Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 мартдаги КҚ-704-IV-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Сенат Кенгашининг айрим қарорларига ўзгартириш киритиш, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози амалда дунёдаги барча мамлакатларга дахл этди ва кўп жиҳатдан оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган тус олмоқда. Жаҳон инқирози, унинг оқибатлари, Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон хўжалик ва молиявий-иқтисодий алоқалар тизимига интеграциялашув жараёни тобора ортиб бораётганлиги инобатга олинса, мамлакатимиз иқтисодиётига таъсир кўрсатди ва ҳамон таъсир ўтказишда давом этмоқда.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлиги остида мамлакатимизда ўтказиб келинаётган пухта, чуқур ўйланган иқтисодий стратегия шарофати билан, ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилишнинг Ўзбекистон модели изчиллик билан рўёбга чиқарилаётганлиги, таркибий тузилишдаги туб ўзгаришлар, иқтисодиётни диверсификация қилиш натижасида инқирознинг оғир оқибатларидан ҳоли қолишга ва иқтисодиётимизнинг барқарор фаолият кўрсатишига эришишга, унинг изчил ўсиш суръатларини таъминлашга муваффақ бўлинди.
Жумладан, 2008 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 9 фоизни, саноатда 12,7 фоизни, шу жумладан истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 17,7 фоизни ва хизмат кўрсатиш соҳасида 21,3 фоизни ташкил этди.
Меҳнатни рағбатлантириш, иш ҳақини ошириш ва аҳоли даромадлари ўсишини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар натижасида шу муддат мобайнида бюджет ташкилотларида ўртача иш ҳақи 1,4 баробар ошди, аҳолининг реал даромадлари жон бошига 23 фоиз кўпайди.
Мамлакат молия-иқтисод, бюджет, банк-кредит тизимлари барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилди. Банкларнинг ликвидлиги муаммоси кескинлашувидан ҳоли қолишга муваффақ бўлинди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон тижорат банклари активларнинг суммаси 13 триллион 360 миллиард сўмдан ошди ёки аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг жалб этилган депозитлари ҳажмларидан тақрибан 2,4 баробар ошиб кетди.
Мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит шарофати билан кейинги икки йил ичида жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 баробардан зиёдроқ ошди.
Айни бир вақтда жаҳон товар бозорларида конъюнктура ёмонлашиб бораётганлиги, Ўзбекистон корхоналари экспортга чиқараётган айрим турдаги маҳсулотларнинг баҳоси ва ҳажмлари пасайганлиги ҳамда бошқа қатор омиллар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир ўтказмоқда.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистонда Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган яхлит комплекс дастури қабул қилинган бўлиб, унда макроиқтисодий мутаносибликни ҳамда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини, иқтисодиёт тармоқлари барқарор ишлашини таъмин этишга, аҳолини иш билан таъминлашга ҳамда уни самарали тарзда ижтимоий муҳофаза қилишга, экспорт қилувчи корхоналарни, саноатнинг етакчи тармоқлари корхоналарини ҳамда кичик бизнесни аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ва инқирозга қарши бошқа чоралар назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 февралда бўлиб ўтган мажлисида қилган маърузасида баён этилган Инқирозга қарши чоралар дастури асосини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрда қабул қилинган «Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги Фармони ҳамда уни янада ривожлантириш мақсадида 2009 йил 20 январда қабул қилинган «Ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2009 йил 26 январда қабул қилинган «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2009 йил 27 январда қабул қилинган «2009 йилда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида»ги қарорлар ҳамда инқирозга қарши қаратилган бошқа бир қанча муҳим ҳужжатлар ташкил этди.
Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш борасида Дастурда белгиланган чоралар сўзсиз бажарилишини таъминлаши талаб этиладиган маҳаллий ҳокимият органлари олдида катта ва масъулиятли вазифалар турибди.
Олий Мажлис Сенатининг махсус тузилган комиссияси томонидан ўтказилган ўрганиш шуни кўрсатдики, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури амалга оширилишини таъминлаш юзасидан мамлакатимиз минтақаларида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан анчагина ишлар қилинмоқда. Минтақаларнинг аксариятида вилоят ҳокимликлари томонидан комплекс ҳаракатлар дастурлари қабул қилинган ва улар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан маъқулланган бўлиб, молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини бетараф этиш, минтақаларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чоралари айни ана шу дастурларга мувофиқ амалга ошириб келинмоқда. Инқирозга қарши чоралар дастурларининг амалга оширилиши ҳозирнинг ўзидаёқ сезиларли натижалар бермоқда.
