Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ УСТАВДА НАЗАРДА ТУТИЛГАН ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
«Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили давлат бюджети параметрларида сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун маблағларни назарда тутсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 16 март,
86-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2005 йил 16 мартдаги 86-сон қарорига
ИЛОВА
Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ сиёсий партиялар, агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (кейинги ўринларда Қонунчилик палатаси деб юритилади) сайловлар якунлари бўйича тегишли сиёсий партиядан Қонунчилик палатаси фракциясини ташкил этиш учун зарур бўлган камида тўққиз депутат сайланган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг ҳар йилги миқдори ушбу маблағлар ажратиладиган йилдан олдинги йилнинг биринчи сентябрига белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки ярим фоизини Қонунчилик палатасига сўнгги сайловларда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтириш ҳисобига шакллантирилади.
Бунда базавий ҳисоблаш миқдори ошганда, ушбу ойдан тегишли равишда молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг ҳар йилги миқдорининг мос қисми индексация қилинади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги 553-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)
4. Сиёсий партиялар янги чақириқ Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб ўзларининг уставда назарда тутилган фаолияти давлат томонидан молиялаштирилиши ҳуқуқини оладилар.
Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш янги чақириқ Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўхтатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга ажратилган давлат маблағлари партия томонидан партиянинг уставда назарда тутилган вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметасида назарда тутилган мақсадларга сарфланади.
Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга ажратилган давлат маблағларини сарфлашда сиёсий партияларга нисбатан бюджет маблағларини сарфлаш талаблари, тартиби, нормативлари, шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар учун белгиланган бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини юритиш қўлланмайди.
Ҳар йили уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга давлат маблағлари оладиган сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тасдиқланган харажатлар сметасини, шунингдек ўзларининг банклар томонидан тасдиқланган ҳисоб рақамларини қуйидаги муддатларда тақдим этадилар:
янги чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг биринчи йилида — сиёсий партия давлат томонидан молиялаштириш ҳуқуқини оладиган ой бошлангунгача;
кейинги йилларда — навбатдаги молия йилидан олдинги йилнинг ўнинчи декабригача.
Харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритилган тақдирда партия Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида 10 кун муддатда ёзма хабар беради. Бунда жорий йил харажатлар сметасига жорий йилнинг 15 декабридан кейин ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмайди.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 январдаги 9-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 3-сон, 24-модда)
6. Марказий сайлов комиссияси «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ унга сайлов округлари бўйича сайловларнинг натижалари тўғрисида округ сайлов комиссияларининг барча протоколлари тақдим этилган вақтдан бошлаб уч кун муддатда ҳар бир сайлов округи бўйича, Марказий сайлов комиссиясининг раиси ва котиби томонидан имзоланадиган протоколда кўрсатган ҳолда сайловчиларнинг умумий сонини аниқлайди. Кўрсатиб ўтилган протоколнинг бир нусхаси Марказий сайлов комиссиясида қолади, қолган икки нусхаси имзолангандан кейин ўн кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва Молия вазирлигига берилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Қонунчилик палатаси депутатлари рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига фамилияси, исми ва отасининг исмини кўрсатган ҳолда ҳар бир сиёсий партиядан сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг сони тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий сайлов комиссиясининг маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун маблағларни назарда тутади ва Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексида белгиланган муддатларда ажратиладиган маблағлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига маълум қилади.
Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга Ягона ғазначилик ҳисоб рақамидан ажратиладиган бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметаси, сметада бюджет тизимининг бюджетлар харажатлари иқтисодий классификациясини бир сатрда акс эттирган ҳолда, умумий сумма учун тузилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 январдаги 9-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 3-сон, 24-модда)
9. Тегишли сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини ҳар йили молиялаштиришга мўлжалланган давлат маблағларининг йиллик суммаси ва уларни ойлар бўйича ажратиш жадвали Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маълумотлари асосида Марказий сайлов комиссияси ва Молия вазирлигининг маълумотлари тақдим этилган кундан бошлаб ўн кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
Кейинги йилларда кўрсатиб ўтилган сумма ва уни ажратиш жадвали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тегишли йилга ажратиладиган маблағлар миқдори тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
Адлия вазирлигининг давлат маблағлари суммасини аниқлаш ва уни ажратиш жадвали тўғрисидаги қарори қабул қилинган вақтдан бошлаб икки иш кунидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини ҳар йили молиялаштиришга мўлжалланган давлат маблағлари суммаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан улар ўртасида қуйидаги тартибда тақсимланади:
ажратиладиган маблағларнинг қирқ фоизи сиёсий партиялар ўртасида тенг миқдорда;
ажратиладиган маблағларнинг олтмиш фоизи сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда.
Ҳар бир сиёсий партиянинг уставда назарда тутилган фаолиятини ҳар йили молиялаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг қирқ фоизи сиёсий партиялар ўртасида қуйидаги формула бўйича аниқланади:
С = (М х 40%) / Пс, бунда:
С — муайян сиёсий партиянинг устав фаолиятини ҳар йили молиялаштириш учун мўлжалланган давлат маблағлари суммаси;
М* — сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик миқдори;
*Янги чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг биринчи йилида ушбу сумма янги чақириқ Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўтказилгунгача олдинги сайловлар натижалари бўйича сиёсий партияларга ажратилган маблағлар суммасига камайтирилади.
Пс — уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағлари олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар сони.
Ҳар бир сиёсий партиянинг уставда назарда тутилган фаолиятини хар йили молиялаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг олтмиш фоизи сиёсий партиялар ўртасида қуйидаги формула бўйича аниқланади:
С = (М х 60% / С) х Дс, бунда:
С — муайян сиёсий партиянинг устав фаолиятини ҳар йили молиялаштириш учун мўлжалланган давлат маблағлари суммаси;
М* — сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик миқдори;
* Янги чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг биринчи йилида ушбу сумма янги чақириқ Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўтказилгунгача олдинги сайловлар натижалари бўйича сиёсий партияларга ажратилган маблағлар суммасига камайтирилади.
С — уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағлари олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар депутатларининг умумий сони;
Дс — уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағлари олиш ҳуқуқига эга бўлган муайян партия депутатларининг сони.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги 553-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)
11. Янги чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг биринчи йилида ҳар бир сиёсий партияга ойлар бўйича ажратиладиган маблағлар миқдори унга мазкур Низомнинг 10-бандига мувофиқ ажратилган давлат маблағлари миқдорини Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб қолган ойлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади (1-схема).
Янги чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг кейинги йилларида ойлар бўйича ажратиладиган маблағлар миқдори муайян сиёсий партиянинг уставда назарда тутилган фаолиятини ҳар йили молиялаштириш учун мўлжалланган давлат маблағлари суммасини жорий йилдаги ойларнинг тўлиқ сонига бўлиш йўли билан аниқланади (2-схема).
12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар ойда жорий ойнинг ўнинчи кунигача сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришга давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тегишли ҳисоб рақамига ўтказилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ўзининг ҳисоб рақамига тушган вақтдан бошлаб уч иш куни мобайнида ушбу маблағларни ойлар бўйича ажратиш жадвалига мувофиқ тегишли сиёсий партияларнинг ҳисоб рақамларига ўтказади (1 ва 2-схемалар).
Олдинги таҳрирга қаранг.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги 553-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Қонунчилик палатаси депутатларининг сони ўзгариши натижасида, сиёсий партия Қонунчилик палатасида фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларига эга бўлмай қолса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўзгариш юз берган ойдан кейинги ойдан бошлаб мазкур партиянинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришни тўхтатади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги 553-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Сиёсий партия томонидан молия йили мобайнида фойдаланилмаган давлат маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилмайди ва улардан келгуси йилларда уларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 январдаги 9-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 3-сон, 24-модда)
16. Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг тушиши ва сиёсий партияларнинг ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга оширади.
Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг тушишини ва сиёсий партиялар томонидан ушбу маблағлардан фойдаланилишини текшириш, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида ўндан бир қисмини ташкил этган депутатлар гуруҳининг мурожаати бўйича Қонунчилик палатаси томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сиёсий партиялар фаолиятининг қонунчиликка ва улар уставларига мувофиқлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
(16-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ва тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида молиявий маблағлар ва бошқа маблағларнинг тушуми ва сарфланиши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши шарт. Давлат маблағларининг тушиши ва сарфланиши сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботида алоҳида устунда кўрсатилади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Қонунчилик палатаси фаолиятининг биринчи йилида сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришнинг
1-схемаси
1. Марказий сайлов комиссияси сайлов округлари бўйича сайловлар натижалари тўғрисида округ сайлов комиссияларининг барча протоколлари тақдим этилган вақтдан бошлаб 3 кун муддатда республика бўйича сайловчилар сонини кўрсатган ҳолда умумий протокол тузади. Протокол имзолангандан кейин 10 кун муддат доирасида Адлия вазирлигига ва Молия вазирлигига юборилади.
2. Марказий сайлов комиссияси Қонунчилик палатаси депутатлари рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун муддатда Адлия вазирлигига ҳар бир сиёсий партиядан сайланган депутатлар сони тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
3. Сиёсий партия молиялаштиришнинг биринчи ойи бошлангунга қадар Адлия вазирлигига харажатлар сметасини ва банк томонидан тасдиқланган ҳисоб рақамини тақдим этади.
4. Молия вазирлиги ажратилаётган маблағлар миқдорини Адлия вазирлигига маълум қилади.
5. Адлия вазирлиги 10 кун муддатда муайян сиёсий партияни йиллик молиялаштириш миқдорини ва маблағларни ойлар бўйича ажратиш жадвалини белгилайди. Қарор икки кун муддатда Молия вазирлигига юборилади.
6. Молия вазирлиги ҳар ойда 10-кунгача маблағларнинг Адлия вазирлиги ҳисоб рақамига ўтказилишини таъминлайди.
7. Адлия вазирлиги маблағлар Молия вазирлигидан тушган кундан бошлаб 3 кун муддатда сиёсий партиянинг ҳисоб рақамига тегишли суммани ўтказади.
Қонунчилик палатаси фаолиятининг кейинги йилларида сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштиришнинг
2-схемаси
1. Сиёсий партия молиявий йилдан олдинги йилнинг 10 декабригача Адлия вазирлигига харажатлар сметасини ва банк томонидан тасдиқланган ҳисоб рақамини тақдим этади.
2. Молия вазирлиги ажратилаётган маблағлар миқдорини ҳар йили Адлия вазирлигига маълум қилади.
3. Адлия вазирлиги 10 кун муддатда муайян сиёсий партияни йиллик молиялаштириш миқдорини ва маблағларни ойлар бўйича ажратиш жадвалини белгилайди. Қарор 2 кун муддатда Молия вазирлигига юборилади.
4. Молия вазирлиги ҳар ойда 10-кунгача маблағларнинг Адлия вазирлиги ҳисоб рақамига ўтказилишини таъминлайди.
5. Адлия вазирлиги маблағлар Молия вазирлигидан тушган кундан бошлаб 3 кун муддатда сиёсий партиянинг ҳисоб рақамига тегишли суммани ўтказади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-схема Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги 553-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 10-11-сон, 75-модда; 2016 й., 3-сон, 24-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 12.09.2024 й., 09/24/553/0704-сон)