Ҳужжат кучини йўқотган " " 25.06.2012
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ МАРКАЗИ БОШ ДИРЕКТОРИНИНГ
буйруғи
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИНГ МУТАХАССИСЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 30 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2221]
 LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2012 йил 11 майдаги 2012-05-сонли «Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2370, 15.06.2012 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 278-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 мартдаги 126-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази тўғрисидаги низомга (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1996 й., 3-сон, 11-модда) мувофиқ буюраман:
1. Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Бош директор в.в.б. А. ОБИДОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 11 апрель,
2011-06-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2011 йил 11 апрелдаги 2011-06-сон буйруғига
ИЛОВА
Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 278-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талабларини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом талаблари қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларида (кейинги ўринларда профессионал иштирокчи деб юритилади), фонд биржаларида ва бошқа биржалар фонд бўлимларида ишлашга талабгор ёки ишлаётган жисмоний шахсларга татбиқ қилинади.
2. Қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномаси — қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан жисмоний шахсга даражаси кўрсатилган ҳолда бериладиган ва қимматли қоғозлар бозорида профессионал иштирокчи, фонд биржаси (фонд бўлимини ташкил этган бошқа биржа) номидан қимматли қоғозларга доир операцияларни амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
3. Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари жисмоний шахсларнинг профессионал иштирокчиларда, фонд биржаларида ва бошқа биржалар фонд бўлимларида ишлаш учун зарур бўлган билим ва кўникмалари мавжудлигидан иборат бўлади.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи бўлиб ҳисобланади.
II. Малака талаблари
5. Профессионал иштирокчиларда, фонд биржаларида ва бошқа биржалар фонд бўлимларида ишлашга талабгор ёки ишлаётган шахслар қуйидаги малака талабларига жавоб беришлари керак:
олий маълумотга эгалиги;
таълим муассасаси ёки нотариус томонидан тасдиқланган, қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш курсини тугатганлиги тўғрисидаги таълим муассасаси сертификатининг мавжудлиги;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномасига эгалиги.
6. Хорижий давлатларда олинган олий маълумот ёки илмий даража қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нострификация қилинган тақдирда эътиборга олинади.
7. Қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ўқув режалари ва дастурлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишиладиган, қимматли қоғозлар бозори мутахассисларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.
III. Якуний қоидалар
8. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
9. Мазкур Низом талабларига риоя этиш устидан назоратни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи амалга оширади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 18-сон, 182-модда;)