Ҳужжат кучини йўқотган " " 08.01.1997
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
МОНОПОЛИСТИК ФАОЛИЯТНИ ЧЕКЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 27 декабрдаги «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ушбу Қонун тадбиркорликни ривожлантириш ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларида хўжалик юритувчи субъектларнинг, давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатлашуви-баҳслашувига йўл бермайдиган, чеклаб қўядиган ёки уни йўқ қилинадиган қўшимча фойда олиш мақсадидаги ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини англатувчи монополистик фаолиятнинг олдини олиш ва пайини қирқишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Қонунни қўлланиш соҳаси
1. Ушбу Қонун республика ва маҳаллий товарлар бозоридаги фаолиятда қатнашаётган мулкчиликнинг шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, айрим мансабдор шахслар ўртасидаги муносабатларга татбиқ этилади.
2. Юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудидан ташқарида содир этаётган хатти-ҳаракатлар ёки тузаётган битимлар республика бозорида ракобатнинг чекланишига олиб келаётган ёки бошқа салбий оқибатларга сабаб бўлаётган ҳолларда ҳам ушбу Қонун қўлланилади.
3. Қонун:
энергетика тармоғи корхоналари;
мудофаа аҳамиятига молик маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар;
магистраль темир йўллар;
қувур ўтказиш транспорти;
умумдавлат аҳамиятига эга бўлган алоқа тизимлари фаолияти билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.
Қонун, шунингдек ихтиролар, саноат намуналари, товар белгилари ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш меъёрларини тартибга солувчи муносабатларга ҳам татбиқ этилмайди. Бу ҳуқуқлар уларнинг эгалари томонидан рақобатни чеклаш мақсадида қасддан қўлланилаётган ҳоллар бундан мустаснодир.
4. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида монополияга қарши тадбирларни амалга ошириш тартиби Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан белгилаб берилади.
II. МОНОПОЛИСТИК ФАОЛИЯТНИ ВА ҒИРРОМ РАҚОБАТНИ ЧЕКЛАШ ВА ТАҚИҚЛАШ
2-модда. Бозордаги устунлик мавқеини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик
1. Устун мавқе деганда хўжалик юритувчи субъектнинг муайян товар бозоридаги улуши монополияга қарши фаолиятини амалга оширишга ваколатли идора белгилаб қўйган энг юқори меъёр чегарасидан ошиб кетган ва бу ҳол унга мустақил равишда ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда иш кўриб, товарларнинг олди-сотдисига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, хўжалик юритувчи бошқа субъектларнинг бозорга киришини қийинлаштириб қўйиш ва шу тариқа истеъмолчилар ва жамиятнинг қонуний манфаатларига зиён етказиш имконини берадиган ҳукмрон мавқеи тушунилади.
2. Бозорда устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларни қуйидаги хатти-ҳаракатларни қилиши тақиқланади:
бозорда тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида товарларни ишлаб чиқаришни камайтириш ёхуд тўхтатиб қўйиш, шунингдек уларни муомаладан олиб қўйиш;
мўмай фойда олиш мақсадида ҳаддан ташқари баланд нарх белгилаш ва уни сунъий равишда шундай ушлаб туриш, нархларни асоссиз равишда пасайтириш давлат томонидан бошқариб туриладиган нарх-навони бошқа йўсиндаги бузишлар;
хўжалик юритувчи субъектларга уларни бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан нотенг аҳволга солиб қўядиган шартларни тиқиштириш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришига ўзгача тўсқинлик қилиш.
3-модда. Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида қонунга хилоф битимлар тузилишини (келишиб қилинадиган ҳаракатларни) тақиқлаш
1. Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида:
кимошди савдоларида, биржаларда ва бошқа савдоларда нархларни ошириш, сақлаб туриш ёки пасайтириш;
бозорларни ҳудудий принцип бўйича, олди-сотди ҳажми бўйича, сотилажак товарларнинг турлари бўйича, сотувчилар ёки харидорлар (буюртмачилар) доираси бўйича ёхуд уларни монополия қилиб олиш мақсадида бошқа белгилар бўйича тақсимлаб олиш;
сотувчи ёки харидор (буюртмачи) сифатида хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришини чеклаш ёки уларни бозордан сиқиб чиқариш;
муайян сотувчилар ёки харидорлар (буюртмачилар) билан шартномалар тузишдан бош тортиш мақсадида тил бириктириш;
рақобатни жиддий тарзда чеклайдиган ёки чеклаши мумкин бўлган бошқа тадбирларни амалга ошириш йўли билан рақобатни чеклашга қаратилган битимлар тузиш (келишиб ҳаракат қилиш) тақиқланади ҳамда ҳақиқий эмас деб топилади.
2. Бири устун мавқега эга бўлган, иккинчиси эса маҳсулот етказиб берувчи ёки истеъмолчи (буюртмачи) бўлган ва бир-бири билан рақобатлашмаётган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган битимлар (келишиб ҳаракат қилишлар), башарти бундай битимлар пировардида рақобатни жиддий тарзда чеклаб қўйса, ёхуд чеклаб қўйиши мумкин бўлса, бундай битимлар (келишиб ҳаракат қилишлар) ҳақиқий эмас деб топилади.
3. Алоҳида ҳоллардагина хўжалик юритувчи субъектларнинг ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида айтиб ўтилган хатти-ҳаракатлари, башарти бу субъектлар ўз хатти-ҳаракатлари бозорнинг товарлар билан мўл-кўл бўлишига, товарларнинг истеъмол хусусиятлари яхшиланишига ёки ташқи бозорда ўзларининг рақобат лаёқатларининг ошишига ёрдам беришини исботлаб берсалар, тўғри деб топилиши мумкин.
4-модда. Рақобатни чеклайдиган ташкилий қайта тузилишларни тақиқлаш
1. Бозорда устун мавқега эга бўлишини таъминлайдиган хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш, бирлаштириш, қўшиб олиш; қайта тузиш, тугатиш, уларнинг хўжалик юритувчи бошқа субъектларнинг (шу жумладан ҳамма турдаги хўжалик уюшмаларининг) устав жамғармасида иштирок этиши тақиқланади.
2. Товарлар (хизматлар) бозорида монополистик фаолият олиб бораётган ёки рақобатнинг жиддий равишда чекланишига олиб келувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўяётган хўжалик юритувчи субъектлар мажбурий тартибда бўлиб юборилиши мумкин.
5-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг рақобатни чекловчи хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик
1. Давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, уларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини чекловчи, улардан айримларининг фаолият олиб боришини камситувчи ёки, аксинча улар учун қулайлик туғдирувчи шароит яратиб берувчи ҳуқуқий ҳужжатлар чиқаришга ёки ҳаракатлар қилишга ҳақли эмаслар, башарти бундай ҳужжатлар ёки ҳаракатлар ўз пировардида рақобатнинг жиддий равишда чекланишига ёки хўжалик субъектлари ёхуд жисмоний шахсларнинг манфаатларига зарар етказилишига олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг қуйидаги ҳаракатларни қилиши тақиқланади:
хўжалик юритувчи субъектларнинг муайян фаолият турларини амалга оширишига, айрим товар турларини ишлаб чиқаришга тақиқ белгилаш, қонунларда кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
хўжалик юритувчи субъектларнинг бозорга киришини чеклаш ёки уларни бозордан четлатиш;
хўжалик юритувчи айрим субъектларга уларни бозорга худди шу хил товар чиқараётган хўжалик юритувчи бошқа субъектларга нисбатан устун мавқега қўядиган солиқ имтиёзи ёки ўзга имтиёзларни асоссиз равишда бериш;
хўжалик юритувчи субъектларга шартномалар тузишда кимгадир устунлик бериш тўғрисида ёки муайян харидорлар (буюртмачилар) доирасига молларни биринчи навбатда етказиб бериш (ишларни бажариш, хизмат кўрсатиш) тўғрисида кўрсатмалар бериш;
фаолиятнинг муайян соҳасида хўжалик юритувчи янги субъектлар ташкил этишга асоссиз тўсқинлик қилиш;
хўжалик юритувчи субъектлар мустақиллигини чекловчи қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар содир этиш.
2. Мансабдор шахсларга (Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган рўйхатдаги мансабдор шахсларга) қуйидагилар тақиқланади:
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
корхонанинг эгаси ёки муассис бўлиш;
давлат тасарруфида бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқарув идораларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш;
акцияли жамиятларнинг, масъулияти чекланган жамиятларнинг ёки бошқа хил ширкатларнинг умумий йиғилиши қарорларини қабул қилишда мустақил равишда ёки вакил орқали ўзига тегишли акциялар, улуш қатнашувдаги ҳисса воситасида овоз бериш.
6-модда. Ғирром рақобатни тақиқлаш
Ғирром рақобатга, шу жумладан:
хўжалик юритувчи бошқа субъектнинг мол-мулки ва тадбиркорлик нуфузига зиён етказиши мумкин бўлган ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тарқатишга;
товар белгисидан, товарнинг фирма номидан ёки маркасидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шунингдек хўжалик юритувчи бошқа субъект товаларининг шаклини, идишини, ташқи безагини айнан кўчириб олишга;
илмий-техникавий, ишлаб чиқариш, иқтисодий, савдо ва бошқа соҳага оид махфий ахборотни эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш ва уни ошкор қилишга;
товарларнинг хусусияти, уларни тайёрлаш усули ва ўрни, истеъмол хоссалари ва сифати хусусида истеъмолчиларни чалғитишга;
хўжалик юритувчи бошқа субъектларнинг бозорга киришини чекловчи хатти-ҳаракатлар қилишга йўл қўйилмайди.
III. МОНОПОЛИСТИК ФАОЛИЯТНИ ЧЕКЛАШ ВА ҒИРРОМ РАҚОБАТНИ ТАҚИҚЛАШ ТАБИРЛАРИ
7-модда. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора
1. Ўзбекистон Республикасида монополияга қарши давлат сиёсатини юргизиш мақсадида монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора тузилади, унинг асосий вазифаси қуйидагилардан иборат бўлади:
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, товар бозорида рақобатни ривожлантириш;
монополистик фаолиятнинг, бозордаги устун мавқени суиистеъмол қилишларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймасликка, монополист корхоналар белгилайдиган нарх-наволарни бошқариб боришга, ғирром рақобатнинг пайини қирқишга қаратилган чоралар кўриш;
монополияга қарши қонунларга риоя этилишини назорат қилиб туриш.
2. Монополияга қарши қонунлар бузилган ҳолларда монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора қонунбузарликларни тўхтатиш, дастлабки ҳолатни тиклаш тўғрисида, асоссиз орттирилган даромадни тегишли бюджетга ўтказиш тўғрисида, хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тартибда майдалаб (бўлиб) юбориш тўғрисида ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бозордаги устун мақеини бартараф этиш ёки пасайтиришга қаратилган бошқа тадбирлар тўғрисида хўжалик юритувчи субъектлар бажариши шарт бўлган кўрсатмалар беришга, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларга, бошқарув идораларига ва мансабдор шахсларга жарима солишга ҳақлидир.
3. Тегишли ҳолларда монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора материалларни қонунда белгилаб қўйилган тартибда кўриб чиқиш учун суд ёки ҳакамлик судига, прокуратура идораларига юборади.
8-модда. Зарарни қоплаш
1. Монополияга қарши қонунларни бузган хўжалик юритувчи субъект ўзининг монополистик фаолияти, бозордаги устун мавқеини суиистеъмол қилиши ёки ғирром рақобати оқибатида етказилган зарарни суд ёки ҳакамлик судининг қарорига биноан жабр кўрган хўжалик юритувчи субъектга тўлашга мажбурдир.
2. Агар бошқарув идорасининг монополияга қарши қонунларни бузиб қабул қилган ҳужжати туфайли хўжалик юритувчи субъектга зарар етказилган бўлса, жабрланувчи томон зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво билан ҳакамлик судига мурожаат этишга ҳақлидир.
9-модда. Монополияга қарши қонунларни бузганлик учун жарималар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли орган хўжалик юритувчи субъектларга:
а) қоидабузарликни тўхтатиш, дастлабки ҳолатни тиклаш, ушбу Қонунга зид шартномаларни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаганлик ёки ўз вақтида бажармаганлик учун:
бошқарув органларига ва юридик шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 500 бараваригача миқдорда;
жисмоний шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига — энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда;
б) монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли органга хабар бермаганлик ёки қасддан нотўғри маълумот берганлик учун:
бошқарув органларига ва юридик шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 40 бараваридан 50 бараваригача миқдорда;
жисмоний шахс бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига — энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақлидир.
