Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЖАМОАТ ФОНДЛАРИ ТЎҒРИСИДА
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади жамоат фондларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Жамоат фондлари тўғрисидаги қонунчилик
(2-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамоат фондлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
(2-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ҳамда тугатилишининг ўзига хос хусусиятлари алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солинади.
(2-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 октябрдаги 5005-IV/КҚ-842-IV-сонли «Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қўшма қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жамоат фондлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Жамоат фонди тушунчаси
Юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилоти жамоат фонди (бундан буён матнда фонд деб юритилади) деб эътироф этилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 75-моддаси.
4-модда. Фондларнинг турлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасида халқаро, республика фондлари ҳамда маҳаллий фондлар ташкил этилади ва фаолият кўрсатади.
(4-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Халқаро фондларга фаолияти ўз уставларига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ва бир ёки ундан ортиқ чет давлатларнинг ҳудудига татбиқ этиладиган фондлар киради.
(4-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунининг 21-моддаси.
Фаолиятини ўз уставига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки икки ёҳуд ундан ортиқ вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудида амалга оширадиган фондлар республика фондлари жумласига киради.
Фаолиятини ўз уставига мувофиқ туман(лар), шаҳар(лар), вилоят ёки Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган фондлар маҳаллий фондлар жумласига киради.
5-модда. Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари
Фонд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва бошқа давлатларда ваколатхоналар очиши ҳамда филиаллар ташкил этиши мумкин.
Фонднинг ваколатхонаси фонднинг ўзи турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмасидир.
Фонднинг филиали фонднинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари фонд номидан иш кўради ҳамда уставда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши учун фонд олдида масъулдир.
(5-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Ваколатхоналар ва филиалларни фонд мол-мулк билан таъминлайди. Ваколатхона ва филиалнинг мол-мулки алоҳида балансда ҳамда фонднинг балансида ҳисобга олинади.
Фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари фонд бошқаруви томонидан тасдиқланган низом асосида фаолият кўрсатади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6-модда. Халқаро ҳамда чет эл фондларининг ваколатхоналари ва филиаллари
(6-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Халқаро ҳамда чет эл фондлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ўз ваколатхоналарини очиши ва филиалларини ташкил этиши мумкин.
(6-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 47-моддаси, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддаси, мазкур Қонуннинг 5-моддаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро фондларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган чет эл фондларининг ваколатхоналари ва филиаллари юридик шахс мақомига эга бўлиши керак.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Халқаро ҳамда чет эл фондларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ваколатхоналари ва филиалларига, қонунда бошқача қоидалар белгиланган бўлмаса, фондларнинг ташкил этилиши, фаолият юритиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган қоидалар татбиқ этилади.
(6-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 47-моддаси, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 92 — 97-моддалари, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунининг 49 — 54-моддалари, «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонуни 56-моддаси.
7-модда. Фондларнинг фаолияти кафолатлари
Ўзбекистон Республикасида фондларнинг фаолият эркинлиги, мулки дахлсизлиги ҳамда ишчанлик нуфузи ҳимояси кафолатланади.
Фондларнинг мол-мулки национализация, реквизация қилинмайди ва мусодара этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
 LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 202 — 204-моддаларига қаранг.
8-модда. Фондларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари
Фондларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари ижтимоий шериклик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосида кўрилади.
Давлат органлари фондларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайдилар, фондларнинг ижтимоий аҳамиятга молик дастурлари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашлари мумкин.
Давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг фондлар фаолиятига аралашишига, худди шунингдек фондларнинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
II. ФОНДНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
9-модда. Фондни ташкил этиш
Фонд муассисларнинг (муассиснинг) қарорига биноан ёки васиятнома бўйича ташкил этилиши мумкин.
10-модда. Фонд муассислари (муассиси)
Бир ёки бир нечта юридик ва (ёки) жисмоний шахс фонд муассислари (муассиси) бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилганлиги ёхуд фирибгарлик жиноятларини содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар фонд муассислари (муассиси) ёки раҳбар органи аъзолари бўлиши мумкин эмас.
(10-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд муассислари (муассиси) фонд уставини тасдиқлайди, фонд васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзоларини тайинлайди ҳамда ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.
