Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобига қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПҚ-4143-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобига қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 24 май,
429-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 майдаги 429-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш, бошқариш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг (кейинги ўринларда Транспорт вазирлиги деб аталади) ғазначилик ҳисобварақларида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилларда йўловчилар ва юк ташишга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўлашдан олинган тушумларнинг 60 фоизи;
Транспорт вазирлигининг ҳудудий бошқармалари инспекторлари томонидан автомобиль ташувчилари соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида тузилган баённомалар бўйича ундириладиган жарима тўловлари тушумининг 60 фоизи;
темир йўл транспортида йўловчилар ва юк ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилганлиги учун давлат божининг 20 фоизи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
автомобиль ва темир йўл транспортида йўловчилар ва юк ташиш ҳуқуқи учун лицензия олишга берилган аризаларни кўриб чиқиш, шунингдек, халқаро автомобилда ташишларни амалга ошириш учун рухсатнома бланкалари берилганлиги учун йиғимларнинг 60 фоизи;
(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 710-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.10.2024 й., 09/24/710/0867-сон)
шаҳар, шаҳар атрофи ва вилоят ички шаҳарлараро йўналишларини йўлга қўйиш учун тендерларда иштирок этиш учун тўловларнинг 100 фоизи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш учун ундириладиган жарималар суммасининг 10 фоизи;
юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғимнинг 10 фоизи;
тадбиркорлик субъектларига тегишли ўлчов назорат шохобчалари қайд этган тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш учун ундириладиган жарималар суммасининг 15 фоизи;
тадбиркорлик субъектларига тегишли кўчма ўлчов назорат шохобчаларида ўрнатилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали аниқланган шохобчага кириш жойида тўла вазни 12 тоннадан юқори бўлган N3 ва О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларини йўналтирувчи йўл белгиларига риоя қилмаган ҳолда шохобча орқали ҳаракатланмаган юк автотранспорт воситалари учун қўлланилган жарима суммасининг 50 фоизи;
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 710-сонли қарорига асосан еттинчи — ўнинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.10.2024 й., 09/24/710/0867-сон)
«Ўзаэронавигация» маркази» ДК соф фойдасининг 5 фоизи;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари депозитларида жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари кредитлари (қарзлари) ва грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
транспорт соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
йўловчи автовокзаллари ва автостанцияларини, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тегишли бўлган умумий фойдаланишдаги фуқаролар қатнов йўлининг оралиқ тўхташ бекатларини (кейинги ўринларда инфратузилма объектлари деб аталади) қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш дастурлари;
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
Транспорт вазирлиги тузилмасидаги ихтисослаштирилган автотранспорт корхоналари учун янги автотранспорт воситаларини сотиб олиш, уларни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш (газ-баллон ускунасини, автотранспорт воситалари фаолиятини кузатиш тизимини ва бошқа шу каби ускуналарни ўрнатиш);
транспорт соҳасини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;
Транспорт вазирлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари, унинг тузилмасига кирадиган ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш, Транспорт вазирлигини сақлаш ва унинг моддий-техника базасини ривожлантириш харажатларини молиялаштириш.
5. Жамғарма маблағлари қонун ҳужжатларига мувофиқ Транспорт вазирлиги ҳайъатининг (кейинги ўринларда ҳайъат деб аталади) қарорига мувофиқ ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилмаган бошқа мақсадларга ҳам йўналтирилиши мумкин.
3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш
6. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш ҳайъат томонидан амалга оширилади.
7. Ҳайъат мажлиси унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса ҳақиқий ҳисобланади. Кўрилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарорлар баённомалар шаклида расмийлаштирилади.
8. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлашда қуйидагилар ҳайъатнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Жамғармага тушган маблағлар доирасида даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлаш;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;
Жамғарма маблағларини ушбу Низомда кўрсатилган мақсадларга йўналтириш (ажратиш) тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
чорак якунлари бўйича Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ижро этувчи органни шакллантириш (кейинги ўринларда Ижро этувчи орган деб аталади);
Жамғарма маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда дарҳол бартараф этиш, асосланмаган харажатлар ва етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чоралар кўриш.
9. Ҳайъат ўз фаолиятини Ижро этувчи орган орқали амалга оширади. Ижро этувчи орган таркиби транспорт вазирининг буйруғи билан тасдиқланади ва бухгалтерия бўлими ва Транспорт вазирлиги марказий аппаратининг тегишли бўлинмаларининг Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича лойиҳаларни шакллантириш билан шуғулланувчи мутахассисларидан иборат бўлади.
