Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Республика чегараолди шаҳар ва туманларидаги умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилган «Ёш чегарачилар» клублари фаолиятини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ёшларни миллий қадриятлар ва маданиятга бўлган таҳдидлар ҳамда ёт ғоялардан асраш, ҳар томонлама ривожланган, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, миллий анъаналарга садоқатли, дунёқараши кенг, ватанпарвар ва баркамол ёш авлодни тарбиялашга қаратилган «Ёш чегарачилар» клубларининг фаолиятини тартибга солиш, қўллаб-қувватлаш ва аҳоли орасида оммалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида чегараолди шаҳар ва туманлардаги умумий ўрта таълим мактабларида (академик лицейлар, ҳарбий-академик лицейлар ёки махсус ҳарбийлаштирилган мактаблар бундан мустасно) чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчилардан иборат «Ёш чегарачилар» клублари ташкил этилганлиги ва ҳар йили ушбу мактабларнинг жамоалари ўртасида уч босқичли мусобақа (кейинги ўринларда — мусобақа) ўтказиб келинаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«Ёш чегарачилар» клуби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси таркиби 3-иловага мувофиқ;
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш бўйича вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ва туман (шаҳар) қўмиталарининг намунавий таркиблари 4 — 4а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси (С.С. Курбанов):
мусобақанинг барча босқичлари белгиланган тартибда пухта ташкил этилишини таъминласин;
мусобақанинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичларини ўтказиш бўйича маҳаллий ва ҳудудий ташкилий қўмиталар тузилишини ҳамда уларнинг фаолияти тўғри йўлга қўйилишини, шу жумладан ҳар бир босқич тўғрисида тўлиқ маълумотлар белгиланган тартибда тақдим этилишини назоратга олсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда мусобақанинг республика босқичини юқори савияда ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин.
5. Мусобақани ўтказишга масъул вазирлик ва идоралар ушбу қарорга 2-иловада белгиланган вазифалар сифатли бажарилишини таъминласин.
6. Белгилансинки, мусобақани ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ушбу қарорга 2-иловада келтирилган тақсимотга асосан тегишли вазирлик ва идораларнинг бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 26 июнь,
261-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 261-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Ёш чегарачилар» тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом чегараолди шаҳар ва туманлардаги умумий ўрта таълим мактаблари (кейинги ўринларда — мактаб) ўқувчилари иштирокида «Ёш чегарачилар» клубларини (кейинги ўринларда — клуб) ташкил этиш, клуб аъзолигига қабул қилиш ва аъзолигидан чиқариш, клубни бошқариш тартиби, шунингдек, аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
2. Клуб Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг (кейинги ўринларда — ДХХ ЧҚ) ҳарбий қисмларига бириктирилган ҳамда клубни ташкил этиш истагини билдирган чегараолди шаҳар ва туманлардаги мактабларда ташкил этиладиган ёш кўнгиллилар жамоаси ҳисобланади.
Клуб юридик шахс ҳисобланмайди.
3. Клуб ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чегара соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш, онгли равишда чегараолди ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси хавфсизлигини таъминлашда дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, уларни чегарачи касбига қизиқтириш мақсадида ташкил этилади.
4. Клубни ташкил этиш бўйича мактаб директори, тегишли ҳарбий қисмнинг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича офицери, мактаб тиббий ҳамшираси, жисмоний тарбия ўқитувчиси, ёшлар етакчиси ҳамда «Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик» фани ўқитувчисидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.
Мактаб директори ва «Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик» фани ўқитувчиси ишчи гуруҳ раҳбари ва котиби ҳисобланади.
Клуб ишчи гуруҳ йиғилиши баёни билан ташкил этилади.
5. Клуб ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
