Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий ва инновацион фаолият тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда ўқув жараёнига янги таълим услубларини, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда транспорт соҳасида таълим олувчиларга кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратиш, соҳа кадрларининг билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш жараёнларини ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқ ҳолда амалга ошириш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль транспорти ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази негизида таълим муассасаси шаклида Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Институт автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув ва электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳалари (кейинги ўринларда — транспорт соҳаси) кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим муассасаси ҳисобланади;
Институтнинг тузилмаси ва устави Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади;
Тошкент давлат транспорт университетининг Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази фаолияти тугатилади;
Институт Автомобиль транспорти ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Институт транспорт соҳасига оид илмий-тадқиқот, инновацион лойиҳалар, шунингдек, лойиҳалаштириш, лаборатория синовларини ўтказиш, сертификатлаштириш, экспертиза, диагностика ва назорат ўлчовларидан ўтказиш фаолиятлари билан шуғулланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сонли «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
транспорт соҳаси кадрлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ҳар уч йилда камида бир марта малака оширади;
Институтда автомототранспорт (электротранспорт) воситаларини бошқарувчи шахслар (ҳайдовчилар)нинг малака ошириш ўқув курслари дастурлари бўйича мустақил тайёргарлик кўрган ва имтиҳондан муваффақиятли ўтган шахсларга таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни бериш амалиёти жорий қилинади;
Транспорт вазирлиги томонидан транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда якуний имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган махсус платформа яратилади;
давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курслари бўйича якуний имтиҳонлар Транспорт вазирлиги томонидан яратилган махсус электрон платформада топширилади;
ўқув курсларининг якунида олинадиган имтиҳонларда автопрокторингдан фойдаланилади, яъни таълим олувчиларнинг шахсини автоматик тарзда аутентификациялаш, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва нигоҳи йўналишини назорат қилиш, хонадаги товушларни таҳлил этиш, видеодаги бузилишларни тузатиш ҳамда ҳисоботлар тайёрлашга йўналтирилган бўлиши назарда тутилади;
якуний имтиҳон ўтказиш учун ўқув дастурларининг ҳар бир соати учун камида бештадан назорат материаллари (саволлар, тестлар ва бошқалар) махсус платформага жойлаштирилади;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Институтнинг буюртмасига асосан транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкаларини белгиланган тартибда тайёрлайди. Ушбу бланкалар Институт томонидан бошқа давлат ва нодавлат таълим ташкилотларига уларнинг буюртмасига мувофиқ шартнома асосида етказиб берилади;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курси битирувчиларига таълим тўғрисидаги ҳужжатларни (диплом, сертификат, гувоҳнома) электрон шаклда бериш амалиётини жорий этиш мақсадида идентификация рақами ва QR-код (матрик-штрихли код) ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи «Электрон репозиторий» тизими ва дастурий таъминоти яратилади ҳамда жорий қилинади.
4. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
транспорт соҳаси кадрларини, шу жумладан, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
транспорт соҳасида инновацион, фундаментал ва амалий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ҳамда натижаларини амалиётга жорий этиш;
транспорт соҳасида ўқув-услубий методик мажмуалар ишлаб чиқилишини ва жорий этилишини ташкил этиш;
транспорт соҳаси кадрларининг малакасини баҳолаш фаолиятини ташкил этиш;
соҳа мутахассислари учун узлуксиз ва касбий ривожлантириш тизимини ташкил қилиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш;
касбий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, буюртмачиларга (таълим олувчиларга) малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имкониятини яратиш;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг бевосита ва билвосита бир-бирини тўлдирувчи тамойилларини қўллаш ҳамда масофавий ва бошқа таълим шаклларини жорий қилиш.
5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жамоат транспортидаги автобус ҳайдовчиларига бўлган мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда, Институтда «D» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича махсус курсларни ташкил этиб, ушбу курсларни тамомлаган ҳайдовчиларни белгиланган тартибда иш билан таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Қуйидагиларни назарда тутувчи Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малака ошириш тизими ҳамда уни бошқариш;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларининг ўқув режаси ва дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш;
таълим тўғрисидаги ҳужжатлар намуналарини тасдиқлаш;
ўқув режаси ва дастурига мувофиқ синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган битирувчиларга белгиланган намунадаги таълим ҳужжатларни бериш;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолаш.
7. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
шартнома асосида таълим хизматларини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
транспорт соҳасига оид илмий-тадқиқот, диагностика ва лаборатория ишларидан олинган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
8. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилаётган объектлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги икки ой муддатда автодром қуриш учун зарур бўлган қўшимча ер участкаси Институтга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 28 сентябрь,
504-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 сентябрдаги 504-сон қарорига
1-ИЛОВА
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
