1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.10.00.00 Саноат / 09.10.20.00 Қурилиш материаллари саноати;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.12.00.00 Қурилиш / 09.12.15.00 Қурилиш материаллари. Қурилиш техникаси]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Саноат;
2.Иқтисодиёт / Архитектура ва қурилиш]
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ғўзапояларидан ёғоч-пайраҳа қиринди плиталарини ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 4 июлдаги «Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-4668-сонли фармойиши ижроини таъминлаш, юқори қўшилган қийматга эга бўлган, талаб юқори саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ҳолда ғўзапояларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек, республика ҳудудларида илғор технологиялар асосида импорт ўрнини босувчи ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқариш бўйича замонавий корхоналарни барпо этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг танлаб олинган, зарур муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасига эга ҳамда замонавий, юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган мавжуд корхоналар негизида ғўзапояларни чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош ёғоч-пайраҳа қиринди плиталарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига, уларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини ҳисобга олган ҳолда, иловага мувофиқ рўйхат бўйича розилик берилсин.
2. Белгилансинки, «Ўзқурилишматериаллари» АЖ «Ғўзапояларидан ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш» ҳудудий инвестиция лойиҳаларини (бундан кейин — инвестиция лойиҳалари) амалга ошириш учун бош масъул ташкилот ҳисобланади.
«Ўзқурилишматериаллари» АЖга инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишига (кейинги ўринларда — ТИА) доир сифатли техник топшириқларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилсин. Бунда замонавий энергия тежамкор технологик линиялар ва ускуналардан фойдаланиш кўзда тутилсин.
3. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида қуйидагилар белгилансин:
буюртмачилар сифатида — лойиҳа ташаббускорларини;
бош лойиҳа ташкилоти этиб — «Ўзоғирсаноатлойиҳа» акциядорлик жамиятини;
бош пудратчи ташкилот (ташкилотлар)ни — тендер ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида.
4. «Ўзқурилишматериаллари» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ:
лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда параметрларнинг ёғоч-пайраҳа қиринди плиталарни тайёрлашнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш бўйича комплекс ташкилий-техник чора-тадбирлар билан аниқ боғлиқлигини таъминласин. Бунда ҳар бир технологик жараён доирасида маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни ҳисобга олган ҳолда илғор ресурс ва энергия тежайдиган лойиҳа ечимларини жорий этишга ҳамда шу асосда юқори сифатли, узоқ муддат чидайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилишини;
белгиланган тартибда, ваколатли экспертиза органлари билан келишилган ҳолда, 2016 йил 1 декабргача бўлган муддатда инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосини тасдиқланишини таъминласин.
5. «Ўзқурилишматериаллари» АЖ ғўзапояларидан ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун технологик линиялар, асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмларни етказиб берувчиларни сифатли танлашни таъминласин. Бунда, илғор ишлаб чиқарувчи-етказиб берувчиларнинг энг яхши таклифлари орасидан, инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларидаги кўрсаткичларга қатъий риоя қилган ҳолда танлов ўтказилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан ҳамкорликда ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқариш учун ғўза пояларини ташкил этилган ҳолда етказиб бериш тизимини ишлаб чиқсин ва жорий этсин. Бунда аниқ фермер хўжаликларини белгилаш ва ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш механизмини шартнома асосида яратиш кўзда тутилсин.
7. «Ўзстандарт» агентлиги «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда икки ой ичида ишлаб чиқарилаётган ёғоч-пайраҳа қиринди плиталарга нисбатан ягона техник талабларни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш чораларини кўрсин. Бунда, халқаро талабларга мувофиқ равишда маҳсулотларнинг юқори конструктив мустаҳкамлиги ва фойдаланиш хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги белгиланган тартибда маҳаллийлаштириш дастурига ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар, технологик ускуналарга асосий турдаги бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ўзлаштириш бўйича лойиҳаларни киритсин ҳамда кейинчалик ихтисослаштирилган маҳаллий корхоналар негизида ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқарувчи заводларнинг технологик линияларини ташкил этсин.
9. «Ўзқурилишматериаллари» АЖ соҳа ходимларини, жумладан ишчилар, муҳандислар ва техникларни сифатли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишни таъминласин. Бунда ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқариш учун технологик ускуналар ва механизмларга хизмат кўрсатишнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этиш, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва ихтисослашган хорижий компанияларда мақсадли стажировкадан ўтишини ташкил этиш кўзда тутилсин.
10. Истисно тариқасида, инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига инвестиция лойиҳаларини бир босқичли тартибда амалга оширишга рухсат берилсин. Бунда техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ТИА тасдиқланишидан олдин ғўза поясидан ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқаришни ташкил этиш доирасида қурилиш-монтаж ва лойиҳалаш ишларини параллел равишда олиб борилсин.
11. Лойиҳа ташаббускорларига хизмат кўрсатувчи ваколатли тижорат банкларига тавсия этилсинки, улар ғўза поясидан ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқариш учун технологик линияларни сотиб олиш ва етказиб бериш бўйича хорижий ҳамкорлар билан тузилган шартномаларни амалга оширишни молиялаштириш мақсадида, хорижий кредит линиялари ҳисобидан чет эл валютасида кредитлар тақдим этсин.
12. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б.И. Закировга юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 22 сентябрь,
319-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 сентябрдаги 319-сон қарорига ИЛОВА
«Ғўза пояларидан ёғоч-пайраҳа қиринди плиталар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш» минтақавий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳудудлари