1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.04.00.00 Миллий иқтисодни ҳимоя қилиш борасида давлатнинг чора-тадбирлари / 10.04.03.00 Экспортни қуллаб-қувватлаш]
[ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Экспорт ва импорт]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 ноябрдаги ПҚ-4525-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки:
ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан қоплаб берилади;
ваколатли органларнинг 2020 йил 1 январдан бошлаб берилган зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Агентликнинг буюртманомаларига асосан ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сон қарорига мувофиқ назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси экспортга расмийлаштирилиши лозим бўлган мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмлари тўғрисидаги маълумотларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали Агентликка тақдим этиб борсин.
Агентлик Ташқи иқтисодий маълумотлар порталини бир ой муддатда «Ягона дарча» божхона ахборот тизими билан интеграциялаштириш ишларини амалга оширсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига Агентликка Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан фойдаланишга рухсат бериш тавсия қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 20 март,
175-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 мартдаги 175-сон қарорига ИЛОВА
Ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли органлар — «Ўзстандарт» агентлигининг «UzTest» давлат корхонаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, «Ўзбекэкпертиза» АЖ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази» МЧЖ;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.01.2025 й., 09/25/20/0054-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 22 апрель)
экспорт қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган, маҳсулотларни хорижий давлатлардаги харидорларга экспорт шартномаларига (инвойсга) асосан сотувчи, шунингдек, экспорт ва (ёки) воситачилик шартномаларига асосан юк жўнатувчи тадбиркорлик субъекти, шу жумладан, унинг ваколатли вакили;
мева-сабзавот маҳсулотлари — сабзавотлар, мевалар, дуккакли, ёнғоқ, узум ва полиз маҳсулотлари, музлатилган, қуритилган сабзавот ва мевалар (ТИФ ТН бўйича товар коди 07, 08, 0904, 1202);
тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмлари — калава ип, газлама ва матолар, трикотаж матолар, тикув ва трикотаж буюмлари, гиламлар, пайпоқларнинг барча турлари (ТИФ ТН бўйича товар коди 5002, 5003 (фақат ипак момиғи экспорти учун), 5004 — 5007, 5111 — 5113, 5208 — 5212, 5309 — 5311, 54, 5512 — 5516, 56, 57, 58, 59, 60, 61, 62, 63);
мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатлар — мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса, фитосанитар сертификати, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат.
3. Қуйидаги ҳолларда ваколатли органлар томонидан берилган рухсатнома ва сертификатлар учун тўловлар экспорт қилувчи ташкилот томонидан тўланади:
ваколатли органлар томонидан аввал берилган, харажатлари Агентлик томонидан қоплаб берилган рухсатнома ва сертификатларни қайта расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар;
экспорт қилувчи ташкилот зарур рухсатнома ва сертификатлар олингандан кейин уч ой муддат ичида белгиланган маҳсулотлар экспорт қилинмаганида;
ваколатли органлар томонидан ушбу Низомда назарда тутилган маҳсулотлар билан бирга бошқа бир маҳсулотлар учун ҳам битта зарур рухсатнома ва сертификат берилганда.
4. Агентлик томонидан ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш учун экспорт қилувчи ташкилот Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатига олинган бўлиши зарур.
2-боб. Ваколатли органларнинг харажатларини қоплаб бериш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва уларни кўриб чиқиш тартиби
5. Ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
6. Ваколатли органлар томонидан Агентликка ҳар ҳафтанинг жума куни қуйидаги ҳужжатлар умумлаштирилган ҳолда тақдим этилади:
берилган сертификат ва рухсатномаларнинг рўйхати, берилган санаси, нархи, экспорт қилувчи ташкилотнинг номи, маҳсулот тури ва Солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган реестри.
Тақдим этилган реестр бўйича маълумотлар хаққонийлигига ваколатли органлар масъул ҳисобланади.
7. Ваколатли органлардан ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан бошқа ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.
8. Ваколатли органлар компенсация олиш учун аризани Агентликка тўғридан-тўғри, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан, Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади.
9. Ваколатли органлар томонидан компенсация олиш учун ариза Агентликка тўғридан-тўғри тақдим этилган тақдирда, ушбу Низомнинг 6-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолларда ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
10. Ваколатли органлар томонидан компенсация олиш учун ариза Агентликка почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан, Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали тақдим этилганда, аммо ариза билан бирга ушбу Низомнинг 6-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, Агентлик бир иш куни давомида ҳужжатларни Агентликнинг мансабдор шахслари имзолаган ва рад этиш сабаблари кўрсатилган асосли хулоса билан бирга ваколатли органларга қайтаради.
11. Ушбу Низомнинг 6-бандида қайд этилган ҳужжатлар билан бирга тўлиқ тақдим этилган аризалар Агентлик томонидан уч иш куни давомида кўриб чиқилади ва харажатларни қоплаб бериш юзасидан хулоса қабул қилинади.