(9-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 23 сентябрдаги 2022-XII-сон Қонуни таҳририда — Олий Кенгаш Ахборотномаси, 1994 й., 11-12-сон, 285-модда)
2. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора томонидан солинган жаримани хўжалик юритувчи субъект, бошқарув идораси ёки мансабдор шахс жарима солинганлиги тўғрисидаги қарорни олган пайтдан бошлаб 30 кун ичида тўлаши керак.
Жаримани белгиланган муддатда тўлашдан бўйин товланган ёки жарима тўлиқ миқдорда тўланмаган тақдирда монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора тегишли ариза билан судга ёки ҳакамлик судига мурожаат қилишга хақлидир.
Агар жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг дарҳол ижро этилиши корхонани синишга олиб келиши мумкин бўлса, у ҳолда монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора, суд ёки ҳакамлик суди жарима солинган хўжалик юритувчи субъектнинг аризасига биноан унга жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш имконини беришга ҳақлидир.
Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора томонидан солинган жарималар тегишли бюджетга тўланади ёки шу бюджет фойдасига ундирилади.
10-модда. Ушбу Қонунни бузганлик тўғрисидаги ишларни қараб чиқиш учун асослар
1. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идора монополияга қарши қонунларни бузиш ҳолларига оид ишларни ўз материаллари асосида, хўжалик юритувчи субъектларнинг, давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг, истеъмолчилар жамиятлари ва уюшмаларининг, бошқа жамоат ташкилотлари ва айрим шахсларнинг аризалари, прокуратура, суд ва ҳакамлик судининг материаллари асосида қараб чиқади.
Аризалар монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идорага ёзма шаклда берилади, уларга монополияга қарши қонунларни бузиш ҳолларидан шоҳидлик берувчи ҳужжатлар илова қилинади.
Аризалар ва ҳужжатларнинг мазмуни ошкор қилиниши мумкин эмас.
2. Суд ёки ҳакамлик суди монополияга қарши қонунларни бузганлик ҳақидаги ишларни монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идоранинг аризаси, прокуратура материаллари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқарув идораларининг мурожаатлари асосида қараб чиқади.
11-модда. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идоранинг қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби
1. Бошқарув идоралари, хўжалик юритувчи субъектлар, мансабдор шахслар монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идоранинг қарорларига норози бўлган тақдирда бундай қарорларнинг бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши ҳақидаги ёхуд жарима солинганлик тўғрисидаги қарорларни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақидаги ариза билан судга ёки ҳакамлик судига мурожаат қилишга ҳақлидирлар.
2. Аризалар ҳакамлик суди томонидан — бошқарув идораларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаларни қараб чиқиш учун белгиланган тартибда, суд томонидан эса — маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриш учун Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган тартибда қараб чиқилади.
3. Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идоранинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарарлар манфаатдор шахсларнинг даъвосига биноан қонунда белгиланган тартибда қопланади.
12-модда. Хўжалик юритувчи субъектнинг асоссиз равишда орттирган фойдасини тортиб олиш
Монополияга қарши фаолиятни амалга оширишга ваколатли идоранинг кўрсатмаси бажарилмаган тақдирда хўжалик юритувчи субъектнинг бозордаги устун мавқени суиистеъмол қилиш ёки ғирром рақобат натижасида олган фойдаси суднинг ёки ҳакамлик судининг қарори билан тегишли бюджет фойдасига тортиб олинади.
13-модда. Монополияга қарши қонунларга риоя этилиши устидан жамоат назорати
Ўз низомларига кўра рақобатни ривожлантиришга ва истеъмолчиларнинг манфаатларини монополистик фаолиятдан ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадини кўзловчи жамоат уюшмалари тегишли идоралар билан ҳамкорликда монополияга қарши қонунларга риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишга ҳақлидирлар.
Мазкур уюшмалар ўз фаолиятларида амалдаги қонунларга риоя қиладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 2 июль,
623-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 10-сон, 392-модда, 1994 й., 11-12-сон, 285-модда)