Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Республикада дарахтлар, буталар ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг майдонларини кенгайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон Фармонининг:
1-бандига мувофиқ бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилганлиги ҳамда унда ҳудудларда Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш назарда тутилганлиги;
8-бандининг «г» кичик бандига мувофиқ «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш манбалари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) «Яшил боғлар» тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ва уларнинг маҳсудорлигини ошириш учун алоҳида объектлар — «Яшил боғлар»ни ташкил қилиш тартиби;
«Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ташаббус билан чиқиш ва уларни барпо этиш тартиби;
барпо этилган «Яшил боғлар»ни фойдаланишга қабул қилиб олиш ва улардан фойдаланиш тартиби;
«Яшил боғлар»дан фойдаланишда қўйиладиган чекловлар, «Яшил боғлар» эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
б) «Яшил жамоат парклари» тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
«Яшил жамоат парклари»ни уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, аттракционлар қурилиши тақиқланган ҳамда аҳоли сайил қилиши учун мўлжалланган ҳудуд сифатида ташкил қилиш тартиби;
«Яшил жамоат парклари»ни барпо этишга қўйиладиган талаблар, «Яшил жамоат парклари»нинг таснифи, уларни барпо этиш тартиби;
«Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ташаббус билан чиқиш ва уларни барпо этиш тартиби;
барпо этилган «Яшил жамоат парклари»ни фойдаланишга қабул қилиб олиш ва улардан фойдаланиш тартиби;
«Яшил жамоат парклари»дан фойдаланишда қўйиладиган чекловлар, «Яшил жамоат парклари» эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
3. Белгилансинки:
«Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари» қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига киритилмаган ва суғориш имконияти мавжуд ер участкаларида ташкил этилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш учун масъул ва жавобгар ҳисобланади.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 27 сентябрь,
529-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 сентябрдаги 529-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Яшил боғлар» тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Яшил боғлар»нинг мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, шунингдек, уларни барпо этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди.
2. «Яшил боғлар» шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
яшил боғлар — шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга мўлжалланган ҳудудлар (объектлар);
яшил ҳудудлар — шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг рекреацион мақсаддаги ҳудудлари, шунингдек, яшил экинлар билан қопланган ва табиатни муҳофаза қилиш функцияларини бажарадиган ҳамда аҳолининг дам олиши учун фойдаланиладиган уларга туташ ҳудудлар;
кўчатхона — дарахт ва буталарнинг қаламчаларидан, ниҳолларидан кўкаламзорлаштириш мақсадларида экиш учун тайёр (яроқли) бўлган кўчатлар парвариш қилинадиган майдон.
4. «Яшил боғлар»ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини ошириш «Яшил боғлар»нинг асосий вазифалари ҳисобланади.
6. Аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш ҳамда «Яшил боғлар»ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, уларнинг ҳудудида дарахтларни экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига ишсиз шахслар, биринчи навбатда, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар фаол жалб қилинади.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан аҳолига бепул кўчат тарқатиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига кўчатлар етказиб беради ҳамда «Яшил боғлар»га дарахт экиш мақсадида келган фуқароларни кўчат экиш учун зарур жиҳозлар билан таъминлайди.
8. «Яшил боғлар» жойлашган ер участкалари уларнинг мулкдорлари тасарруфида, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари эгалигида (фойдаланишида) бўлади.
2-боб. «Яшил боғлар»ни барпо этиш тартиби
9. «Яшил боғлар»ни барпо этиш ишлари ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
10. Қуйидагилар «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ташаббус билан чиқиш ҳуқуқига эга:
давлат органлари ва ташкилотлари;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари.
11. Ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилмаган жисмоний ва юридик шахслар «Яшил боғлар»ни ўз маблағлари ҳисобига барпо этиш юзасидан таклиф киритишлари мумкин.
12. «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича киритилган таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан 15 иш куни ичида кўриб чиқилади.
13. «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича киритилган таклифлар маъқулланган тақдирда, ҳар йили 10 февралга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти ўртасида «Яшил боғлар»ни барпо этиш ва лойиҳалаш ишлари бўйича шартномалар тузилади. Бунда «Яшил боғлар» ҳудудида уларнинг фаолияти учун лойиҳа асосида қуриладиган бино ва иншоотлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тасарруф этилади ва улар давлат мулки ҳисобланади.
14. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институтига «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича техник топшириқлар ҳар йили 1 мартга қадар тақдим этилади.
Ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилмаган жисмоний ва юридик шахслар ҳисобидан «Яшил боғлар»ни барпо этишда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаш институти жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзлари томонидан белгиланиши мумкин.
15. «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, ҳар йили 1 майга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этади.
16. «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ҳар йили 15 майга қадар тегишли қарор қабул қилиш учун халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритилади.
17. Киритилган таклифлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича келгуси йилнинг манзилли дастурига киритиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этилади.
18. Манзилли дастурга киритилган «Яшил боғлар»ни барпо этиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) ўртасида шартномалар тузилади.
Бунда шартномаларни тузиш ишлари манзилли дастур тасдиқлангандан кейин келгуси йилнинг 20 январига қадар амалга оширилади.
19. «Яшил боғлар»га кўчат экиш тадбирлари ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) томонидан амалга оширилади.
20. «Яшил боғлар»нинг ҳудудида бошқа жойлардан дарахтларни кўчириб ўтқазиш мумкин, дарахтларни белгиланган тартибда ёки ноқонуний кесганлик учун компенсация сифатида унинг ўрнига дарахт экилади.
21. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан мавжуд дарахтзорлар жойлашган ҳудудларда «Яшил боғлар»ни барпо этиш юзасидан хатловдан ўтказиш бўйича комиссия тузилади.
22. Хатлов комиссияси томонидан дарахтлар хатловдан ўтказилади ва унинг якуни бўйича далолатнома тузилади. Бунда:
«Яшил боғлар» барпо қилиш учун ажратилган ернинг умумий майдони ва ундаги мавжуд дарахт-буталарнинг сони аниқланади;
дарахт-буталарнинг морфологик ва биологик кўрсаткичлари (диаметри, баландлиги, ёши ва ҳозирги ҳолати) баҳоланади.
23. Танланган объектда «Яшил боғлар»ни барпо этишдан олдин қуйидагилар:
объектнинг санитария ҳолати, жумладан, агрессив дарахтларнинг турлари, касаллик ўчоқларининг мавжуд ёки йўқлигининг аниқланиши, улар аниқланганда тегишли тартибда тозалаш-профилактика ишларининг ташкил этилиши;
суғориш манбаларига эгалиги;
йўл инфратузилмасининг мавжудлиги;
манзарали дарахт-бута турларини кўпайтириш учун тупроқ-иқлим шароитининг мослиги;
танланган «Яшил боғлар» ҳудудларини ҳимоя қилиш имкониятининг мавжудлиги аниқланиши;
ушбу ер майдонларининг ҳар хил чиқиндилардан холи бўлиши;
биологик ёшини ўтаб бўлган (қуриган) дарахт ва буталар, синган шох-шаббаларни олиб ташлаш каби тадбирлар амалга оширилиши керак.
24. Ҳудудлардаги мавжуд дарахтзорларда тегишли соҳа мутахассисларининг илмий хулосалари ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тавсияси асосида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорлари асосида «Яшил боғлар»ни барпо этишга рухсат берилади.
3-боб. «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш
25. Барпо этилган (реконструкция қилинган) «Яшил боғлар» «Яшил боғлар»ни қабул қилиш комиссиялари (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан белгиланган тартибда қабул қилинади.
26. Комиссия таркиби туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.
27. Комиссия таркибига туман (шаҳар) ҳокими, бош пудрат ташкилоти, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ва лойиҳа ташкилотлари ҳамда ердан фойдаланувчилар вакиллари киритилади.
28. «Яшил боғлар»ни барпо қилиш (реконструкция қилиш) бўйича лойиҳа тугаллангандан сўнг («Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) томонидан табиий қуриб қолган дарахт кўчатларини қайта экиб бериш шарти билан) икки ой муддатда комиссия томонидан қабул қилиб олинади.
29. «Яшил боғлар»нинг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари белгиланмаган бўлса, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «Яшил боғлар» улардан фойдаланувчи ёки уларга хизмат кўрсатувчи тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади.
30. Ердан фойдаланувчи «Яшил боғлар»ни келгусида парвариш қилиниши, сақланиши, ўз функцияси бажарилишини таъминлаш учун жавоб беради.
4-боб. «Яшил боғлар» фаолиятига қўйиладиган чекловлар
31. «Яшил боғлар» фаолиятига қўйиладиган чекловлар қуйидагилардан иборат:
«Яшил боғлар» ҳудудида бино ва иншоотлар (боғ фаолияти учун лойиҳа асосида қурилган бино ва иншоотлар бундан мустасно), ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан, аттракционлар қуриш;
«Яшил боғлар» фаолиятига зид бўлган ва унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолияти (чорва ва паррандаларни кўпайтириш, боқиш, балиқчилик) билан шуғулланиш;
«Яшил боғлар» ҳудудида дарахтларни ноқонуний кесиш;
«Яшил боғлар» ташкил этилган майдонларни хусусийлаштириш.
5-боб. «Яшил боғлар» эгаларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
32. «Яшил боғлар» эгалари:
«Яшил боғлар» фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиш;
«Яшил боғлар»ни парвариш ва муҳофаза қилиш учун шартнома асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда дарахтларни санитария жиҳатидан кесиш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги низом
боғ ҳудудида кўкаламзорлаштириш учун кўчатчилик билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
«Яшил боғлар» эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
33. «Яшил боғлар» эгалари:
«Яшил боғлар» ҳудудидаги мавжуд дарахтлар ва буталарни парвариш қилиши, суғориши, қўриқлаши ва муҳофаза қилиши;
«Яшил боғлар» ҳудудидаги мавжуд дарахтлар ва буталарнинг зараркунанда ва касалликларга чалинмаслиги учун тизимли курашиш чораларини кўриши;
«Яшил боғлар» ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаши шарт.
«Яшил боғлар» эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
34. «Яшил боғлар» қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49, 55-моддалари
35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг VIII боби (Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик).
«Яшил боғлар» тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
«Яшил боғлар»ни барпо этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари

«Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклиф киритади.

Заруратга кўра

2-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

1. «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича киритилган таклифларни кўриб чиқади.

15 иш куни ичида

2. Маъқулланган таклифлар асосида «Яшил боғлар»ни барпо этиш ва лойиҳалаш бўйича «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти билан шартнома тузади.

Ҳар йили 10 февралгача

3. «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институтига «Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича техник топшириқларн тақдим этади.

Ҳар йили 1 мартгача

3-босқич

«Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти

«Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этади.

Ҳар йили 1 майгача

4-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

«Яшил боғлар»ни барпо этиш бўйича таклифларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига тегишли қарор қабул қилиш учун киритади.

Ҳар йили 15 майгача

5-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, «Яшил боғлар»ни барпо этиш учун «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) билан шартнома тузади.

Манзилли дастур тасдиқлангандан кейин келгуси йил 20 январгача

6-босқич

«Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари)

«Яшил боғлар»га кўчат экиш тадбирларини амалга оширади.

Ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 сентябрдаги 529-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Яшил жамоат парклари» тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Яшил жамоат парклари»нинг мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, шунингдек, уларни барпо этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди.
2. «Яшил жамоат парклари» идоравий мансублигидан қатъи назар, бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан, аттракционлар қурилиши тақиқланган ҳамда аҳоли сайил қилишига мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат бўлади.
3. «Яшил жамоат парклари» юридик шахс ҳисобланмайди.
4. Қуйидагилар «Яшил жамоат парклари»нинг асосий вазифалари ҳисобланади:
аҳолининг сайил қилиши, табиат билан уйғунлашган ҳолда очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариши учун етарли шароитлар яратиш;
аҳолига очиқ ҳавода китоб мутолаа қилиш, шахмат, шашка каби ўйинлар билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш;
ҳудуддаги ўсимлик дунёсини сақлаш ва бойитиш;
атроф муҳит софлигини сақлаш ва яшилликни кўпайтириш борасидаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш;
аҳоли яшаш ҳудудларида таълим ва экология билан боғлиқ маданий-маърифий фаолиятни ривожлантириш;
парк ҳудудида декоратив қуш ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш ҳамда кўпайтириш;
ўз ҳудудидаги ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларини мониторинг қилиш ҳамда уларга қарши курашиш;
муайян ҳудуднинг экологик софлиги ва мўътадиллиги доимий сақланишини таъминлаш.
5. «Яшил жамоат парклари» ҳудудига кириш бепул.
6. «Яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
7. «Яшил жамоат парклари»ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, уларнинг ҳудудида дарахтлар экиш, уларни сақлаш ва парвариш қилиш ишларига ишсиз шахслар, биринчи навбатда, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар фаол жалб қилинади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан аҳолига бепул кўчат тарқатиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига кўчатлар етказиб беради ҳамда «Яшил жамоат парклари»га дарахт экиш мақсадида келган фуқароларни кўчат экиш учун зарур жиҳозлар билан таъминлайди.
9. «Яшил жамоат парклари» қуйидаги ҳужжатлар (кейинги ўринларда — шаҳарсозлик ҳужжати) асосида ташкил этилади:
аҳоли пунктларининг бош режалари;
батафсил режалаштириш лойиҳалари.
10. Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлмаганда, ер участкаларини танлаш ва ажратиш бўйича материаллар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда келишилади.
11. «Яшил жамоат парклари» аҳоли пунктларида, одатда, ободонлаштирилмаган бўш турган ҳудудларда, улар мавжуд бўлмаганда эса боғ-парк ёки дарахтзорлар ҳудудига жойлаштирилади.
12. Қуйидагилар «Яшил жамоат парклари»ни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:
