмига асосан Кадастр агентлиги органлари ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан хабардор қилгандан кейин ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризасини киритиши, башарти низоли ер участкасига нисбатан ер ижара шартномаси мавжуд бўлмаган ҳолдагина амалга оширилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ер кодекси 36-моддасининг бешинчи қисмига биноан ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 6 — 10, 13-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ушбу Кодекснинг 24-моддасида назарда тутилган тартибда ер участкасининг ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади.
Шунга кўра, ижара шартномаси мавжуд бўлиб, даъво аризасида Ер кодекси 36-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 6 — 10, 13-бандлари асос қилиниб, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ҳақида талаб қўйилса, судлар бундай талабни қаноатлантириш рад этилиши лозимлигига эътибор қаратишлари лозим.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошилари билан тўлдирилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
251. Фуқаролик кодекси 382-моддасининг биринчи қисмида, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкинлиги назарда тутилган.
Шу муносабат билан судлар инобатга олишлари лозимки, прокурор ер участкаси ижара шартномасини бекор қилиш талаби билан фақат шартнома тарафлари манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.
Бунда низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини эътиборга олиш лозим.
Мазкур банднинг иккинчи хатбошисидаги қоида ер ижара шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабга нисбатан татбиқ этилмаслигига эътибор қаратилсин.
(251-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги 10-сонли қарорига асосан киритилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Судлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахслар билан тузилган ер участкаси ижара шартномасини Ер кодекси 36-моддаси биринчи қисмининг 6-7-бандларида кўрсатилган асосларга кўра бекор қилиш тўғрисидаги ишларни кўришда даъвонинг асослилигини Фуқаролик кодексининг 384-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва экин майдонларида мониторинг ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги ҳамда 2024 йил 30 декабрдаги 914-сон қарори билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низомлар ҳамда бошқа низога оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинганлигини текширишлари лозим.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
261. Ер кодекси 242-моддасининг еттинчи қисмига кўра, агар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ижарага бериш шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу шартномани муддатидан илгари бекор қилиш қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасининг бекор қилинишига сабаб бўлади.
Шу сабабли судлар бундай тоифадаги ишларни кўришда низолашилаётган шартнома бўйича ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси иккиламчи ижарага берилган ёки берилмаганлигини аниқлашлари, зарур ҳолларда эса ер участкасини иккиламчи ижарага олган шахсни ишга иштирок этишга жалб қилиш чораларини кўришлари лозим.
(261-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарорига асосан киритилган)
27. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олди-сотди, ҳадя, гаров, ўзбошимчалик билан тузилган алмаштириш шартномалари, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартиб бузилган ҳолда тузилган иккиламчи ижара шартномалари ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.
Бундай шартномалар ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигидан келиб чиқиб, Фуқаролик кодекси 113-моддасининг учинчи қисмига кўра судлар ўз ташаббуслари билан шартноманинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашга ҳақли эканлигини инобатга олишлари лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Шу билан бирга, Ер кодекси 24-моддасининг ўн иккинчи қисми мазмунига кўра, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи фақат кредитлар олиш учун гаровга қўйилиши мумкинлиги инобатга олиниши керак.
Бунда, судлар фермер хўжалиги ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини фақат ўзига кредит олиш учун гаровга қўйишга ҳақли эканлигига эътибор қаратиши лозим.
(27-банднинг учинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарорига асосан учинчи ва тўртинчи хатбошилари билан алмаштирилган)
28. Судларга тушунтирилсинки, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи дастлабки ҳужжат бекор қилинган ёки суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган бўлиб, бироқ низоли ер участкаси амалдаги эгаси (фойдаланувчиси)нинг ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжати ўз кучида бўлса, уни ушбу ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш учун асос бўлмайди.
Бундай ҳолатда судлар даъвогарга амалдаги эгаси (фойдаланувчиси)нинг ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатини низолашиш ҳуқуқини тушунтиришлари лозим.
29. Судларга тушунтирилсинки, даъво аризасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини қайтариш ва уни яроқли ҳолатга келтириш сўралганда, улар битта талаб сифатида баҳоланади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
291. Судлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган давлат мулкидаги ер участкасини қайтариш ва ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишларни кўришда ИПК 2039-моддаси талабларига қатъий риоя этишлари шарт.
(291-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарорига асосан киритилган)
30. Сервитутни белгилашни талаб қилган шахс ва ўзга ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ва мулкдори сервитут тўғрисида ўзаро келиша олмасалар, унда сервитут чекланган тарзда манфаатдор шахснинг даъвоси бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан белгиланади.
31. Судларнинг эътибори Ер кодексининг 30-моддасига асосан сервитутнинг муҳим шарти бундай ҳуқуқни ўрнатишни талаб қилган ер участкасининг мулкдори, эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси ва ижарачисининг ўзганинг участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини ўрнатмасдан туриб, тегишли эҳтиёжларини қондириш имконсиз эканлигига қаратилсин.
