Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталигига бўлган ҳар қандай таҳдидларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, шунингдек, замон талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучларнинг кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида:
1. Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети этиб (кейинги ўринларда — Университет) қайта ташкил этилсин.
Университет қуйидаги соҳалар учун малакали кадрларни мақсадли тайёрлашни амалга оширувчи базавий олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилансин:
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия учун — жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасининг тегишинча жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими талабларини амалга ошириш йўналишларида;
Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун — ҳарбий дипломатия, юриспруденция ва иқтисодиёт ҳамда муҳандислик-техник, тарбиявий-психологик ва қўмондонлик-тактик фаолият соҳасида;
ўз қўриқлаш тузилмаларига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун — қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасининг барча йўналишларида.
2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятни самарали ташкил этишга қодир бўлган малакали мутахассисларни тегишли ихтисослик ва ҳуқуқшунослик йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш ҳамда уларни жанговар ва жисмоний тайёргарликдан ўтказиш орқали мақсадли тайёрлаш;
Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг самарали тизимини жорий этиш, уларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда ватанпарварлик ва юксак одоб-ахлоқ сифатларини камол топтириш орқали чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш йўналишида ўқув-тарбия муассасалари тарбиячиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПҚ-241-сон қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2022 й., 07/22/241/0408-сон)
ўқув жараёнини ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, педагогик ва ахборот технологияларини қўллаган ҳолда назария ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали ташкил этиш;
олий малакали илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг энг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотларни, шу жумладан маҳаллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда, ўтказиш;
ўқув жараёнига хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини жалб этиш, шунингдек, қўшма илмий тадқиқотларни ўтказиш ва педагогик тажриба алмашиш соҳасида доимий халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
3. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Университетда профессионал кадрларни тайёрлаш жараёнига бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университетда бакалавриат дастури бўйича ўқитиш жараёни таълимнинг кундузги, масофавий ва кечки шаклларида ташкил этилиб, битирувчиларга олий таълимнинг биринчи босқичини тамомлаганлигини тасдиқловчи диплом берилади;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университетда магистратура дастури бўйича Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йиллик амалий стажга эга бўлган ходимлари (ҳарбий хизматчилари)ни ўқитиш давлат гранти асосида кундузги таълим шаклида бир йилни, кадрларни умумфуқаровий асосда тайёрлаш тўлов-контракт бўйича кундузги таълим шаклида бир йилни, кечки ва масофавий таълим шаклларида бир ярим йилни ташкил этади ҳамда битирувчиларга магистр академик даражасини тасдиқловчи олий таълим тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) берилади;
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университетнинг масофавий таълим шакли камида уч йиллик ҳарбий хизмат (хизмат) стажига эга бўлган Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалдаги ҳарбий хизматчилари (ходимлари) учун назарда тутилиб, унда ўқиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йилни, олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида уч йилни ташкил этади;
(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университетнинг сиртқи таълим шаклига Миллий гвардия ҳисобидан қабул қилиниб, таҳсил олаётган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг олий маълумотга эга бўлмаган амалдаги ходимларининг ўқишни тугатгунига қадар бепул таълим олиш ҳуқуқлари сақлаб қолинади;
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-303-сонли қарорига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.09.2026 й., 07/26/303/0895-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университетнинг йиллик қабул квотаси бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 600 нафаргача курсантларни, масофавий таълим шаклига 300 нафаргача тингловчиларни ташкил этади;
(3-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университет магистратурасини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом ҳарбий хизмат (хизмат)ни ўташда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг икки йиллик магистратура дастурини, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг иккинчи даражадаги магистратурасини, шунингдек, хорижий мамлакатлар ҳарбий академияларини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломларга тенглаштирилади;
(3-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 февралдаги ПФ-20-сонли Фармони таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университетнинг масофавий таълим шаклига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти томонидан ҳар йили белгиланадиган қўшимча квота бўйича бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучларда камида уч йиллик ҳарбий хизмат (хизмат) стажига эга бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.
(3-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
Қуйидагиларга:
Миллий гвардия қўмондони Р.М. Жўраевга — Университетда икки босқичли олий таълим тизимини сифатли жорий этиш, шу жумладан ўқув жараёнини энг замонавий педагогик ва ахборот технологиялари асосида ташкил қилиш, профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий-педагогик салоҳиятини тубдан ошириш;