Инқирозга қарши чоралар дастурига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, маҳсулот таннархини камайтириш йўли билан корхоналар рақобатбардошлигини таъминлаш негизида уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, энергияни тежашнинг самарали тизимини жорий этиш, импорт ўрнини босадиган товарларни, материаллар ва хом ашёни маҳаллийлаштириш, шунингдек ички талаб-эҳтиёжни рағбатлантириш учун омиллар яратиш масалаларига алоҳида эътибор бермоқдалар.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган ишлар фаол тарзда олиб борилмоқда. Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари фаолиятини ўрганиш ҳамда ана шу соҳа олдида турган вазифаларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқарувининг ҳудудий органларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлари орасидан ишчи гуруҳлари тузилган.
Инқирозга қарши чоралар дастурининг талабларидан келиб чиқиб жойларда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда фермер хўжаликларини ривожлантириш юзасидан кенг кўламдаги комплекс чоралар амалга оширилмоқда.
Фаолияти ўрганилган вилоятларнинг деярли барчасида қишлоқларда мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишловчи ихчам корхоналар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда, аҳолини зарур сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаш учун парник ва иссиқхоналар, шу жумладан энергиянинг муқобил манбалари асосида ишлайдиган парник ва иссиқхоналар қурилишига алоҳида эътибор берилмоқда.
Андижон вилоятида 2008 йилда кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2007 йилдагига нисбатан икки баравар кўп, яъни 90,9 миллиард сўм кредит ажратилган. 2009 йилда ана шу мақсадларга 105,7 миллиард сўм ажратиш режалаштирилмоқда.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, иш билан таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш, янги иш ўринлари барпо этиш, уй-жой қуриш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалалари маҳаллий ҳокимият органларининг эътибор марказида турибди.
Шу билан бирга Инқирозга қарши чоралар дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг ишида жиддий камчиликлар ва фойдаланилмаётган резервлар ҳам мавжуд.
Инқирозга қарши тадбир-чоралар дастурлари Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг бир қанчасида муҳокама этилмаган, инқирозга қарши комплекс чоралар ишлаб чиқилмаган.
Хусусан, Сурхондарё вилоятида Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш масалалари фақат халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан кўриб чиқилган, айни вақтда халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларида бу масалалар кўрилмаган. Шу сабабли халқ депутатлари Кенгашлари доимий комиссияларининг иш режалари қабул қилинган инқирозга қарши чоралар дастурларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилмаган ва уларда белгиланган вазифаларни бажаришга депутатлар жалб этилмаган. Айни чоғда ўрганиш шуни кўрсатдики, бугунги кунда минтақадаги 20 дан ортиқ йирик ва қарийб 1100 та кичик корхона янги техника билан таъминлашни ва технологик қайта жиҳозлашни талаб этмоқда. Айрим тармоқларнинг маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллий хом ашё асосида маҳаллийлаштириш имкониятидан етарлича фойдаланилмаяпти. Маҳаллийлаштириш давлат дастурига минтақа бўйсунувидаги учтагина лойиҳа киритилган, холос.
Бир қанча ҳолларда маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари мамлакат ва минтақа миқёсида содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ҳақида, жаҳон инқирози оқибатларини бартараф этиш юзасидан давлатимиз томонидан кўрилаётган чоралар тўғрисида аниқ-равшан тасаввурга эга эмас. Шунинг оқибатида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал этишда депутатлар корпусида баъзан талаб этилаётган даражада фаоллик ва ташаббускорлик етишмаяпти.
Масалан, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши сессияларида кўриб чиқиладиган масалалар рўйхатига «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастури қабул қилинганлиги билан боғлиқ чора-тадбирларнинг ҳудудий дастурини ҳамда инқирозга қарши бошқа чораларни тасдиқлашдек муҳим масалалар киритилмаган. Айни вақтда, айтайлик, Чортоқ, Уйчи, Косонсой, Чуст ва Мингбулоқ туманларида тасдиқланган инвестиция дастурларини, электр энергияси сарфини ҳамда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар таннархини камайтириш тадбирларини бажариш борасидаги ишлар талаб даражасида эмас.
Тошкент вилоятидаги бир қанча туманларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги «Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурлари тўғрисида»ги Фармонини бажариш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга мазкур ҳужжат қабул қилинганидан уч ой ўтганидан кейингина киришилган. Ўрта Чирчиқ ва Чиноз туманларидаги ҳокимият органларининг иш режаларида белгиланган тадбирлар қоғозда қолиб кетаверган.
Айни бир вақтда вилоятда Инқирозга қарши чоралар дастурида назарда тутилган бутун бир комплекс муаммолар ҳал этилмоғи керак. Тошкент вилоятида кичик бизнес субъектларининг 10 фоизга яқини ишламаяпти. Бир қанча шаҳарлар ва туманларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажмида кичик бизнеснинг улуши ҳамон пастлигича қолмоқда. Мазкур вилоятда хусусан, зотдор қорамолларни хориждан харид этиш юзасидан қабул қилинган дастурлар бажарилмаган.
Инқирозга қарши чоралар дастурида белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш борасидаги вазифаларни ҳал этишда депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларидек ишнинг самарали шаклидан етарлича фойдаланилмаяпти. Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, учрашувлар кўпинча юзаки ўтмоқда, уларда сайловчилар томонидан ўртага қўйилган долзарб масалалар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эътиборидан четда қолмоқда.
Жаҳон иқтисодий инқирозининг Ўзбекистондаги вазиятга таъсири ҳақида, инқирозий ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан давлатимиз томонидан кўрилаётган чораларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётир. Бу ишни ташкил этишда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан етарлича самарали фойдаланилмаяпти.
Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурида назарда тутилган тадбирлар сўзсиз бажарилиши борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ҳамда масъуллигини ошириш, бу соҳадаги мавжуд камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги масалани ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати комиссиясининг ахбороти, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари раҳбарларининг ҳисоботлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент, Сурхондарё ва Наманган вилоятларидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш борасидаги иши дуруст ташкил этилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.
Қайд этиб ўтилсинки, мазкур минтақаларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари мамлакатимиз миқёсида қабул қилинган ҳамда амалга оширилаётган Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастуридан келиб чиқадиган масалаларни ҳал этишдан ўзларини четга олганлар. Ижтимоий-иқтисодий соҳада юзага келаётган вазиятни чуқур ўрганиш, инқирозий ҳодисаларнинг янада кучайиши олдини олишга, уларни батамом бартараф этишга қаратилган чоралар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек инқироздан кейинги тараққиёт билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасида улар томонидан етарли даражада иш олиб борилмаяпти.
Белгилаб қўйилсинки, тўққиз ойлик якунлар бўйича халқ депутатлари Тошкент, Сурхондарё ва Наманган вилоят Кенгашлари раҳбарларининг ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида такроран эшитилади ва вазиятни ўзгартириш юзасидан зарур чоралар кўрилмаган бўлса, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг шу лавозимда бўлиши мақсадга қанчалик мувофиқ эканлиги тўғрисидаги, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг инқирозга қарши чоралар дастурларини амалга ошириш ишларидан ўзларини четга олган айрим депутатларини чақириб олиш тўғрисидаги масала кўтарилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари:
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 февралдаги мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни изчил давом эттириш - давр талаби» деган маърузасида илгари сурилган вазифалар оғишмай ва самарали тарзда бажарилишини таъминласин;
мамлакатимиз миқёсида қабул қилинган Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини амалга оширишни ўта муҳим вазифа деб ҳисобласин ҳамда шу муносабат билан минтақаларда юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий вазиятни теран тарзда таҳлил қилиш асосида Дастурда белгиланган мақсадларни рўёбга чиқариш ҳамда фаолият йўналишларини самарали ҳал этиш юзасидан комплекс чоралар ишлаб чиқсин ва уларнинг амалга оширилишини таъминласин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг инқирозга қарши чоралар дастурларини амалга оширишга қаратилган қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишдаги иштироки билан боғлиқ фаолиятни кучайтириш чораларини амалга оширсин;
маҳаллий давлат бошқаруви органларининг инқирозга қарши чораларнинг ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш учун масъул раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб боришни халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти амалиётига киритсин;
Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишда маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари билан давлат ва хўжалик бошқаруви ҳудудий органлари ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ҳамда уйғунликни таъминлаш комплекс чора-тадбирларини амалга оширсин;
молиявий-иқтисодий инқирознинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсири ҳақида, инқироз оқибатларининг олдини олиш ҳамда уларни юмшатиш юзасидан давлатимиз томонидан кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш тадбирлари режасини ишлаб чиқсин ҳамда унинг амалга оширилишини таъминласин. Дастурни бажариш иқтисодиёт ҳар бир субъектининг, мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг муҳим иши бўлиб қолмоғи керак. Бу ишга жамоат бирлашмалари, «Маҳалла» жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, шунингдек оммавий ахборот воситалари кенг жалб этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурининг асосий қоидаларини тушунтириш юзасидан вазирлик ва идораларнинг, шунингдек мамлакатимиз илмий-тадқиқот марказларининг экспертларини жалб этган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталарининг ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари иштирокида семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этилиши ҳамда ўтказилишини таъминласин.