кадрлар малакасини ошириш — автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳасида (кейинги ўринларда — транспорт соҳаси) талаблар асосида тегишли фаолият турлари бўйича касбий билим, маҳорат ва кўникмаларни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, мутахассислик ёки касбий фаолиятни юритиш учун билим даражасини ошириш;
кадрларни қайта тайёрлаш — таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлаш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари (кейинги ўринларда — ўқув курслари) — тасдиқланган ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ транспорт соҳаси кадрларининг билим, маҳорат ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил қилинадиган ўқув курслари;
транспорт соҳаси кадрлари — транспорт соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ лавозим ва мутахассисликлар номенклатурасига кирувчи ходимлари.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 майдаги ПҚ-4703-сонли «Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
3. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳузуридаги Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда — Институт) ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
4. Транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича лавозимлар ҳамда мутахассисликлар номенклатураси Вазирлик томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади.
5. Транспорт соҳаси кадрларининг тайёргарлиги, малакасига қўйиладиган талабларга мувофиқлиги Вазирлик томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича уларнинг камида ҳар уч йилда бир марта ўз малакасини оширганлиги тўғрисида Институт томонидан бериладиган малака сертификатига мувофиқ аниқланади.
6. Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.
2-боб. Транспорт соҳасида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг мақсади ҳамда вазифалари
7. Транспорт соҳаси ходимларини ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакаси оширишнинг мақсади таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини, шунингдек, чуқурлаштирилиши ҳамда доимий янгилаб борилишини таъминлайди.
8. Қуйидагилар транспорт соҳасида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг вазифалари ҳисобланади:
транспорт соҳаси ходимларининг касбий билими, кўникмаси ва маҳоратини узлуксиз янгилаб бориш, замонавий талабларга мувофиқ касб фаолияти сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш;
транспорт соҳаси кадрларини, шунингдек, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш;
транспорт воситаларини (автомототранспорт, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен) бошқариш (тоифалар) бўйича тайёрлаш;
оммавий касб мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
транспорт соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш орқали касбий тайёргарликни самарали ташкил этишни таъминлаш;
транспорт соҳаси ходимларининг вазифа ва мажбуриятлари самарали бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган даражада касбий тайёргарлигини ошириш, билим, кўникма ва маҳоратини узлуксиз янгилаш механизмларини жорий қилиш.
3-боб. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини бошқариш
9. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига Вазирлик, Институт ва нодавлат таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда  таълим ташкилотлари) ҳамда буюртмачилар (давлат органлари ва ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар) киради.
10. Вазирлик:
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Институтга ҳамда таълим ташкилотларига умумий раҳбарлик қилади;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида таълим жараёни механизмлари ва усулларини белгилайди;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;
транспорт соҳаси кадрлари малакасини баҳолаш тартибини белгилайди ва жорий қилади;
давлат таълим талабларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлайди;
ўқув курсларига қабул қилиш тартибини белгилайди;
таълим олувчиларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш тартибини белгилайди ҳамда тасдиқлайди;
фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари учун ўқув курсларининг махсус дастурларини тасдиқлайди, малака имтиҳонларини ташкил қилиш, ўтказиш ва малакани баҳолаш тартибларини белгилайди;
ўқув адабиётларини чоп этишни таъминлайди ва молиялаштиради;
ўқув курсларида таълим шакллари жорий этилишини таъминлайди;
ўқув курслари битирувчилари тайёргарлигига қўйиладиган талабларни тасдиқлайди;
таянч ўқув режаси ва фан (модуль) дастурларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
транспорт соҳасининг ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ўқув-услубий, ахборот ҳамда моддий-техник жиҳатдан таъминлайди ва такомиллаштиради;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг янада ривожланишини ва модернизация қилинишини таъминлайди;
кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиради;
ўқув курслари йўналишларининг транспорт соҳасидаги касб стандартлари, мутахассисликлар классификаторига мувофиқлигини таъминлайди;
халқаро тоифадаги ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;
таълим ташкилотларида ўқув курслари битирувчиларига таълим тўғрисидаги ҳужжатларни (диплом, сертификат, гувоҳнома) электрон шаклда бериш амалиётини жорий этиш мақсадида идентификация рақами ва QR-код ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи «Электрон репозиторий» тизими ва дастурий таъминотини яратади ва жорий қилади;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи таълим ташкилотларининг реестрини юритади;
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати бўйича мониторинг юритилишини ташкил қилади.
11. Институт:
транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;
автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини маҳаллий ва халқаро тоифаларга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;
кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;
транспорт воситаларини (автомототранспорт, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен) бошқаришга (тоифалар) тайёрлаш фаолиятини амалга оширади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
темир йўл транспортида локомотив, дрезина ва метрополитен транспортида электропоезд машинисти касбига тайёрлайди;
(11-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
метрополитен, шунингдек, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари ва ўзининг умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларига эга юридик шахслар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;
