Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
СУҒУРТАЛОВЧИНИНГ МУВАҚҚАТ МАЪМУРИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 22 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2058]
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 14 июлдаги 58-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2058-2, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/2058-2/0516-сон)
1. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Вазир Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 20 ноябрь,
108-сон
Молия вазирининг 2009 йил 20 ноябрдаги 108-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Суғурталовчининг муваққат маъмурияти тўғрисидаги
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ишлаш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 14 июлдаги 58-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2058-2, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/2058-2/0516-сон)
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом суғурталовчининг аризасига биноан унинг лицензияси бекор қилинган ҳолларга, шунингдек унинг муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган суғурталовчининг бошқарув органи қарорига биноан қайта ташкил этилиши ёхуд тугатилишига тааллуқли эмас.
2. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг функцияси бўлиб суғурталовчининг илгари амал қилган бошқарув органларининг ваколатларини амалга ошириш ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти суғурталовчи лицензиясининг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) буйруғи билан тайинланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 25 декабрдаги 34-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3595, 27.12.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)
4. Суғурталовчининг илгари амал қилган бошқарув органларининг ваколатлари суғурталовчининг муваққат маъмурияти тайинланган санадан бошлаб тўхтатиб турилади ва суғурталовчининг муваққат маъмуриятига ўтади. Муваққат маъмурият суд қарор чиқаргунга қадар бўлган даврда ўз фаолиятини амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
6. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти аъзоларининг моддий-техника таъминоти ва меҳнатига ҳақ тўлаш суғурталовчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти ҳар бир аъзосининг ҳар ойлик пул мукофоти миқдори суғурталовчининг раҳбари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаслиги лозим.
II. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг таркиби
7. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти раҳбар ва бошқа аъзолардан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти аъзоларининг сони уч кишидан ошмаслиги лозим. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг шахсий таркиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 14 июлдаги 58-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2058-2, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/2058-2/0516-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг таркибига Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида олинган олий маълумотга ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб тан олинган олий маълумотга эга бўлган ва суғурта соҳасида икки йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган (суғурта агенти сифатидаги, шунингдек, ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш стажи ҳисобга олинмайди) шахслар киритилиши мумкин.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуни.
10. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг таркибига суғурталовчининг мулкдорлари (муассислари, акциядорлари) ва (ёки) ходимлари, бошқа шахсларнинг ишларини ва (ёки) мулкларини бошқаришга чекловлари мавжуд бўлган шахслар киритилишига йўл қўйилмайди.
III. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг фаолиятини ташкил этиш
11. Суғурталовчининг илгари амал қилган бошқарув органлари суғурталовчининг муваққат маъмурияти тайинланган санадан бошлаб икки иш кунидан кечиктирмасдан суғурталовчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни ҳужжатлар рўйхати бўйича, муҳр ва штампларни, моддий ва бошқа бойликларни топшириши, суғурталовчининг муваққат маъмурияти эса қабул қилиб олиши лозим.
12. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти ўзининг тайинланганидан кейин суғурталовчининг мулкидан суғурталовчининг мулкдорлари (муассислари, акциядорлари) ва ходимлари томонидан рухсатсиз фойдаланишни олдини олиш бўйича чораларни кўриши лозим.
13. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг қарорлари унинг барча аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти аъзоларининг овозлари тенг бўлганда, суғурталовчининг муваққат маъмурияти раҳбарининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти харажат операцияларини амалга оширишга ҳақли эмас, суғурталовчининг бошқарув харажатлари (маъмурий харажатлари), суғурталовчига тушаётган пулларни ҳисобга ёзиш ва илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича суғурта ҳодисалари юз берганда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустаснодир.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 13 мартдаги 5-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3792, 19.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2026 й., 10/26/3792/0255-сон)
15. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти унинг зиммасига юклатилган функцияларни амалга оширишда олинган маълумотнинг махфийлигини таъминлаши лозим.
16. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти ўз иши якунлари бўйича ҳисобот тузади.
IV. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳисоботи
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳисоботи уч нусхада тузилади (ваколатли давлат органи, суғурталовчини тугатиш тўғрисидаги ариза йўлланган суд ва суғурталовчи учун биттадан), суғурталовчи муваққат маъмуриятининг барча аъзолари томонидан имзоланади, суғурталовчининг муваққат маъмурияти раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти ҳисоботининг варақлари рақамланган ва тикилган бўлиши лозим.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 14 июлдаги 58-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2058-2, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/2058-2/0516-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Суғурталовчининг муваққат маъмурияти суд қарор чиқарганидан кейин беш кун давомида суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳисоботини тузиши ҳамда ваколатли давлат органига ва суғурталовчини тугатиш тўғрисидаги ариза йўлланган судга топшириши лозим.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 14 июлдаги 58-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2058-2, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/2058-2/0516-сон)
19. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳисоботида суғурталовчининг муваққат маъмурияти томонидан бажарилган ишлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар акс эттирилади.
20. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳисоботи қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
ҳисоботнинг номи, тузилган санаси ва жойи;
суғурталовчининг реквизитлари (шу жумладан, амал қилиши тугатилган суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензиянинг серияси, рақами ва берилган санаси) ва суғурталовчи фаолиятининг умумий тавсифи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
суғурталовчининг муваққат маъмурияти тайинланишининг асоси (суғурталовчи лицензиясининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорнинг, ваколатли давлат органининг суғурталовчининг муваққат маъмуриятини тайинлаш тўғрисидаги буйруғининг рақами ва санаси) ва унинг шахсий таркиби;
(20-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 14 июлдаги 58-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2058-2, 24.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2023 й., 10/23/2058-2/0516-сон)
суғурталовчининг мулкидан суғурталовчининг мулкдорлари (муассислари, акциядорлари) ва ходимлари томонидан рухсатсиз фойдаланишни олдини олиш бўйича суғурталовчининг муваққат маъмурияти томонидан кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборот;
Олдинги таҳрирга қаранг.
суғурталовчининг бошқарув харажатлари (маъмурий харажатлари), суғурталовчига тушаётган пулларни ҳисобга ёзиш ва илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича суғурта ҳодисалари юз берганда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш билан боғлиқ суғурталовчининг муваққат маъмурияти томонидан амалга оширилган харажат операциялари тўғрисидаги ахборот;
(20-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 13 мартдаги 5-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3792, 19.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2026 й., 10/26/3792/0255-сон)
суғурталовчининг муваққат маъмурияти ихтиёрига кўра бошқа ахборот.
21. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳисоботига қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:
суғурталовчининг муваққат маъмуриятига суғурталовчининг илгари амал қилган бошқарув органлари томонидан топширилган ҳужжатларнинг рўйхати;
суғурталовчи муваққат маъмуриятининг қарорлари;
суғурталовчининг муваққат маъмурияти ихтиёрига кўра бошқа ҳужжатлар.
V. Якуний қоидалар
22. Суғурталовчи муваққат маъмуриятининг ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 52-сон, 582-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.07.2019 й., 10/19/2058-1/3353-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 24.07.2023 й., 10/23/2058-2/0516-сон; 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон; 19.03.2026 й., 10/26/3792/0255-сон)