12. Агентлик ваколатли органлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида кўрсатилган талаблар ва шартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқади.
13. Агентлик ваколатли органлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида кўрсатилган талаблар ва шартларга мувофиқлигини ахборот тизимлари, шу жумладан, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими ва «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали ҳамда сўровномалар юбориб, жавоблар олиш орқали ўрганиб чиқиши мумкин.
3-боб. Ваколатли органларнинг харажатларини қоплаб беришни рад этиш
14. Ваколатли органлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва нотўғри маълумотлар мавжудлиги ёки маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳолатларининг аниқланиши, берилган зарур рухсатнома ва сертификатлар ўрнатилган тартибда божхона юк декларацияси асосида расмийлаштирилмаганлиги ваколатли органларга харажатларни қоплаб беришни рад этиш тўғрисида хулоса бериш учун асос бўлади.
15. Ушбу Низом талабларидан бошқа асосларга кўра, ваколатли органларга харажатларнинг қоплаб берилишини рад этиш тўғрисида хулоса берилишига йўл қўйилмайди.
16. Ваколатли органлар рад этиш тўғрисида хулоса олингандан кейин кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда, харажатларни қоплаш бўйича маблағлар олиш учун Агентликка ариза билан ўн иш куни давомида қайта мурожаат қилишга ҳақли.
Аризани қайта кўриб чиқишда Агентлик томонидан рад этишнинг аввал ёзма равишда айтилмаган сабабларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.
4-боб. Ваколатли органларнинг харажатларини қоплаш учун тўловларни амалга ошириш тартиби
17. Ваколатли органларнинг харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сон қарори доирасида Агентликка Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади (агар ваколатли органлар қўшимча қиймат солиғи тўловчиси бўлса, қилинган харажатлар қўшимча қиймат солиғи ставкаси билан кўрсатилади ва қопланади).
18. Ваколатли органлар молиявий йилнинг III чораги якунига қадар кейинги молиявий йил учун Агентликка бюджет прогнози бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этади.
19. Ҳар бир молиявий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сон қарорига мувофиқ Агентликнинг тасдиқланган смета бўйича буюртманомаси олинган кундан бошлаб уч банк иш куни мобайнида Агентликни молиялаштиради.
Молиявий йил давомида ваколатли органлар тақдим этган аризаларга мувофиқ молиялаштириш зарурлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган сметага тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
20. Молия йили якуни бўйича Агентлик шахсий ғазна ҳисобварағида фойдаланилмай қолган бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади.
21. Агентлик ваколатли органларнинг зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш юзасидан хулоса қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни давомида компенсация маблағларини ажратиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига буюртманома тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тақдим этилган буюртманомаларга мувофиқ уч иш куни давомида компенсация маблағларини Агентликнинг ҳисобварағига ўтказиб беради.
Агентлик ҳисобварағига компенсация маблағлари тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида харажатларни қоплаш учун компенсация маблағларини ваколатли органларнинг ҳисобварағига ўтказиб беради.
22. Агентлик ва ваколатли органлар ҳар ой якуни билан мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатлар ҳамда уларни қоплаш учун ажратилган маблағлар юзасидан ўзаро таққослаш далолатномаларини расмийлаштиради.
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
24. Бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Агентликка юкланади.
25. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ушбу Низомга мувофиқ ваколатли органларга мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш бўйича Агентлик фаолиятининг самарадорлигини мониторинг қилади ва ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ахборот киритади.
Ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
Ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш
берилган сертификат ва рухсатномаларнинг рўйхати, берилган санаси, нархи, экспорт қилувчи ташкилотнинг номи, маҳсулот тури ва Солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган реестри.
Ҳар ҳафтанинг жума куни
2-босқич
Экспортни рағбатлантириш агентлиги
1. Ҳужжатларни кўриб чиқиш, ваколатли органларнинг зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш юзасидан хулоса қабул қилиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига буюртманома юбориш.
Ариза қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни давомида
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 январдаги 20-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.01.2025 й., 09/25/20/0054-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 22 апрель)
Ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига _____________________________ дан
(ваколатли органнинг номи)
Ариза
__________________________________________________________________ томонидан мева-сабзавотлар,
(ваколатли органнинг номи)
тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни реестрга мувофиқ қоплаб бериш масаласини кўриб чиқишингизни ва тегишли компенсация тўловини бизнинг _________________________ ҳисобвараққа ўтказиб беришингизни сўраймиз.
(ҳисобварақ)
Аризага берилган сертификат ва рухсатномаларнинг рўйхати, санаси, нархи, экспорт қилувчи ташкилотнинг номи, маҳсулот тури ва Солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган реестри илова қилинмоқда.
____________ раҳбари
__________________
(Ф.И.О.)
Боғланиш учун телефон: +998 (___)___________________
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.03.2020 й., 09/20/175/0357-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 21.01.2025 й., 09/25/20/0054-сон)