Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13 ва 14-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг матни 2022 йил 25 июндан 1 августга қадар ўтказилган умумхалқ муҳокамасида ва ундан кейинги жараёнларда келиб тушган таклифлар, фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда маромига етказилганлиги, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси масъул қўмиталарининг — Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг хулосалари олинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилсин ҳамда унинг матни иловага* мувофиқ маъқуллансин.
* Илова матни берилмайди.
3. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми тайинлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси референдуми 2023 йил 30 апрель — якшанба куни ўтказилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси референдумида овоз бериш бюллетенига қуйидаги матндаги масала киритилсин:
«Сиз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?».
6. «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ушбу Қарор ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг референдумни ўтказиш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан уч кун ичида матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.
7. «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси референдумида қабул қилинган қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чоралар кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш учун ушбу Қарор Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига юборилсин.
10. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига юборилсин.
11. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 10 март,
3017-IV-сон