6. Клуб мактаб директори томонидан тасдиқланган рамзий байроғи, вимпели ва шиорига эга бўлади.
7. Клуб фаолиятини ташкил этиш мактаб маъмурияти томонидан амалга оширилади. Мактаб маъмурияти ДХХ ЧҚ билан ҳамкорликда махсус хонани ташкил қилади. Клубнинг почта манзили мактабнинг жойлашган ери ҳисобланади.
8. Клуб фаолияти мактабнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
2-боб. Клубнинг асосий вазифалари
9. Қуйидагилар клубнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ва дунёқарашини юксалтириш, уларни миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нажмиддин Кубро каби буюк сиймоларнинг ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик туйғуларини шакллантириш;
ёшларда миллий армия билан фахрланиш, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат ҳиссини уйғотиш, уларни ДХХ ЧҚнинг шонли ва жанговар анъаналарининг давомчилари этиб тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун босқичма-босқич тайёрлаш;
ёшлар онгида чегараолди ҳудудлардаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
ёшларда чегараолди ҳудудларда юз бериши мумкин бўлган ёки содир бўлган фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг чидамлилигини ошириш ҳамда ҳар қандай қийинчиликларни матонат билан енгишга ўргатиш;
клуб аъзоларини «Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасига (кейинги ўринларда — мусобақа) пухта тайёрлаш ҳамда бир жамоа бўлиб ҳамжиҳатликда ҳаракатланишга ўргатиш.
10. Клуб ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун:
клуб фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ёритиб боради, клубда олиб борилаётган машғулотлар ва мусобақанинг маҳаллий ва ҳудудий босқичларидаги иштирокни акс эттирувчи фотоальбом ва ҳарбий варақани тайёрлайди;
клуб аъзолари учун назарий ва амалий машғулотларни ташкил этади;
ёшларда нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини ривожлантиришга қаратилган тренинглар ўтказади;
клуб томонидан ташкил қилинадиган тадбирлар ва мусобақа жараёнлари ҳақида материаллар (видеолавҳа, мақола, фотоочерк ва бошқалар) тайёрлайди ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда орқали намойиш этади.
3-боб. Клуб аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқариш
11. Клуб аъзолигига мактабларнинг 9, 10 ва 11-синф ўқувчилари, ўз хоҳишига кўра, чекланмаган миқдорда қабул қилинади.
Клубга қабул қилиш учун аъзолик бадали ёки бошқа тўловлар амалга оширилишига йўл қўйилмайди.
12. Клуб аъзоси бўлиш учун ўқувчилар клуб раҳбарига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
клуб раҳбари номига ариза;
шахсни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси);
Ф-086-у шаклдаги тиббий маълумотнома.
13. Клуб раҳбари тўпланган ҳужжатларни ишчи гуруҳга тақдим этади.
Ўқувчилар ишчи гуруҳ йиғилиши баёнига мувофиқ ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида клуб аъзолигига қабул қилинади.
Буйруқ ҳарбий қисм командирининг ўринбосари томонидан ўқувчилар орасида ўқиб эшиттирилади ва клуб аъзолари тантанали равишда таништирилади.
14. Клуб раҳбари клуб аъзолари орасидан сардорни тайинлайди.
15. Ўқувчилар қуйидаги ҳолларда клуб аъзолигидан чиқарилади:
ўз аризасига мувофиқ;
ушбу Низомнинг 20-бандида белгиланган мажбуриятларни бажармаганда;
мактабни битирганда ёки ўқишини бошқа таълим ташкилотига кўчирганда.
16. Ўқувчилар ишчи гуруҳ йиғилиши баёнига мувофиқ ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида клуб аъзолигидан чиқарилади.
4-боб. Клуб сардори ҳамда бошқа аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
17. Клуб сардори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
клуб аъзоларининг эришаётган ижобий натижаларини рағбатлантириш учун клуб раҳбарига тавсия бериш;
клуб аъзоларини содир этган салбий хатти-ҳаракатлари учун огоҳлантириш, ушбу хатти-ҳаракатлар такроран содир этилган тақдирда, ўқувчини клуб аъзолигидан чиқариш тўғрисида ишчи гуруҳга тақдимнома киритиш.
18. Клуб сардори:
клуб аъзоларининг тартиб-интизомга риоя этишларини таъминлашда клуб раҳбарига кўмаклашиши;
клуб аъзоларига ўқишда, меҳнатда ва одоб-ахлоқ масалаларида ҳар томонлама намуна бўлиши;
клуб аъзолари томонидан ушбу Низомнинг 20-бандида белгиланган мажбуриятлар бажарилиши устидан назорат қилиши;