(10-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
11-модда. Фонднинг васиятнома бўйича ташкил этилиши
Фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномада фонднинг мақсад ва вазифалари, унга ўтказилаётган мол-мулк ҳажми кўрсатилган ҳамда васиятномани ижро этувчи белгиланган бўлиши керак. Васиятномани ижро этувчи фонд васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзоларини, агар улар васиятномада номма-ном кўрсатилган бўлмаса, тайинлайди, шунингдек фонднинг ташкил этилиши билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни бажаради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар васиятномани ижро этувчи ўз зиммасига юклатилган ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортса ёки уларни амалга оширишга қодир бўлмаса, қонунчиликка мувофиқ васиятномани ижро этувчи янги шахс тайинланади.
(11-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1131-моддаси.
12-модда. Фонд устави
Фонд устави фонд муассислари (муассиси) томонидан тасдиқланади.
Фонд васиятнома бўйича ташкил этилган тақдирда, фонд устави васиятномани ижро этувчи томонидан васиятномага мувофиқ равишда тузилади.
Фонд уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
«жамоат фонди» деган сўзларни ўз ичига олган фонднинг номи;
фонднинг жойлашган ери (почта манзили);
фонднинг мақсад ва вазифалари;
фонд органларининг тузилиши, ваколатлари ва шакллантирилиш тартиби;
фонд органларининг мансабдор шахсларини тайинлаш (сайлаш) ва лавозимидан озод қилиш тартиби;
фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари, фонднинг, унинг ваколатхоналари ҳамда филиалларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
фонд ваколатхоналарини очиш ва филиалларини ташкил этиш тартиби;
фондни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;
фонд тугатилган тақдирда унинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби;
фонд уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд уставида фонднинг тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган рамзий белгисининг тавсифи, шунингдек қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.
(12-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 75-моддасининг учинчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Фондни ҳамда унинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш
(13-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фондни ҳамда унинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш адлия органлари (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
(13-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Халқаро, республика фондлари, шунингдек бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро фондларнинг ҳамда чет эл фондларининг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
Маҳаллий фондлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган фондларнинг ваколатхоналари ва филиаллари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(13-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар
(14-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Фондни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги, муассислар (муассис) ёки улар (у) ваколат берган шахслар (шахс) томонидан имзоланган, уларнинг (унинг) фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва яшаш жойи (почта манзили) кўрсатилган белгиланган шаклдаги ариза;
(14-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
агар фонд васиятнома бўйича ташкил этилаётган бўлса, васиятноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
таъсис йиғилишининг (съезди, конференциясининг) ёки муассиснинг (агар фонд бир юридик шахс томонидан ташкил этилаётган бўлса) фонд муассислари (муассиси) тўғрисидаги маълумотлар, фонднинг мақсад ва вазифалари кўрсатилган қарори (республика фонди учун тегишли ваколатхоналар ва филиалларни ташкил этиш, уларнинг раҳбар органлари ҳамда бошқа органлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади);
(14-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
фонд устави ёхуд фонднинг ваколатхонаси ёки филиал тўғрисидаги низом давлат тилида икки нусхада;
(14-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
жойлашган ери фонднинг почта манзили сифатида фойдаланилиши мўлжалланаётган кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
фондни ташкил этиш ташаббускорлари ёхуд унинг муассислари тўғрисидаги маълумотлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 февралдаги ЎРҚ-905-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2024 й., 03/24/905/0106-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-модда биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 февралдаги ЎРҚ-905-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2024 й., 03/24/905/0106-сон)
фонднинг дастлабки маблағлари шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар фондни ташкил этиш тўғрисида муассислар (муассис) томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилади. Агар фонд васиятнома бўйича ташкил этилаётган бўлса, мазкур ҳужжатлар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганидан кейин икки ой ичида тақдим этилади.
Қўшиб юбориш ва қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш йўли билан тузилаётган фондлар қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
қайта ташкил этилаётган фондга маълум бўлган барча кредиторлар ёзма равишда хабардор қилинганлигининг ва қайта ташкил этиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганлигининг тасдиқномаси;
қайта ташкил этилаётган фонднинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари, шу жумладан тарафлар низолашаётган мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган топшириш далолатномаси (қўшиб юборилган тақдирда);
давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, шунингдек ички ишлар органларининг фонднинг муҳри ва штампи йўқ қилиб ташланганлиги тўғрисидаги маълумотномаси (қўшиб юборилган тақдирда).
Бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро фондларнинг ҳамда чет эл фондларининг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилади:
фонд ваколатли органининг рўйхатга олиш тўғрисидаги аризаси;
ваколатхона ёки филиал тўғрисидаги, уни очишдан (ташкил этишдан) кўзланган мақсад ва вазифалар кўрсатилган, нотариал тасдиқланган, ўзбек ва рус тилларидаги низом (устав);
ваколатхона ёки филиал раҳбари номига бош ташкилот томонидан берилган, белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ишончнома;
бош ташкилотнинг устави ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги, уни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар кўрсатилган, белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган гувоҳномаси нусхалари;
бош ташкилотнинг Ўзбекистон Республикасида ваколатхона ёки филиал очиш (ташкил этиш) тўғрисидаги қарори (баённомаси), унда ваколатхонани очиш (филиални ташкил этиш) тўғрисидаги, унинг низомини (уставини) тасдиқлаш ҳақидаги, раҳбарини (раҳбарларини) тайинлаш тўғрисидаги белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган маълумотлар кўрсатилиши керак;
бош ташкилотнинг фаолияти тўғрисидаги белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ахборот;
ижарага берувчининг ваколатхона ёки филиал учун тегишли биноларни бериш тўғрисидаги розилик хати;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-модда тўртинчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 февралдаги ЎРҚ-905-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2024 й., 03/24/905/0106-сон)
ваколатхона ёки филиалнинг раҳбари ҳамда ходимлари тўғрисидаги, уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, касби, яшаш жойи ва телефон рақами кўрсатилган маълумотлар;
ваколатхона ёки филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги белгиланган шаклдаги декларация.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(14-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қарор
Фондни ёки унинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилган рўйхатдан ўтказувчи орган давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ёхуд давлат рўйхатидан ўтказишни рад қилиш ҳақида бир ой ичида қарор чиқариши шарт.
Рўйхатдан ўтказилган фондга, унинг ваколатхонаси ва филиалига, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро фонднинг ва чет эл фондининг ваколатхонасига ёки филиалига рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда фонднинг рўйхатдан ўтказувчи орган муҳри билан тасдиқланган, рўйхатга олинганлиги ҳақида белги қўйилган устави (низоми) берилади.
(15-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад қилиш асослари
Фондни, унинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш қонунда назарда тутилган ҳолларда рад қилиниши мумкин.
Давлат рўйхатидан ўтказишни рад қилиш асослантирилган бўлиши керак. Фондни, унинг ваколатхоналари ва филиалларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан давлат рўйхатидан ўтказишни рад қилишга йўл қўйилмайди.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг фондни, унинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказишни рад қилиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек мазкур органнинг давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини бузганлиги устидан судга шикоят қилиш мумкин.
(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
17-модда. Фонд уставига, фонд ваколатхоналари ҳамда филиалларининг низомларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш
Фонд уставига уставнинг ўзида назарда тутилган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд уставига киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар фонднинг васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга мазкур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган пайтдан эътиборан бир ойлик муддатда маълум қилинади. Фонд уставига киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар фондни қонунчиликда белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказишга сабаб бўлади.
(17-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг IV-боби.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд ваколатхоналари ва филиалларининг низомларига киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар фонд бошқаруви томонидан тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга мазкур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган пайтдан эътиборан бир ойлик муддатда маълум қилинади.
(17-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
III. ФОНДНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
18-модда. Фонднинг ҳуқуқлари
Фонд:
мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида мол-мулкли бўлишга;
фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузишга;
хайриялар, бадаллар, грантлар ва бошқа маблағлар олишга;
судда, бошқа органлар ва ташкилотларда ўз манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилишга;
оммавий ахборот воситалари таъсис этиш ва ноширлик фаолиятини амалга оширишга;
ўз фаолияти тўғрисида маълумотлар тарқатишга;
ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этишга;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига белгиланган тартибда таклифлар киритишга;
халқаро алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш ҳамда халқаро дастурлар ва лойиҳаларда иштирок этишга ҳақли.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(18-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
19-модда. Фонднинг мажбуриятлари
Фонд:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўз фаолиятини қонунчиликка ва фонднинг уставига мувофиқ амалга ошириши;
(19-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
фонд фаолиятининг ошкоралигини таъминлаши ва фонднинг мол-мулкидан фойдаланилиши тўғрисида ҳар йили ҳисоботлар эълон қилиши;
рўйхатдан ўтказувчи орган вакилларига фонд ўтказадиган тадбирларга эркин кириш имкониятини бериши;
ўз фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати ва давлат статистика органларига ҳисоботлар тақдим этиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
(19-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
IV. ФОНД ФАОЛИЯТИНИНГ ИҚТИСОДИЙ АСОСИ
20-модда. Фонднинг мол-мулки
Муассислар (муассис) ёки васият қилувчи томонидан фондга ўтказилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк фонднинг мулкидир.