(11-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
транспорт соҳасида педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;
оммавий касб мутахассисларини қайта тайёрлаш фаолиятини амалга оширади;
таянч ўқув режаси ва фан (модуль) дастурларини ишлаб чиқади;
ўқув жараёнига тингловчиларнинг ижодий фикрлашини ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг илғор шакллари ва усулларини татбиқ қилади;
замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, интерфаол усулларни жорий қилади;
ўқув курслари машғулотларини ўтказиш учун малакали профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассисларни жалб қилади;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим жараёнининг илмий-услубий асосларини ишлаб чиқади;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳасида илғор халқаро амалиётни ўрганади ва жорий қилади;
ўқув курсларида таълим олишнинг электрон базасини юритади;
транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва таълим жараёнини услубий жиҳатдан мувофиқлаштиради;
Вазирликка таълим жараёнини тартибга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритади ҳамда таълим тизимини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион ғояларни амалга оширади;
фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари учун ўқув курсларининг махсус дастурларига мувофиқ малакасини оширади ва таълим олган шахсларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат беради, шунингдек, малакани баҳолаш фаолияти билан шуғулланади;
ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганади ва ўзаро тажриба алмашишни ташкил қилади.
12. Буюртмачилар:
ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим олувчилар рўйхатини шакллантиради;
ўқув курсларининг тасдиқланган жадвали асосида таълим олувчиларнинг ўқув курсларида қатнашишини таъминлайди;
ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган мутахассисларнинг илғор тажрибаси, янги билимлари ва кўникмалари оммалашишини ташкил этади, уларнинг ижобий тажрибасини тарғиб қилиш бўйича чоралар кўради;
ўқув курсларининг ички мониторингини юритади, ўқув курслари якуний натижаларида юқори кўрсаткичларга эга бўлган мутахассисларни моддий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шунингдек, бўш лавозимларни тўлдириш учун танловлар ўтказиш жараёнида уларни асосий мезон сифатида эътиборга олади.
4-боб. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш тартиби
13. Транспорт соҳаси кадрлари уч йилда камида бир марта малакасини ошириши шарт.
14. Транспорт соҳаси кадрлари олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари ёки магистратура мутахассисликларини тамомлаганидан сўнг уларнинг икки йил давомида малака ошириши талаб этилмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар ҳамда соҳа кадрларини мутахассисликка тайёрлаш вақтида, ишлаб чиқариш амалиётида танишмаган, шунингдек, ишлаб чиқаришда янги жорий қилинган технологиялар, усуллар ва услубларни ўрганиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно.
15. Олий маълумот талаб этилмайдиган касблар бўйича талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ўқув курсларида таълим олиш мумкин.
16. Ўқув курслари буюртмачилардан келиб тушган буюртма асосида ташкил этилади.
17. Ўқув курсларида кўрсатиладиган таълим хизматлари шакли буюртмачи билан келишган ҳолда танланади.
18. Ўқув курсларида ўқиганлик учун тўлов миқдори Институт томонидан белгиланади.
19. Ўқув курслари Вазирлик томонидан тасдиқланган таянч ўқув режаси ва дастурларига ҳамда Институт томонидан тасдиқланган ишчи ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ ташкил қилинади.
20. Институт ўқув курсларини анъанавий, масофадан ва бошқа таълим шаклларини жорий қилган ҳолда ташкил қилади.
21. Барча турдаги аудитория машғулотларининг жуфт соати давомийлиги 80 дақиқани, ўқув машғулотлари орасидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.
22. Ўқув курсларида таълим жараёнлари 30 нафар таълим олувчидан ошмаган академик гуруҳларда ташкил этилади. Амалий, лаборатория ва аудиториядан ташқари машғулотлар алоҳида гуруҳлар бўйича, назарий машғулотлар эса 3 тадан кўп бўлмаган гуруҳни бирлаштирган ҳолда маъруза шаклида ўтказилади.
23. Институтда ўқув курслари қуйидаги шакллар орқали ўтказилади:
ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (анъанавий) — ўқув курслари дастурларини Институтга келиб, тўлиқ дарс жараёнларига қатнашган ҳолда ўзлаштириш;
ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда кечки таълим олиш — ўқув курслари дастурларини иш вақтига халақит бермаган ҳолда тузилган жадвалга мувофиқ ўзлаштириш;
масофавий таълим олиш — онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва офлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклда амалга ошириш;
ишлаб чиқаришдан қисман ажралган ҳолда (аралаш усул) таълим олиш — 3+1 тизими бўйича (75 фоиз бевосита Институтда, 25 фоиз иш жойида мустақил таълим олиш йўли билан) ёки 2+2 тизими бўйича (50 фоиз бевосита Институтда, 50 фоиз иш жойида мустақил таълим олиш йўли билан) ва/ёки 1+3 тизими бўйича (25 фоиз бевосита Институтда, 75 фоиз иш жойида мустақил таълим олиш йўли билан) таълим олиш.
24. Аудитория ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соатдан (бир кунлик 6 соатдан) ошмаслиги лозим.
25. Масофадан (видеоконференцалоқа орқали) онлайн шаклда ташкил қилинганда, аудитория ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 24 соатдан (бир кунлик 4 соатдан) ошмаслиги лозим.
26. Масофадан онлайн ва офлайн шаклда ўқув курслари ташкил қилинганда, ўқув юкламаларнинг ҳажмини мазкур Низомда белгиланган меъёрларга мувофиқ Институт мустақил белгилайди.
27. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув юкламаларининг энг кам меъёри давлат таълим талаблари билан белгиланади.
28. Ўқув курсларининг йўналишлари, давомийлиги, ўқув юкламалари ҳажми, таълим бериш шакли, шунингдек, ўқитиладиган кадрлар тоифалари (контингенти), таянч ўқув режаси ва дастурларида кўрсатилади.
29. Қайта тайёрлаш ўқув курсларида таълим олувчи мутахассислар қайси мутахассисликдан қайси лавозимга қайта тайёрланиши ўқув режаси ва дастурларида ёки Вазирликнинг буйруғи билан белгиланади.
30. Малака ошириш ўқув курсларида таълим олувчилар билимлари якуний назорат турлари натижалари асосида баҳоланади.