клуб йиғилишини ташкил этиш, аъзоларнинг ижобий ташаббусларини қўллаб-қувватлаши;
клуб аъзолари билан ҳарбий тайёргарлик машғулотлари, шунингдек, мактаб ўқувчилари иштирокида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ўтказишда ҳарбий қисм масъул ҳарбий хизматчиларига кўмаклашиши шарт.
19. Клуб аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
клуб йиғилишларида унинг фаолияти тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш;
клуб фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар бериш;
клуб сардорининг нотўғри хатти-ҳаракатлари бўйича ўз фикрини билдириш;
клубга аъзолиги давомида ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги, шунингдек, клуб фаолиятига дахлдор масалалар юзасидан ҳарбий қисм қўмондонлигига мурожаат қилиш;
исталган вақтда клуб аъзолигидан чиқиш.
20. Клуб аъзолари:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, ушбу Низом ва клуб фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар талабларига, шунингдек, ҳарбий қисм ва мактаб ички-тартиб қоидаларига қатъий риоя қилиши;
клуб фаолияти билан боғлиқ тадбирларда, шу жумладан ДХХ ЧҚ ва мактаб маъмурияти ўртасида тузилган ҳамкорлик режасига мувофиқ ташкил этиладиган «Очиқ эшиклар куни» ва бошқа тадбирларда иштирок этиши ҳамда клуб манфаатларини ҳимоя қилиши;
клуб машғулотларида мунтазам иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратини ошириб бориши шарт.
21. Клуб аъзолари чегараолди ҳудудларда Давлат чегараси қонунчилигининг бузилиши билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ДХХ ЧҚга кўмаклашиши мумкин.
22. ДХХ ЧҚ сафларига муддатли ҳарбий хизматга қабул қилишда клуб аъзоси бўлган ўғил болалар қонунчиликда белгиланган тартибда устувор ҳуқуқда танлаб олинади.
23. Клуб аъзолари бир вақтнинг ўзида бошқа ҳарбий-ватанпарварлик клубларига аъзо бўлишига ва уларнинг ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида иштирок этишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Клубни бошқариш тартиби
24. Мактабнинг «Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик» фани ўқитувчиси ёки юқори ҳарбий билим ва малакага эга бошқа фан ўқитувчиси клуб раҳбари бўлиши мумкин.
Клуб раҳбари ишчи гуруҳ йиғилиши баёнига мувофиқ ҳарбий қисм командири буйруғи асосида тайинланади.
25. Қуйидагилар клуб раҳбарининг асосий вазифалари ҳисобланади:
клуб фаолиятини мазкур Низом асосида бошқариш ҳамда белгиланган вазифаларнинг клуб аъзолари томонидан бажарилишини назорат қилиш;
бошқа мактабларнинг клублари ва тегишли ҳарбий қисм масъул ҳарбий хизматчилари билан мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш;
клуб аъзолари билан машғулотларни сифатли ўтказиш ва мусобақага жиддий тайёргарлик кўриш;
клубни ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминлаш ҳамда унинг моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича мактаб маъмуриятига таклифлар бериб бориш.
26. Қуйидагилар мактаб маъмуриятининг асосий вазифалари ҳисобланади:
мактаб ҳудудида клуб учун алоҳида хона(лар) ажратиш, уни «Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик» фани мавзулари бўйича кўргазмали қуроллар, машғулотлар жадвали, клуб аъзолари рўйхати, клуб фаолияти ва мусобақага оид ҳужжатлардан кўчирмалар, ҳарбий қисм ва мактаб ўртасидаги йиллик ҳамкорлик режаси, мусобақа босқичлари ва машғулотлар жараёни акс эттирилган фотоальбом, шунингдек, зарур анжомлар ва воситалар билан таъминлаш;
клуб аъзоларининг дарсдан ташқари машғулотлар ўтказиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
мусобақада иштирок этувчи клуб аъзоларини спорт кийимлари билан таъминлаш;
клуб фаолиятини ташкил этишда техника ва ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини назорат қилиш.
27. Қуйидагилар мактаб бириктирилган (тегишли) ҳарбий қисмнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
клуб аъзолари билан ўтказиладиган ватанпарварлик тадбирлари ва машғулотларни сифатли ташкил этиш юзасидан мактаб маъмурияти ҳамда клуб раҳбари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бу борада клубга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;