Бинолар, иншоотлар, турар жойлар ва бошқа иморатлар, асбоб-ускуналар, инвентарь, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлар, қимматли қоғозлар ва ўзга мол-мулк фонднинг мулки бўлиши мумкин.
Фонд муассислари (муассиси) ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномани ижро этувчи фонднинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, фонд эса муассисларнинг (муассиснинг) ёки васиятномани ижро этувчининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(20-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Фонднинг мол-мулки муассислар ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва ундан фақат фонд уставида белгиланган мақсадлар ҳамда вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланилади.
Фонднинг мол-мулкидан гаров ёки мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг бошқа усули сифатида фойдаланилиши, шунингдек кредитлар бериш учун фойдаланилиши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
201-модда. Жамоат фондларини ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағларнинг энг кам миқдори
Қуйидагиларни ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағларнинг энг кам миқдори:
Олдинги таҳрирга қаранг.
халқаро ва республика жамоат фондлари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари миқдорида;
(201-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
маҳаллий жамоат фондлари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида бўлиши керак.
(201-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Жамоат фондларининг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари) учун дастлабки маблағларнинг энг кам миқдори мавжуд бўлиши талаб этилмайди.
Жамоат фондларини ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағларнинг энг кам миқдори давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида фақат пул шаклида шакллантирилган бўлиши лозим.
(201-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
21-модда. Фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари
Фонднинг мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилар бўлиши мумкин:
муассислар (муассис) томонидан бир йўла тўланадиган (ўтказиладиган) ёки мунтазам келиб турадиган пул ва бошқа тушумлар;
фонд васиятнома бўйича ташкил этилган тақдирда васият қилувчининг фондга ўтказилган мол-мулки;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;
юридик ва жисмоний шахслар, давлат, чет эл ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;
фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда);
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
(21-модданинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
22-модда. Фонднинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан ўз уставида белгиланган мақсадларга тўғри келадиган доирада шуғулланиши мумкин.
(22-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 75-моддаси.
Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари фонд томонидан фақат лицензия асосида амалга оширилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд тижорат ташкилотларининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этишга ҳақли эмас, бундан очиқ савдоларда акциядорлик жамиятларининг акцияларини сотиб олиш мустасно.
(22-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонднинг бир акциядорлик жамиятининг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши мазкур акциядорлик жамияти устав фонди (устав капитали) суммасининг йигирма фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Бунда акциядорлик жамиятларининг олинган акциялари умумий суммаси фонд активлари баланс қийматининг акциядорлик жамиятлари устав фондида (устав капиталида) иштирок этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинаётган санадаги йигирма фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
(22-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
23-модда. Фонднинг ўзига алоқадор шахслар билан муносабатлари
Фондга алоқадор шахслар қуйидагилардир:
фонд муассислари (муассиси) ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномани ижро этувчи;
фонд муассислари (муассиси) ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилганида васиятномани ижро этувчи билан яқин қариндошчилик ёки қуда-андачилик алоқалари бўлган шахслар, шунингдек мазкур муассисларнинг (муассиснинг) ёки васиятномани ижро этувчининг кредиторлари;
фонд муассислари (муассиси) бўлмиш юридик шахсларнинг иштирокчилари, кредиторлари, шунингдек улар билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган шахслар;
устав фондида (устав капиталида) фонднинг ўзи иштирок этаётган юридик шахслар ва уларнинг ходимлари, шунингдек мазкур ходимлар билан яқин қариндошчилик ёки қуда-андачилик алоқалари бўлган шахслар;
фонд васийлик кенгашининг аъзолари, фонд бошқарувининг раҳбари ва аъзолари, фонд тафтиш комиссиясининг аъзолари, фонднинг бошқа ходимлари, шунингдек улар билан яқин қариндошчилик ёки қуда-андачилик алоқалари бўлган шахслар.