5. Халқ депутатлари Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоят Кенгашларининг раҳбарлари:
Сенат комиссияси томонидан ўрганиш якунлари асосида тўпланган ва таҳлил этилган материалларни халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли минтақалардан сайланган аъзолари иштирокида муҳокама этилишини бир ойлик муддат ичида 1-иловага мувофиқ ташкил қилсин;
муҳокама якунлари асосидаги умумлашма ахборотларни (вилоятлар бўйича) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига 2009 йил 10 майга қадар тақдим этсин.
6. «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги масалани ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг комиссияси:
Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятларидаги ва Тошкент шаҳридаги давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурининг асосий қоидаларини амалга ошириш борасидаги фаолияти илова қилинаётган жадвалга (2-илова) мувофиқ ўрганилсин;
амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш учун 2009 йил 1 июлга қадар Олий Мажлис Сенати Кенгашига тақдим этсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, халқ депутатлари Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг раҳбарлари:
Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш масаласини Сенат комиссияси томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари мажлисида ва номлари юқорида айтиб ўтилган халқ депутатлари Кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида муҳокама этилишини ташкил қилсин, уларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш ишларидан ўзларини четга олган депутатларининг жавобгарлигини ошириш тўғрисида тегишли хулосалар чиқарилсин;
амалга оширилган ишларнинг якунлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этилсин.
8. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига юборилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ушбу Қарорнинг бажарилиши жараёни ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига 2009 йил 10 октябргача ахборот тақдим этсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси ўринбосари Ф. Муҳитдинова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 27 март,
624-I-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 27 мартдаги 624-I-сонли қарорига 1-ИЛОВА
Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури бажарилишини ўрганиш якунлари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг комиссияси томонидан тўпланган ва таҳлил қилинган материалларни Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидаги халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларида муҳокама этиш
ЖАДВАЛИ
Т/р
Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларида муҳокама ўтказиладиган вилоят
Муҳокама ўтказиладиган муддат
Масъул ижрочилар
1.
Андижон вилояти
13 — 20 апрель
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши раҳбари (А. Усманов), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (А. Алтиев), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
2.
Бухоро вилояти
13 — 19 апрель
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши раҳбари (С. Хусенов), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (М. Усмонов), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
3.
Сурхондарё вилояти
13 — 20 апрель
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши раҳбари (Т. Джураев), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (Ғ. Алиев), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
4.
Наманган вилояти
21 — 26 апрель
Наманган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи (Б. Юсупов), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (А. Алтиев), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
5.
Навоий вилояти
20 — 25 апрель
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши раҳбари (Э. Турдимов), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (М. Усмонов), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
6.
Жиззах вилояти
20 — 26 апрель
Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи (М. Холбўтаев), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (Б. Иминов), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
7.
Қашқадарё вилояти
21 — 26 апрель
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши раҳбари (Н. Зайниев), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (Ғ. Алиев), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
8.
Тошкент вилояти
13 — 19 апрель
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши раҳбари (Р. Холматов), Сенат ишчи гуруҳи раҳбари (Б. Иминов), халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари раҳбарлари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 27 мартдаги 624-I-сонли қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати комиссиясининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида ва Тошкент шаҳрида бажарилиши тўғрисидаги масалани ўрганиш бўйича
ИШ ЖАДВАЛИ
Т/р
Ўрганиш ўтказиладиган минтақа номи
Ўрганиш ўтказиладиган муддат
Ўрганишни ўтказувчи ишчи гуруҳ раҳбари
1.
Самарқанд вилояти
28 апрель — 3 май
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Б.М. Иминов
2.
Сирдарё вилояти
4 — 8 май
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Б.М. Иминов