мактаб ҳудудида клуб учун ажратилган хоналарни ДХХ ЧҚ фаолиятига оид тарғибот-ташвиқот материаллари, шу жумладан «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, чегарачи қаҳрамонлар тўғрисидаги маълумотлар, ўқотар қуроллар ва ҳарбий техникалар тавсифлари ҳамда бошқа воситалар билан жиҳозлашга амалий ёрдам кўрсатиш;
клуб аъзоларини чегара хизматига қизиқтириш, шу жумладан ҳарбий қисм ҳудудига белгиланган тартибда олиб кириш, уларни ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан таништириш;
клуб фаолияти, ўтказиладиган мусобақалар ва бошқа тадбирларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ҳамда ДХХ ЧҚ нашрларида кенг ёритиш.
6-боб. Якунловчи қоида
28. Клуб фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 261-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом чегараолди шаҳар ва туманлардаги умумий ўрта таълим мактабларида (кейинги ўринларда — мактаб) таҳсил олаётган, «Ёш чегарачилар» клубларининг (кейинги ўринларда — клуб) чақириққача тайёргарлик ёшидаги (10-11-синф) аъзолари ўртасида уч босқичли мусобақани ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Мусобақа ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, давлат манфаатлари ва суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга тайёрлаш, жисмонан соғлом ва маънан етук ёш авлодни камол топтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўз юрти ва халқининг тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ўтказилади.
3. Мусобақа ўқувчиларни ҳарбий касбга ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга йўналтириш ҳамда босқичма-босқич тайёрлаб бориш учун хизмат қилади.
4. Мусобақа қуйидаги уч босқичда ўтказилади:
туман (шаҳар) босқичи (кейинги ўринларда — туман босқичи) — мусобақани ўтказиш бўйича туман (шаҳар) ташкилий қўмитаси томонидан;
вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) босқичи (кейинги ўринларда — вилоят босқичи) — вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмитаси томонидан;
республика босқичи — республика ташкилий қўмитаси томонидан.
Туман (шаҳар), вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмиталари таркиблари тегишлича туман (шаҳар) ва вилоят ҳокимлари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси) томонидан мусобақа ўтказиладиган йил 1 февралга қадар тасдиқланади.
5. Қуйидагилар ташкилий қўмиталарнинг вазифалари ҳисобланади:
мусобақа ўтказиладиган жой ва санани белгилаш;
ҳакамлар ҳайъати таркиби ва апелляция комиссияси аъзолари рўйхатини тасдиқлаш;
мусобақанинг мазкур Низом талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;
мусобақа натижалари ва ғолиб бўлган жамоа аъзолари рўйхатини юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этиш;
мусобақа жараёнларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш.
6. Мусобақа ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.
2-боб. Мусобақада иштирок этувчи жамоаларни шакллантириш ва мусобақада қатнашиш учун ариза тақдим этиш
7. Мусобақада иштирок этувчи жамоа ўқув йилининг бошида клубнинг мусобақа шартлари бўйича юқори натижа кўрсатаётган, чақириққача тайёргарлик ёшидаги (10-11-синф) 10 нафар аъзосидан (8 нафар ўғил, 2 нафар қиз) иборат таркибда тузилади.
Клуб сардори жамоа сардори этиб, клуб раҳбари жамоа мураббийси этиб белгиланади.
8. Мактаб директори томонидан жамоанинг мусабақада иштирок этиши учун ташкилий қўмитага мусобақа ўтказиш санасидан ўн кун аввал қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
жамоа аъзоларининг рўйхати (муҳрланган фотосуратлари билан);
жамоа аъзолари ва мураббийсининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари (биометрик паспорти, идентификацияловчи ID-карта ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси);
ҳудудий оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктларидаги мактабларга бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан берилган Ф-086-у шаклдаги тиббий маълумотнома;
ўқотар қуролдан фойдаланиш вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳақидаги йўриқнома билан танишганлиги тўғрисида маълумотнома.