31. Қайта тайёрлаш ўқув курсларида таълим олувчилар билимлари жорий, оралиқ ва якуний назорат турлари ҳамда битирув иши натижалари асосида баҳоланади.
32. Ўқув курслари бўйича таълим олувчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини ўзлаштириш даражаси тест синовлари, оғзаки ва ёзма шакларидан бирида баҳоланади. Назорат шакли ва баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан белгиланади.
33. Назорат турлари қуйидагича баҳоланади:
86 фоиздан 100 фоизгача ўзлаштирган — «аъло»;
71 фоиздан 85 фоизгача ўзлаштирган — «яхши»;
56 фоиздан 71 фоизгача ўзлаштирган — «қониқарли»;
56 фоизгача ўзлаштирмаган ҳисобланади — «қониқарсиз».
34. Касбий фаолиятни юқори даражада ўзлаштириш талаб этиладиган (ёки тор доирадаги) айрим турдаги касбларга қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларининг натижалари бўйича ўзлаштириш даражаси Вазирлик томонидан мазкур Низомда келтирилган ўзлаштиришнинг энг паст ва энг юқори даражаларидан чиқмаган ҳолда белгиланиши мумкин.
35. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларини мустақил ёки масофавий ўқитиш технологиялари орқали ўзлаштираётган таълим олувчилар якуний имтиҳондан ўтади.
36. Асоссиз сабаблар билан машғулотларни ўтказиб юборганлиги учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсининг таълим олувчилари сафидан четлатилганлар қайта тўлов асосда ўқув курсларида таълим олишлари, шунингдек, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг навбатдаги курсларида тегишли йўналиш (мутахассислик) бўйича якуний имтиҳондан ўтишлари лозим.
37. Якуний имтиҳон бўйича «қониқарсиз» баҳо олган таълим олувчиларга яна икки марта имтиҳон топшириш имконияти берилади.
38. Таълим олувчилар қуйидаги ҳолларда тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:
ўз хоҳишига биноан;
ўқув интизомини ва Институтнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
битта ўқув курси дастурида белгиланган ўқув юкламаси умумий соатининг (мустақил тайёргарлик бундан мустасно) узрли сабабларсиз 10 фоизидан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
таълим дастурларини ўзлаштирмаганлиги учун;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
суд ҳукми асосида озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
вафот этганлиги сабабли.
5-боб. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар
39. Ўқув курслари битирувчиларига қуйидаги ҳужжатлар берилади:
ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомга 1 ёки 1а-иловаларда келтирилган шаклларга ва тавсифга мувофиқ транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақида сертификат;
ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомгаёки 1в-иловаларда келтирилган шаклларга ва тавсифга мувофиқ халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати;
ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шакл ва тавсифга мувофиқ транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларини тугатганлик ҳақида гувоҳнома;
қайта тайёрлаш ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомга 3-иловада келтирилган шакл ва тавсифга мувофиқ транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ҳақида диплом.
40. Ўқув курслари бўйича имтиҳон натижаларига кўра етарли балл тўплай олмаган таълим олувчига ўқув жараёнига қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
41. Мазкур таълим тўғрисидаги ҳужжатлар қоғоз ёки электрон ва/ёки пластик шаклда берилиши мумкин ҳамда учаласи ҳам тенг юридик кучга эга.
42. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар электрон шаклда QR-код (матрик штрихли код) туширилган ҳолда берилганда, қайд рақами қўйиш талаб этилмайди.
43. Малака ошириш ўқув курслари такрорланмас бўлган тақдирда, амал қилиш муддатига «-» чизиқча белгисини қўйиш тавсия этилади.
44. Таълим тўғрисидаги ҳужжат бланкаларига QR-код (матрик штрихли код) туширилганда, таълим муассасаси (ташкилот) муҳри ва раҳбарининг имзоси талаб қилинмайди. QR-код (матрик штрихли код) туширилмасдан берилганда, таълим муассасаси (ташкилот) муҳри ва раҳбарининг имзоси қўйилади.
45. Малака оширганлик ҳақидаги сертификатга туширилган QR-код (матрик штрихли код) текширилганда, таълим ташкилотининг сайтида таълим олувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, таълим олган йўналиши, ўқув юкламаси ҳажми, даври ва расмийлаштирилган санаси бўйича маълумотлар бўлиши шарт.
6-боб.Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолаш
46. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
ташқи назорат — транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ваколатли органлар томонидан амалга оширилади;
жамоатчилик назорати — белгиланган тартибда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва буюртмачилар томонидан амалга оширилади;
ички назорат — белгиланган тартиб асосида таълим ташкилоти томонидан амалга оширилади;
якуний назорат — якуний аттестация ва (ёки) бошқа назорат усуллари асосида баҳоланади.
47. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича Институт фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ баҳоланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги ПФ-154-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
7-боб. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларига қўйиладиган талаблар
48. Ўқув курслари ўқув режаси ва дастурлари асосида ўтказилади.
49. Ўқув дастурлари заруратга қараб янгиланади.
50. Ўқув дастурлари таълим олувчиларнинг амалдаги эҳтиёжлари ва уларнинг тайёргарлик даражасини эътиборга олган ҳолда шакллантирилади. Ўқув дастурлари ишлаб чиқариш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, турли фаолият соҳалари учун алоҳида ишлаб чиқилиши мумкин.
51. Ўқув дастурлари асосий ва қўшимча ўқув модулларига ажратилган ҳолда алоҳида ўқув модулларига бўлинади.
52. Ўқув дастурларининг мазмунига бўлган асосий талаблар қайта тайёрлаш ва малака оширишга қўйилган талаблар асосида белгиланади.
53. Ўқув дастури фан, техника, технология ва транспорт бозори ривожланишининг илғор ютуқларига мувофиқ ҳолда яратилиши, транспорт таълими тизимида узлуксизлик, изчиллик ва кетма-кетликни таъминлашга доир талабларга жавоб бериши лозим.
54. Ўқув дастури таълим олувчилар томонидан билимларни мустақил излаш ва уларни ўзлаштириш учун имкониятларини назарда тутиши керак.
8-боб. Якунловчи қоида
55. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат шакли Ташқи томони
Ташқи томони
Ички томони