10. Қуйидагилар Ижро этувчи органнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича лойиҳаларни шакллантириш;
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича Транспорт вазирлигининг тегишли бўлинмалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотларидан тушган молиялаштириш бўйича буюртманомаларни кўриб чиқиш.
Лойиҳанинг ташаббускори лойиҳани иқтисодий асослаш учун масъул ҳисобланади.
11. Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилиши мўлжалланаётган лойиҳалар уларнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини баҳолаш учун Ижро этувчи орган томонидан Транспорт вазирлигининг Илмий-техник кенгашига экспертизага киритилади.
12. Транспорт вазирлигининг Илмий-техник кенгаши тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқади, уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини баҳолайди ва ўз қарорини баённома шаклида расмийлаштиради.
Транспорт вазирлиги Илмий-техник кенгашининг лойиҳани молиялаштириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги қарори лойиҳани кўриб чиқиш учун ҳайъатга тақдим этишга асос ҳисобланади.
13. Ҳайъат Ижро этувчи орган томонидан тақдим қилинган лойиҳаларни кўриб чиқади ва лойиҳани Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш ёки лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги ва иқтисодий самарадорлиги етарли асосланмаган тақдирда молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ҳужжатлар қайта ишлаш ёки уларнинг мақсадга мувофиқлигини қўшимча баҳолаш учун Ижро этувчи органга қайтарилади.
14. Ҳайъатнинг лойиҳани Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш тўғрисидаги қарори асосида Транспорт вазирлигининг бухгалтерия бўлими Жамғарманинг дастлабки сметасини ишлаб чиқади.
Транспорт вазирлигининг бухгалтерия бўлими Жамғарманинг дастлабки сметасини тузишда:
келгуси йилда Жамғармага пул маблағлари тушумининг умумий ҳажмини белгилайди;
прогнозлаштирилаётган йил бошида Жамғарма маблағлари қолдиғини ва йил давомида прогнозлаштирилаётган тушумлар ва харажатлар ҳажмини ҳисобга олади.
Транспорт вазирлигининг бухгалтерия бўлими томонидан тузилган Жамғарманинг дастлабки сметаси ҳайъат томонидан кўриб чиқилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан йўналишлар бўйича фойдаланиш шартлари
1-§. Илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш
15. Илмий-тадқиқот ишларини молиялаштиришда Ижро этувчи орган томонидан қуйидаги талабларга жавоб берувчи лойиҳалар танлаб олинади:
транспорт хизматлари хавфсизлигини таъминлашнинг илғор инновацион технологияларини жорий қилиш;
юқори сифатли транспорт хизматлари, назарий-методик ҳужжатлар ва автомобиль транспорти стандартларининг иқтисодий-математик моделлаштирилиши (оптимизация);
асосан янги техника, технология ва материалларнинг муайян турларини яратишга йўналтирилган лойиҳалар ёки комплекс назарий ёки эксперементал тадқиқотлар жараёнида амалий натижаларга эришиш.
2-§. Инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш
16. Инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг йиллик ҳажмлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3589-сон қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва топшириқлари билан тасдиқланган параметрлар асосида шакллантирилади.
17. Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳа-қидирув ишларининг манзилли рўйхатларини шакллантириш, инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 июлдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун лойиҳа-тадқиқот ишларининг манзилли рўйхатларини шакллантириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Ижро этувчи орган томонидан амалга оширилади.
18. Инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун пудратчи ташкилотларни аниқлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
19. Инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун пудратчи ташкилотларни молиялаштириш (тўловларни амалга ошириш) Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарори билан тасдиқланган Марказлаштирилган маблағлар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
20. Mанзилли рўйхатларга киритилган инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари, ажратилган молиялаштириш маблағларининг мақсадли ишлатилиши, бажарилган ишларнинг ҳажми ва сифати Транспорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.
21. Инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли рўйхатларига йил давомида қўшимча объектларни киритишга авария ҳолатларида ва молиялаштириш маблағлари мавжуд бўлганда рухсат берилади.
3-§. Автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун маблағлар ажратиш
22. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган автотранспорт воситаларини янгилаш (сотиб олиш) параметрлари доирасида автомобиль транспорти ташувчиларига автотранспорт воситалари сотиб олиш учун шартнома асосида қайтариш шарти билан маблағ ажратилади.