аҳолининг сайил қилишига, табиат билан уйғунлашган ҳолда очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган бўлиши;
аҳоли яшаш пунктида ёки унга туташ ҳудудларда жойлашган бўлиши;
майдони 0,5 гектардан кам бўлмаган дарахт-бутазор ҳамда майсазорлардан иборат бўлиши.
13. «Яшил жамоат парклари» ҳудудида, одатда, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ велосипедлар учун экойўлаклар ташкил этилади. Ушбу ҳудудларда кўргазмалар, байрам тадбирлари (спорт тадбирлари, халқ сайиллари ва бошқа тадбирлар) ўтказилиши мумкин. Шаҳардаги истироҳат боғлари тарихий аҳамиятга эга бўлиши ва боғ-парк санъатининг объектлари-ёдгорликлари ҳисобланиши мумкин.
14. «Яшил жамоат парклари» ҳудудида қуйидагилар мавжуд бўлади:
тунги ёриткичлар;
очиқ ҳаводаги кутубхоналар;
шахмат, шашка, домино каби ўйинлар учун яшил спорт майдончалари;
ландшафт дизайнининг замонавий намуналари (топиар, композиция, бонсай, вертикал кўкаламзорлаштириш);
сунъий кичик кўллар ёки сунъий шаршаралар;
очиқ ҳавода сайил ва оммавий тадбирлар учун майдонлар;
усти ёпиқ айвонлар ва дам олиш ўриндиқлари;
югуриш ва сайр қилиш йўлакчалари (тротуар) ҳамда ташриф буюрувчилар тинчлигини бузмайдиган бошқа элементлар.
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида енгил конструкциялар асосида қурилган кўргазма майдонлари ташкил қилиниши ҳам мумкин.
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида йўл ва сунъий конструкциялар майдонлари ҳудуд умумий майдонининг 5 — 10 фоизидан ошмаслиги керак.
15. «Яшил жамоат парклари»ни жойлаштиришда мавжуд ўсимликлар ва сув ҳавзалари бўлган участкаларни имкон қадар сақлаб қолиш зарур.
16. «Яшил жамоат парклари» қуйидаги мезонлар бўйича таснифланади:
а) аҳоли пунктлари ҳудудида жойлашуви бўйича:
умумшаҳар (марказий);
туман (турар жой ҳудудларида);
б) географик жойлашуви бўйича:
шаҳар яшил жамоат парклари;
шаҳардан ташқари яшил жамоат парклари;
қишлоқ яшил жамоат парклари (шаҳар типидаги шаҳарчаларда, қишлоқлар ва овулларда);
в) ҳажми бўйича:
I тип — 8 ва ундан ортиқ гектар майдонга эга;
I тип — 8 ва ундан ортиқ гектар майдонга эга;
III тип 0,5 — 4 гектаргача майдонга эга.
17. «Яшил жамоат парклари» жойлашган ер участкалари уларнинг мулкдорлари тасарруфида, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари эгалигида (фойдаланишида) бўлади.
2-боб. «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш тартиби
18. «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш ишлари ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
19. Қуйидагилар «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ташаббус билан чиқиш ҳуқуқига эга:
давлат органлари ва ташкилотлари;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари.
20. Ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилмаган жисмоний ва юридик шахслар «Яшил жамоат парклари»ни ўз маблағлари ҳисобидан барпо этиш юзасидан таклиф киритишлари мумкин.
21. «Яшил жамоат парклари» эстетик, рекреацион, соғломлаштириш ва бошқа алоҳида аҳамиятга эга ер участкаларини ўз ичига олган ҳудудларда жойлаштирилади.
22. «Яшил жамоат парклари» кўкаламзорлаштириш ва табиий ландшафтни сақлаш орқали ташкил этилади. Бунда «Яшил жамоат парклари» ҳудудида уларнинг фаолияти учун лойиҳа асосида қуриладиган бино ва иншоотлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тасарруф этилади ва улар давлат мулки ҳисобланади.
23. «Яшил жамоат парклари» аҳоли яшаш пунктларида ёки уларнинг жамоат транспортида етиб бориш вақти 20 дақиқадан ошмаган ҳудудларда жойлашган бўлиши лозим.
24. «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича киритилган таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан 15 иш куни ичида кўриб чиқилади.
25. «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича киритилган таклифлар маъқулланган тақдирда, ҳар йили 10 февралга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти ўртасида «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш ва лойиҳалаш ишлари бўйича шартномалар тузилади.
26. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институтига «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича техник топшириқлар ҳар йили 1 мартга қадар тақдим этилади.
Ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилмаган жисмоний ва юридик шахслар ҳисобидан «Яшил жамоат парклари»ни барпо этишда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаш институти жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзлари томонидан белгиланиши мумкин.
27. «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, уни ҳар йили 1 майга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этади.
28. «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ҳар йили 15 майга қадар тегишли қарор қабул қилиш учун халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритилади.
29. Киритилган таклифлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича келгуси йилнинг манзилли дастурига киритиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этилади.
30. Манзилли дастурга киритилган «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) ўртасида шартномалар тузилади.
Бунда шартномаларни тузиш ишлари манзилли дастур тасдиқлангандан сўнг келгуси йилнинг 20 январига қадар амалга оширилади.
31. «Яшил жамоат парклари»га кўчат экиш тадбирлари ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) томонидан амалга оширилади.
32. «Яшил жамоат парклари»нинг ҳудудида бошқа жойлардан дарахтларни кўчириб ўтқазиш мумкин, дарахтларни белгиланган тартибда ёки ноқонуний кесганлик учун компенсация сифатида унинг ўрнига дарахт экилади.
33. «Яшил жамоат парклари» жойлашган ер участкалари мулкдорлари, эгалари «Яшил жамоат парклари»ни бошқариш ва унга хизмат кўрсатувчи штат бирликлари билан таъминлайди.
34. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан мавжуд дарахтзорлар жойлашган ҳудудларда «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш юзасидан хатловдан ўтказиш бўйича комиссия тузилади.
35. Хатлов комиссияси томонидан мавжуд дарахтзорлар жойлашган ҳудудда «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш юзасидан хатлов ўтказилади ва хатлов якуни бўйича далолатнома тузилади. Бунда:
«Яшил жамоат парклари»ни барпо қилиш учун ажратилган ернинг умумий майдони ва ундаги мавжуд дарахт-буталарнинг сони аниқланади;
дарахт-буталарнинг морфологик ва биологик кўрсаткичлари (диаметри, баландлиги, ёши ва ҳозирги ҳолати) баҳоланади.
36. Танланган объектда «Яшил жамоат парклари»ни барпо этишдан олдин қуйидагилар:
объектнинг санитария ҳолати, жумладан, агрессив дарахтларнинг турлари, касаллик ўчоқларининг мавжуд ёки йўқлиги аниқланиши, улар аниқланганда тегишли тартибда тозалаш-профилактика ишлари ташкил этилиши;
суғориш манбаларига эгалиги;
йўл инфратузилмасининг мавжудлиги;
манзарали дарахт ва буталар турларини кўпайтириш учун тупроқ-иқлим шароитининг мослиги;
танланган «Яшил жамоат парклари» ҳудудларини ҳимоя қилиш имкониятининг мавжудлиги аниқланиши;
ушбу ер майдонларининг ҳар хил чиқиндилардан холи бўлиши;
биологик ёшини ўтаб бўлган (қуриган) дарахт ва буталар, синган шох-шаббаларни олиб ташлаш каби тадбирлар амалга оширилиши керак.
37. Ҳудудларда мавжуд дарахтзорлар жойлашган ҳудудда тегишли соҳа мутахассисларининг илмий хулосалари ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тавсияси асосида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорлари асосида «Яшил жамоат парклари» барпо этишга рухсат берилади.
3-боб. «Яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш
38. Барпо этилган (реконструкция қилинган) «Яшил жамоат парклари» «Яшил жамоат парклари»ни қабул қилиш комиссиялари (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан белгиланган тартибда қабул қилинади.
39. Комиссия таркиби туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.
40. Комиссия таркибига туман (шаҳар) ҳокими, бош пудрат ташкилоти, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий органлари, лойиҳа ташкилотлари ҳамда ердан фойдаланувчилар вакиллари киритилади.
41. Комиссия томонидан «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш лойиҳаси тугаллангандан сўнг икки ой муддатда қабул қилиб олинади.
42. «Яшил жамоат парклари»нинг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари белгиланмаган бўлса, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «Яшил жамоат парклари» улардан фойдаланувчи ёки уларга хизмат кўрсатувчи тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади.
43. Ердан фойдаланувчи «Яшил жамоат парклари»нинг келгусида парвариш қилиниши, сақланиши, ўз функцияси бажарилишини таъминлаш учун жавоб беради.