Фонднинг ўзига алоқадор шахслар билан битимлар тузишига, шунингдек уларнинг фойдасини кўзлаб бошқа ҳаракатлар содир этишига васийлик кенгашининг розилиги билан йўл қўйилади.
Фонд қуйидаги ҳолларда ўзига алоқадор шахслар билан битимлар тузишга ёки уларнинг фойдасини кўзлаб бошқа ҳаракатлар содир этишга ҳақли эмас:
фондга алоқадор шахслар билан бундай битимлар тузиш ёки ҳаракатлар содир этиш фондга алоқадор бўлмаган шахслар билан бўлгандагига нисбатан бир мунча қулай шартларда амалга оширилаётган бўлса;
фондга алоқадор шахс фонд васийлик кенгашининг аъзоси бўлса.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган талаблар фонднинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган васийлик кенгаши аъзосига нисбатан татбиқ этилмайди.
(23-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
24-модда. Фонднинг мол-мулкидан фойдаланиш
Фонднинг мол-мулкидан фонд уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳамда маъмурий харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонднинг маъмурий харажатлари фонд томонидан ҳисобот даврида фондни бошқариш учун қилинган барча харажатларни ва биринчи навбатда унинг активларини асраш ҳамда сақлаб туриш учун зарур харажатларни, фонднинг ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун рекламага сарфлаган харажатларини, шунингдек қонунчиликка мувофиқ фонд фаолияти билан боғлиқ харажатларни ва тўловларни ўз ичига олади.
(24-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ҳар йилги маъмурий харажатларнинг жами суммаси, шунингдек фонднинг васийлик кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ тўлаш ҳамда уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш фонд барча харажатлари суммасининг ўттиз фоизидан ошмаслиги керак. Мазкур чеклов ҳомийлик дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга нисбатан қўлланилмайди.
(24-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Фонднинг мол-мулки фондга алоқадор шахслар ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.
Фонднинг мол-мулкини кўпайтириш учун фондга маблағ киритган шахслар маблағ бераётганда бу маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши тўғрисида, шу жумладан фондни қайта ташкил этишда ёки тугатишда маблағларни қайтариш шартлари тўғрисида фонд билан шартномалар тузиши мумкин.
25-модда. Фондда ҳисобга олиш ва ҳисобот
Фонд ўз фаолияти натижалари ҳисобини юритади ҳамда белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари ва давлат статистика органларига ҳисобот тақдим этади.
Фонд ҳар йили олдинги йилдаги ўз фаолияти тўғрисида қуйидагиларни ўз ичига олган ҳисобот эълон қилади:
фонднинг ҳисобот давридаги фаолияти шарҳини, бу фаолият фонднинг уставида белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлиги даражасини кўрсатган ҳолда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
фонднинг йиллик молиявий ҳисоботини, аудиторлик ташкилотининг хулосасини кўрсатган ҳолда (бундан ҳисобот даврида банк ҳисобварақларида пул айланмаси мавжуд бўлмаган фонднинг ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказмаганлиги ҳоллари мустасно);
(25-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
фонд олган ихтиёрий хайриялар тўғрисидаги маълумотларни;
фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари (фойдаси) тўғрисидаги маълумотларни, бу даромадларнинг (фойданинг) келиб чиқиш манбаларини алоҳида-алоҳида кўрсатган ҳолда;
харажатлар умумий суммасини, фонд фаолиятининг айрим турлари бўйича ва маъмурий харажатлар бўйича алоҳида-алоҳида кўрсатган ҳолда;
фонд устави ва фонд органларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни;
фонднинг уставида ёки фонднинг васийлик кенгаши томонидан белгиланган бошқа маълумотларни.
V. ФОНДНИ БОШҚАРИШ
26-модда. Фонднинг васийлик кенгаши
Фонднинг васийлик кенгаши фонднинг органи бўлиб, у фонд фаолияти устидан назоратни амалга оширади.
Фонд васийлик кенгашининг таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак. Васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзолари муассислар (муассис) томонидан ёки фонд васиятнома бўйича ташкил этилган бўлса, васиятномада назарда тутилган тартибда тайинланади.