9. Ҳужжатлари белгиланган тартибда ва муддатда тақдим қилинмаган ёки ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилган жамоанинг мусобақада иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Мусобақанинг ўтган йилги республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган, шунингдек жорий йилда бошқа ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида қатнашган жамоаларнинг мусобақада иштирок этишига йўл қўйилмайди.
10. Тегишли ташкилий қўмитага тақдим этилган рўйхатдаги жамоа аъзоларининг алмаштирилишига фақат ташкилий қўмитанинг розилиги билан йўл қўйилади.
3-боб. Мусобақани ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби
11. Мусобақа қуйидаги вақтда ўтказилади:
туман босқичи — март-апрель ойларида;
вилоят босқичи — апрель ойининг учинчи ўн кунлигида;
республика босқичи — май ойининг иккинчи ўн кунлигида.
12. Мусобақа босқичларини ўтказишнинг аниқ санаси ва жойлари тегишли ташкилий қўмиталар томонидан мустақил равишда белгиланади.
Ташкилий қўмитаси аъзоларининг таклифига мувофиқ мусобақани ўтказиш муддати ва жойига ўзгартириш киритилиши мумкин.
13. Мусобақаларни ўтказиш жараёнига ДХХ ЧҚ ҳарбий қисмлари қўмондонлиги умумий раҳбарлик қилади.
14. Мусобақада жамоалар қуйидаги шартлар бўйича иштирок этади:
жамоаларнинг саф тайёргарлиги кўриги;
ҳарбий варақалар, альбом, вимпел, жамоанинг рамзий байроғи ва номи ёзилган тахтача кўриги;
жамоаларнинг махсус формаси кўриги;
умумтаълим фанлари бўйича тест синови;
Калашников автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш;
Калашников автоматини йиғиш;
ўғил болалар 1000 метрга, қизлар 100 метрга югуриш;
турникда тортилиш;
азимут бўйича ҳаракатланиш;
граната улоқтириш;
заҳарланган ҳудуддан ўтиш;
тўсиқлар йўлагидан ўтиш;
тиббий ёрдам кўрсатиш;
ўқ-дориларни ташиш;
Калашников автоматидан ўқ отиш;
Калашников автоматининг макети кўриги.
15. Мусобақа шартларини бажариш тартиби ва баҳолаш мезонлари ДХХ ЧҚ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланади.
16. Ҳакамлар ҳайъати мусобақанинг ҳар бир босқичида ДХХ ЧҚ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда — Ёшлар ишлари агентлиги), Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ушбу ташкилотларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат таркибда тегишли ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.
17. Ҳакамлар томонидан мусобақани ўтказиш вақтида йўл қўйилган камчиликлар ташкилий қўмита томонидан ўрганиб чиқилади ва бартараф этилади.
18. Мусобақага ўз вақтида етиб келмаган жамоанинг мусобақада иштирок этиш-этмаслиги ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.
19. Ташкилий қўмитага тақдим этилган жамоа аъзолари рўйхатига киритилмаган мактаб ўқувчиси мусобақада иштирок этаётганлиги аниқланган тақдирда, ушбу жамоа мусобақадан четлаштирилади. Бундай ҳолат мусобақа тугаллангандан сўнг аниқланган тақдирда, жамоанинг натижаси бекор қилинади ҳамда совринли ўрин ушбу жамоа натижасидан кейинги натижани қайд этган жамоага берилади.
20. Жамоа мураббийси ёки аъзолари томонидан мазкур Низом талаблари бузилган ҳолларда ташкилий қўмита қарорига асосан ушбу жамоа мусобақадан четлаштирилади.
21. Мусобақанинг натижалари ва кейинги босқичга ўтган жамоалар тўғрисида ташкилий қўмиталар ўзидан юқори турувчи ташкилий қўмитага уч кун муддат ичида ахборот беради.
22. Вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаган жамоа жойлашган ҳудуддаги ДХХ ЧҚ ҳарбий қисмидан бир нафар ҳарбий хизматчи республика босқичида ҳамроҳлик қилади.
23. Мусобақа ҳар бир босқичининг 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида ташкилий қўмита томонидан диплом, кубок ва совғалар билан мукофотланадилар.
24. Мусобақа ҳар бир босқичининг «Энг илғор» номинацияси ғолиблари ташкилий қўмита томонидан алоҳида совғалар билан тақдирланади.
4-боб. Жамоа мураббийси, мусобақа иштирокчилари ва ҳакамларнинг мажбуриятлари
25. Жамоалар мураббийлари, мусобақа иштирокчилари ва ҳакамлар ушбу Низом талаблари ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари шарт.
26. Жамоалар мураббийлари ҳакамлар фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Улар иштирокчиларнинг мусобақа ўтказиладиган ҳудудда ҳамда унинг ташқарисида бўлган вақтдаги хатти-ҳаракатлари учун жавобгардирлар.
