Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг
буйруғи
Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 29 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2416]
Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 921-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда) мувофиқ буюраман:
1. Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Бошлиқ Т. ЎЛЖАЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 27 декабрь,
14н-сон
Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2012 йил 27 декабрдаги 14н-сон буйруғига
ИЛОВА
Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 921-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 6-сон, 247-модда) мувофиқ йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
йўловчи — ҳаво транспортида ташиш шартномасига мувофиқ ҳаво кемасида ташилаётган ёки ташилиши лозим бўлган шахс;
ҳаво кемаси экипажи — ҳаво кемаси командири, учувчилар таркибига кирувчи бошқа шахслар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар.
2. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг ташувчилари томонидан ташиладиган барча йўловчилар учун мажбурийдир.
II боб. Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриши
3. Ҳаво кемаси (бундан буён матнда ҲК деб юритилади) ичида йўловчи қуйидагиларни бажаришга мажбурдир:
мазкур Қоидаларни, ҲК командирининг ёки экипаж аъзосининг ҳаво кемаси командири номидан берган парвоз ва ҲК ичидаги одамлар хавфсизлигини, мол-мулк бут сақланишини, ташиш шартномасини ижро этиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш тартиби ва имкониятини таъминлашга доир фармойишларини бажаришга;
ҲК саҳнида учиш талонига, шунингдек зарур бўлган ҳолларда парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҲК экипажи аъзоларининг кўрсатмасига мувофиқ жойлашишга;
юкларини махсус ажратилган жойларга жойлаштиришга;
«Камарларни тақиш» таблоси ёқилиши билан хавфсизлик камарини тақишга ва у ўчмагунча ечмасликка.
4. Йўловчи ҲК ичида қуйидагиларни амалга ошириши тақиқланади:
гиёҳванд моддаларни, тамаки маҳсулотларини (носвой ва бошқаларни ҳам) истеъмол қилиши, шунингдек электрон сигаретлардан фойдаланиши;
ташувчи томонидан истеъмол қилиш учун таклиф қилинган белгиланган меъёрдан ташқари, шунингдек бож олинмайдиган савдо дўконларидан сотиб олинган алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиши;
учувчилар кабинасига кириши;
ҲК экипажи аъзоларининг хизмат вазифаларини бажаришларида уларга тўсқинлик қилиши ёки уларнинг ишларига аралашиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҲКнинг юриш, кўтарилиш, ва қўниш вақтида электрон ва алоқа воситаларидан фойдаланиши, жумладан ҲК бортида туриб фотосуратга ва видео тасвирга олиши;
(4-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2016 йил 8 январдаги 67-Н-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2416-1, 12.01.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 2-сон, 17-модда)
ҲКнинг мол-мулкини (пледлар, ёстиқлар, идиш-товоқлар, ошхона жиҳозлари, электрон воситалар, қутқариш нимчалари ва бошқаларни) олиб кетиши ва шикастлаши;
жамоат тартибини бузиши ва заруратсиз атрофдагиларни безовта қилиши;
ҲК экипажи аъзоларининг тегишли кўрсатмаларисиз авария-қутқарув жиҳозларини ишлатиши;
ҲК экипажи аъзоларининг рухсати ёки кўрсатмаларисиз бошқа жойларга ўтириши.
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Йўловчи томонидан ҲК ичида юриш-туриш қоидалари бузилган тақдирда, ҲК экипажи аъзолари томонидан мазкур Қоидаларнинг иловасига мувофиқ шаклда йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларини бузганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.
Далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
далолатномада тузилган сана;
далолатномани тузган ҲК экипажи аъзоларининг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;
қоидабузарлик содир этилган рейс ва унинг йўналиши;
қоидабузарликнинг қисқача тафсилоти;
қоидабузар йўловчи шахсига оид маълумотлар;
қоидабузар йўловчининг тушунтириши;
Агар қоидабузарлик оқибатида моддий зарар етказилган ёхуд бошқа шахслар жабрланган бўлса, бу ҳақда ҳам далолатномада кўрсатилади.
Далолатнома уни тузган ҲК экипажи аъзолари ва қоидабузар йўловчи томонидан имзоланади.
Қоидабузарлик содир этган йўловчи далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, далолатномага бу ҳақда ёзиб қўйилади. Қоидабузарлик содир этган йўловчи далолатноманинг мазмуни юзасидан далолатномага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек мазкур далолатномага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлидир.
(41-банд Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2017 йил 5 сентябрдаги 93-Н-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2416-2, 11.09.2017 й.) асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 1014-модда)
5. ҲК ичидаги юриш-туриш қоидалари йўловчи томонидан парвоз хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ёхуд шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва мол-мулкига таҳдид туғдирадиган тарзда бузилса, у билан тузилган ташиш шартномаси ташувчи томонидан ташиш йўналишининг исталган манзилида бекор қилиниши мумкин.
III боб. Йўловчининг ҳуқуқлари
6. Йўловчи ҲК экипажи аъзоларидан ташиш шартномаси шартларида белгиланган хизматларнинг кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.
7. Йўловчи жамоат тартибини бузаётган, ўзини ёки бошқа шахсларни заруриятсиз безовта қилаётган ҳамда шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, мол-мулкига ёки соғлиғига ёхуд ҳаётига таҳдид туғдираётган йўловчига таъсир кўрсатиш талаби билан ҲК экипажи аъзоларига мурожаат қилиш, шунингдек худди шундай ҳаракатлар қилаётган ҲК экипажи аъзолари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўловчи бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
IV боб. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Мазкур Қоидалар талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
9. Мазкур Қоидалар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси билан келишилган.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори В. ТЯН
2012 йил 26 декабрь
Олдинги таҳрирга қаранг.
Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларига
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.

‎‎Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш
‎қоидаларини бузганлиги тўғрисида
‎ДАЛОЛАТНОМА

_______. ‎ ________. ‎ 20____й. ‎

‎‎__________________________‎

‎‎(рейс ва унинг йўналиши)‎

‎‎ҲК экипажи аъзолари Ф.И.О. ва лавозими:
‎‎1) _______________________________________________________________________________________________
‎‎2) _______________________________________________________________________________________________
‎‎3) _______________________________________________________________________________________________
‎‎4) _______________________________________________________________________________________________
‎‎Йўловчи ҳақида маълумот:
‎‎_________________________________________________________________________________________________
‎‎_________________________________________________________________________________________________
‎‎_________________________________________________________________________________________________

‎‎Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларининг (рўйхат рақами 2416, 2013 йил 29 январь) қуйидаги талаблари бузилди:

‎‎_________________________________________________________________________________________________
‎‎_________________________________________________________________________________________________
‎‎_________________________________________________________________________________________________
Бригадир ‎

‎‎______________________________________________________

‎‎___________‎

‎‎(Ф.И.О.) ‎

‎‎(Имзо)‎

‎‎Борт кузатувчи ‎

‎‎_______________________________________________________

‎‎___________‎

‎‎(Ф.И.О.)

‎‎(Имзо)‎

ҲК командири‎‎‎

‎‎_______________________________________________________

‎‎___________

‎‎(Ф.И.О.) ‎

‎‎(Имзо)

Йўловчи ‎

‎‎_______________________________________________________

‎‎___________

‎‎(Ф.И.О.) ‎

‎‎(Имзо)

(илова Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2023 йил 26 июндаги 17-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2416-3, 14.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.07.2023 й., 10/23/2416-3/0479-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 5-сон, 60-модда; 2016 й., 2-сон, 17-модда; 2017 й., 37-сон, 1014-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 17.07.2023 й., 10/23/2416-3/0479-сон)