Фонднинг васийлик кенгашини тузиш, васийлик кенгаши йиғилишларини чақириш ва васийлик кенгашининг қарорларини қабул қилиш тартиби фонд уставида белгиланади.
Фонд васийлик кенгашининг аъзолари айни бир вақтнинг ўзида фонднинг бошқаруви ва тафтиш комиссиясига аъзо бўлишлари мумкин эмас.
Фонднинг уставида фонд васийлик кенгашининг аъзоларига ҳақ тўлаш ва уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш назарда тутилиши мумкин.
27-модда. Фонд васийлик кенгашининг ваколатлари
Фонд васийлик кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:
Олдинги таҳрирга қаранг.
фонд фаолияти устидан ҳамда ушбу фаолият қонунчилик ва фонд уставига, фонд васийлик кенгашининг қарорларига мувофиқ бўлиши устидан назоратни амалга ошириш;
(27-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
фонд уставига киритиладиган ўзгартишлар ва қўшимчаларни тасдиқлаш;
фонднинг бошқаруви ва тафтиш комиссиясини тузиш;
фонднинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш;
фонд бюджетини тасдиқлаш;
фонднинг йиллик балансини, йиллик молиявий ҳисоботини, шу жумладан фонд бошқарувининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш;
фонд фаолиятини навбатдан ташқари текшириш учун аудиторлик ташкилотини жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
фонд бошқарувининг фонд уставида белгиланган мақсад ва вазифаларга зид бўлган қарорлари ижросини тўхтатиб қўйиш ёки уларни бекор қилиш;
фондни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Фонднинг уставида фонд васийлик кенгашининг ваколатларига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
Фонд васийлик кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар ҳал этиш учун фонднинг бошқаруви ёки тафтиш комиссиясига ўтказилиши мумкин эмас.
Фонднинг васийлик кенгаши фонднинг бошқа органларидан фонд фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиш ва олишга ҳақли.
Фонд васийлик кенгашининг қарорлари фонднинг бошқаруви ва бошқа органлари, фонд ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.
28-модда. Фонд бошқаруви
Фонд бошқаруви фонднинг ижроия органидир. Фонд бошқарувининг таркиби фонд васийлик кенгаши томонидан шакллантирилади.
Фонд бошқарувининг раҳбари ва аъзолари фонд васийлик кенгаши ва тафтиш комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.
Фонд бошқаруви йилига камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида васийлик кенгашига ҳисобот тақдим этади.
29-модда. Фонд бошқарувининг ваколатлари
Фонд бошқарувининг ваколатларига қуйидагилар киради:
фонднинг жорий фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;
фонд томонидан ташкил этилган тадбиркорлик тузилмалари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;
фонд васийлик кенгаши билан келишув асосида фонд ходимларининг штат жадвали ва иш ҳақи миқдорини белгилаш;
фонд васийлик кенгаши билан келишув асосида ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;
фонднинг ваколатхоналари ва филиаллари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларнинг раҳбарларини тайинлаш.
Фонд устави фонд бошқарувининг ваколатларига бошқа масалаларни ҳам киритиши мумкин.
30-модда. Фонд бошқарувининг раҳбари
Фонд бошқарувининг раҳбари фонд бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва чет эл ташкилотлари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фонд номидан иш кўради.
VI. ФОНД ФАОЛИЯТИ УСТИДАН НАЗОРАТ
31-модда. Фонднинг тафтиш комиссияси
Фонднинг молиявий фаолиятини ҳамда унинг пул маблағлари тўғри сарфланиши ва мол-мулкидан тўғри фойдаланилишини назорат қилиш учун камида уч кишидан иборат таркибда фонд тафтиш комиссияси тузилади.
Фонд тафтиш комиссиясининг аъзолари фонд васийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Фонд тафтиш комиссиясининг таркиби, ваколатлари ва фаолият муддати фонд уставида белгиланади.
Фонд тафтиш комиссиясининг аъзолари айни бир вақтнинг ўзида фонднинг васийлик кенгаши ва бошқаруви аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Фонд тафтиш комиссияси фонд васийлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.
Фонд уставида фонднинг тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ тўлаш ҳамда уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш назарда тутилиши мумкин. Тўланадиган бундай ҳақ ва компенсация миқдори фонднинг уставига мувофиқ фонд васийлик кенгаши томонидан белгиланади.