27. Мусобақа иштирокчилари мусобақа жараёнида хавфсизлик қоидаларига ҳамда мусобақа ўтказиладиган ҳудудда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиши, шунингдек, у ердаги жиҳозларга зиён етказмаслиги шарт.
28. Жамоалар мураббийлари ва ДХХ ЧҚ ҳарбий қисмларининг вакиллари жамоа аъзоларининг хавфсизлигини таъминлашга масъулдирлар.
5-боб. Ташкилий қўмиталар аъзоларининг вазифалари
29. Қуйидагилар ДХХ ЧҚ Қўмондонлиги ва ҳарбий қисмларнинг вазифалари ҳисобланади:
клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳар томонлама кўмаклашиш (фақат ҳарбий қисмлар);
клуб аъзолари билан сифатли машғулотлар ўтказиш ва мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўриш (фақат ҳарбий қисмлар);
мусобақа ўтказиш жойларини танлаш, тайёрлаш ва барча зарур моддий-техник воситалар билан таъминлаш;
мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини дала ўқув майдони учун дала кийими билан таъминлаш (фақат ДХХ ЧҚ Қўмондонлиги);
мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини ётоқхона ва озиқ-овқат билан таъминлаш;
мусобақанинг вилоят босқичи иштирокчилари учун тушлик ташкил этиш (фақат ҳарбий қисмлар);
мусобақада 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратиш;
Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда мусобақанинг вилоят ва республика босқичи ўтказиладиган объектларни байрамона безатиш ҳамда мусобақага мос кўргазмали материаллар билан таъминлаш;
мусобақанинг республика босқичида ғолибларни тақдирлаш маросимининг тантанали ўтказилишини таъминлаш (фақат ДХХ ЧҚ Қўмондонлиги);
мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш;
мусобақа жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш.
30. Қуйидагилар Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:
клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш (фақат ҳудудий бўлинмалар);
мусобақанинг барча босқичларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиш чораларини кўриш;
мусобақанинг республика босқичига етиб келган иштирокчилар ҳарбий қисмга жойлаштирилишидан аввал бир марта тушлик ташкил қилиш (фақат Агентлик марказий аппарати);
мусобақанинг республика босқичига етиб келган иштирокчиларни мусобақа ўтказиладиган жойга олиб бориш ва мусобақа тугагандан сўнг олиб кетиш, шунингдек, иштирокчилар учун диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этишга автотранспорт воситаларини ажратиш (фақат Агентлик марказий аппарати);
мусобақанинг вилоят ва республика босқичи ўтказиладиган объектларни байрамона безатиш ҳамда мусобақага мос кўргазмали материаллар билан таъминлашга ДХХ ЧҚга ҳар томонлама кўмаклашиш;
мусобақанинг вилоят ва республика босқичларига спорт турлари бўйича халқаро мусобақалар ғолибларини жалб этиб, улар иштирокида давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этиш;
мусобақанинг ҳудудий босқичларида 1-ўринни эгаллаган жамоаларга, шунингдек, республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратиш;
мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш.
31. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:
клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳар томонлама кўмаклашиш (фақат ҳудудий бўлинмалар);
клуб аъзолари билан сифатли машғулотлар ўтказилиши ҳамда мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрилишини таъминлаш (фақат ҳудудий бўлинмалар);
ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўқувчиларни оммавий равишда мусобақаларга жалб этиш;
мусобақанинг барча босқичлари учун умумтаълим фанлари (тарих, она тили ва адабиёт, математика, физика, инглиз тили, география, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанлари) бўйича тест саволларини тайёрлаш;
мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш;
Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини кутиб олиш ва кузатиш (фақат вазирлик марказий аппарати);
мусобақанинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда ушбу жамоаларнинг мураббийлари учун совғалар ажратиш (фақат вазирлик марказий аппарати).
32. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:
мусобақа ўтказиладиган жойларда керакли дори-дармон ва тиббий ускуналар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам бригадаларининг навбатчилигини ташкил этиш;
мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
33. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:
(33-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 январдаги 25-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2024 й., 09/24/25/0036-сон)
мусобақанинг вилоят ва республика босқичининг тантанали очилиш ҳамда ёпилиш тадбирларида фойдаланиш учун зарур бўладиган овоз кучайтиргич ва бошқа асбоб-ускуналарни қонунчиликда белгиланган тартибда мусобақа ўтказиладиган жойга олиб бориб ўрнатиш;
мусобақанинг вилоят босқичи тантанали ёпилиш маросимига қонунчиликда белгиланган тартибда бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва санъаткорларни жалб этиш (фақат ҳудудий бўлинмалар).
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Қуйидагилар Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:
(34-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
мусобақанинг барча босқичлари ғолиблари иштирокида маҳаллаларда учрашувлар ташкил этиш ва маҳаллаларда мусобақа тарғиботини олиб бориш;
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда мусобақанинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратиш (фақат вазирлик марказий аппарати).
35. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг вазифалари ҳисобланади:
Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда мусобақанинг вилоят ва республика босқичларида иштирок этувчи жамоаларни махсус кийимлар билан таъминлаш;
мусобақа ўтказиладиган объектларни тайёрлашда ДХХ ЧҚга ҳар томонлама кўмаклашиш;
мусобақанинг тегишли босқичида ғолиб бўлган жамоаларнинг кейинги босқичда иштирок этиши учун транспорт харажатларини қоплаб бериш;
мусобақада 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар, уларнинг мураббийлари ҳамда фаол иштирокчилар учун совғалар ажратиш.
36. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ДХХ ЧҚ ва ҳарбий қисмлар мурожаатига асосан мусобақанинг барча босқичларида жамоаларнинг мусобақани ўтказиш жойига келиш-кетишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.
37. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ДХХ ЧҚнинг буюртмалари асосида мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини мусобақа ўтказиладиган жойларга келиш-кетиш учун республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи поездларига бепул чипталар билан таъминлашда амалий ёрдам беради, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларнинг ва барча йўловчи поездларининг СВ, ВИП вагонлари бундан мустасно.
38. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва ҳудудий кенгашлари қуйидагиларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатади:
клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш (фақат ҳудудий кенгашлари);
мусобақада 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар учун диплом, кубок ва медаллар тайёрлаш;
мусобақанинг вилоят ва республика босқичи ўтказиладиган объектларни байрамона безатиш ҳамда мусобақага мос кўргазмали материаллар билан таъминлашга ДХХ ЧҚга ҳар томонлама кўмаклашиш;
мусобақанинг республика босқичига етиб келган иштирокчиларни мусобақа ўтказиладиган жойга олиб бориш ва олиб келиш учун масъулларни бириктириш (фақат Марказий Кенгаш).
39. Республика Маънавият ва маърифат маркази мусобақанинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратишда ҳамда мусобақанинг тантанали ёпилиш тадбирини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
40. Мусобақа натижаларидан норози бўлган жамоалар уч иш кунида республика ташкилий қўмитасига ёзма равишда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда шикоят республика ташкилий қўмитаси томонидан шикоят муаллифи (муаллифлари), шунингдек ҳакамлар ҳайъати таркибининг камида 50 фоизи иштирокида ўн беш иш кунида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаларига кўра шикоятни қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
41. Мусобақани ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар тегишли вазирлик ва идораларнинг бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
42. Мусобақани ўтказишга доир ҳужжатлар ДХХ ЧҚнинг тегишли ҳарбий қисмларида сақланади.
43. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Умумий ўрта таълим мактаби