4-боб. «Яшил жамоат парклари» фаолиятига қўйиладиган чекловлар
44. «Яшил жамоат парклари» фаолиятига қўйиладиган чекловлар қуйидагилардан иборат:
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида бино ва иншоотлар (парк фаолияти учун қурилган бино ва иншоотлар бундан мустасно), ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан, аттракционлар қурилиши;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида тамаки чекиш ва алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилиниши;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида овқатланиш ва чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташланиши;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида тунги вақтларда киришга чекловлар ўрнатилиши;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудига ҳар қандай автотранспорт воситалари (махсус автотранспортлардан ташқари) кириши;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида оилавий тадбирлар ўтказилиши;
«Яшил жамоат парклари» фаолиятига зид бўлган ва унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолияти (чорва ва паррандаларни кўпайтириш-боқиш, балиқчилик) амалга оширилиши;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида дарахтларни ноқонуний кесиш;
«Яшил жамоат парклари» ташкил этилган майдонларни хусусийлаштириш.
5-боб. «Яшил жамоат парклари» эгаларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
45. «Яшил жамоат парклари» эгалари:
«Яшил жамоат парклари» фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиш;
«Яшил жамоат парклари»ни парвариш ва муҳофаза қилиш учун шартнома асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда дарахтларни санитария жиҳатидан кесиш;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида кўкаламзорлаштириш учун кўчатчилик билан шуғулланиш ҳуқуқларига эга.
«Яшил жамоат парклари» эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
46. «Яшил жамоат парклари» эгалари:
«Яшил жамоат парклари» ҳудудидаги мавжуд дарахтлар ва буталарни парвариш қилиши, суғориши, қўриқлаши ва муҳофаза қилиш;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудидаги мавжуд дарахтлар ва буталарнинг зараркунанда ва касалликларга чалинишига қарши тизимли курашиш чораларини кўриши;
«Яшил жамоат парклари» ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаши шарт.
«Яшил жамоат парклари» эгалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
47. «Яшил жамоат парклари» қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
48. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Яшил жамоат парклари» тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
«Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари

«Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклиф киритади.

Заруратга кўра

2-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

1. «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича киритилган таклифларни кўриб чиқади.

15 иш куни ичида

2. Маъқулланган таклифлар асосида «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш ва лойиҳалаш бўйича «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти билан шартнома тузади.

Ҳар йили 10 февралгача

3. «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институтига «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича техник топшириқларни тақдим этади.

Ҳар йили 1 мартгача

3-босқич

«Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти

«Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этади.

Ҳар йили 1 майгача

4-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

«Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича таклифларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига тегишли қарор қабул қилиш учун киритади.

Ҳар йили 15 майгача

5-босқич

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш учун «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари) билан шартнома тузади.

Манзилли дастур тасдиқлангандан кейин келгуси йил 20 январгача

6-босқич

«Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси (унинг ҳудудий ташкилотлари)

«Яшил жамоат парклари»га кўчат экиш тадбирларини амалга оширади.

Ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.09.2022 й., 09/22/529/0852-сон)