32. Сервитут белгиланиши ва унинг шартлари хусусидаги ишларни ҳал қилишда, судлар ваколатли органларни ишга жалб этиш ҳамда мутахассиснинг фикри, тушунтиришларини олиш масаласини муҳокама қилишлари лозим.
Сервитут белгиланиши билан боғлиқ (Ер кодекси 30-моддаси иккинчи қисми) харажатлар даъвогар зиммасига юклатилиши судларга тушунтирилсин.
33. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган (реализация қилинмаган), шу жумладан, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаган, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар олинмаган ҳолда фойдаланилган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб турган ер участкаларини қайтариш ва ундаги қурилмани буздириш тўғрисидаги ишларда келишув битими ёки медиатив келишув тузишига йўл қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.
(33-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарорига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган)
Шунингдек, судлар бу тоифадаги ишларни кўришда давлат ҳокимияти органининг даъводан воз кечиши қонунчилик ҳужжатларига зид келмаслигини аниқлашлари лозим.
Судларга тушунтирилсинки, Ер кодексининг 911-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди, шунга кўра судлар уларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ёки мансабдор шахсларга бундай мажбурият юклашга ҳақли эмас.
Шунга кўра, ушбу тоифадаги низоларни кўришда тақдим этилган ҳужжатлар билан чекланмасдан мутахассис жалб этилган (кадастр, архитектор ва бошқа) ҳолда ер майдони тоифаси ва тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққонийлиги аниқлаш талаб этилади.
34. Судларга тушунтирилсинки, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига асосан олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қиймати ер участкаси олиб қўйилиши тартиб-таомили бошлангунига қадар бўлган пайтдаги ёки ер участкаси олиб қўйилиши ҳақидаги хабар кўчмас мулк объектининг қийматига, шунингдек олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларга таъсир кўрсатилгунига қадар бўлган пайтдаги ҳолатга кўра баҳоловчи ташкилот томонидан фақат мулкдорнинг ёки ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқлари ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида аниқланади.
Қонунда олиб қўйилаётган ер участкасининг бозор қийматини олдиндан ва тўлиқ қоплаш мажбурияти белгиланганлиги сабабли ушбу мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, зарар ундириш ҳақидаги талаб ФК 324-моддаси иккинчи қисмига асосан қарор чиқарилган кунда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олган ҳолда ҳал этилиши мумкин.
35. Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари, кўчмас мулкларни олиб қўйилиши ва бузилиши муносабати билан етказилган зарарни тўлашни кечиктирганлик учун фоиз ундириш сўралган бўлса, бундай талаб Фуқаролик кодексининг 327-моддаси нормасидан келиб чиқиб ҳал этилиши лозим.
36. Судлар қонунда жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши билан боғлиқ низоларни кўришда компенсация ёки зарарни ундиришда олиб қўйилаётган кўчмас мулк объектининг бозор қиймати, кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати компенсация қилиниши билан бирга ер участкасига бўлган муайян (Ер кодексининг 17-моддаси) ҳуқуқнинг бозор қиймати ҳам (ижара ҳуқуқи бундан мустасно) алоҳида-алоҳида аниқланишига эътибор қаратишлари лозим.
37. Судларга тушунтирилсинки, ер участкасини ижарага бериш ҳақида ваколатли органнинг қарори мавжуд бўлиб, ижара шартномаси тузилмаган бўлса, ер ижара шартномасини мажбурий тартибда тузиш талаби қўйилганда, ер участкаси тўғрисида низо бор ёки йўқлигини аниқлаш зарур.
V боб. Якунловчи қоидалар
38. Судлар ерга оид низоларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қонунчилик ҳужжатлари бузилган ҳар бир ҳолат юзасидан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдириши лозим.
Агар ерга оид низоларни кўриш жараёнида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланса, судлар бу ҳақда прокурорга хабарнома юбориши лозим.
Кадастр органлари ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганлиги ҳолати бўйича киритган даъво аризаларини кўриш жараёнида даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақида ариза билан мурожаат этганда, суд ишни кўриш натижалари бўйича Республика Кадастр агентлигига, прокуратура органларига хабарнома юбориш масаласини ҳал қилиши лозим.
39. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари ер қонунчилигини қўллашга доир ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши ва мазкур тоифадаги ишлар кўрилишида суд хатоларининг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши лозим.
40. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Ер кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида» 2006 йил 3 февралдаги 3-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б. ИСЛАМОВ
Пленум котиби, Олий суд судьяси Н. ХАКИМОВА
Тошкент ш.,
2023 йил 20 ноябрь,
28-сон