«Ёш чегарачилар» клубининг 10-11-синф аъзоларидан 10 нафардан (8 нафар ўғил, 2 нафар қиз) иборат таркибда жамоа тузади.

Ўқув йили бошида

2-босқич

Вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси

Мусобақани ўтказиш бўйича туман (шаҳар), вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмиталари таркибларини тасдиқлайди.

1 февраль

3-босқич

Умумий ўрта таълим мактаби

Жамоанинг мусобақада иштирок этиши учун ташкилий қўмитага ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Мусобақа ўтказиш санасидан ўн кун аввал

4-босқич

Туман (шаҳар) ташкилий қўмиталари

1. Мусобақанинг туман (шаҳар) босқичини ўтказади.

2. Ғолиб ва совриндорларни тантанали равишда диплом, кубок, эсдалик ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди.

Март-апрель ойларида

3. Вилоят ташкилий қўмитасига мусобақанинг натижалари ва кейинги босқичга ўтган жамоалар тўғрисида ахборот беради.

Мусобақадан сўнг уч кун муддатда

5-босқич

Вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмиталари

1. Мусобақанинг туман (шаҳар) босқичини ўтказади.

2. Ғолиб ва совриндорларни тантанали равишда диплом, кубок, эсдалик ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди.

Апрель ойининг учинчи ўн кунлигида

3. Республика ташкилий қўмитасига мусобақанинг натижалари ва кейинги босқичга ўтган жамоалар тўғрисида ахборот беради.

Мусобақадан сўнг уч кун муддатда

6-босқич

Республика ташкилий қўмитаси

1. Мусобақанинг республика босқичини ўтказади.

2. Ғолиб ва совриндорларни тантанали равишда диплом, кубок, эсдалик ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди.

Май ойининг иккинчи ўн кунлигида

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 261-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

С.С. Курбанов

ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, ташкилий қўмита раиси

Б.Ж. Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари

А.А. Муминов

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари

Д.С. Эрматов

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Таълим ташкилотларида тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи

Ж.Ш. Чориев

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи

Р.Н. Курганов

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Мурожаатлар билан ишлаш ва тезкор алоқа бўлими бошлиғи

И.Ф. Юнусов

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ижодкор ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи

М.А. Мўминов

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўлими бошлиғи

Ж.А. Каримов

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари

Лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари

Келишувга кўра

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари

Келишувга кўра

Республика Маънавият ва маърифат маркази вакили

Келишувга кўра

Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши вакили

А.А. Мамуров

ДХХ Чегара қўшинлари Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи, ташкилий қўмита котиби

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзоларининг лавозими ва иш жойи ўзгарган тақдирда, уларнинг ўрнига янги тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган номзодлар қўмита таркибига киритилади.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 261-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш бўйича вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмитасининг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Лавозимига кўра

ДХХ Чегара қўшинлари Оператив қўмондонлик бошлиғининг ўринбосари, ташкилий қўмита раиси

Лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

Лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят бошқармаси бошлиғи

Лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тарбиявий ишлар ва ихтисослаштирилган муассасаларни мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари, Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг тарбиявий ишлар ва ихтисослаштирилган муассасаларни мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари

Лавозимига кўра

Республика тез тиббий ёрдам маркази вилоят филиали директори

Лавозимига кўра

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар бошқармалари бошлиқлари

Лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи

Лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари, Вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи

Лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

Лавозимига кўра

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят кенгаши раиси

Лавозимига кўра

Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят бўлими раҳбари

Лавозимига кўра

Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон кенгаши, вилоят кенгаши раиси

Лавозимига кўра

ДХХ Чегара қўшинлари Оператив қўмондонлиги ҳарбий хизматчиси, ташкилий қўмита котиби

(4-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 261-сон қарорига
4а-ИЛОВА
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш бўйича туман (шаҳар) ташкилий қўмитасининг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Лавозимига кўра

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, ташкилий қўмита раиси

Лавозимига кўра

туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

Лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи

Лавозимига кўра

Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи

Лавозимига кўра

Республика тез тиббий ёрдам маркази туман филиали директори

Лавозимига кўра

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи

Лавозимига кўра

Туман (шаҳар) маданият бўлими бошлиғи

Лавозимига кўра

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгаши раиси

Лавозимига кўра

Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман (шаҳар) бўлинмаси раҳбари

Лавозимига кўра

Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг туман (шаҳар) кенгаши раиси

Лавозимига кўра

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, ташкилий қўмита котиби

(4а-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.06.2023 й., 09/23/261/0428-сон; 16.01.2024 й., 09/24/25/0036-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)