32-модда. Фонд тафтиш комиссиясининг текширувлар ўтказиши
Фонднинг молиявий фаолиятини ва фонд бошқаруви томонидан пул маблағлари тўғри сарфланаётганлигини ҳамда бошқа мол-мулкдан тўғри фойдаланилаётганлигини текширишни фонд васийлик кенгашининг қарорига биноан фонд тафтиш комиссияси фонднинг бир йиллик ёки бошқа муддатдаги фаолияти якунлари бўйича амалга оширади.
Фонднинг мансабдор шахслари фонд тафтиш комиссиясининг талабига биноан комиссияга фонднинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Фонднинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари асосида фонд тафтиш комиссияси қуйидагиларни ўз ичига олган хулоса тайёрлайди:
ҳисоботлардаги ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончли эканлигига берилган баҳо;
бухгалтерия ҳисоби юритилиши ва молиявий ҳисобот тақдим этиш тартиби бузилганлиги ҳоллари тўғрисидаги маълумот;
аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар, шунингдек фонд молиявий фаолияти самарадорлигини оширишга оид таклифлар.
33-модда. Фонд фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд қонунчиликка мувофиқ ҳар йили ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказади.
(33-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги 35-моддаси.
Аудиторлик ташкилотини фонднинг васийлик кенгаши танлайди.
Фондга алоқадор шахслар фонд фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказишга аудитор сифатида жалб этилиши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бир календарь йилда банк ҳисобварақларида пул айланмаси мавжуд бўлмаган фонд учун ушбу календарь йилда ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади.
(33-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
34-модда. Фонд фаолиятини тўхтатиб қўйиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд қонунчиликни ва фонд уставида белгиланган талабларни бузган тақдирда унинг фаолияти рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризасига биноан суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.
(34-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби ва муддатлари қонунчиликда белгиланади.
(34-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида» Қонунининг 34-моддаси.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида» Қонунининг 34-моддаси.
35-модда. Фонд фаолияти устидан давлат назорати
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд фаолияти устидан давлат назорати рўйхатдан ўтказувчи орган ва бошқа ваколатли органлар томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
(35-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Қонуннинг V ва VI-боблари.
VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
36-модда. Фондни қайта ташкил этиш
Фонднинг васийлик кенгаши қарорига биноан фонд қайта ташкил этилиши мумкин.
Фонднинг қайта ташкил этилишига фақат бошқа фонд билан қўшиб юборилган, бошқа фондни бирлаштириб олган ёки бошқа фондга бирлаштирилган ҳолларда йўл қўйилади.
37-модда. Фондни тугатиш
Фондни тугатиш манфаатдор шахсларнинг аризасига асосан суднинг қарорига биноан амалга оширилади.
Фонд қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:
фонд ташкил этилишидан кўзланган мақсадга эришилганлиги муносабати билан;
фаолият муддати тугаганлиги муносабати билан;
агар фонднинг мол-мулки фонд ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш ва вазифаларни амалга ошириш учун етарли бўлмаса, зарур мол-мулкни олиш эса эҳтимолдан йироқ бўлса;
агар фонд ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш мумкин бўлмаса, мазкур мақсадларни эса зарур тарзда ўзгартириб бўлмаса;
фонд ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифалардан четга чиққан бўлса;
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фондни тугатиш қонунчиликда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
(37-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 январдаги 5-сонли қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низом.
Фонднинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки фонднинг муассислари (муассиси), шунингдек фонднинг васийлик кенгаши, бошқаруви, тафтиш комиссияси аъзолари ёки фонд ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва ундан фонд уставида назарда тутилган тартибда, фондни ташкил этишдан кўзланган мақсадларда ва (ёки) хайрия мақсадларида фойдаланилади.
38-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фондларни ташкил этиш, уларнинг фаолият юритиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(38-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
39-модда. Жамоат фондлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Жамоат фондлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(39-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2021, 239, 2391-моддалари.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 29 август.,
527-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 141-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 50-51-сон, 500-модда; 2008 й., 52-сон, 513-модда; 2012 й., 15-сон, 164-модда; 2016 й., 17-сон, 173-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 07.02.2024 й., 03/24/905/0106-сон; 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)