23. Жамғарма маблағларини олиш учун автомобиль транспорти ташувчиси Транспорт вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
Жамғарма маблағларини олиш учун буюртманома;
пул маблағларини сарфлаш йўналишлари кўрсатилган бизнес-режа;
учинчи юридик шахсдан кафиллик шартномаси;
солиқ органлари томонидан тасдиқланган сўнгги ҳисобот давридаги молия ҳисоботи шакллари, янги тузилган хўжалик субъектлари бундан мустасно;
24. Маблағларни олиш учун Транспорт вазирлиги ва олувчи ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда икки томонлама шартнома тузилади.
4-§. Транспорт соҳасини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш учун маблағ ажратиш
25. Транспорт соҳасини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш учун маблағлар Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси доирасида ажратилади.
26. Транспорт соҳасини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш учун маблағ ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3589-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспорти бошқарув тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури доирасида амалга оширилади.
5-§. Транспорт вазирлиги ходимларини моддий рағбатлантиришни молиялаштириш, моддий-техника базани ривожлантириш ва бошқа харажатлар
27. Транспорт вазирлиги ходимларини моддий рағбатлантиришга харажатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобига Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тартибига мувофиқ амалга оширилади.
28. Транспорт вазирлигини сақлаш харажатларига:
жорий харажатларни;
моддий-техника базани ривожлантириш харажатларини;
Ўзбекистон Республикасида ва хорижий давлатларда Транспорт вазирлиги томонидан ташкил этиладиган бизнес-форумлар, семинарлар, кўргазмаларни ўтказиш харажатларини;
йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш ҳуқуқига лицензия олиш учун берилган аризаларни кўриб чиқиш, эълонлар бўйича харажатларни ҳисобга олган ҳолда рухсатномалар бланкалари ва тендер ҳужжатлари тўпламларини тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича уларни тайёрлаш харажатларини;
халқаро автомобилда ташиш масалалари бўйича қўшма/аралаш комиссиялар мажлисларини ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш харажатлари, ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини амалга ошириш доирасида вакиллик харажатларини;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассислари ва экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш харажатларини ўз ичига олади.
Барча харажатлар Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси доирасида молиялаштирилади.
29. Экология, соғломлаштириш ва хайрия ташкилотлари, маданият ва соғлиқни сақлаш муассасалари, меҳнат органлари, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органлари учун ҳомийлик ва хайрия ёрдами шаклидаги субсидиялар, тўловлар, маблағлар фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига мувофиқ ажратилади.
30. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3584-сон қарорининг 3-бандига асосан ихтисослаштирилган компаниялар томонидан жалб қилинган кредитларни қайтаришга ва харажатларни қоплашга йўналтириладиган, улар бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлаш билан боғлиқ бўлган маблағлар Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси доирасида ажратилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
31. Жамғарманинг жорий йилда сарфланмаган маблағлари кейинги йилга ўтказилади ва қайтариб олинмайди.
32. Транспорт вазирлигининг ҳайъати ва бош бухгалтери Жамғарма маблағларининг қонунийлиги ва мақсадли йўналтирилиши учун жавоб беради.
33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 майдаги 429-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобига қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари (кейинги ўринларда Транспорт вазирлиги деб аталади) ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш (кейинги ўринларда моддий рағбатлантириш деб аталади) самарадорлик, бажарилаётган иш сифати оширилишидан уларнинг моддий ва маънавий манфаатдорлигини ошириш, уларга юкланган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатилишини рағбатлантириш, меҳнат ва ижро интизомини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ушбу Низом Транспорт вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ходимларига жорий қилинади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 668-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/668/0945-сон)
2-боб. Моддий рағбатлантиришни амалга ошириш тартиби
4. Моддий рағбатлантириш тўғрисидаги қарор Транспорт вазирлиги ходимларини моддий рағбатлантириш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.
Комиссия таркиби ва унинг иши регламенти Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан тасдиқланади (кейинги ўринларда транспорт вазири деб аталади).
5. Транспорт вазирлиги ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар Комиссиянинг кўриб чиқиши учун:
транспорт вазири ўринбосарлари томонидан — Транспорт вазирлиги фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида мутасаддилик қилинадиган тегишли таркибий бўлинмалар раҳбарларига нисбатан;
таркибий бўлинмалар раҳбарлари томонидан — Транспорт вазирлиги фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида транспорт вазирининг мутасаддилик қиладиган ўринбосарлари билан келишган ҳолда бўлинмалар тегишли ходимлари юзасидан киритилади.