ички ишлар вазирининг ўринбосари А.И. Икрамовга — ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминловчи бўлинмалари билан Университет ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг уйғун механизмларини жорий этиш, таълим олувчиларнинг фаолият соҳаси бўйича самарали стажировка ўташини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
Миллий гвардия (Р.М. Жўраев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х. Тошкулов) билан биргаликда:
бир ой муддатда мазкур қарор талабларини инобатга олган ҳолда Университетга ўқишга қабул қилиш тартибини ҳамда очиқ ва холисона танлов мезонларини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Университетда жорий этилаётган таълим тизимига мувофиқ ўқитишни йўлга қўйиш бўйича комплекс ташкилий чораларни кўрсин.
4. Университетнинг Васийлик кенгаши 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Белгилансинки, Васийлик кенгаши Университетнинг қуйидаги устувор йўналишлар бўйича ривожланишига кўмаклашади:
таълим олувчиларнинг амалиёт ўташини ташкил этиш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш;
олий таълимнинг ривожланишига кўмаклашадиган дастурлар ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, илмий ишланмаларни амалиётга самарали татбиқ этиш;
таълим ва илм-фан соҳасида олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган, шу жумладан хорижий таълим муассасалари билан мақсадли узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;
Университетга молиявий ва ташкилий ёрдам бериш, унинг фаолиятини таъминлаш ва ривожлантириш учун бюджетдан ташқари маблағларни, маҳаллий ва халқаро грантларни жалб қилиш.
Васийлик кенгашининг барча аъзоларига ўз ваколатлари доирасида Университетни ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатиши учун кўмаклашиш бўйича шахсий масъулият юклансин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Университетга ўқишга қабул қилиш танлов асосида, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ҳар йили белгиланадиган квоталар доирасида амалга оширилиб, таълим олувчиларга ўрнатилган тартибда стипендия (пул таъминоти) тўланади ва моддий таъминот белгиланади;
Университет курсантларини келгусида ҳарбий хизмат (хизмат) ўташ учун идоралараро тақсимлаш таълим йўналишларига мувофиқ битирув босқичида амалга оширилади;
Университет битирув босқичидаги курсантларнинг фаолият соҳаси бўйича стажировкаси ўқишни тамомлагандан сўнг ҳарбий хизмат (хизмат) ўташ учун юборилиши назарда тутилган бўлинмаларда ташкил этилади;
Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида мутахассислик фанлари бўйича Университетда ўқув машғулотларини ўтказиш ҳуқуқига эга;
Университет томонидан Миллий гвардия академик лицейларининг ўқув-методик жараёни мувофиқлаштирилади ҳамда уларга тизимли амалий ва ахборот-ресурс ёрдами кўрсатилади;
Университетга ўқишга кирувчи абитуриентларнинг антропометрик параметрлари Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳарбий хизмат (хизмат)га қабул қилиш талабларига мувофиқ тартибда танланган мутахассисликка қараб белгиланади;
Университетнинг илмий ва профессор-ўқитувчилар таркиби лавозимларига тегишли соҳада камида беш йиллик илмий, педагогик ёки амалий иш тажрибасига эга шахслар ҳарбий хизматчилар лавозимлари ҳисобидан тайинланиши мумкин;
Университетнинг хизматчилар учун белгиланган профессор-ўқитувчилар таркиби лавозимларига тайинланадиган педагог ходимлар билан шартномалар бир йил муддатга тузилади.
6. Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Университетга кундузги, масофавий ва кечки таълим шаклининг бакалавриат ҳамда кундузги таълим шаклининг магистратура дастурлари бўйича умумий асосларда юриспруденция, психология ва иқтисодиёт соҳаларида кадрларни талабалар таркибига киритган ҳолда тайёрлаш ҳуқуқини бериш;
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
умумий асосларда кадрлар тайёрлашни тўлов-контракт асосида амалга ошириш ва битирувчиларга «захирадаги офицер» ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик бўйича диплом бериш.
7. Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида таълим йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, мазкур таълим йўналишлари (мутахассисликлари) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.
8. Қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
а) Миллий гвардия қўмондонига:
Университет курсантлари (талабалари) ва тингловчиларини ўқишдан четлаштириш ва уларни ўқишга тиклаш тартибини белгилаш;
Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда Университетда таълим йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхатига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, янги истиқболли йўналишлар (мутахассисликлар)ни киритиш;
б) Университет бошлиғига:
тўлов-контракт асосидаги ўқитиш маблағлари ҳисобидан Университетнинг иқтидорли курсант ва талабаларига қўшимча индивидуал стипендиялар тайинлаш;
ўқув жараёнига юқори илмий-педагогик маҳоратга эга бўлган, биринчи навбатда, илғор хорижий таълим муассасаларининг мутахассисларини соатбай ва узоқ муддатли ишлаш шартларида шартнома асосида жалб этиш ва меҳнат бозори конъюнктурасини инобатга олган ҳолда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш;
етакчи хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, шунингдек, кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича тўғридан-тўғри меморандум ва битимларни тузиш;
халқаро ҳамкорлик ва икки томонлама шартномалар доирасида хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни белгиланган тартибда ташкил этиш;
профессор-ўқитувчилар таркибининг амалий стажировка ўташ жойи ва идорасини мустақил белгилаш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) Университетга:
илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш учун зарур бўлган статистик ва бошқа ахборотларни давлат органлари, вазирлик ҳамда идоралардан беғараз асосда сўраб олиш;
илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишлари доирасида Қуролли Кучлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ҳамда унинг тасарруфидаги корхоналарнинг моддий-техник воситалари ва лаборатория ускуналаридан беғараз фойдаланиш, шунингдек, ҳамкорликда тажриба-синов ишларини амалга ошириш;
жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида шартнома асосида экспертлик, илмий-тадқиқот ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа пуллик хизматлар кўрсатиш;
илмий-ишлаб чиқариш лабораториясида илмий тадқиқот натижалари асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида махсус воситалар, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар), робототехника мажмуалари, дастурий таъминотлар, техника воситалари намуналарини ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш;
Университетнинг Жамоат хавфсизлиги масалалари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар институти ходимларига хизмат фаолияти самарадорлиги кўрсаткичи (KPI) асосида ҳар ойлик индивидуал устамаларни Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб бориш.
Университетнинг Жамоат хавфсизлиги масалалари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар институти бошлиғи ва ўринбосарига Университет бошлиғи ўринбосарларига, институтнинг марказ бошлиқларига Илмий-амалий-тадқиқотлар маркази бошлиғига, институт катта илмий ходимларига кафедра ўқитувчиларига белгиланган моддий-молиявий таъминот меъёрлари ҳамда қўшимча коэффициент миқдорлари қўлланилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарорига асосан «в» кичик банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
9. Белгилаб қўйилсинки:
Университетда амалдаги ўқув дастурлари бўйича ўқитиш улар муқаддам ўрнатилган тартибда якунлангунига қадар сақланиб қолади;
Университетда тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ҳар йили Васийлик кенгаши томонидан белгиланади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тўлов контракт асосидаги таълим, мол-мулкни ижарага бериш, пуллик курсларни ташкил этиш ва бошқа хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар Университетнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига йўналтирилади. Бунда мазкур маблағларнинг камида 50 фоизи ўқув жараёнига шартнома асосида малакали мутахассисларни жалб қилиш, халқаро ва республика даражасидаги тадбирларни ташкил этиш (шу жумладан, хакатонлар, стартаплар ўтказиш ва ғолиб лойиҳаларни молиялаштиришга), шахсий таркибни ҳар ойлик моддий рағбатлантириш ва устама тўлашга, қолган қисми ўқув моддий-техник базани ривожлантиришга ва сақлаб туришга, рақамли инфратузилмани ривожлантиришга ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мақсадларга йўналтирилади;
(9-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
Университетнинг хизматчилар ҳисобланган бошқарув ва профессор-ўқитувчилар таркибидаги ходимларига аввалги иш жойи бўйича берилган мартаба даражалари учун белгиланган устама ҳақлари (мавжуд бўлса) сақланиб қолади;
Университетнинг хизматчилар ҳисобланган бошқарув, илмий ва профессор-ўқитувчилар таркибидаги лавозимларига тегишинча Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги «Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 164-сон ва 2009 йил 18 августдаги «Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 233-сон қарорлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий лавозим маошлари қўлланилади.
10. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х. Камилов), Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси (А.Ш. Бекмуродов), Университетга:
мунтазам равишда илмий ва профессор-ўқитувчилар таркибининг етакчи хорижий таълим муассасаларида малака оширишини, шу жумладан иқтидорли ҳарбий хизматчиларни магистратура ва докторантурага ўқишга юборишни ташкил этиш, шунингдек, ўқув жараёнига уларнинг юқори малакали мутахассисларини кенг жалб этиш;
етакчи хорижий таълим, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий муассасалар билан ўзаро халқаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва битимларни тайёрлаш ҳамда тузиш;
Университетнинг буюртмаларига кўра, мазкур қарор доирасида жалб этиладиган Университет профессор-ўқитувчилар таркибидаги хорижий фуқароларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан кириш визаларини расмийлаштиришга кўмаклашсин.
11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Хусанов) Университетнинг буюртмаларига кўра, Ўзбекистон Республикасига хорижий мутахассисларни жалб этишга рухсатномани бериш (узайтириш)ни, шунингдек, мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар бериш (узайтириш)ни таъминласин.
Ички ишлар вазирлиги (Н.С. Тураходжаев) Университетнинг буюртмаларига кўра, мазкур қарор доирасида жалб этиладиган хорижий фуқароларга кўп марталик визалар берилишини ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойи бўйича вақтинча рўйхатга олинишини ва муддати узайтирилишини ўрнатилган тартибда таъминласин.
12. Миллий гвардия (Р.М. Жўраев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х. Тошкулов) ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
бир ой муддатда Университетда мақсадли ситуацион-иммитацион полигонларни ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) Миллий гвардиянинг асослантирилган буюртмаларига асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб:
мазкур қарорни инобатга олган ҳолда Давлат бюджети харажатлари параметрида Университетни сақлаб туриш учун зарур ажратмалар;
тузиладиган шартномалар асосида Университетнинг ўқув жараёнига малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш учун пул маблағлари ажратилишини назарда тутсин.
14. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Миллий гвардия қўмондони Р.М. Жўраев белгилансин.
Мазкур қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 15 апрель,
ПҚ-5077-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5077-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг Васийлик кенгаши
ТАРКИБИ