‎‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат
‎тавсифи

‎‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат (кейинги ўринларда — сертификат) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади.
‎I. Сертификат ташқи томонида:
‎Варақнинг ўнг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири (20 — 40 мм оралиғида) ва давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар жойлаштирилади:
‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI. пастига кўк чизиқ жойлаштирилади.
‎MALAKA OSHIRGANLIK HAQIDA SERTIFIKAT.
‎II. Сертификат ички томонида:
‎Варақнинг чап юқори қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар кетма — кетликда жойлаштирилади:
‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi;
‎Malaka oshirganlik haqida sertifikat;
‎MO № 000000
‎Berilgan sana: 20___-yil «___» _________
‎Amal qilish muddati: 20___-yil «___» _________ gacha
‎Qayd raqami: ____________.
‎Таълим муассасаси (ташкилот) раҳбарининг имзоси ва фамилияси, исми, отасининг исми;
‎QR-код ёки муҳр жойи.
‎Сертификатнинг ўнг қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар кетма — кетликда жойлаштирилади:
‎Mazkur sertifikat egasi
‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi;
‎Oʻqish davri: 20___-yil ____________ dan, 20___-yil ____________ gacha;
‎malaka oshirish kursining nomi va umumiy soati;
‎Berilgan joy nomi (Misol uchun: Toshkent shahar yoki Samarqand viloyati).
‎III. Сертификатни чоп этиш шартлари:
‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади.
‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади.
‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растри учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин.
‎Сертификат бланкасининг четки қисмларига нақшли растр рамка қўйилади.
‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади.
‎Сертификатда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «MO» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади.
‎QR-код сертификатнинг ички томонининг чап пастки қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1а-ИЛОВА
Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат шакли
Олди томони
Орқа томони

Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақида сертификат
‎тавсифи

I. Сертификат олд томонида:
‎Чап юқори қисмида таълим муассасасининг (ташкилотининг) логотипи ва ёнида OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI. пастида
‎MALAKA OSHIRGANLIK HAQIDA SERTIFIKAT.
‎Кетма-кетликда:
‎1. Sertifikat tartib raqami. МО № 0000001
‎2. Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi: (Misol uchun Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti).
‎3. Malaka oshirish kursining nomi va oʻquv yuklamasi hajmi. (Misol uchun: «Avtomobil transportida tashishni tashkil etish»).
‎4. Oʻqish davri: 20___-yil «___» ____________dan, 20___-yil «___» ____________ gacha. (Misol uchun: 2023-yil 10-yanvardan, 2023-yil 30-yanvargacha).
‎5. Taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi. (Misol uchun: Toxirjonov Tohir Tolib oʻgʻli)
‎6. Berilgan joy nomi (Misol uchun: Toshkent shahri)
‎7. Berilgan sana: 20___-yil «___» _________ (Misol uchun: 2023-yil 30-yanvar).
‎8. Amal qilish muddati: 20___-yil «___» __________ (Misol uchun: 2026-yil 29-yanvar).
‎II. Сертификат орқа томонида:
‎Ўнг юқори қисмида таълим муассасаси (ташкилоти) логотипи жойлаштирилади ва ён томонидан:
‎МИНИСТЕРСТВО ТРАНСПОРТА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
‎СЕРТИФИКАТ О ПОВЫШЕНИИ КВАЛИФИКАЦИИ
‎MINISTRY OF TRANSPORT OF TНE REPUBLIC OF UZBEKISTAN
‎PROFESSIONAL DEVELOPMENT CERTIFICATE
‎Кетма-кетликда:
‎1. Серийный номер сертификата/Certificate serial number MO № 0000001
‎2. Образовательное учреждение/The name of the educational organization
‎3. Название курса повышения квалификации и объём учебной нагрузки/ Names of the advanced training course and volume of study load
‎4. Период обучения: от «___» ________ 20___г. до «___» ________ 20___ г./ Period of study: from «___» _______ 20___ year till «___» ___ 20___year.
‎5. Фамилия, имя, отчество обучающего/Surname, name, patronymic students.
‎6. Место выдачи/ Place of issue.
‎7. Дата выдачи:»___» ________ 20___г./date of issue: «___» _______ 20___ yеar.
‎8. Действителен до: «___» _______ 20___г./Valid till: «___» _______ 20___ yеar.
‎III. Сертификатни чоп этиш шартлари:
‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат (кейинги ўринларда — сертификат) пластикдан тайёрланади, 54х86 миллиметр ўлчамда бўлиб, ранги оч кўк, давлат тилида (лотин ёзувида) расмийлаштирилади, матнларда қора рангдан фойдаланилади.
‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади.
‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади.
‎Сертификат бланкасининг четки қисмларига нақшли растр рамка қўйилиши мумкин.
‎Сертификатда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «MO» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади.
‎QR-код сертификат олди томонининг ўнг пастки қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1б-ИЛОВА
Халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати шакли
Ташқи томони
Ички томони

Халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати
‎ тавсифи

Халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати (кейинги ўринларда — сертификат) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади.
‎Сертификатнинг олд қисми ўнг томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби (20 — 40 мм оралиғида) тасвири ва қуйидагилар кетма — кетликда жойлаштирилади:
‎ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi», «Министерство транспорта Республики Узбекистан», Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan сўзлари пастига кўк чизиқ жойлаштирилади;
‎ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Xalqaro tashuvchining kasbiy mahorat sertifikati», «Сертификат профессиональной компетентности международного перевозчика», «Certificate of Professional Competence for international road transport» сўзлари.
‎Сертификатнинг олд қисми чап томонида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма — кетликда қуйидагилар ёзилади:
‎Taʼlim muassasasining (tashkilot) nomi, berildi, taʼlim oluvchining familiyasi, ismi va otasining ismi, tugʻilgan sanasi.
‎Malaka oshirish oʻquv kursi dasturi boʻyicha imtihonni topshirdi (sana, yilda) va mutaxassisligi (misol uchun: haydovchi, tashuvlar boʻyicha menejer, boshqaruvchi, direktor va boshqa) sifatida kasbiy faoliyat uchun malakali deb eʼtirof etildi;
‎Berilgan sanasi (kun, oy va yil), amal qilish muddati(kun, oy va yil), sertifikat seriya va raqami hamda taʼlim muassasasi (tashkiloti) rahbarining imzosi, QR-kod yoki muhr oʻrni.
‎Сертификатнинг орқа қисми чап томонида рус тилида кетма — кетликда қуйидагилар ёзилади:
‎Наименование Образовательного учреждения (организации), Выдано фамилия, имя и отчество обучающегося, дата рождения.
‎Сдал(а) квалификационный экзамен (дата: день, месяц и год) на профессиональную компетентность и признан(а) квалифицированным(ой) для профессиональной работы в качестве
‎Дата выдачи, срок действия, серия и номер сертификата.
‎Наименование место выдачи (например: город Ташкент, Джизакская область).
‎Сертификатнинг орқа қисми ўнг томонида инглиз тилида кетма — кетликда қуйидагилар ёзилади:
‎Name Educational institution (organizations), last name, first name and patronymic of the student, date of birth.
‎Passed qualifying examination (date: day, month and year) for professional competence and recognized as qualified for professional work as a, on program.
‎Date of issue, validity period, series and number of the certificate.
‎The name of the given place (for example: Tashkent city, Jizzakh region).
‎Сертификатни чоп этиш шартлари:
‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади.
‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади.
‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растр учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин.
‎Сертификат бланкасини чекка қисмларига нақшли растр рамка қўйилади.
‎Матн учун тўқ кўк рангдан фойдаланилади.
‎Серияси «KMS» ҳамда такрорланмайдиган рақамлардан, олти карралик ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади.
‎QR-код сертификат ташқи чап томонининг пастки ўнг қисмига жойлаштирилади.
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1в-ИЛОВА
Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат шакли
Олди томони
Орқа томони

Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат
‎тавсифи

I. Сертификат олди томонида:
‎Чап юқори қисмида таълим муассасасининг (ташкилотининг) логотипи ва ёнида инглиз тилида MINISTRY OF TRANSPORT OF TНE REPUBLIC OF UZBEKISTAN. пастида
‎PROFESSIONAL DEVELOPMENT CERTIFICATE.
‎Кетма-кетликда:
‎1. Certificate serial number
‎2. The name of the educational organization
‎3. Names of the advanced training course and volume of study load
‎4. Period of study: from «___» ________ 20___year
‎till «___» ________ 20___year.
‎5. Surname, name, patronymic students
‎6. Place of issue
‎7. date of issue: «___» ________ 20___yеar
‎8. Valid till: «___» _________ 20___yеar
‎II. Сертификат орқа томонида:
‎Ўнг юқори қисмида таълим муассасасининг (ташкилотининг) логотипи жойлаштирилади ва ён томонидан:
‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI
‎MALAKA OSНIRGANLIK‎ НAQIDA SERTIFIKAT
‎МИНИСТЕРСТВО ТРАНСПОРТА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
‎СЕРТИФИКАТ О ПОВЫШЕНИИ КВАЛИФИКАЦИИ
‎Кетма кетликда:
‎1. Sertifikat tartib raqami/Серийный номер сертификата MO № 0000001
‎2. Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi/Образовательное учреждение
‎3. Malaka oshirish kursining nomi va oʻquv yuklamasi hajmi/Название курса повышения квалификации и объём учебной нагрузки
‎4. Oʻqish davri: 20___-yil «___» ________dan, 20___-yil «___» ________gacha/ Период обучения: от «___» ________ 20___г. до «___» ________20___г.
‎5. Taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi/Фамилия, имя, отчество обучающиеся
‎6. Berilgan joy nomi/Место выдачи
‎7. Berilgan sana: 20___-yil «___» _________/Дата выдачи: «___» _________ 20___г.
‎8. Amal qilish muddati: 20___-yil «___» ________/Действителен до: «___» ________ 20___г.
‎III. Сертификатни чоп этиш шартлари:
‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат (кейинги ўринларда — сертификат) пластикдан тайёрланади, 54х86 миллиметр ўлчамда бўлиб, ранги оч кўк, давлат тилида (лотин ёзувида) расмийлаштирилади.,
‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади.
‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади.
‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади.
‎Сертификат бланкасининг четки қисмларига нақшли растр рамка қўйиш мумкин.
‎Сертификатда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «MO» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади.
‎QR-код сертификат олди томонининг ўнг пастки қисмига жойлаштирилади.
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув курсини тугатганлик ҳақидаги гувоҳнома шакли
Ташқи томони
Ички томони

Транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув курсини тугатганлик ҳақидаги гувоҳнома
‎тавсифи

Транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш (базавий маълумоти умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал ва олий таълимидан ташқари) ўқув курсларини тугатганлик ҳақидаги гувоҳнома (кейинги ўринларда — гувоҳнома) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади.
‎I. Гувоҳнома ташқи томонида:
‎Варақнинг ўнг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири (20 — 40 мм оралиғида) ва давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар жойлаштирилади:
‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI пастига кўк чизиқ жойлаштирилади.
‎GUVOHNOMA
‎II. Гувоҳнома ички томонида:
‎Варақнинг чап юқори қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма –кетликда қуйидагилар жойлаштирилади:
‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi;
‎Tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv kursini tugatganlik haqida guvohnoma;
‎Серия ва тартиб рақами (G № 000000);
‎Berilgan sana: 20__-yil «___» _________;
‎Berilgan joy: ___________________________;
‎Taʼlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi;
‎qayd raqami;
‎QR-код ёки муҳр жойи.
‎Гувоҳноманинг ўнг қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма — кетликда қуйидагилар жойлаштирилади:
‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi;
‎oʻqish davri, oʻquv kursining nomi va umumiy soati;
‎Davlat attestatsiya komissiyasining qarori sanasi va raqami.
‎III. Гувоҳномани чоп этиш шартлари:
‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади.
‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади.
‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растри учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин.
‎Гувоҳнома бланкасининг чекка қисмларига нақшли растр рамка қўйилади.
‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади.
‎Гувоҳномада тартиб рақамлар лотин ҳарфи «G» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади.
‎QR-код гувоҳнома ички томонининг чап пастки қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом шакли
Ташқи томони
Ички томони

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом
‎тавсифи

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом (кейинги ўринларда — диплом) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади.
‎Диплом ташқи томонида:
‎Варақнинг ўнг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири (20 — 40 мм оралиғида) ва давлат тилида (лотин ёзувида) ҳамда инглиз тилида қуйидагилар жойлаштирилади:
‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI пастига кўк чизиқ жойлаштирилади.
‎QAYTA TAYYORLASH HAQIDA DIPLOM.
‎Диплом ички томонида:
‎Варақнинг чап юқори қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар жойлаштирилади:
‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi;
‎Qayta tayyorlash haqida DIPLOM;
‎QT № 000000
‎Berilgan sana: 20___-yil «___» _________
‎Qayd raqami: ____________
‎Taʼlim muassasasi (tashkiloti) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi;
‎QR-код ёки муҳр жойи;
‎Berilgan joy: ____________.
‎Дипломнинг ўнг қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма — кетликда қуйидагилар жойлаштирилади:
‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi;
‎oʻqish davri: 20___-yil «___» _______ dan 20___-yil «___» _______ gacha;
‎oʻquv kursi umumiy soati;
‎qayta tayyorlash oʻquv kursi yoʻnalishi nomi;
‎Davlat attestatsiya komissiyasining qarori raqami va sanasi.
‎Дипломни чоп этиш шартлари:
‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади.
‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади.
‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растри учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин.
‎Диплом бланкасининг четки томонларига нақшли растр рамка қўйиш тавсия этилади.
‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади.
‎Дипломда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «QТ» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади.
‎QR-код дипломни ички чап томонининг пастки қисмига жойлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 сентябрдаги 504-сон қарорига
2-ИЛОВА
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилаётган объектлар
РЎЙХАТИ

Т/р

Объект номи

Жойлашган жойи

1.

Автомобиль транспорти ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтининг маъмурий ва тиббий ёрдам биноси

Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Мумтоз кўчаси, 5А-уй

2.

Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказининг маъмурий ўқув биноси

Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 31-мавзе, Диёробод маҳалласи

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 сентябрдаги 504-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 23 февралдаги 139-сон қарорининг 4-банди ва унга 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1028-сон қарори билан тасдиқланган Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларни бериш тартиби ҳақидаги низом қуйидаги мазмундаги 31-банд билан тўлдирилсин:
«31. Ушбу Низом Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилмайди».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июлдаги 421-сон қарори билан тасдиқланган Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди иккинчи хатбошисидаги «Автомобиль транспорти ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти» сўзлари «ҳузуридаги Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 июндаги 399-сон қарорида:
а) 2-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларидаги «автомобиль ёки техник йўналишда» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) 3 ва 4-бандлар ҳамда 1-2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2023 й., 09/23/504/0736-сон; 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)