6. Моддий рағбатлантириш:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар ҳисобига;
ходимнинг ҳақиқатда ишлаган вақтидан келиб чиқиб амалга оширилади (вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва/ёки меҳнат таътили кунларини ҳисобга олмаган ҳолда) ва иш ҳақининг ўртача миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинади.
7. Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари учун моддий рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари амалга оширилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) ҳар ойлик озиқ-овқат учун харажатларни қоплаш бўйича тўловлар — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;
(7-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) ҳар ойлик йўлкира учун харажатларни қоплаш бўйича тўловлар — Транспорт вазирлигининг хизмат автотранспорти бириктирилган ходимларидан ташқари барча ходимлари учун базавий ҳисоблаш миқдорида;
(7-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
в) ойлик ва чораклик мукофот пуллари — бир лавозим маошигача бўлган миқдорда (меҳнатни рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда);
г) тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 200 фоизгача бўлган миқдорда ҳар ойлик устама;
д) байрам кунлари муносабати билан бериладиган мукофотлар — бир лавозим маошгача бўлган миқдорда (меҳнатни рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда), ҳақиқатда ишланган вақтдан қатъи назар харажатлар сметасида ушбу мақсадлар учун тасдиқланган сумма доирасида;
е) қонун ҳужжатларида белгиланган ходимларнинг алоҳида тоифаларига устамалар.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ойлик фонди миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари билан бир қаторда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчиларининг лавозим маошларига устамалар (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) ҳисобга олинади.
Ҳар ойлик устамалар миқдори Комиссия томонидан ҳар ойда Транспорт вазирлиги ходимининг шахсий ҳиссасини баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
8. Комиссиянинг қарори билан бир марталик рағбатлантириш, ижтимоий, компенсация тўловлари ва тақдирлашларнинг қуйидаги турлари амалга оширилиши мумкин:
а) ходимнинг 50, 60 ёшга тўлиши — икки лавозим маошигача;
б) ходимнинг меҳнат пенсиясига чиқиши — икки лавозим маошигача;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) ходимнинг, шунингдек, унинг болаларининг турмуш қуриши — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача;
(8-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
г) моддий ёрдам — йилига бир лавозим маоши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
д) ходимнинг яқин қариндошлари ёки ўзининг вафот этиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача.
(8-банд «д» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
Ходим вафот этган тақдирда моддий зарар (агар у ходим вафот этган йили бевосита ходимнинг ўзига берилмаган бўлса) турмуш ўртоғига тўланади, у йўқ бўлса ходим билан яшаган вояга етган болалари ёки қонуний вакилларига (васийлар, ҳомийларга) ёхуд вояга етмаган болаларни (ёшидан қатъи назар болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар) фарзандликка олганларга, шунингдек, ходимларнинг қарамоғидаги шахсларга, ёки агар ходим турмуш қурмаган бўлса ва болалари бўлмаса тенг қисмда ота-онасига берилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
е) куз-қиш мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача;
(8-банднинг «е» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
ж) даволаш муассасаларига, дам олиш, санаторийлар, пансионатлар, туризм базалари ва болалар соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматининг қисман компенсацияси — улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.
Транспорт вазирининг қарори билан ходимларга бошқа турдаги шахсий ижтимоий рағбатлантириш амалга оширилиши мумкин.
9. Ушбу бўлимда назарда тутилган тўловларнинг барча турлари Жамғарманинг тасдиқланган харажатлар сметаси маблағлари ҳисобига, уларнинг ҳақиқатда мавжудлигидан ва Транспорт вазирлигининг молиявий-иқтисодий фаолияти кўрсаткичларидан келиб чиқиб амалга оширилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
10. Комиссия аъзолари, Транспорт вазирлиги таркибий бўлинмалари раҳбарлари таркибий бўлинмалар тегишли ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритишда холис ёндашувни таъминлашлари керак.
11. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 майдаги 429-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида» 2017 йил 25 апрелдаги 238-сон қарорининг 6-банди учинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 17-сон, 300-модда) қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«ундириладиган жарималар суммасининг 60 фоизи Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасига ўтказилади».
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 9 апрелдаги 278-сон қарорига 1-илованинг 38-банди иккинчи-учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Лицензиялар берилганлиги учун давлат божи маблағлари Транспорт вазирлигининг махсус ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади ва қуйидаги тарзда тақсимланади:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасига;».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.05.2019 й., 09/19/429/3185-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 18.12.2023 й., 09/23/668/0945-сон; 31.10.2024 й., 09/24/710/0867-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)