В.В. Махмудов

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Васийлик кенгаши раиси

Д.Б. Кадиров

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти бошлиғи, Васийлик кенгаши раиси ўринбосари

Б.Х. Ташматов

Миллий гвардия қўмондони

А.А. Ташпулатов

ички ишлар вазири

Н.Т. Йўлдошев

Бош прокурор

Б.Н. Курбанов

Давлат хавфсизлик хизмати раиси

Ш.Г. Халмухамедов

мудофаа вазири

А.Д. Ташкулов

адлия вазири

К.А. Шарипов

олий таълим, фан ва инновациялар вазири

Лавозими бўйича

Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5077-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетидаги таълим мутахассисликлари (йўналишлари)
РЎЙХАТИ

Т/р

Мутахассислик (йўналиш) номи

Бериладиган малака

Таълим шакли

Ўқиш муддати

I. Бакалавриат

1.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолияти

соҳалар бўйича менежер

кундузги

4 йил

2.

Психология:

«Хизмат фаолиятини психологик таъминлаш»

психолог

кундузги,

масофавий

4 йил,

4/5 йил*

3.

Юриспруденция:

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти»

«Жамоат тартибини сақлаш фаолияти»

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги фаолияти»

«Қўриқлаш фаолияти»

«Жамоат тартибини ҳуқуқий таъминлаш фаолияти»

юрист

кундузги

3 йил

4.

Юриспруденция:

«Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлаш»

юрист

масофавий

4/5 йил*

5.

Иқтисодиёт:

«Иқтисодий хавфсизлик»

иқтисодчи

кундузги

4 йил

6.

Интеллектуал хавфсизлик тизимининг муҳандислик фаолияти

муҳандис

кундузги

4 йил

7.

Юриспруденция**

юрист

кундузги,

масофавий,

кечки

4 йил

4/5 йил*

4 йил

8.

Психология**

психолог

кундузги,

масофавий,

кечки

4 йил

4/5 йил*

4 йил

9.

Иқтисодиёт**

иқтисодчи

кундузги,

масофавий,

кечки

4 йил

4/5 йил*

4 йил

II. Магистратура

10.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш ****

юрист

кундузги

1 йил

11.

Психология:***

«Психологик фаолиятни ташкил этиш»

психолог

кундузги

1 йил

12.

Интеллектуал хавфсизлик тизимининг қўмондонлик-муҳандислик фаолияти***

Тизим муҳандиси

кундузги

1 йил

13.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг махсус-тактик фаолияти***

соҳалар бўйича менежер

кундузги

1 йил

14.

Иқтисодиёт:

«Иқтисодий хавфсизликни ташкил этиш фаолияти»

иқтисодчи

кундузги

1 йил

15.

Юриспруденция**

юрист

кундузги

масофавий

кечки

1 йил

1,5 йил

1,5 йил

16.

Психология**

психолог

кундузги

масофавий

кечки

1 йил

1,5 йил

1,5 йил

17.

Иқтисодиёт**

иқтисодчи

кундузги

масофавий

кечки

1 йил

1,5 йил

1,5 йил

* олий маълумотга эга бўлмаганлар учун 4 йил, олий маълумотга эга бўлганлар учун 3 йил;
** кадрларни умумфуқаровий асосда тайёрлаш;
*** Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари учун;
**** Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари (ҳарбий хизматчилари) учун давлат гранти ҳисобидан ўқитилади.
Изоҳ: Миллий гвардия қўмондонига Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда мутахассислик йўналишларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги ПҚ-302-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.04.2021 й., 07/21/5077/0348-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.05.2022 й., 07/22/241/0408-сон; 04.09.2026 й., 07/26/302/0885-сон; 07.09.2026 й., 07/26/303/0895-сон)