Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ислом тараққиёт банки иштирокида «Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларини оқова сув хизматлари билан қамраб олиш даражасини янада ошириш, шунингдек, ушбу шаҳарларда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
2016 йил 13 декабрда Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки (кейинги ўринларда ИТБ деб аталади) ўртасида «Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига 57,5 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий маблағлар бериш тўғрисида Истиснаъа битими ва Истиснаъа агентлиги битими имзоланди.
лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши эквивалентда 18,04 млн АҚШ долларини ташкил этади, шундан эквивалентда 14,7 млн АҚШ доллари миқдорида солиқ ва божхона имтиёзлари бериш шаклида;
лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2017 — 2021 йиллар) ташкил этади.
2. Белгилаб қўйилсинки:
«Коммунхизмат» агентлиги ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги лойиҳани амалга ошириш, ИТБ маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи органлар ҳисобланади;
Сирдарё вилояти «Сувоқова» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда — Сирдарё вилояти «Сувоқова» ДУК) лойиҳани техник амалга ошириш бўйича ижро этувчи агентлик ҳисобланади;
ИТБ томонидан ажратиладиган молиявий маблағларни, шу жумладан устама ҳақни қайтариш билан боғлиқ харажатлар Сирдарё вилоятининг «Сувоқова» ДУК ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси, «Коммунхизмат» агентлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Сирдарё вилоятининг «Сувоқова» ДУК ўртасида ИТБнинг молиявий маблағларини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва ИТБ ўртасида тузилган Истиснаъа агентлиги битимини ҳисобга олган ҳолда Истиснаъа битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
5. Қуйидагилар:
«Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
«Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳаси бўйича ИТБнинг жалб этилаётган молиявий маблағларини қайтаришнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ;
«Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳаси бўйича ИТБнинг жалб этилаётган молиявий маблағларига хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш улушларини олдиндан тақсимлаш 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 3 иловалар берилмайди.
6. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, «Коммунхизмат» агентлиги бош директори, Сирдарё вилояти ҳокими ва Сирдарё вилояти «Сувоқова» ДУК директори зиммасига:
лойиҳани техник-иқтисодий асослашнинг тасдиқланадиган техник-иқтисодий параметрларига мувофиқ лойиҳанинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган ташкилий-техник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши;
ИТБнинг молиявий маблағларидан ва лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш;
Ўзбекистон Республикаси, «Коммунхизмат» агентлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Сирдарё вилоятининг «Сувоқова» ДУК ўртасидаги «Истиснаъа» агентлиги битими ва ИТБнинг молиявий маблағларини қайта кредитлаш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ ИТБнинг молиявий маблағларини қайтариш учун зарур бўлган маблағларнинг, шу жумладан устама ҳақнинг ўз вақтида жамланишини таъминлаш.
7. «Коммунхизмат» агентлиги лойиҳани амалга ошириш даврида Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг Лойиҳаларни бошқариш гуруҳини ташкил этсин ва унга ИТБ иштирокидаги «Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини ҳамда Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК жамғармаси иштирокидаги «Самарқанд вилояти Қўшработ тумани қишлоқ аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасини мувофиқлаштириш ва бошқариш функцияларини юкласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳар йили «Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг келгуси йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласинлар, бунда лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасининг улушини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини шакллантиришда 2022 йилдан бошлаб Сирдарё вилояти «Сувоқова» ДУКнинг ўз маблағларига қўшимча равишда ИТБнинг молиявий маблағларини қайтариш учун зарур маблағларни, шу жумладан устамаларни назарда тутсин.
10. «Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
ИТБ маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари қўшилган қиймат солиғидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ИТБ маблағлари ҳисобига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари);
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслар — юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлашдан;
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган жисмоний шахслар — жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилсин.
Қуйидагилар белгилансин:
кўрсатиб ўтилган имтиёзлар берилиши натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаси ҳисобланади;
ушбу бандда назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиши лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарларга (ишлар ва хизматларга) татбиқ этилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Коммунхизмат» агентлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Коммунхизмат» агентлиги ва Сирдарё вилояти «Сувоқова» ДУК буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга давлат божи ундирмасдан кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Коммунхизмат» агентлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларни жалб этишга рухсатномалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар белгиланган тартибда берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси «Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилишини ва лойиҳани амалга ошириш доирасида табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминласин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 27 февраль,
ПҚ-2798-сон